Тавҳид форуми
Исломни бузувчи амаллар - Printable Version

+- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum)
+-- Forum: Ақида (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=44)
+--- Forum: Куфр ва ширк (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=47)
+--- Thread: Исломни бузувчи амаллар (/showthread.php?tid=159)



Исломни бузувчи амаллар - Admin - 02-16-2011

Исломни бузувчи амаллар шарҳи

Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Рожиҳийнинг

“Шарҳ Навақид-ул-Ислам” номли шарҳлари асосида тайёрланди

Мусулмон дўстим, билингки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ислом динига кириш ва уни маҳкам ушлашни барча одамларга фарз қилиб, унга хилоф бўлган нарсадан огоҳлантирди. Аллоҳ таоло ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни шу динга даъват қилиш учун юборди ва унга эргашган киши ҳидоят топган, юз ўгирган киши эса адашган эканидан хабар берди.
Дарҳақиқат, мусулмон баъзида моли ва қонини ҳалол қиладиган кўплаб бузувчи амал турларини қилиш билан Ислом динидан чиқиб, муртад бўлиши мумкин. Бу бузувчиларнинг энг хатарлиси ва энг кўп содир бўладигани 10 тадир. Ушбу қисқа рисолада мана шу 10 та бузувчи амалларнинг шарҳлари билан таништириб чиқамиз.
1. Ширк
Аллоҳ таолога ибодат қилишда шерик қилиш. Бунга далил Аллоҳ таоло айтадики: «Албатта, Аллоҳ Аллоҳга шерик қилган кишига жаннатни ҳаром қилди ва унинг жойи жаҳаннамдир. Золимларнинг ёрдамчилари йўқдир» (Моида: 72).
Вафот этган кишилардан эҳтиёж ва ёрдамларни сўраш, уларга қурбонликлар сўйиш ва назрлар қилиш ҳам шулар жумласидандир. Демак, агар инсон Ширк қилган ҳолатда вафот этса у ҳолда Аллоҳ у инсонни кечирмайди. Демак ширк вафот этгандан кейин кечирилмайдиган энг катта гуноҳдир.
“Аллоҳ ўзига шерик қилинишини кечирмайди. Ундан бошқа барча гуноҳларни хоҳлаган бандаси учун кечиради” (Нисо: 48 ва 116).
Ширк инсоннинг барча яхши амалларининг ҳабата бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ айтадики: “Аллоҳнинг ҳидояти шудир. У билан хоҳлаган бандаларини йўлга солади. Агар мушрик бўлганларида қилган (савобли) амаллари йўққа чиққан бўлур эди” (Анъом: 88).
“”Аллоҳ бу - Масиҳ ибн Марям”, - деганлар кофир бўлдилар. Масиҳ уларга деди: “Эй, Исроил авлоди! Раббим ва Раббингиз (бўлмиш) Аллоҳга ибодат қилингиз!” Кимки Аллоҳга ширк келтирса, албатта, унга Аллоҳ жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзахдир. Золимларга (эса) ёрдамчилар бўлмас” (Моида: 72).
Демак, ширк яхши амалларни йўққа чиқаради ва инсонни кофирга айлантиради. Ширк инсонни абадий дўзахда қолишига сабаб бўлади, у инсон учун Жаннат ҳаром бўлади. Аллоҳдан барчамизни ширкдан ва ширкка олиб борувчи амаллардан сақлашини сўраймиз. Кимки ибодатнинг қайси турида бўлмасин, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилса, демак у инсон диндан чиқиб кетганига шак-шубҳа йўқдир.
Масалан, Аллоҳдан ўзгага дуо қилса, қурбонлик қилса, демак ширк амалини қилган бўлади ва кофир ҳисобланади. Яна мисоллар, Аллоҳдан ўзгага сажда қилишлик, Жинларга, қабрларга, фаришталарга қурбонлик қилишлик, Аллоҳдан ўзганинг номига қасам ичишлик, Каъбадан бошқа жойда тавоф қилишлик ва ҳоказолар ширк ҳисобланади. Мана шу ширк Исломни бузувчи амалларнинг биринчисидир.
2. Аллоҳ билан ўзи ўртасида воситачилар қилиб, уларга дуо, таваккул қилишлик ва улардан шафоат сўрашлик. Бу амални қилган кишининг кофир эканлигига шак-шубҳа йўқдир.
Иккинчи Исломни бузувчи амал бу ширкнинг бир формаси. Ширк бу умумий атама, аммо бу амал эса хусусийроқ. Масалан айтайлик, инсон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзи ва Аллоҳ ўртасида воситачи қилиб қўйди ва шундай дуо қилди: ”Эй Муҳаммад, Менга ёрдам бер!” ёки “Эй Муҳаммад, Мени Аллоҳга яқинлаштир!” Мана шу каби дуолар қилиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзи ва Аллоҳ ўртасида воситачи қилиб қуяди.
Ёки фаришта ёки, бирор ғайбий солиҳ кишини, жинни ёки қабрни, ёки қуёш, ойларни ўзи ва Аллоҳ ўртасида воситачи қилиб қўйишлик бу Исломни бузувчи амаллардандир. Демак, у инсон мана шуларга уни Аллоҳга яқинлаштиришларини умид қилиб уларга дуо қилади.
Аллоҳ булар ҳақида шундай дейди: (Эй, инсонлар) огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир. Ундан ўзга “дўстлар”ни (“илоҳ”) қилиб олган кимсалар: “Биз фақат уларга бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз” (дерлар). Шубҳа йўқки, Аллоҳ (қиёмат кунида) улар ихтилоф қилаётган нарсалар хусусида уларнинг ўртасида ҳукм қилур. Албатта, Аллоҳ ёлғончи ва ношукр кимсаларни ҳидоят қилмас” (Зумар: 3).
Аллоҳ таоло бошқа оятда айтадики: “Аллоҳни қўйиб, уларга зарар ҳам, фойда ҳам келтира олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва “Ана шулар Аллоҳ ҳузурида бизни шафоат қилувчиларимиздир”, - дейдилар. Айтинг: “Аллоҳга осмонлар ва Ердаги У билмайдиган нарсаларни билдириб қўймоқчимисизлар?!” Аллоҳ уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир!” (Юнус: 18).
Демак, кимки ўзи ва Аллоҳ ўртасида воситачи қилиб ўша воситачига дуо қилса, унинг номига қурбонлик қилса, қасам ичса, таваккул қилса у инсоннинг кофир эканлигига шак шубҳа йўқдир.
Биз фақатгина Аллоҳдан ёрдам сўраймиз, Аллоҳгагина таваккул қиламиз, Аллоҳнинг номигагина қурбонлик қиламиз, қасам ичамиз ... Бизга ҳеч қандай воситачининг кераги йўқдир.
3. Мушрикларни кофир деб ҳисобламаган, ёки уларнинг кофир эканлигига шубҳа қилган ёки уларнинг йўллари ва оқимларини тўғри деб ҳисоблаган киши кофир бўлади.
Шарҳ: Демак мушрикларни кофир деб ҳисобламаганларнинг ўзи кофир бўлади. Бу ерда “мушрик” сўзи жуда ҳам умумий ва кўпгина кофирларни ўз ичига олади. Демак ҳар бир кофир мушрикдир. Кимки кофирни мана шундай деб ҳисобламаса демак ўзи ҳам кофир ҳисобланади.
Масалан, кимки Насроний, Яҳудий, мажусий (оловга сиғинувчи), бутга сиғинувчилар, катта мунофиқлар, коммунистларни кофир деб ҳисобламас экан унинг ўзи кофир эканлигида шак шубҳа йўқдир.
Бундан ташқари ким булар ҳақида шубҳа қилса, яъни “балки улар кофир эмасдирлар, балки Яҳудийлар тўғри йўлдадир” ёки шу каби шубҳада бўлса кофирдир. Ёки бир инсон “Инсонлар учун яҳудийлик ёки насронийликка ёки Исломга эргашишса бўлаверади. Барчаси тўғри йўлдир” деб айтса кофир бўлади. Ҳозирда баъзилар шундай деб барча динларни ақидаси қандай бўлишидан қатъий назар бирлаштиришга чақиришмоқда. Улар кофирлардир. Шубҳа йўқки, Яҳудий ва Насронийлар кофирдир. Демак мусулмон ўзини улардан, уларнинг йўли ва ақидасидан йироқ қилиши керак бўлади.
Уларнинг йўлини, ақидасини Аллоҳ учун ёмон кўришлик лозим. Чунки уларнинг йўли Аллоҳга ширк келтириш йўлидир.
Аллоҳ таоло улар ҳақида айтадики: “”Марямнинг ўғли Масиҳ Аллоҳдир” деганлар куфрга кетдилар. Айтинг: “Агар Аллоҳ Марямнинг ўғли Масиҳни, унинг онасини ва Ердаги ҳамма (одамлар)ни ҳалок этишни ирода қилса, ким ҳам бирор нарсага қодир бўлар эди?!” Осмонлар, Ер ва улар ўртасидаги борлиқ устидан ҳукмронлик фақатгина Аллоҳга тегишлидир. Хоҳлаган нарсани яратади, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир” (Моида: 17).
