Мушкулкушод ҳақида - Printable Version +- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum) +-- Forum: Ақида (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=44) +--- Forum: Бидъат (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=8) +--- Thread: Мушкулкушод ҳақида (/showthread.php?tid=1266) |
Мушкулкушод ҳақида - Admin - 05-09-2012 «Саҳифамизга келган савол» Wrote:Ассалому алайкум! Илтимос бизга мушкул кушот килиш тугрими шу хакида маълумот берсангиз илтимос. Олдиндан катта рахмат!!http://tavhid.com/mehmonxona#comment-803 RE: Мушкул Кушод ҳақида - Муслим - 06-07-2012 Quote:Ассалому алайкум!Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Quote:Илтимос бизга мушкул кушот килиш тугрими шу хакида маълумот берсангиз илтимос. Олдиндан катта рахмат!! Мушкулкушод ҳақида
Биби Мушкулкушод халқимиз мусулмон хотин-қизлари тасаввурида кишиларнинг мушкулини осон қиладиган, оиладаги оғир вазиятларда ёрдамга келадиган, бахт, омад, бойлик келтирувчи, қийинчиликларни бартараф қилувчи авлиё хотин саналган (Қаранг: Саттор М. Ўзбек удумлари. – Т.: Адолат, 2004. – Б. 177). “Мушкулкушод” сўзи “мушкул” - қийин, душвор, “кушод”– очувчи, яъни қийинчиликларни енгувчи, мушкуллик ва бандларни ечувчи маъносини англатади (Қаранг: Аширов А. Ўзбек халқининг қадимий эътиқод ва маросимлари. – Т.: 2007. – Б. 203.). Халқ орасида мушкули бор ҳар бир одам Биби Мушкулкушодга сиғиниб дуо қилса, Аллоҳ таоло унинг мушкулини осон қилиб, ёрдам беради, деган эътиқод мавжуд. Агар Биби Мушкулкушод шахси тарихига эътибор берсак, одамлар орасида тарқалган ривоятларга қараганда ушбу аёл Баҳоуддин Нақшбанднинг холаларидан бири бўлиб, асл исми Мусалламхон экан (Қаранг: Муҳиба Саййид Ҳасан қизи. Валий волидалар. – Т.: Ёзувчи, 1999. – Б. 30.). Мушкулкушод маросими ҳақиқатлари
Мушкулкушод маросими юртимиз аёллари орасида энг кўп тарқалган маросимлардан бири ҳисобланиб, минг афсуслар бўлсинки бугунги кунгача сақланиб келмоқда. Эътиқодий тушунчаси заиф инсонлар тасаввурида ушбу маросим “исломий маросим” деб тушунилади. Унда аёллар хонадонларда меҳмондорчиликлар қилиб жамланишади. Бундай жамланишларда ўзига хос “Отин ойи” деган номни олган аёллар бошчилик қилишади. Ўша отин ойилар мажлис иштирокчиларига асли йўқ бўлган тўқима қиссаларни ўқиб беришади. Маросимда ўқиладиган ўша китобларнинг сифати шаръий талабга жавоб бермайди. Ҳатто, қиссаларнинг муаллифи кимлигини тасдиқловчи маълумотлар ҳам мавжуд эмас. Қолаверса ўша отин ойиларнинг диний билим олганми ёки йўқми, ҳеч ким билмайди. Афсонага кўра, Баҳоуддин Нақшбанднинг холалари ўроғини йўқотган ўтинчига ёрдам бериб, ҳар чоршанба кунлари ушбу авлиё аёлни эслаб, ис-чироқ қилиши лозимлигини тайинлаган экан (Қаранг: Саттор М. Ўзбек удумлари. – Т.: Адолат, 2004. – Б. 177.). Мазкур ривоятга амал қилган ҳолда маросим фақат чоршанба куни ўтказилгани сабабли, айрим жойларда “Биби Чоршанба” деб ҳам юритилади. Шунингдек, ўзбекларда “чоршанба – муродбахш кун”, “зиёрат куни” деган тушунча ҳам мавжуд (Қаранг: Аширов А. Ўзбек халқининг қадимий эътиқод ва маросимлари. – Т.: 2007. – Б.203). Ушбу маросимда шам ёки чироқ ёқиб, азиз-авлиёлар руҳи ёд этилгани учун, аёллар орасида маросимга нисбатан “Мушкулкушод” номи билан бир қаторда “Чироқ ёқди” номини ишлатиш ҳам кенг тарқалган (Қаранг: Дала ёзувлари. Наманган вилояти Янгиқўргон тумани Заркент қишлоғи. 