Тавҳид форуми
Ҳаж ва Умранинг фазилат ва фойдалари - Printable Version

+- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum)
+-- Forum: Фиқҳ (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=10)
+--- Forum: Ҳаж ва Умра (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=29)
+--- Thread: Ҳаж ва Умранинг фазилат ва фойдалари (/showthread.php?tid=1555)



Ҳаж ва Умранинг фазилат ва фойдалари - Admin - 10-30-2009

Ҳаж ва Умранинг фазилат ва фойдалари

Ҳаж ва Умра (кичик ҳаж) мусулмонларнинг амалга оширишлари тарғиб этилган солиҳ амаллардандир. Кўпчилик мусулмонлар ушбу тақво амалини адо этишга ошиқадилар. Аммо баъзилар вафот топгунларига қадар ҳам уни адо қилишга имкон топа олмайдилар. Бунга уларнинг умрлари қисқалиги ёки уни адо этиш учун маблағ жиҳатидан ҳеч қачон қодир бўлмасликлари сабаб бўлади.
Ҳажни адо этиш Аллоҳнинг мусулмонлардаги ҳаққидир. Мол-дунё ва бошқа керакли воситаларга эга бўлганларнинг барчасига ушбу ҳақни адо этиш вожиб бўлади. Аллоҳ Таоло шундай деган:
«Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир. Кимда-ким (буни) инкор этса, бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир» (Оли Имрон сураси, 97-оят).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Энг афзал амал қайси?», - деб сўралди. У киши: «Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтириш», - деб жавоб бердилар. Сўровчи одам: «Ундан кейин-чи?» - деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш», - деб жавоб бердилар. Сўровчи одам: «Ундан кейин энг яхши нарса нима?» - деб яна савол берди. У киши: «Ҳажжи мабрур (яъни, гуноҳлардан холи ҳамда Аллоҳнинг қабули ва ризоси билан тақдирланган нуқсонсиз ҳаж)», - деб жавоб қилдилар» (Имом Аҳмад ривоятлари).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳнинг розилиги учун ҳажни адо этган ҳамда бузуқ ишлар ва гуноҳлардан четлашган киши ҳаждан худди онасидан туғилгандек барча гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Кунлардан бир куни Оиша разияллоҳу анҳо: «Ё Расулаллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам! Жиҳод амалларнинг энг афзалидир. Шундай экан, биз (аёллар) ҳам унда фаол бўлмаган ҳолда иштирок этишимиз керакми?» - дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб қилдилар: «Сизлар учун энг яхши жиҳод ҳажжи мабрурдир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абу Ҳурайранинг ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаж қариялар, заифлар ҳамда аёллар учун жиҳоддир», - деб айтганлар (Ушбу ҳадис Насбуъ томонидан ривоятчиларнинг саҳиҳ силсиласи билан келтирилган).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Бир киши Арафот тоғидаги адирда ўз маркабини миниб кетаётиб, ногаҳон қулаб тушди ва вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг танасини ювинглар, боши билан юзини очиқ қолдириб, эҳромда (ҳожилар киядиган икки бўлак мато - таҳририят изоҳи) кўминглар. Қиёмат куни у талбия (ҳожи овозини чиқариб, «Лаббайкаллоҳумма лаббайк…», деб айтадиган сўзлар - таҳририят изоҳи) айтган ҳолда тирилади», - дедилар (Бухорий ва Муслим ривоятлари).