“”Аллоҳ бу - Масиҳ ибн Марям”, - деганлар кофир бўлдилар. Масиҳ уларга деди: “Эй, Исроил авлоди! Раббим ва Раббингиз (бўлмиш) Аллоҳга ибодат қилингиз!” Кимки Аллоҳга ширк келтирса, албатта, унга Аллоҳ жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзахдир. Золимларга (эса) ёрдамчилар бўлмас” (Моида: 72).
“”Аллоҳ Учтанинг (Аллоҳ, Марям ва Исонинг ёки Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳнинг) биридир”, - деганлар (ҳам) кофир бўлдилар. Ягона Илоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. Агар айтаётган (гап)ларидан қайтмасалар, улар орасидан кофир бўлганларига аламли азоб етиши муқаррардир” (Моида: 73).
“Эй, иймон келтирганлар! Сизлар учун Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаромга чиқармангизлар ва ҳаддан ошмангизлар! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни севмайди” (Моида: 87).
“Албатта, аҳли китоб ва мушриклардан иборат кофир кимсалар жаҳаннам ўтида бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар. Ана ўшалар халойиқнинг энг ёмонидирлар” (Баййина: 6).
Демак, Аллоҳ Қуръонда уларнинг кофир эканлиги ҳақида очиқ ойдин хабар берган. Мусулмон Аллоҳ яхши кўрганларни Аллоҳ учун яхши кўради, Аллоҳ ёмон кўрганларни Аллоҳ учун ёмон кўради. Демак биз ҳар бир кофир-мушрикни Аллоҳ учун ёмон кўрамиз, чунки Аллоҳ куфр, ширк қилувчиларни яхши кўрмайди.
Бир киши “Мен яҳудийларнинг кофир ёки кофир эмаслигини билмайман, балким улар тўғри йўлдадирлар” деб айтса куфр қилган бўлади. Демак, ҳар бир мусулмон уларнинг кофир эканлигига шак шубҳа қилмаслиги лозим. Исломда эмасми демак Кофирдир. Чунки Аллоҳнинг наздида қабул бўлган дин бу Исломдир.
Аллоҳ таоло айтадики: “Албатта, Аллоҳ наздида (мақбул) дин Ислом (дини)дир” (Оли Имрон: 19).
“Кимки Исломдан ўзга динни истаса (ихтиёр этса), ундан (у) сира қабул қилинмагай ва у охиратда зиён кўрувчилардандир” (Оли Имрон: 85).
“Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим” (Моида: 3).
Энди савол туғилади, нима учун агар инсон юқоридаги мушрикларни кофир санамаса у ҳолда кофир бўлади? Бунинг сабаби шуки, кимки мушрикларни кофир санамаса демак, бу дегани у Тоғутларга (ёлғон илоҳ, динларга) кофир бўлмаган бўлади, яъни ёлгон илоҳ, динларни тўғри деб ҳисоблаган бўлади ёки уларнинг нотўғрилигига шубҳа қилган бўлади.
Иккита нарсасиз инсоннинг тавҳиди тавҳид бўлмайди:
1. Аллоҳга холис тўғри иймон келтириш;
2. Тоғутга, яъни барча турдаги ёлғон илоҳ, динларга кофир бўлиш.
Демак, кимки мушриклар, насроний ва яҳудийларни кофир санамас экан, у ҳолда ёлғон илоҳ, динларни рад қилмаган бўлади. Бундай тавҳид ботил тавҳиддир ва у инсонда иймон йўқдир.
Шунинг учун ҳам тавҳиднинг шартлари 2 тадир:
1. Тоғутни рад этиш яъни ёлғон илоҳ, динларни рад этиш;
2. Аллоҳга тўғри холисона иймон келтириш.
Мана шу нарса шаҳодатдаги “Лаа илаҳа илла Аллоҳ” (Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот йўқ) калимасида кўринади. “Лаа илаҳа” (Ибодатга лойиқ ҳеч қандай илоҳ йўқ) - бу барча Тоғут (ёлғон илоҳлар)ни рад этиш, “илла Аллоҳ” (Аллоҳдан ташқари) - бу эса Аллоҳга иймон келтиришдир. “Лаа илаҳа илла Аллоҳ” калимаси Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган барча нарсаларни рад этади ва фақатгина Аллоҳга ибодат қилишга чақиради. Тоғутларга кофир бўлишликнинг маъноси шуки, инсон Аллоҳдан ўзгага ибодат қилинган барча нарсаларни рад ва инкор этади, ўзини бу нарсалардан ва уни қилувчилардан (кофирлардан) жуда ҳам йироқ қилади ва уларни Аллоҳ учун ёмон кўради. Шу сабаб кофирларни Аллоҳ учун ёмон кўришлик керак бўлади. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом ҳақида шундай дейди: “Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда гўзал намуна бордир. Эслангиз, улар ўз қавмларига: “Бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсаларингиздан безормиз. Бизлар сизларни инкор этдик. Токи, сизлар ёлғиз Аллоҳга иймон келтирмагунларингизча сизлар билан бизнинг ўртамизда мангу адоват ва нафрат пайдо бўлди”, - дедилар” (Мумтаҳана: 4).
Мана шу нарса тўғри диндир, яъни Аллоҳгагина холисона ибодат қилишлик, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилувчилардан йироқ булишлик, ҳамда ёлғон илоҳлардан йироқ бўлишлик, уларни инкор-рад этишлик, Аллоҳ учун ёмон кўришлик.
4. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа кимсанинг йўли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлидан кўра мукаммалроқ, ҳукми Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмидан кўра гўзалроқ” - деб эътиқод қилган киши кофирдир.
Тоғут (ёлғон илоҳ, дин) ларнинг ҳукмларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмларидан афзал кўрган кишилар шу бузувчи амал остига кирадилар.
Кимки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўли, ҳидоятидан ҳам яхшироқ йўл, ҳидоят борлигига иймон келтирса, масалан, “Файласуфларнинг, ва бошқа адашган гуруҳ ёки кишиларнинг йўли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлидан афзалроқ!”, “Уларнинг йўли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўли билан тенгдир” деб ишонса у ҳолда кофир бўлади.
Чунки Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳидояти, йўлидан афзалроқ йўл йўқдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз хоҳишлари билан гапирмаганлар, балки барча айтганлари, кўрсатма, йўл-йўриқлари Аллоҳдан ваҳий қилинган.
Шунинг учун ҳам кимки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлидан яхшироқ ёки унга тенг йўл бор ва мен Аллоҳга ўша йўллар билан яқинлаша оламан деб айтса, у инсоннинг кофир эканлигида шак шубҳа йўқдир.
Худди шу каби кимки “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳукмидан афзалроқ ҳукм бор” деб иймон келтирса, масалан “инсонлар ўзлари тўқиб чиқарган қонунлар ҳукми шариат ҳукмидан яхшироқ” деб иймон келтирса кофир ҳисобланади.
Инсонлар тўқиб чиқарган қонун шариат қонунига тенг деб ишонганлар ҳам кофир ҳисобланади.
Бундан ташқари кимки “Инсонлар тўқиб чиқарган қонун билан ҳам, шариат қонуни билан ҳам ҳукм чиқарса бўлади, қайси бири фарқи йўқ” деб иймон келтирса кофир ҳисобланади (ҳаттоки шариат қонунини яхшироқ деб ҳисобласа ҳам). Чунки биз Аллоҳ берган қонун билангина ҳукм чиқаришимиз лозим.
Аммо агар бир мусулмон инсонлар тўқиб чиқарган қонунлар билан ҳукм чиқариш мумкин эмаслигига иймон келтирса ҳамда шариат қонуни билангина ҳукм чиқариш кераклигига ишонса, лекин ўзи инсонлар тўқиб чиқарган қонун билан ҳукм чиқарса ҳамда нотўғри қилганини билса у ҳолда бу инсон Исломдан ташқарига чиқмаган ҳисобланади.
Демак 3 та ҳолатда кофир ҳисобланади ва 1 ҳолатда эса кофир ҳисобланмас экан. Аммо ўша бир ҳолатда ҳам эҳтиёт бўлиш ва тавбага шошилиш зарур.
Яна шуни айтиш керакки бу айтилган нарсалар умумий қоида. Биз маълум бир шахслар устидан буларни ишлатиб ҳукм чиқаришимиз тўғри эмас. У нарсаларни катта уламоларга олиб бориб ҳал қилиш керак.
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган таълимотларнинг баъзисини, гарчи ўзи унга амал қилса-да, ёмон кўрган киши кофир бўлади.
Шарҳ: Кимки намозни ёмон кўрса кофир ҳисобланади, ҳаттоки намоз ўқиса ҳам.
Бунга далил Аллоҳ таоло айтадики: “Бунга сабаб уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсаларни (Қуръон ва ундаги ҳукмларни) ёмон кўрганларидир. Бас, (Аллоҳ) уларнинг амалларини беҳуда кетказур” (Муҳаммад: 9).