2008). Мушкулкушод маросимларида авлиё зотларнинг руҳидан мадад сўралади, ҳожатларини тиланади. Отин ойилар баъзида Қуръон ва ҳадислар билан ваъз қилгандек бўлсаларда, ушбу ишлари орасида фол очиш, руҳлардан мадад тилаб сиғиниш, туморларга дам солиб “иссиқ-совуқ” қилиш, қулф-калитга “дам уриш” орқали бахтсизларга бахт бериш каби ширкий амаллар билан ҳам шуғулланишади. Маросимда иштирок этиб келаётган аёлларнинг аксарияти Биби Мушкулкушодни Нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбандга хола бўлган ва улардан ўрнак олиб авлиёлик даражасига чиққан аёл бўлган, деб таъкидлайдилар (Қаранг: Дала ёзувлари. Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Заркент қишлоғи ва Наманган тумани Қумқўрғон қишлоғи Биби Мушкул кушод она мозори. 2008). Ислом динида эътиқодида Аллоҳдан ўзга ўликлардан, авлиёлардан, санамлардан ва шунга ўхшаш нарсалардан ёрдам ва мадад сўраш Аллоҳга ширк келтириш ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳни қўйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай қилсангиз, у ҳолда албатта золимлардандирсиз! Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У Ўзи хоҳлаган бандаларига яхшилик етказур. У мағфиратли, меҳрибондир» (Юнус: 106-107). Яна Аллоҳ таоло айтадики: «Ана шу Аллоҳ сизларнинг Роббингиздирки, (барча оламларга) подшоҳлик ёлғиз Уникидир. (Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар. Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар ва Қиёмат кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қиладилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, дунё-ю, охират ҳақида ҳеч ким) сизга хабардор зот (яъни Аллоҳ) каби хабар бера олмас» (Фотир: 13-14). Аллоҳ таоло юқоридаги оятларда Ўзидан бошқага қилинган дуоларни куфр ва ширк деб атади. Шунингдек Аллоҳдан бошқасига дуо қилган одамдан кўра адашганроқ одам йўқ эканини таъкидлади. Аллоҳ таоло пайғамбарларини шу ширкни йўқотиш, одамларни ундан қутқариб, ибодат ва дуода Аллоҳни яккалаб, Аллоҳгагина дуо қилишга йўллаш учун юборган. Чунки, ғайри оддий сабабларда мададни фақатгина Аллоҳдан сўралади. Чунки дуо – ибодатдир. Уни Аллоҳдан бошқаси учун қилган одам эса мушрикдир. Аллоҳ таоло бандаларига буни тушунтириб айтади: «Сенгагина сиғинамиз ва Сендангина мадад сўраймиз!» (Фотиҳа: 5). Аллоҳ таоло яна айтади: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18). Зарар бериш, мусибатларни кушойиш қилиш, бандаларига неъматларни мўл қилиш ва неъматларни кетказмаслик Аллоҳнигина қўлидадир. Унинг берган нарсасини тўсгувчи, тўсган нарсасини бергувчи, қилган ҳукмини қайтаргувчи йўқ. Аллоҳ барча нарсага қодир зот. Бу нарсаларни билган инсон ҳеч қачон Аллоҳдан ўзгага дуо қилмаслиги, ундан ўзгадан мадад сўрамаслиги керак бўлади. Бу каби ширкий маросимлардан нари юришлик керак, бундай маросимларда иштирок этаётган ёки ташкиллаштираётганларни бундан қайтариш, насиҳат қилиш керак. Мушкулкушод зиёратгоҳлари
Биби Мушкулкушод номи билан боғлиқ рамзий қабрлар ва зиёратгоҳларни юртимизнинг деярли ҳар бир вилоятида учратиш мумкин. Масалан, Бухородаги Қасри Орифон қишлоғида Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи ёнидаги Биби Мушкулкушод қабри, Наманган вилояти Наманган тумани Қумқўрғон қишлоғидаги Биби Мушкулкушод мозори, Фарғона вилоятидаги Биби Чоршанба зиёратгоҳи ва бошқаларни мисол тариқасида келтириш мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлари мобайнида нафақат ширк амалларига қарши курашганлар, балки ширкка олиб борувчи барча йўлларни тўсганлар ва улардан ғоят қаттиқ огоҳлантирганлар. Қабрларни улуғлашлик ҳам шулар жумласидан бўлиб, уларга сиғинишдан ва уларнинг эгалари хусусида ғулув кетишдан қайтарганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Яҳудий ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишди» (Муттафақун алайҳ). Бошқа бир ривоятда эса бундай деганлар: «Огоҳ бўлинглар, сизлардан илгари ўтганлар пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишар эди. Огоҳ бўлинглар, қабрларни масжид қилиб олманглар! Мен сизларни бундан қайтараман» (Муслим ривояти). Кўпчилик одамлар бу қайтариқларга зид иш қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳлантирган ишларга қўл урдилар ва бунинг оқибатидан катта ширкка кириб қолдилар. Улар қабрлар устига масжидлар, сағаналар, чиллахоналар қуриб, уларни ҳар турли ширк амаллари – қурбонлик ва назрлар сўйиш, уларда ётган маййитларга дуо қилиб, улардан мадад сўраш каби ишлар адо этиладиган зиёратгоҳларга айлантирдилар. Бу зиёратгоҳларга борувчилар зиёратларида маййитни Аллоҳга шерик қилиб, унга дуо қилиш ёки дуода уни восита қилиш, ундан ҳожатларини раво этишини сўраш, устларига баракотлар ёғдиришини ёки душманлари устидан нусрат беришини сўраш каби ширк амалларини қилишади. Ислом шариатида мозорларга қурбонликлар ва назрлар келтириш катта ширк ҳисобланади. Қабрлар устига қуббалар қилиниб, масжидлар қурилган жойларда жоҳиллар бу қабр соҳиблари фойда ва зарар беришга қодир, мадад сўраганларга ёрдам беришади, ҳожатмандларнинг ҳожатларини раво қиладилар деб эътиқод қилишди ва уларга қурбонлик ва назрлар келтиришди. Бориб, бориб эса бу қабрлар Аллоҳдан ташқари ибодат қилинадиган бут-санамларга айланди. Минг афсуслар бўлсинки Ислом оламининг кўплаб мамлакатларида бу нарса бугунгача содир бўлиб келмоқда (Қаранг: Шайх Солиҳ Фавзон “Тавҳид китоби” 23). Ота-боболарни ҳужжат қилишлик жоҳилият аҳлининг сифатларидандир
Мушкулкушод мозорига зиёратга борган аёллар билан суҳбат қурилганда улар: “Баъзи уламолар Мушкулкушод маросимини динда йўқ, ўтказиб бўлмайди дейишибди. Бироқ бизнинг ота-боболаримиз бажариб келган ва бу орқали муродига етган амаллардан воз кеча олмаймиз. Шунинг учун, бундай гапларни эшитсак ҳам “агар хато бўлса Худо кечирсин”, деб бу жойга келамиз. Бу азиз авлиёларнинг жойи, бу ерда қилинган дуолар, албатта, ижобат бўлади. Биз яхши ният қилиб Аллоҳдан сўраймиз, Мушкулкушод она ҳаққига дуо қиламиз ва улар бизни қўллаб-қувватлайдилар”, – деб айтишган (Қаранг: Дала ёзувлари. Наманган вилояти Қумқўрғон қишлоғи. 2008). Аввал ўтганларнинг йўлини, келиб чиқиш манбасига аҳамият қаратмай, ҳужжат сифатида ёдга олишлик жоҳилият аҳлининг сифатларидандир. Аввал ўтганларни ҳужжат қилишлик ҳақида Аллоҳ таоло шундай деди: “(Фиръавн) деди: «У ҳолда аввалги авлодларнинг ҳоли недир? (яъни Роббинг уларни ҳам азоблаганми?)»” (Тоҳа: 51). Яна Аллоҳ таоло айтадики: “Бизлар буни аввалги ота-боболаримиздан эшитган эмасмиз” (Мўминун: 24). Пайғамбарлар халқларга ҳақни олиб келганда, улар ота-боболарини ҳужжат қилишган. Мусо алайҳиссалом Фиръавнни иймонга даъват қилганларида аввал ўтганлар йўлини ҳужжат қилди: “(Фиръавн) деди: «У ҳолда аввалги авлодларнинг ҳоли недир? (яъни Роббинг уларни ҳам азоблаганми?)»”