Демак, кимки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган бирор нарсани ёмон кўрса, масалан вожиб амалларни, савоб, шариат қонунлари бўйича фоҳиша, ўғри ва шу кабиларни жазолашларни ёмон кўрса, ёқтирмаса кофир ҳисобланади. Чунки Аллоҳ ваҳий қилган нарсани ёмон кўрган, ёқтирмаган ҳисобланади.
6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган дин ва шу диндаги савоб ва жазолар устидан масхара қилган киши кофир бўлади.
Аллоҳнинг қуйидаги оятига кўра: “Айтинг: “Аллоҳни, оятларини ва Расулини масхара қилаётган эдингизми?!” Узр айтмангиз! Имонингиздан кейин (яна) куфрга кетгансиз” (Тавба: 65-66).
Шарҳ: Бунга мисоллар, масалан агар намозни, закотни, намоз ўқувчиларни мазхара қилса, намоз ўқиганлари учунгина устиларидан кулса, ҳаж қилувчиларни масхара қилса кофир ҳисобланади. Бундан ташқари Жаннатдаги савоблар, мукофотларни, хурсандчиликларини ёки Дўзахни масхара қилса кофир ҳисобланади.
Аллоҳнинг қуйидаги оятига кўра бу ишни қилган инсон куфр қилган ҳисобланади: “Айтинг: “Аллоҳни, оятларини ва Расулини масхара қилаётган эдингизми?!” Узр айтмангиз! Имонингиздан кейин (яна) куфрга кетгансиз” (Тавба: 65-66).
Мана шу оят Исломни масхара қилувчиларнинг кофир эканлигига далилдир.
7. Сеҳр. Эрнинг хотинига байлантириш, одамни ёқтирмаган нарсасига шайтоний йўллар билан яхши кўрадиган қилиш учун қилинган ишлар. Бу ишларни қилган ёки бу ишларнинг бўлишига рози бўлган ҳар бир киши кофир бўлади.
Аллоҳ таоло деди: “У (икки фаришта) кимга таълим берсалар: “Биз бир имтиҳонмиз, сен кофир бўлма” - дер эдилар” (Бақара: 102).
Шарҳ: Бунинг сабаби шуки сеҳр қилувчилар Жинлар орқали сеҳр қиладилар. Шубҳасиз бунда улар шайтон-жинлар томон баъзи ширк амалларини қилишади. Шуни қилганидан кейин жин уларга ёрдам беради. Шайтон-жин сеҳр қилувчига у ширк амали қилсагина ёрдам беради, унинг хизматини қилади.
Демак, сеҳр қилувчи масалан, Аллоҳни ўрнига жинга дуо қилади, жиннинг номига қурбонлик қилади, шайтон-жин сеҳр қилувчига Қуръон мусҳафини оёқ остига қилишни, ёки Қуръонни устига ахлат ташлашни ва шу каби нарсаларни буюради.
Сеҳр қилувчи шу ширк-куфр амалини қилганидан кейин шайтон-жин унга баъзи ғайбий нарсалар ҳақида хабар беради ёки баъзи нарсаларни у учун ўғирлайди. Шу сабаб сеҳр қилувчилар ва сеҳр қилишга рози бўлувчилар кофирдир. Рози бўлганлар худди уни қилган кабилардир.
Баъзи сеҳргарлар борки улар шайтон-жинлар билан алоқа қилишмайди балки улар баъзи зарарли бўлган дорилар орқали иш қилишади, шу ишларни қилган сеҳргар уларни ҳалол деб билса кофир бўлади. Бундан ташқари одамларнинг молини олишни ҳамда уларга зарар қилишли ҳалол санаса куфр амали қилган бўлади. Агар у инсон буларни ҳаром деб билсаю барибир қилса у ҳолда кофир эмас осий ҳисобланади (албатта мусулмон бўлса), катта гуноҳни қилган ҳисобланади. Кофир эмаслигига сабаб у ширк амали қилмади. Аммо шайтон-жинлар билан алоқа қилувчи сеҳргарлар ва буларга рози бўлувчилар кофирдирлар.
8. Мусулмонларга қарши мушрикларга, кофирларга ёрдам беришлик куфрдир.
Бунга далил Аллоҳ таоло деди: «Сизлардан у (яҳуд ва насоро) ларни дўст тутган одам – улардан биридир. Шубҳасиз, Аллоҳ золим халқларни ҳидоят қилмайди» (Моида: 51).
Шарҳ: Агар кимки мушрикларга мусулмонларга қарши ёрдам берса бу унинг улар (мушриклар) билан дўст тутингани ва уларни севгани бўлади. Демак, уларни бундай дўст тутишлик Исломдан чиқаради. Чунки бу уларга бўлган муҳаббатни билдиради.
Масалан, мушрикларга пул, қурол ёки ўз фикри билан мусулмонларга қарши ёрдам берса бу мушрикларга бўлган муҳаббатни билдиради. Уларга бўлган муҳаббат дўстлашишликнинг асосидир. Бундан ташқари мушрикларга мусулмонларга қарши ёрдам бергани унинг мушрикларни мусулмонлардан устун қўйгани ҳам бўлади. Аммо агар бир мушрикка бошқа мушрикка қарши ёрдам берса, унда бу нарса биз кўраётган масалага кирмайди.
9. “Баъзи одамларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатдан чиқиш ҳуқуқлари бор” - деб эътиқод қилган киши кофирдир.
Шарҳ: Яъни, агар “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатга амал қилмаслиги мумкин ва Аллоҳга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатдан бошқа нарса билан ҳам ибодат қилиши мумкин” деб эътиқод қилса кофир ҳисобланади. Бундан ташқари “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатига амал қилмасдан ҳам Жаннат аҳлидан бўла оламан” деб иймон келтирса ҳам кофир ҳисобланади.
Масалан, “Аллоҳга файласуфлар йўли орқали, мажусийлар, насронийлар ва бошқа Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлига зид бўлган йўллар орқали ибодат қилса” ёки “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўли билан бу йўлларнинг ҳаммаси бир” деб эътиқод қилса кофир ҳисобланади. Xунки Аллоҳга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлидан бошқа йўл йўқдир.
Ҳар бир мусулмон бўламан деган инсон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шариатга амал қилмоқлиги даркордир.
Аллоҳ таоло деди: “Исломдан бошқа динни талаб қилган одамдан қилган амаллари қабул қилинмайди ва у охиратда зиёнкорлардан бўлади” (Оли Имрон: 85).
10. Аллоҳнинг динидан юз ўгириш, уни ўрганмаслик ва унга амал қилмаслик.
Аллоҳ таоло айтадики: “Роббисининг оятлари билан эслатилгандан сўнг, улардан юз ўгирган кишидан кўра золимроқ одам борми? Биз жиноятчи кимсалардан интиқом олгувчидирмиз” (Сажда: 22).
Бу бузувчилар амалларда жиддий, ҳазиллашиб ёки қўрқиб айтган кишилар ўртасида фарқ йўқдир. Фақат бундан мажбурланган кишиларгина мустаснодир. Шунинг учун ҳам мусулмон бу амаллардан жуда ҳам ўзини эҳтиёт қилиб, сақламоқлиги зарур.
Шарҳ: Бу 10 та Исломни бузувчи амалларни ҳазил қилиб қилган киши билан қўрқиб қилиб қилган киши бир хилдир, яъни кофир ҳисобланади.
Масалан бир мусулмон бу амаллардан биттасини қилиб “Мен ҳазиллашдим” деса, шу ҳолда ҳам у куфр амалини қилган бўлади.
Бундан мустасно бўлган киши бу агар, масалан, бир киши бўйнига қилич қўйиб “мана шу (Исломни бузувчи) амални қил акс ҳолда ўлдираман”, деса бу ҳолда ўша амални қилиши мумкин ва у нарса куфр ҳисобланмайди.
Чунки у мажбурланган ва қалбида мустаҳкам Иймони мавжуд, иншааллаҳ. Аммо шу ҳолатда ҳам қалби ўша Исломни бузувчи амалга мойил келса у ҳолда куфр амалини қилган яъни кофир ҳисобланади.
Демак бу ерда 4 та ҳолат мавжуд:
а) Агар холислик билан қилса, яъни ният билан қилса;
б) Агар ҳазиллашиб ёки бошқаларни кулдириш учун қилса;
c) Қўрққанидан қилса;
д) Мажбурланган ҳолатда қалби ўша мажбурланганда қилган Исломни бузувчи амалга таскин топса яъни қалби ўшанга мойил бўлса, қарши чиқмаса.
Мана шу 4 ҳолатда инсон кофир ҳисобланади.
Бешинчи ҳолат яъни қалбида тўлиқ, мустаҳкам иймон бўла туриб ва қалби у (Исломни бузувчи амални) инкор қилиб турган вақтда мажбурланган киши кофир ҳисобланмайди.
Бунга далил Аллоҳ таоло айтадики: “Лекин кимнинг қалби иймон билан хотиржам ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, у мустаснодир. Аммо кимки кўнглини куфрга очса, бас, у (каби)ларга Аллоҳ (томони)дан ғазаб ва улкан азоб бордир!” (Наҳл: 106).