. Кофирлардан иборат аввал ўтган олдинги асрдагиларнинг тутган йўлларини ҳужжат сифатида келтиришни истади. У эса ботил, жоҳилий ҳужжатдир. Нуҳ алайҳиссалом қавми ҳам у киши уларни Аллоҳнинг йўлига даъват қилганларида айтганидек, айтишгандики: “(Шунда) унинг қавмидан кофир бўлган кимсалар: «Бу ҳам худди сизларга ўхшаган одам. (Фақат) сизлардан устун бўлиб олмоқчи. Агар Аллоҳ (пайғамбар юборишни) хоҳласа эди, фаришталарни туширган бўлур эди. Бизлар бу (Нуҳ айтаётган «Аллоҳ якка-ягонадир», деган сўз)ни аввалги ота-боболаримиздан эшитган эмасмиз” (Мўминун: 24). Шундай қилиб улар Аллоҳнинг пайғамбари бўлмиш Нуҳ алайҳиссалом даъватларини ота-боболарининг йўли ҳақ дея қарши олдилар. Чунки у ота-боболарининг йўлига зид эди. Қурайш кофирлари шундай дейишарди: “Бизлар бу ҳақда (яъни Аллоҳнинг яккаю ягона эканлиги ҳақида) сўнгги миллат — динда(ги одамлардан ҳам, яъни Исломдан аввалги сўнгги дин бўлмиш насроний динидаги одамлардан ҳам) эшитган эмасмиз. Бу фақат бир уйдирмадир холос” (Сод: 7). Яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динни ота-боболармиздан эшитган эмасмиз. Бу фақат уйдирмадир, холос. Демак, улар Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган йўлни ёлғон дея васф қилдилар. Нима учун? Чунки у ота-боболарининг йўли бўлмиш бут-санамларга ибодат қилишга зид йўл эди. Ва ота-боболари йўли бўлмиш Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаламларнинг динига ҳам қайтишмади. Балки яқин ўтмишдаги ота-боболари бўлмиш Қурайш кофирларидан иборат Маккадаги аждодларининг йўлига қайтдилар. Ана шу кофирлар ва жоҳилият одатидирки, ўзларидан аввал ўтган умматларни ҳужжат ўлароқ ёдга оладилар. Оқил кишиларга эса элчиларнинг йўлига аҳамият қаратмоқликлари ва ҳақ нимаю, ботил нима экани аниқ бўлиши учун ушбу пайғамбар йўлини ота-боболарининг йўлига солиштириб кўрмоқликлари вожибдир. Ўзлари учун (ҳидоят) эшигини ёпиб олиб: фақат ота-боболаримиз йўлини қабул қиламиз, унга зид бўлган нарсани қабул қилмаймиз, деб айтишларига келсак, ушбу қилмиш ўзлари учун нажот истагида бўлганлар ҳали у ёқда турсин, ақли расо кишиларнинг ҳам иши эмас. Ҳозирда эса қабрларга ибодат қилувчилар ушбу ибодатдан қайтарилсалар, айтадиларки: ушбу ишни фалон шаҳардагилар ҳам қилади, фалончи жамоат ҳам қилади ва аввалги асрдагилар шундай йўл тутишганди. Мавлудхонлик қиладиганларга: ушбу ишингиз бидъат, деб қайтариладиган бўлса, айтадиларки: бу аввалдан шундай қилиниб келинади. Агар ботил бўлганида аввалгилар бунга амал қилмасдилар. Ушбу ҳужжат жоҳилият аҳлининг ҳужжатидир. Одамлар нима қилаётганига қараб хулоса қилинмайди, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган диндан хулоса қилинади. Чунки одамлар баъзан хато ва баъзан тўғри қиладилар. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган йўл қатъан тўғридир. Демак, унга эргашиш вожиб бўлади. Аллоҳ таоло бизни ота-боболаримиз ва аждодларимизга (эргашишликка) қўйиб қўймади. Агар ота-бобо ва аждодларимиздаги нарса кифоя қилганида пайғамбарларга муҳтож бўлмасдик. Сўфийлар ҳам худди шундай, айтадиларки: бизнинг ушбу ҳолатимиз пайғамбарларга эргашишимиздан халос этади. Биз Аллоҳга тўғридан-тўғри ўзимиз боғлана оламиз. Ва Аллоҳдан тўғридан-тўғри ўзимиз қабул қилиб оламиз. Аҳли сунна динларини ўликлардан оладилар (яъни бу билан санаддаги ровийларни назарда тутадилар). Биз эса динимизни ўлмайдиган тирик Зотдан оламиз. Ва айтадиларки: Пайғамбарларга авом мухтождир. Хос кишилар эса элчиларга асло муҳтож бўлмайди. Чунки улар Аллоҳга етишишди ва орифлардан бўлишди. Энди элчиларга эҳтиёж йўқ. Шайтон уларга шундай дейди: тариқат соҳиблари элчиларга муҳтож эмас. Чунки улар Аллоҳдан тўғридан-тўғри қабул қилиб оладилар. Бу эса жоҳилият динидир. Ушбу турга мисол келтирамиз десак мисоллар жуда кўпдир (Қаранг: Шайх Солиҳ Фавзон “Шарҳ Масаилул Жаҳилийя” (44-45)). Аллоҳнинг неъматларини ўзгага нисбат беришлик улкан жиноятдир