«Ла илаҳа иллаллоҳ»ни бузувчи амаллар - Admin - 03-19-2012

«Ла илаҳа иллаллоҳ»ни бузувчи амаллар

Бузувчи амаллар – таҳоратни бузадиган амаллар каби уни йўққа чиқаради.
«Ла илаҳа иллаллоҳ»ни бузувчи амаллар: Исломни бузувчи амаллар бўлиб, у муртадлик сабаблари ёки турлари, деб ҳам номланади. Мусулмон киши булардан четлашиб, унга тушиб қолишдан ҳазир бўлиши учун ҳам буларни билиш катта аҳамият касб этади.
Исломдаги муртадлик, у ундан (Исломдан) қайтиш демакдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ортларингизга қайтиб кетмангиз, акс ҳолда зиён кўргувчиларга айланиб қўлурсиз» (Моида: 21).
Аллоҳ таоло айтдики: «Сизлардан ким ўз динидан қайтиб, динсиз ҳолда ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунё-ю охиратда беҳуда кетур. Улар дўзах эгаларидир ва унда абадий қолажаклар» (Бақара: 217).
Ушбу Аллоҳ таоло томонидан мўминларга қаттиқ огоҳлантириш бўляпти: Эй мўминлар «Сизлардан ким ўз динидан қайтиб», вафотидан олдин тавба қилиб Исломга қайтмай, «Динсиз ҳолда ўлса», дарҳақиқат «Ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунё-ю охиратда беҳуда кетур», яъни, ботил бўлур. «Улар дўзах эгаларидир ва унда абадий қолажаклар».
Аллоҳ таоло шундай деди: «Албатта ўзларига ҳидоят (йўли) аниқ-равшан бўлганидан кейин яна ортларига (куфрга) қайтиб кетган кимсаларга (бу ишларини) шайтон чиройли қилиб кўрсатди ва улар учун (пуч орзу-хаёлларни) узун қилиб қўйди» (Муҳаммад: 25).
Аллоҳ таоло айтдики: «Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким ўз динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар. Улар мўминларга хокисор, кофирларга эса қаттиққўл» (Моида: 54).
«Сизларнинг ичингиздан кимда-ким ўз динидан қайтса», яъни, ўз динидан ортга қайтса.
Ушбу оятларда муртадликдан огоҳлантирув ва қаттиқ ваъид бордир.
Имом Бухорий (6878) ва имом Муслим (1678) Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Мусулмон кишининг қони уч ишнинг бири билангина ҳалол бўлади: никоҳ қургани ҳолда зино қилувчи, жонга жон (яъни қасос), динини ташлаб, жамоатдан ажралган кимса».
Имом Бухорий (2854) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдиларки: «Ким динини ўзгартирса, бас, уни қатл қилинглар».
Агар муртадлар кучга эга бир тўда бўлса, Абу Бакр розияллоҳу анҳу муртадларга қарши курашганларидек, то Исломга бўйин эггунларигача уларга қарши кураш олиб борилади. Муратдликдан қайтмаганлари қатл қилиниб, тавба қилганларининг тавбаси қабул қилинади.
Агар муртад ёлғиз бўладиган бўлса қўлга олиниб, тавбага чақирилади. Тавба қилса ҳоп-ҳоп, акс ҳолда қатл қилинади. У аслий кофирга ўхшаш эмас. Чунки муртад ҳақни билди, Аллоҳнинг динига ўз хоҳиш-ихтиёри билан кирди ва Исломни ҳақ дин дея эътироф этди. Энди у муртад бўладиган бўлса, ақида ҳимояси ўлароқ қатл қилинади. Ушбу зарурий беш нарса (дин, жон, ақл, насл ва обрў ҳамда мол-давлат)ни сақлаш бобиданки, унинг аввали диндир. Дин Исломга кириб сўнг муртад бўлган кимсанинг қўлида ўйинчоқ ҳолда ташлаб қўйилмай, балки у ушбу лўттибозликдан динни ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан ҳам қатл қилинади.
Муртадлар ичида тавбага чақирилмай қатл қилинадиганлари ҳам бор. Бу муртадлиги сабаб (Исломга) катта зарарлар етган кимсадир. Ушбу кимса тавбага чақирилмай, диннинг ва Ислом дини сақлов-риоя қилишга аҳамият қаратган заруратларнинг аввалгисини ҳимоя қилиш ўлароқ боши танасидан жудо қилинади.
Муртад – Исломга кирганидан сўнг куфр келтирган кимсадир:
Ё қалбидаги (бузуқ) эътиқоди сабаб;
Ёки дин ишлари хусусида юз берган шак-шубҳа сабаб;
Ё бўлмаса Аллоҳдан ўзгасига сажда қилиш, жонлиқ сўйиш, назр аташ каби бирор феъл-иш ҳаракат сабабки, ушбу ишларга қўл урган кимса муртад бўлади;
Ёкида Аллоҳ таоло, Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёки Ислом динини сўкиб-ҳақоратлаш каби сўз сабаб: «Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?» Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 65-66).
Демак муртадлик сўз, феъл, эътиқод ва дин ишларининг бирортаси хусусида шак-шубҳага бориш билан юз беради. Намоз, закот ва тавҳиднинг вожиблиги борасида шак-шубҳа қилган кимса кабики, ушбу кимса кофир бўлади. Шак-шубҳа: икки иш орасида иккиланиб қолишдир.
Икки шаҳодат калимасини бузувчи амаллар, бу Исломни ҳам бузувчи амаллардир. Чунки бу икки шаҳодат калимасики, киши уни нутқ қилиш билан Исломга киради. Чунки уни тилда талаффуз қилиш у (шаҳодат калимаси) далолат қилган маънони эътироф этиш ва у талаб қилган амаллар бўлмиш дин шиорларини адо этишни лозим тутишдир. Энди ушбу лозим бўлган маъноларнинг бирортасига путур етадиган бўлса, дарҳақиқат икки шаҳодат калимасини тилда айтгандаги берган аҳду-паймонини бузган бўлади.

Биринчиси: Аллоҳ таолога ширк келтириш

Бундан мурод: Миллатдан чиқарувчи катта ширкдир, Аллоҳ сақласин. Бу киши ўзи билан Аллоҳ ўртасига воситалар қилишки, уларга дуо қилиб, шафоат сўраб, ўшаларга таваккал қилиб, ёки ёлбориб ёрдам сўраб, назр атаб, ўша нарсаларни номи билан жонлиқ сўйиб, ё бўлмаса Аллоҳни қўйиб ўша нарсалар фойдани ҳосил қилиш ёки зарарни даф қилади деб эътиқод қилиш билан бўлади. Кимда-ким ушбу ишларга қўл урса, дарҳақиқат куфр келтирган бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учун кечирур» (Нисо: 48).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур, унинг борар жойи дўзахдир. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72).
Ширк муртадлик турларининг энг хатарлисидир. У – дуо, жонлиқ сўйиш, фақатгина Аллоҳ қодир бўладиган ишларда Ундан ўзгасига ёлбориб, ёрдам сўраш каби ибодат турларининг бирор тури билан Аллоҳдан ўзгасига ибодат қилинмоғидир. Ким ибодатнинг бирортасини Аллоҳдан ўзгасига йўналтирадиган бўлса, бас, у мушрикдир.
Аллоҳ таоло элчилар алайҳимуссалоту ва салламларнинг кўпларини зикр қилди. Улар: Нуҳ, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Довуд, Сулаймон, Айюб, Юнус, Юсуф, Мусо, Ҳорун, Закариё, Яҳё, Ийсо, Илёс, Ал-Ясъа ва Лут. Аллоҳ таоло уларни сиротул мустақимга ҳидоят қилганини айтгач, шундай деди:
«Бу Аллоҳнинг ҳидояти бўлиб, у билан бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Анъом: 88).
Аллоҳ таоло айтдики: «Дарҳақиқат, сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга) ҳам (шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан! Йўқ, сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин!» (Зумар: 65-66).
Аллоҳ таолога ширк келтириш гуноҳларнинг энг хатарлиси ва энг улканидир.
Ширк – Аллоҳдан ўзгасини Аллоҳнинг хусусиятларидан бўлган бирор нарсада Унга тенг қилишдир. Ва у Аллоҳга маъсият қилинадиган гуноҳлар ичидаги энг каттаси бўлиб, рубубиятни оёқости қилиш ва улуҳиятга путур етказишдир.

Иккинчиси: Кимки ўзи билан Аллоҳ ўртасига воситалар қилиб, улардан (ҳожатини) сўраб, дуо қилиб, ўшаларга таянса, ижмо билан кофир бўлади

Ушбу («Ла илаҳа иллаллоҳ»ни) бузувчи амалларнинг биринчисидан бўлган бир турдир. Буни Исломни бузувчи амаллар ичида алоҳида бир тур қилинишига сабаб, унинг (мусулмонлар орасида) кўп содир бўлишидир. Кимки Аллоҳ билан ўзининг ўртасида воситалар қилиб, зарарни кўтариш ва фойдани ҳосил қилиш учун дуо қилиб, барзах олами ёки ўзининг олдида ҳозир бўлмаган ҳолатида шафоат сўраб, ўшаларга таваккал қиладиган бўлса, саҳоба, тобеъинлар ва муфассир, муҳаддис ҳамда фақиҳлардан иборат Ислом имомларининг ижмоси билан кофир бўлади.
Шайхулислом роҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг олдида воситалар қилувчи кимсанинг кофир эканига ижмони баён қилиб, шундай дедилар: «Кимки фаришта ва пайғамбарларни, уларга дуо қилиб, фойдани қўлга киритиш, қашшоқликни тўсиш ва ғам-ташвишни кўтаришни сўраб восита қиладиган бўлса, мусулмонларнинг ижмоси билан кофирдир».
Аллоҳ таоло шундай деди: «Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу (бизлар сиғинаётган) нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг қўлловчиларимиз бўлади», дейдилар. Айтинг: «Аллоҳга осмонлар ва ердаги У Зот билмайдиган нарсаларни (шерикларни) билдириб қўймоқчимисизлар?! (Аллоҳ) уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан пок ва юксак бўлган Зотдир» (Юнус: 18).
Аллоҳ таоло ушбу амални ширк деб номлади. Ҳолбуки улар ушбу ишни шафоат деб номлаб, айтардиларки: «Бу ширк эмас. Ширк санамларга ибодат қилишдир. Мана булар эса санамларга ибодат қилмайдилар».
Ушбу шармандали бир жоҳилликдир. Санамларга ибодат қилиш ширк турларидан бир турдир. Ширк Аллоҳдан ўзгасига ибодат қилишдир. Хоҳ у санам бўлсин ёки дарахт, тош, қабр, валий, фаришталардан бўлган бир фариштами ёки солиҳлардан ўтган бир солиҳ кишими, буларга ибодат қилиш ширкдир. Ширк бу фақат санамларга ибодат қилишнинг ўзи эмас.
Шайхулислом роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Кимда-ким пайғамбар ёки бирор солиҳ киши борасида ғулувга кетиб, унга улуҳиятнинг бирор турини исбот қилса, мисол учун бундай деб айтса: «Эй фалончи хўжа менга ёрдам беринг, ёки сизга ёлбораман, ёки менга ризқ ато этинг, ёки ўзингиз менга кифоя қиларлисиз» ва шунга ўхшаш сўзлар. Буларнинг бари очиқ-ойдин ширк ва залолатдир. Ушбу кимса тавбага чақирилади. (Тавба қилиб, қайтса яхши), акс ҳолда қатл қилинади».
Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ айтдиларки: «Ўликлардан истак-ҳожатлар сўраб, ёлбориш ва уларга юзланиш ширк турларидандир. Оламдаги ширкнинг асоси ана шудир. Маййит амали узилган-тўхтаган бўлиб, унга ёлбораётган ва Аллоҳнинг ҳузурида шафоатчи бўлишини сўраётган кишига (ёрдам бера олиши) ҳали у ёқда турсин, у (маййит) ўзига ҳам бирор фойда ёки зарарга эга эмас. Ушбу ҳолат анави кимсанинг (аслида) Аллоҳнинг ҳузурида шафоат қилувчи ким-у, шафоат қилинадиган ким эканлигини билмаганидандир».
Сонъаний роҳимаҳуллоҳ «Татҳир ал-Эътиқод»да шундай дедилар: «Кимки дарахт, тош, қабр, фаришта, жин, тирик ёки ўлик ҳақида, у фойда ва зарар бера олади, ёки Аллоҳ таолога мени яқинлаштиради, ё бўлмаса Роб таоло ҳузурида шафоатчи ва восита қилганим сабабли мени дунё истак-ҳожатларидан бирортасида қўллайди деб эътиқод қилса, дарҳақиқат Аллоҳга бошқасини шерик қилибди ва мушриклар бут-санамлари ҳақида эътиқод қилишганидек бузуқ ақидага эътиқод қўйибди».

Учинчиси: Қуръон ва суннатда кофир экани очиқ айтилган кимсани кофир деб билмаган кимса

Ушбу кофир яҳудий, насроний, мажусий, мушрик, мулҳид (худосиз) ва бундан бошқа кофирларнинг турларидан бўлишида фарқ йўқдир. Кимки шуларнинг кофир эканида шак-шубҳа қилса ёки уларнинг йўлларини тўғри деб билса, дарҳақиқат кофир бўлади.
Бунинг сабаби Аллоҳ таоло уларни кофир деб айтди. Энди мана бу уларни кофир деб билмайдиган, ёки шак-шубҳа қиладиган, ё бўлмаса уларни йўли тўғри деб айтадиган кимса, дарҳақиқат, Аллоҳу Росулига зид йўл тутди ва қарши чиқди.
Демак мусулмон кишига Аллоҳ кофир деб айтганни ёки Аллоҳ азза ва жаллага ширк келтирган кимсани кофир деб айтиши ва ундан ҳудди Иброҳим алайҳиссалом ўз оталари ва қавмларидан пок-безор эканларини эълон қилганларидек пок-безор эканлигини очиқ эълон қилиши вожиб бўлади. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом ҳақида шундай деди: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман. Магар мени яратган Зотгагина (ибодат қилурман). Бас, албатта У мени (ҳақ динга) ҳидоят қилажак» (Зухруф: 26-27).
Уларнинг йўлларини тўғри деб билиши эса бундан-да оғирроқдир. Айтсаки: Улар қилаётган ишлари борасида бир бош қотириб кўрсакмини-а. Нима ҳам қиларди, ахир у воситалардан фойдаланиш-ку ёки бундай деб айтиб, уларни ҳимоя қилса: Улар бу ишга билмай қўл уриб қўйишди. Демак ушбу кимсанинг куфри анави кофирлардан-да оғирроқдир. Чунки у куфр ёки ширкни тўғри деб билди ё бўлмаса шак-шубҳа қилди.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Албатта аҳли китобдан ва мушриклардан бўлган кофир кимсалар жаҳаннам ўтида бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар! Ана ўшалар энг ёмон махлуқдирлар» (Баййина: 6).
Оятдаги: «Албатта аҳли китобдан», яъни, яҳуд ва насоролардан.
«Мушриклардан бўлган», яъни, Аллоҳга қўшиб бошқа бир илоҳ ва маъбудга ибодат қилганлардир.
Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ – Масиҳ бинни Марямнинг ўзидир», деган кимсаларнинг кофир бўлганликлари аниқдир» (Моида: 17).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Аллоҳ – Учтанинг (яъни, Аллоҳ, Марям, Ийсонинг) биридир, деган кимсалар ҳам аниқ кофир бўлдилар» (Моида: 73).
Аллоҳ таоло айтдики: «Албатта Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни, Аллоҳга ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва («Мусога ишонамиз, Ийсо ва Муҳаммадга ишонмаймиз», дейдиган яҳудийлар каби, ёки «Мусо ва Ийсога ишонамиз, аммо Муҳаммадга ишонмаймиз», дейдиган насронийлар каби) «Айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз», дейдиган ҳамда (иймон билан куфр ўртасидаги) ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар – ана ўшалар ҳақиқий кофирлардир. Бундай кофирлар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз» (Нисо: 150-151).
Аллоҳ таоло шундай деди: «Албатта Аллоҳ барча мунофиқ ва кофирларни жаҳаннамда жамлагувчидир» (Нисо: 140).

Тўртинчиси: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқасининг йўли комилроқ ва афзалроқдир, ҳамда у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзгасининг ҳукми яхшироқ ва адолатлироқдир деб эътиқод қилган кимса

Ушбу кимса тоғутларнинг ҳукмини у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмларидан афзал деб биладиганлар кабидир. Кимда-ким муомалот, жазо қўллаш ёки бошқаларда Аллоҳнинг шариатидан ўзгаси билан ҳукм қилишни жоиз деб эътиқод қилса, агарчи ушбу қонунларни Аллоҳнинг шариатидан афзал деб билмаса ҳам, ушбу кимса ана шу эътиқоди билан (уламолар) ижмоси билан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол санаган бўлади. Ва дарҳақиқат «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни ботилга чиқарган бўлади.
Кимки ўғрининг қўлини кесиш ёки турмуш қурган зинокорни тошбўрон қилишда Аллоҳнинг ҳукмини ижро этишни ҳозирги асрга тўғри келмайди деб билса, дарҳақиқат «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни ботилга чиқарибди.
Кимки одамлар ўйлаб топган қонунлар Ислом шариатидан афзал, ёки Ислом ҳукмларини ушбу асрда (ҳаётга) татбиқ қилиш ярамайди, ёки Ислом мусулмонларни орқада қолиб кетишларига сабабдир деб эътиқод қилса, ёки Ислом ҳукми ҳаётнинг барча соҳаларида бўлмай, у фақат кишининг Роббиси билан бўлган алоқасигагина чекланган, деб айтса, дарҳақиқат «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни ботилга чиқарган бўлади.
Зино, рибо, маст қилувчи ичимлик ичиш ва бундан бошқа динда барчага бирдек маълум бўлган нарсалардан иборат Аллоҳу Росули ҳаром қилганларини ҳалол қилиб олган ҳар бир кимса, мусулмонларнинг ижмоси билан кофирдир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Динсизлик ҳукмрон бўлишини истайдиларми?! Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!» (Моида: 50).
Аллоҳ азза ва жалла деди: «Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» (Моида: 44).
Аллоҳ таоло айтдики: «Албатта Аллоҳ наздидаги (мақбул бўладиган) дин Ислом динидир» (Оли Имрон: 19).
Аллоҳ жалла ва ала шундай деди: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у Охиратда зиён кўргувчилардандир» (Оли Имрон: 85).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Бизнинг оятларимизни инкор қилган кимсаларни албатта дўзахга киритажакмиз. Қачонки терилари куйиб битиши билан ҳақиқий азобни тотиб кўришлари учун ўрнига бошқа териларни алмаштирамиз. Албатта Аллоҳ Қудратли ва Ҳикматли бўлган Зотдир» (Нисо: 56).
Аллоҳ таоло деди: «Йўқ, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Роббингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан диллари ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).
Аллоҳ таолонинг шариати билан ҳукм чиқариш – У Зотга ибодат қилмоқдир. Яъни, Аллоҳнинг шариати билан ҳукм қилиш ибодат демакдир. Ундан ўзгасининг (қонуни) билан ҳукм қилиш эса ширкдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Балки улар (Макка мушриклари) учун диндан Аллоҳ изн бермаган (куфр ва ширк каби) нарсаларни уларга шариат қилиб берган шериклари – бутлари бордир?!» (Шўро: 21).
Аллоҳ азза ва жалла деди: «Агар уларга бўйинсунсангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклардан бўлиб қолурсизлар» (Анъом: 121).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ бинни Марямни Роб деб билдилар.Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга бандалик қилишга маъмур (буюрилган) эдилар. Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У Зот уларнинг ширкларидан Покдир» (Тавба: 31).
Демак Аллоҳ таоло ушбу ишни ширк деб номлади. Аллоҳ таоло билан ўзгасининг ҳукмини баб-баробар деб билиб: «У иккиси ўртасида фарқ йўқ», дейдиган кимса кофирдир.
Бундан ҳам даҳшатлироғи: Аллоҳ нозил қилган диндан ўзгаси билан ҳукм қилиш яхшироқдир, деб айтадиган кимсадир. «Одамларга бугун ушбу қонунлар яроқлидир, шариат уларга тўғри келмайди, шариат замонамизга мувофиқ, маданиятга эса муносиб келмай қолди, ахир оламга етишиб юриш керак-да, мусулмонларнинг маҳкамалари бутун дунё маҳкамалари каби бўлмоғи лозим», дейдиган кимсанинг куфри оғирроқдир.
Аллоҳ нозил қилган диндан ўзгаси билан ҳавои нафси ёки диндан жоҳил қолиб ҳукм қилса-ю, бироқ Аллоҳнинг ҳукми ҳақдир ва у билан ҳукм қилиш вожиб деб эътиқод қилса, гуноҳи кабиралардан бирини қилган бўлади. Оғир гуноҳлардан бирини содир этган бўлади. Ана шу куфр дувна куфрдир (катта, миллатдан чиқарадиган куфрдан кейинги турадиган кичик куфр).