Иккинчи жаҳон уруши даврида аёлларимиз Мушкулкушод маросимини ўтказишга алоҳида эътибор қаратган эканлар. Буни ўша даврдаги воқеаларга гувоҳ бўлган онахонларимиз ҳам тасдиқлайдилар. Масалан, Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Заркент қишлоғида истиқомат қилувчи Ойшахон ая: “Биби Мушкулкушод, Биби Сешанба каби маросимларини ёлғон деб бўлмайди. Бу азиз-авлиёларнинг башорати. Оналаримиз, бувиларимиз бу маросимларни ихлос билан ўтказиб, дуо қилганлари учун уруш тўхтаб, ғалабага эришганмиз ва Иккинчи жаҳон урушидан боболаримиз соғ-омон қайтишган”, – дея таъкидлайди (Қаранг: Дала ёзувлари. Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Заркент қишлоғи. 2008). Юқоридаги ҳолат тавҳид бобидаги энг улкан жиноятлардандир. Хоссатан ҳозирги замонда бундай ҳолатларга жуда кўп бора гувоҳ бўламиз. Ушбу масалани оммага ёритиб беришликка эҳтиёж ниҳоятда катта. Аллоҳ таоло айтадики: “Улар Аллоҳнинг неъматини танирлар ва кейин уни инкор қилурлар. Уларнинг кўплари кофирлардир” (Наҳл: 83). Кофирлар неъматлар сураси дея аталадиган Наҳл сурасида васф қилинди. Аллоҳ таоло уларни Аллоҳнинг неъматларини таниб, сўнг уни инкор қилурлар дея васф этди. Неъматни инкор қилишлик, уни Аллоҳдан ўзгасига нисбат беришлик ва неъматни фазлу марҳамат ўлароқ ато этган Зот бўлмиш Аллоҳ таолодан ўзгаси ато этди деб билишликдир. Бандага барча неъмат Аллоҳ жалла ва аъладандир деб билишлиги вожиб бўлади. Тавҳид барча неъматни Аллоҳ жалла ва аълага нисбат беришлик билангина мукаммал бўлади. Неъматларни Аллоҳдан ўзгасига нисбат беришлик тавҳиднинг мукаммалигидаги нуқсон ва Аллоҳ жалла ва аълага ширк келтиришнинг бир туридир. Ушбу оятнинг тавҳид бобига боғлиқлиги шуки, кўпчилик неъмат (берилиши) ёки мусибатни даф бўлиши рўбарўсида шундай лафзларни истеъмол қиладики, булар Аллоҳ жалла ва аълага кичик ширк келтиришдир. Ушбу масала мукаммаллигига зид келадиган ана шундай лафзларга ва неъматни Аллоҳ жалла ва аълага нисбат беришлик вожиб эканига танбеҳ бор (Қаранг: Солиҳ Оли Шайх “Тамҳид лишарҳ Китаб ат-Тавҳид” (446)). Кимда-ким Холиқнинг неъматини Ундан ўзгасига нисбат берса, батаҳқиқ, Унга рубубиятда шерик исбот қилибди. Чунки ушбу кимса неъматни сабабга, ушбу сабаб неъматни баҳш этувчи дея нисбат берди. (Юқоридаги каби неъматни умуман ботил сабабга нисбат беришликни гапирмаса ҳам бўлаверади). Бу бир томондан, бошқа томондан олиб қарасак: ушбу кимса ибодатлардан бири бўлмиш шукр қилиш ибодатини адо этмади. Шукр қилишликни тарк этмоқ эса тавҳидга зиддир. Чунки Холиқ, неъматни берган Зот субҳанаҳу ва таолога шукр қилинмоғи вожиб бўлади. Ана шу жиҳатлардан ушбу ҳолатни тавҳиди рубубият ва тавҳиди ибодатга боғлиқлик жойи бор. Сабабни у неъматни баҳш этувчи дея неъматни сабабга нисбат беришлик нуқтаи назаридан олиб қарасак, бу рубубият тавҳидидаги путурдир. Ибодатлардан бири бўлмиш шукр қилишни адо этмаслик нуқтаи назаридан олиб қарасак, бу улуҳият тавҳидидаги путурдир (Қаранг: Шайх Усаймин “Қовлул Муфид” Ибн Жавзийя нашриёти 497-бет). Ширкка сукут қилинмайди