Бешинчиси: Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган диндан бирор нарсани ёмон кўрса, агарчи унга амал қилса-да, дарҳақиқат кофир бўлибди

Аллоҳ таоло шундай деди: «Кофир бўлган кимсалар учун эса ҳалокат бўлур ва (Аллоҳ) уларнинг амалларини зое кетказур. Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсаларни (яъни, Қуръон ва ундаги ҳукмларни) ёмон кўрганларидир» (Муҳаммад: 8-9).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтдики: «Албатта ўзларига ҳидоят (йўли) аниқ-равшан бўлганидан кейин яна ортларига (куфрга) қайтиб кетган кимсаларга (бу ишларини) шайтон чиройли қилиб кўрсатди ва улар учун (пуч орзу-ҳаёлларни) узун қилиб қўйди. Бунга (яъни, мунофиқларнинг куфрга қайтиб кетишларига) сабаб, уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсани (Қуръонни) ёмон кўрган кимсаларга: «Биз айрим ишларда сизларга итоат этамиз», деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг яширган (сирлари)ни билур. Энди – фаришталар уларнинг юзлари ва кетларига уриб, жонларини олар вақтида, (уларнинг ҳоллари) қандай бўлур?! Бунга (яъни, ўлим соатидаги бундай азобга) сабаб, уларнинг Аллоҳни ғазаблантирган нарсага (яъни, мунофиқлик йўлига) эргашиб, У Зотнинг ризолигини (яъни, мўминлар билан бирга кофирларга қарши жанг қилишни) ёмон кўрганларидир. Бас, (Аллоҳ) уларнинг (қилган яхши) амалларини ҳам беҳуда кетказди» (Муҳаммад: 25-28).
Ушбу калимага ва унга амал қилиб, аҳл-лойиқ бўлганларга муҳаббат қўйиш «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг шартларидандир. Энди кимки ушбу шартни адо этмаса, дарҳақиқат уни ботилга чиқарибди. Ушбу нуқтага эътибор қарат: «Агарчи унга амал қилса-да».
Бироқ у ушбу ишни ёмон кўрган ҳолида бажаряпти. Уни кариҳ кўради. Ана шу Аллоҳга куфр келтиришдир. Ва у «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни бузувчи амалларидан биридир.
Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган диндан бирор нарсани ёмон кўришлик, агарчи унга амал қилса-да, муртадликдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ нозил қилган нарсаларни (яъни, Қуръон ва ундаги ҳукмларни) ёмон кўрганларидир». Демак ёмон кўриб, нафратланиш, бу муртадликдир. Агарда ёмон кўрган нарсасига амал қилса-да, у куфр келтирган бўлади. Қалбдаги нафрат куфрдир. Агарчи зоҳирда унга амал қилса-да.

Олтинчиси: Аллоҳу Росули, Қуръон ёки Ислом шиорларидан бирортасини ҳазил-мазаҳ қилиш


Кимки Аллоҳ, Росул, Қуръон, дин, фаришталар ёки уламоларни илмлари сабабли ҳазил-мазаҳ қилса ёки намоз, закот, рўза, ҳаж, каъбани тавоф қилиш, Арофат тоғида туриш каби ислом шиорларидан бирортасини ҳазил-мазаҳ қилса ёки масжид, азон, соқол, пайғамбар суннатлари ва бундан бошқа Аллоҳнинг шиорларидан бирортасини ҳазил-мазаҳ қиладиган бўлса, дарҳақиқат, у кофирдир.
Аллоҳ таоло шундай деди: «Қасамки, агар улардан (нега сизни устингиздан кулганлари ҳақида) сўрасангиз, албатта улар: «Биз фақат баҳслашиб, ҳазиллашиб кетяпмиз, холос», дейдилар. Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?» Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз. Агар сизлардан бир тоифани (чин ихлос билан тавба қилганлари учун) авф қилсак, бошқа бир тоифани жиноятчи бўлганлари сабабли азоблаймиз» (Тавба: 65-66).
Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган диндан бирортасини, хоҳ у фарз ёки вожиб ё суннат амал бўлсин, ҳазил-мазаҳ қиладиган кимса, Ислом динидан қайтган муртад бўлади.
Аллоҳ субаҳану ва таоло шундай деди: «Дарвоқеъ, жинояткор – кофир кимсалар иймон келтирган зотлардан (масхара қилиб) кулгувчи бўлдилар. Қачон (мўминлар) уларнинг олдидан ўтсалар, улар бир-бирларига кўз қисишиб имо-ишоралар қилурлар. Қачон уйларига қайтсалар, (мўминларни масхара қилиб озор берганларидан) шодланиб қайтардилар. Қачон (мўминларни) кўрсалар: «Ана улар шак-шубҳасиз, йўлдан озгувчи кимсалардир», дердилар. Ҳолбуки, улар (мўминларнинг) устига қўриқчи қилиб юборилган эмасдилар. Энди бу (қиёмат) кунида иймон келтирган зотлар кофирлардан кулурлар. Улар (жаннатдаги) сўриларда (кофирларнинг азобланишига) боқиб (ўтирурлар). Кофирлар ўзлари қилиб ўтган қилмишларининг жазосини олдиларми?! (Албатта олдилар)» (Мутоффифин: 29-36).
Аллоҳ азза ва жалла деди: «Қачон Бизнинг оятларимизни (масхара қилишга) киришаётган кимсаларни кўрсангиз, то улар бошқа гапга киришгунларича сиз улардан юз ўгиринг! Энди агар шайтон ёдингиздан чиқарса, эслаганингиздан сўнг бу золим қавм билан бирга ўтирманг!» (Анъом: 68).
Алло таоло деди: «Ахир (Аллоҳ) сизларга Китобда: «Қачонки Аллоҳнинг оятлари инкор қилинаётганини ва масхара қилинаётганини эшитсангизлар, то бошқа гапга ўтмагунларича ундай кимсалар билан бирга ўтирманглар», деган сўзларни нозил қилган эди-ку?! (Модомики, улар билан ўтирган экансизлар), демак, сизлар ҳам шак-шубҳасиз, уларнинг ўзисиз. Албатта Аллоҳ барча мунофиқ ва кофирларни жаҳаннамга жамлагувчидир» (Нисо: 140).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтдики: «(Иш) шудир. Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳурмат (риоя) қилса, бас, бу Роббиси наздида ўзи учун яхшидир» (Ҳаж: 30).
Аллоҳ таоло шундай деди: «(Иш) шудир. Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур» (Ҳаж: 32).

Еттинчиси: Сеҳр

Сеҳрнинг бошқа турлари ва иссиқ-совуқ қилиш ҳам сеҳр жумласидандир.
Сеҳрнинг бошқа тури: Бирор шахсни яхши ишни қилишидан тўсиш ёки аёлига мойиллигини буриб қўйишда (сўндиришда) сабаб бўлади деб қасд қилинадиган сеҳрга оид бир амалдир.
Иссиқ совуқ: Эр кишини аёлига ёки бошқасига суюкли қилиб кўрсатишда сабаб бўлади деб қўл уриладиган сеҳрга оид бир ишдир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. Яна улар Бобилдаги Ҳорут ва Морут (номли) фаришталарга туширилган нарсаларга (эргашадилар). Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни, одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар» (Бақара: 102).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Руқя (қилиш), кўзмунчоқ ва иссиқ-совуқ ширкдир» (Абу Довуд (3883), Ибн Можжа (3530), Аҳмад (3604), Табароний «Муъжам ал-Авсат» (2/119), Ибн Ҳиббон ўзларининг саҳиҳларида (6090), Байҳақий «Сунан ал-Кубро» (9/350), Ҳоким (4/463) (8290)-рақам остида, Албоний «Силсила ас-Соҳиҳа»да саҳиҳ санадилар (331)).
Ушбу ҳадисда эслаб ўтилган руқия, у қайтарилган руқия бўлиб, у жиндан паноҳ сўраладиган ёки маъноси тушунарсиз бўлган ҳар қандай нарсадир.
«Кўзминчоқ», эса араблар даъво қилишига кўра кўз тегишидан асрайди деб болаларига осиб қўядиган мунчоқ доналаридир.
«Иссиқ-совуқ», эса сеҳрнинг бир тури бўлиб, аёл кишини эрига суюкли қилиб, унга нисбатан ишқини қўзғайди.
Сеҳр ҳақиқатда мавжуд бўлиб, у Аллоҳ таолонинг кавний қадарига биноан ўз таъсирини ўтказади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсаларни ўрганадилар. (Лекин) улар (яҳудийлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар» (Бақара: 102).
Сеҳрнинг таъсири собит бўлиб, уни фақат кибр қилувчи ёки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган динга кофир бўлган кимсагина инкор қилади.
Сеҳргарга тўхталадиган бўлсак: Бақара сурасидаги оятда келганидек агар сеҳрини шайтонлардан оладиган бўлса, у кофирдир. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига биноан: «Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни, одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар. Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсаларни ўрганадилар. (Лекин) улар (яҳудийлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Улар ўзларига ҳеч фойдасиз, билъакс зарарли нарсаларни ўрганадилар. Ахир (Аллоҳнинг Китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку. Жонларини нақадар ёмон нарсага (яъни, охиратдаги маҳрумликка) сотганларини билсалар эди» (Бақара: 102).
Сеҳрни таълим олишлик Аллоҳ азза ва жаллага куфр келтиришдир. У муртадлик турларидан биридир. Сеҳргар асли мусулмон бўлиб, сўнгра сеҳрга киришадиган бўлса Ислом динидан қайтган муртад бўлади. Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: ««Биз фақатгина фитнамиз (яъни, одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар» (Бақара: 102).
Сеҳрда шайтонлар хизматидан фойдаланиш, уларга боғланиб қолиш, уларга улар (шайтонлар) яхши кўрадиган нарсалар билан қурбат ҳосил қилиш, ғайб илмини даъво қилиш ва бу борада Аллоҳ таолога шерик эканлигини даъво қилиш бордир. Бу эса куфр ва залолатдир.
Дарҳақиқат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сеҳрни ширкка боғлаб туриб (яъни, иккисини бир сафда зикр қилиб), шундай дедилар: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлардан) четланинглар». «Эй Росулуллоҳ, улар қайсилар?», дейишди. Шунда: «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, рибо ейиш, етим молини ейиш, (душман билан) рўбарўма-рўбаро турган кунда орқага бурилиб кетиш ва (зинодан) ғофил бўлган мўмина, иффатли аёлларга туҳмат қилиш», дедилар» (Бухорий (2615), Муслим (89) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди).

Саккизинчиси: Мушрикларга мусулмонларнинг зарарига ёрдам бериб, ҳамкорлик қилиш

Ёрдам беришнинг маъноси: Мусулмонларнинг зиддига мушриклар билан ҳамкорлик қилиб, кўмак бериш. Мусулмонларни қириш ва азият етказишда ўз ёрдамини аямасликдир.
Шунингдек, ким кофирларни яхши кўрса, дарҳақиқат, куфр келтирган бўлади. Ва ушбу айнан дўст тутишнинг ўзгинасидир:
«Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир» (Моида: 51). Уларни дўст тутиши, уларга ёрдам қўлини чўзиш, ҳамкорлик қилиш ёки муҳаббат қилиш билан бўлади. Ушбу кимса куфр келтирган бўлади. Чунки у куфр ва кофирларга муҳаббат қўйди. Шунинг сабабидан кофир бўлади. Уларга муҳаббат қўйди, деганининг маъноси: у куфрни инкор қилмади. Ким куфрни инкор қилмаса, дарҳақиқат, у кофирдир.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир. Албатта Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмас» (Моида: 51).
Аллоҳ азза ва жалла айтадики: «Эй мўминлар, агар сизлар Китоб берилган кимсалардан бирон бир гуруҳга бўйинсунсангиз, улар сизларни мўмин бўлганингиздан кейин яна кофирликка қайтарадилар. Сизларга Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинаётган, Унинг пайғамбари орангизда бўлган бир пайтда қандай қилиб диндан қайтасизлар?! Ким Аллоҳга боғланса (яъни, Унинг динини маҳкам ушалса), бас, муҳаққақки, тўғри йўлга ҳидоят қилинибди» (Оли Имрон: 100-101).
Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, агар кофирларга итоат қилсангиз, улар сизларни кетингизга (куфрга) қайтарадилар. Бас, зиён кўргувчиларга айланиб қоласизлар. Йўқ, (улар сизларнинг дўстингиз эмас, балки Ёлғиз) Аллоҳ Хожангиздир. Ва У Зот энг яхши ёрдамчидир» (Оли Имрон: 149-150).
Аллоҳ жалла ва ала шундай деди: «Эй мўминлар, Менинг ҳам душманим, сизларнинг ҳам душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар! Сизлар уларга дўстлик (ҳақида хат-хабар) юборурсизлар, ҳолбуки, улар сизларга келган ҳақ (дин ва Қуръон)га кофир бўлгандирлар! Улар пайғамбарни ҳам, сизларни ҳам Аллоҳга – Роббингизга иймон келтирганларингиз сабабли (ўз диёрларингиздан) ҳайдан чиқармоқдалар-ку! Агар сизлар Менинг йўлимда жиҳод қилиш учун ва Менинг розилигимни истаб чиққан бўлсангизлар, (у ҳолда мушрик-кофир кимсаларни дўст тутманглар)! Сизлар уларга пинҳона дўстлик қилмоқдасизлар! Ҳолбуки, Мен сизлар яширган нарсани ҳам, ошкор қилган нарсани ҳам жуда яхши Билгувчидирман! Сизлардан ким шу (иш)ни қилса, бас, аниқки, у тўғри йўлдан озибди! (Эй мўминлар), агар улар (мушриклар) сизларга зафар топсалар, душманларингиз бўлурлар ва сизларга қўл ва тилларини ёмонлик билан чўзурлар (яъни, сизларни ўлдирурлар, ҳақоратлар қилурлар). Улар сизларнинг яна кофир бўлишларингизни истарлар» (Мумтаҳана: 1-2).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Эй мўминлар, Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавм билан дўст бўлманглар! Ҳудди барча кофирлар қабр эгалари(нинг яъни, ўликларнинг қайта тирилишлари)дан ноумид бўлганларидек, уларнинг ҳам охиратдан умидлари узилгандир» (Мумтаҳана: 13).
«Эй» Аллоҳга ва Унинг Росулига «Иймон келтирган зотлар», Аллоҳ уларни куфр келтирганлари сабабли ғазаб қилган кимсаларни дўст ва яқин севимли киши қилиб олманглар.
Қабрда ётган кофирлар ишнинг ҳақиқатига ўз кўзлари билан гувоҳ бўлиб, ўзлари учун охиратда бирор насиба-улуш йўқ эканига аниқ ишонч ҳосил қилишиб, охиратдаги Аллоҳнинг раҳматидан батамом ноумид бўлганларидек, ушбу (тирик) кофирларни ҳам охиратдаги Аллоҳнинг ажр-савобидан «умидлари узилгандир».



RE: Исломни бузувчи амаллар - Admin - 03-19-2012

Тўққизинчиси: Хизрни Мусо алайҳиссаломнинг шариатларидан чиққанлари мумкин бўлганидек, баъзи кишиларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларидан чиқиши мумкин, деб эътиқод қиладиган кимса