Ушбу мавзудаги маълумотларни жамлар эканмиз, мана шу мавзуга ўз фикрини билдирган Исломий университет талабасининг ушбу сўзлари эътиборимизни жалб қилди: “Ўзбек халқининг диний дунёқарашида юқоридаги каби маросимлар алоҳида ўрин эгаллаганини эътиборда тутган ҳолда, улардаги исломга зид амаллар ва иллатларни бутунлай йўқотиш мақсадида аёллар ижтимоий ҳаётидан бирданига сиқиб чиқаришга уриниш ёки таъқиқлаб қўйиш ижобий натижа бермайди. Ота-боболар анъанаси тарзида давом этиб, шу орқали ўзларининг динга бўлган эҳтиёжларини қондириб келаётган маросимларни бутунлай четга суриш аёлларимиз онгида бўшлиқни юзага келтириши ва бу салбий оқибатларни келтириб чиқариши ҳам мумкин”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларига назар ташлаган кимса шуни гувоҳи бўладики, у зот бирор бир сония бўлса-да ширк ва куфрни инкор қилишдан тўхтамаганлар, озгина вақт ширкни қилиб турақолишсин демаганлар. Маккада ва Мадинада, ҳижратдан олдин ва кейин, тинчлик ва уруш дамларида, хазар ва сафар онларида, кечаю кундуз, касаллик ва саломатлик пайтларида, хуллас барча-барча ҳолатларида ширк ва куфрдан қайтаришда бардавом бўлганлар, бу ишни кейинга сурмаганлар. Мисол тариқасида қуйидаги ҳадисларни эътиборингизга ҳавола қиламиз: Абу Воқид ал-Лайсий розияллоҳу анҳудан ривоят: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ҳунайнга (жой номи) чиқдик. Биз эндигина Исломга кирганлар эдик. Мушриклар, атрофида йиғилиб ўтирадиган ва унга қуролларини илиб қўядиган бир дарахт бўлиб, у “Зоти Анвот”, дейиларди. Ўша дарахтнинг олдидан ўтиб айтдикки: “Эй Расулуллоҳ! Бизга ҳам уларни “Зоти Анвот”и бўлгани каби бир “Зоти Анвот” қилиб беринг”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳу Акбар! Албатта бу (жоҳил ибодатгўйлар босиб ўтган) йўллардир. Жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, Бани Исроил Мусога айтган сўзни айтдингиз: “Бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби илоҳ қилиб (ясаб) бер», дедилар. У айтди: «Албатта, сизлар билмайдиган қавмдирсизлар” (Аъроф: 138). Албатта, ўзларингиздан олдингиларнинг йўлларига юрасизлар”, дедилар” (Термизий (2180) ривоят қилиб: «Ҳасан, саҳиҳ ҳадис» деган). Собит ибн Доҳҳак розияллоҳу анҳудан ривоят: “Бир киши “Бувана” (деган жой)да туя сўйишликни назр қилди. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўраганди, шундай дедилар: “У ерда ибодат қилинадиган жоҳилият бутларидан бирортаси бўлганмиди?". “Йўқ”, - деб айтишди. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У ерда (жоҳилият аҳлининг) йиғилишиб ўтказадиган бирор маросимлари бормиди?”, - дедилар. Улар: “Йўқ”, - дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Назрингга вафо қил! Чунки Аллоҳга маъсият бўладиган, ҳамда одам боласи эга бўлмаган нарсаларда назрга вафо қилишлик йўқдир”, - дедилар” (Абу Довуд (3/607), Байҳақий “Сунан” (10/83), Табароний “Кабир” (1341), Ибн Ҳажар “Талхис” (4/180)да саҳиҳ дедилар). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида мўминларга озор берадиган бир мунофиқ бор эди. Шунда баъзи (саҳобалар): “Қани биз билан турингларчи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ушбу мунофиқнинг (таъзирини бериб қўйсинлар дея) ўтиниб ёлборамиз”, - дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга ўтиниб ёлборилмайди. Балки Аллоҳ таолодан ўтиниб мадад сўралади”, - дедилар (Табароний “Мажмаъ Аз-Заваид” (10/159) Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилди). Ҳатто ўлим соати яқинлашганида ширкдан огоҳлантиришни тарк қилмадилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ўлим соати яқинлашиб) келган вақтда юзларига йўл-йўл ёпинчиқларини ташлаб олдилар, нафаслари бўғилиб кетгач, юзларини очдилар ва мана шундай ҳолатда туриб: «Яҳудий ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишди» деб, уларнинг қилмишларидан (умматларини) огоҳлантирдилар. Агар шундан қўрқмаганларида у зотнинг қабрлари очиққа чиқариб қўйиларди. Бироқ уни масжид қилиб олинишидан қўрқдилар» (Муттафақун алайҳ). Бундай мисолларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларидан жуда кўп топишимиз мумкин. Эй мусулмонлар, шуни билингларки ширк ёйилишининг асосий сабаби, бизнинг сукут қилишимиз ва унга бепарволигимиздир. Имом Шавконий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Билгинки, мана бу одамларнинг ўзларида олиб юрган ўликларга нисбатан эътиқодлари ширкдир. Бироқ бунинг моҳияти ҳатто илм аҳлига ҳам сезилмас бўлиб қолмоқда. Бу (ўша ширк) ҳақидаги илмнинг ўз-ўзидан махфий қолганидан эмас, балки кўпчилик бу ҳақида сукут қилганидан, шунингдек қария шунинг орасида яшаб келгани ва ёш (авлод) шунда катта бўлгани учундир. Улар ёшликларидан ўша ширкий маросимларни кўриб, эшитишган ва шу билан бирга буни бирор ким қоралаганини кўришмаган, эшитишмаган. Бунинг устига, улар доим ўша маросимларга тарғиб қилган ва одамларни унга даъват қилганларни эшитишган. Бунинг барчаси турли зарбулмасал ва афсоналар билан мустаҳкамланади ва кучаяди. Уларни одамлар бир биридан фалончи қабр олдида маълум бир амални қилгани учун мушкули ҳал бўлгани ҳақида ривоят қилишади. Мана шу барча ҳолатлар биргаликда вақт ўтиши ва авлодларнинг алмашиши билан инсонда ўша қабр олдидаги амаллар Аллоҳга бўлган энг буюк ибодатлардан бири экани ҳақидаги эътиқодни мустаҳкамлайди. Шундан сўнг энди у инсон олган илмидан фойда олмайди. Бунинг устига, уларнинг амаллари айни ҳақиқий ширк эканига далолат қилувчи далилларни у ҳар доим рад қилади. Агар у кимнидир мана шу далилларга суяниб бу ҳақида гапираётганини эшитса, ўша заҳотиёқ уни рад қилади. Чунки у ўзининг (онгига) қуюлиб кетган қарашларини ўша заҳотиёқ ўзгартира олишини, у энг буюк ибодат ва афзал амал деб ҳисоблаган нарсаси аслида энг жирканч ва барча ҳаромотларнинг энг дахшатлиси эканини (ўша заҳотиёқ) тушуна бошлашини амалда тасаввур қилиб бўлмайди” (Қаранг: «Ихлас Калимат ат-Тавҳид» 102-103). Яна у киши айтадилар: “Далил соҳиби, чуқур тафаккур эгаси бўлган илм аҳлига келсак, агар у одамларга (тўғри) йўлни кўрсатадиган, ҳақ сўзни айтадиганлардан бўлганида эди, у ўша заҳотиёқ унинг йўли тўғри, натижаси эса самарали эканини билган бўларди. Аллоҳ таоло Унинг қудрати мўъжизасини, шунингдек Ундан бўлган ғаройиб ҳимоя ва мададларни ўша заҳотиёқ унга кўрсатган бўларди. У унга: “Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур” (Ҳаж: 40); “Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар, У зот ҳам сизларга ёрдам берур” (Муҳаммад: 7) деб ваъда берганининг ҳақ экани ҳақида гапирмаса ҳам бўлаверади. Бу ҳақ ва унинг аҳлини қўллаб-қувватлаш йўлида унинг руҳи ва қалбини янада кучлироқ мустаҳкамлаган бўлар эди… Агар ўша ҳақни ундан қабул қилишса, унда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, Аллоҳ сен сабабли бир кишини ҳидоятлаб қўйиши, сенга қизил туялар берилишидан кўра яхшироқдир!" (Бухари 3701; Муслим 1872) деб айтганлардан бўларди. Агарда қабул қилишмаса, у Аллоҳ унга вожиб қилган ишни бажарганлардан бўлади. Бу билан (у) Аллоҳ таоло изоҳлашга амр қилган илмни яшириш гуноҳидан омонда бўлади. Ва бу унга шу дунёда ва охиратда улуғликдан бошқа нарсани зиёда қилмаган, Аллоҳнинг бандалари олдида унинг обрўси зиёда бўлган ва Аллоҳ ўзининг тақводор бандаларига ваъда қилган нарсаларга муяссар бўлган бўларди. Унинг душманларига келсак, кўпдан-кўп ёлғон ва айбловлар билан, таъзирини бериш ва жисмоний жазолаш ҳақидаги ваъдалар билан уни камситишга қанчалик урунишмасин, барчаси улар истаган ва таҳмин қилганнинг зидди билан якун топган бўларди ва (яхши) оқибат муттақийнлар тарафида бўларди. Ҳудди Аллоҳ таоло мўмин бандаларига ваъда қилганидек: “Ёмон макр-ҳийла эса фақат ўз эгаларини ўраб ҳалок қилур” (Фотир: 43)” (Қаранг: «Адаб ут-Толаб» 17). Аллома Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Аллоҳнинг ҳаромоти бузулишини, У жорий қилган чегаралар кесиб ўтилганини, Унинг дини тарк қилиниб, Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатидан бўйин товланганини кўраётган, аммо шунга қарамай унинг қалби совуқ, тили эса сукут қилаётган одамда қандай дин ва қандай яхшилик бўлиши мумкин?! Бу соқов шайтон! Ботилга даъват қилаётган эса гапираётган шайтон. Ахир агар ўзига даромад манбасини ва мавқеини таъминлаб олган бўлишса, демак уларни энди дин билан нима бўлаётгани қизиқтирмайдиганлар сабабидан динга фалокат келмадими?! Энди агар кимдир унинг мавқеи ёки мулкини камситадиган (ёки ноқис қиладиган) бўлса, унда у гур этиб ёнади, барча бор кучини сарфлайди ва уччала услуб (қўли, оғзи, қалби) билан қаршилик кўрсатади. Шу билан бирга мана шундайлар Аллоҳнинг Кўзида паст бўлишди ва Унинг Ғазабига дучор бўлишди. Улар ўзлари билмаган ҳолда шу ҳаётидаёқ мавжуд бўлган энг оғир синов билан синалишди. Бу синов эса – қалбнинг ўлишидир. Ахир инсон қалби қанчалик тирик бўлса, шунчалик Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун бўлган ғазаби кучлироқ ва унинг динга бўлган ёрдами комилроқ бўлади” (Қаранг: «Эъламул муаққиъийн» 2/158). Имом Шавконий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Агар сен: “Шубҳасиз, ҳақ сўзни айтишлик вожиб, одамларни унга йўллаш шарт, уни яшириш мумкин эмас. Аммо агар мен буни қилсам, аниқ биламанки ҳолатни бу ўзгартирмайди. Бироқ шу билан бирга мен ўз ҳаётим ва номусимни хавф остига қўяман” деб айтсанг, унда мен сенга (бундай) жавоб бераман: “Бу ҳаёллар тақводорлар учун яхши оқибат ва Аллоҳнинг ёрдами ҳақида сенга аввалроқ айтганларимни ёмон ўзлаштирганинг учунгина келган. Бироқ, кел сен қўрқаётган иш бўлди деб тасаввур ҳам қилайлик. Сенга синовлар келса сен ўзингда зарар ва шунга ўхшаш қийинчиликларни хис қиласан. Менга айтчи, наҳотки сен бу ҳаётда абадий бўламан деб ўйласанг? Сен билан содир бўлиши мумкин бўлган ишнинг энг қўрқинчлиси сенинг ҳақни ҳимояси йўлида ва илмни ёйиш йўлида ҳалок бўлишингдир. Бу билан сен абадий саодатни қўлга киритасан ва илм аҳли учун абадий ибрат, бидъатчилар учун эса шармандалик ва уларнинг хорлиги бўласан. Қанча Аллоҳнинг бандалари сени бу йўлда ўзиб кетди ва бу улуғ даражага етишди – уларда сен учун ибрат бор. Эй бечора, жанг майдонида Аллоҳнинг бандалари орасида (баданларини) қиличлар чопган, найза ва ўқлар тилка-пора қилгарларига назар солсангчи. Улар ўлимни исташди, қилич ва найзалар баданларига санчди, ўлим уларнинг кўз олдиларида эди. У (ўлим) уларга олдию орқаларидан, ўнгу чапларидан яқинлашарди. Уларгача сенга йўл бўлсин?! Сенга эса мусулмонлар орасида туриш ва уларни Роббилари динига даъват қилишдан бошқа ҳеч нарса буюрилмади-ку!”” (Қаранг: «Адаб ут-Толаб» 36). RE: Мушкулкушод ҳақида - 0788 - 04-21-2016 Ассалому алейкум варахиматуллоху ва баракатух мушкил кишод укитиш ширкми RE: Мушкулкушод ҳақида - Admin - 10-03-2016 Мушкулкушод ўқитиш ширкми? Дилмурод Абу Муҳаммад [audio]https://tavhid.com/downloads/maruza/dilmurod/savol_javob/mushkulkushod_oqitish_shirkmi.mp3[/audio] Юклаб олиш |