Кимки бирор кишини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларидан чиқиши жоиз деб билса, дарҳақиқат, куфр келтирибди. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун башариятга жўнатиб, оламларга у кишига итоат қилишни вожиб қилди.
Кимки элчининг (чақириғига) ижобат қилмай, у киши олиб келган динга эргашмаса, бас, у кофирдир. Яҳудий, насроний, мажусий ёки қандай миллатда бўлишининг фарқи йўқдир. Чунки у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб жўнатилишлари биланоқ, Аллоҳ таоло (инсониятга) у кишига итоат қилиб, эргашишни вожиб қилди. Кимки яҳудийлик ёки насронийлик динида бўлган бўлса, дарҳақиқат, унинг дини у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб жўнатилишлари билан бекор бўлди. Энди бирон кишига у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг итоатларидан чиқиши мумкин бўлмайди.
Муслим ўзларининг саҳиҳларида (153) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, ушбу умматдан бирор киши, хоҳ яҳудий ёки насроний бўлсин, мен ҳақимда эшитиб сўнгра мен билан жўнатилган (динга) иймон келтирмаса, албатта жаҳаннам эгаларидан бўлади».
Хизрнинг Мусо алайҳиссаломга итоат қилишдан чиқишига келсак, Мусо алайҳиссалом Хизрга пайғамбар бўлиб келмагандилар. Мусо алайҳиссаломнинг рисолатлари бани Исроилга хосдир: «Эсланг, Мусо ўз қавмига: «Эй қавмим, нега сизлар мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбари эканлигимни билган ҳолларингизда менга озор берурсизлар?!», деган эди» (Соф: 5). Демак Мусо алайҳиссалом бани Исроилга пайғамбар қилиб жўнатилган эдилар, бутун инсониятга эмас. Хизр ҳам Аллоҳ таолога ибодат қиладиганлардан эди. Уламолар у пайғамбарларданми ёки солиҳ кишиларданми, деган масалада ихтилофга боришган.
Хизр Мусо алайҳиссаломнинг умматларидан эмас эди, чунки Мусо алайҳиссалом бутун башариятга пайғамбар қилиб жўнатилмаган эдилар. Шу сабабдан Хизрни Мусо алайҳиссаломнинг шариатларидан чиқишга ҳаққи бор эди.
Пайғамбарларнинг сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга келсак, у киши жамийки инсониятга пайғамбар қилиб жўнатилганлар. Шу сабабли бирон кишини у кишининг шариатларидан чиқишга ҳаққи йўқдир. Бу ўринда сўфийларга раддия борки, уларнинг даъволарича, улар шундай бир ҳолатга етар эканларки, унда элчиларга эргашишга ҳожатлари тушмас экан. Ва улар (шариатни) элчилардан олмай, Аллоҳ таолонинг Ўзидан бевосита олаверишаркан.
Ва яна шундай дейдилар: «Элчилар авом (одамлар) учун. Хос (кишиларга) келсак, уларнинг элчиларга ҳеч қандай ҳожатлари йўқ». Шу сабабли намоз ўқимайдилар, рўза тутмайдилар ва биз хос кишилармиз, шариат эса авом учун, деган даъво билан шариатга бўйинсунмайдилар. Буларнинг бари пок калима бўлмиш «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни бузувчи амаллар бўлиб, Аллоҳ азза ва жалланинг динидан чиқишдир.
Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Эй инсонлар, албатта мен сизларнинг барчангизга (юборилган) Аллоҳнинг элчисиман» (Аъроф: 158).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат, Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат (яъни, Аллоҳнинг раҳмати-жаннатига етаклагувчи) қилиб юбордик» (Анбиё: 107).
Аллоҳ таоло шундай деди: «Барча оламлар учун (охират азобидан) қўрқитгувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Фурқон – Қуръон нозил қилган Зот – Аллоҳ Барокатли – Буюкдир» (Фурқон: 1).
Аллоҳ жалла ва ала деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга – (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар билмаслар» (Сабаъ: 28).
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Менга ўзимдан олдингилардан бирон кишига берилмаган беш (имтиёз) ато қилинди: Бир ойлик масофадаги (душманларим қалбига солинажак ғулғула-)қўрқув билан нусратландим, ер (юзи) мен учун масжид ва пок қилиб берилди, бас, умматимдан бирор кишига намоз (вақти) етадиган бўлса, намоз ўқийверсин. Ўлжалар (ғанимат) менга ҳалол қилиб берилди, мендан олдин бирон кишига ҳалол қилинмаганди. Менга шафоат ато этилди. Пайғамбар ўзининг қавмига хос жўнатиларди. Мен эса бутун инсониятга (пайғамбар этиб) жўнатилдим» (Бухорий (335), Муслим (521)).
Муслимнинг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган лафзларида, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «(Барча) пайғамбарлардан олти (хислат) ила афзал қилиндим: Менга (оз лафзлар билан кўп маъноларни ифодалай оладиган) жавомиул калим берилди. (Душманларим қалбига солинажак) ғулғула-қўрқув билан нусратландим. Менга ўлжалар ҳалол қилиб берилди. Ер (юзи) мен учун пок ва масжид қилиб берилди. Барча халқларга (пайғамбар этиб) жўнатилдим. Мен билан пайғамбарлик якун топади» (Муслим (523)).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Албатта Аллоҳ наздидаги (мақбул бўладиган) дин Ислом динидир» (Оли Имрон: 19).
Аллоҳ таоло деди: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир» (Оли Имрон: 85).
Аллоҳ азза ва жалла айтдики: «Бугун Мен сизлар учун динингизни комил қилдим, (сизларни динсизлик зулматларидан иймон нурига чиқариш билан) Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим (яъни, Исломдан бошқа динлар Аллоҳ ҳузурида мақбул эмас)» (Моида: 3).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Аллоҳнинг динидан ўзга дин истайдиларми?! Ахир осмонлару ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйинсуниб турибди-ку! Ўшалар (яъни, Аллоҳнинг динига итоат қилишни хоҳламаётганлар) ҳам фақат Унинг Ўзига қайтариладилар-ку!» (Оли Имрон: 83).
Шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ ҳасан деб билган ҳадисда келишича: «Аллоҳга қасамки, агар Мусо тирик бўлганида, менга эргашишликдан ўзга ҳаққи бўлмасди» (Аҳмад (14220), Албоний «Мухтасар ал-Улув» (60) ва «Ирва» (1589)да ҳасан даражасида деб билдилар).

Ўнинчиси: Аллоҳнинг динидан юз ўгириш

Яъни: динни таълим олмай, унга амал қилмай юз ўгириш.
Исломни бузувчи амаллардан бири бўлган ушбу юз ўгириш – диннинг тафсилий масалаларидан жоҳил қолганлиги эмас, балки киши мусулмон бўлишига сабаб бўладиган диннинг аслини ўрганишдан батамом юз ўгиришидир. Чунки динни атрофлича ўрганишга уламо ва толиби илмлар киришишади. Киши мусулмон бўлишига сабаб бўладиган диннинг аслини ўрганишдан юз ўгиришга келсак, бу иш «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни бузувчи амаллардандир.
Аллоҳ таоло шундай деди: «Кофир бўлган кимсалар эса ўзлари огоҳлантирилган нарсадан (яъни, охиратдаги азобдан) юз ўгирувчидирлар (уни инкор қилгувчидирлар)» (Аҳқоф: 3).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтдики: «(Яратган) Роббисининг оятлари билан панд-насиҳат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта Биз ундай жиноятчи кимсалардан интиқом олгувчидирмиз» (Сажда: 22).
Аллоҳ таоло шундай деди: «Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз» (Тоҳа: 124).
Аллоҳ азза ва жалла деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизга ўтиб кетган (авлодларнинг) хабарларини мана шундай сўйлаб берурмиз. Дарҳақиқат, Биз сизга Ўз даргоҳимиздан эслатмани – Қуръонни ато этдик. Ким ундан юз ўгирса, бас, албатта у қиёмат кунида (гуноҳнинг энг оғир) юкини кўтариб турар. Улар у (юк) остида абадий қолурлар. У (юк) қиёмат кунида улар учун жуда оғир юк бўлур» (Тоҳа: 99-101).
Аллоҳ таолонинг динидан юз ўгириш – унга аҳамият қаратмай, ўқиб-ўрганмай, амал қилмай, киши мусулмон бўлишига олиб борадиган диннинг аслини таълим олишдан ва табиийки (ўқиб-ўрганмагандан кейин) амал қилишдан ҳам юз ўгириш билан бўлади. Кимки Аллоҳ таолонинг динидан, уни ўқиб-ўрганмай, унга амал қилмай ва қайрилиб ҳам қарамай юз ўгирадиган бўлса, бас, у Ислом динидан қайтган муртаддир.
Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «(Яратган) Роббисининг оятлари билан панд-насиҳат қилинганидан сўнг, улардан юз ўгирган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта Биз ундай жиноятчи кимсалардан интиқом олгувчидирмиз» (Сажда: 22).
Ушбу кимса унга эслатилгандан кейин ҳам ундан (диндан) юз ўгирди. Дангасалик билан юз ўгирган кимсага келсак, у кофир бўлмайди. Бироқ қилган дангасалиги учун маломат қилинади. Илм олишга рағбат қилмаслик ёки илмни ёмон кўришга далолат қиладиган юз ўгириш, ушбу иш Аллоҳ таолога куфр келтиришдир, Аллоҳ сақласин.
Ушбу ўнта (санаб ўтилган амаллар) «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни бузувчи амаллардир. Аввалроқ «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг маъноси ва унинг шартларини сиз ўқувчига ҳавола қилдик.
Ушбу «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни бузувчи амаллар кишини Ислом миллатидан чиқариб, дўзахга олиб боради. Нақадар ёмон жойдир у.
Имом Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб роҳимаҳуллоҳ «Исломни бузувчи амаллар» рисоласининг 35-саҳифасида, (шайх Фавзон ҳафизаҳуллоҳ шарҳлари асосида) шундай дедилар: «Ушбу (Исломни) бузувчи амалларнинг барчасида ҳазил-мазах, жиддийлик ёки қўрқув билан қўл уриб қўйган кимса ўртасида фарқ йўқдир. Мажбуран (қўл урган кимса) бундан мустаснодир. Ушбу ишларнинг бари ўта хатарли ва воқеликда кўпинча рўй берадиганларидир.
Шу сабабли мусулмон кишига булардан ҳазир бўлиши ва (авваламбор) ўзи ҳақида қайғуриши лозим бўлади. Аллоҳ таолодан ғазабига ва аламлантирувчи азобига гирифтор қиладиган (ишлардан) паноҳ сўраймиз»
.
Демак, ушбу (Исломни) бузувчи ўнта амал борасида айтаётган гапи ва қилаётган ишини ўзининг қасди билан амалга оширадиган жиддий кимса ва буларни қасдсиз қилиб қўядиган ҳазил-мазаҳ қилувчи кимса ўртасида фарқ йўқдир. Чунки бу кимса (ушбу ишларни) кулги ва ўйинқароқлик бобидан қилади.
Юқоридаги сатрларда, киши фақат қалбидаги эътиқоди сабаблигина кофир бўлиши мумкин, деб айтадиган муржиаларга раддия бордир. Демак ушбу ишларда жиддий, ҳазилкаш ва ўзининг обрўси ва мол-давлатига қўрқиб (қўл уриб қўядиганлар) ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқдир. Фақатгина мажбурланган киши бундан мустасно. Киши куфр калимасини айтишга мажбурланса ва ушбу зулмдан фақат уни айтиш билангина қутулиш имкони бўлса, дарҳақиқат, Аллоҳ таоло унга ушбу ишни қилишга рухсат берди: «Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса, (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас)» (Наҳл: 106). Демак ушбу ишга «Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда» деган шарт билан қўл уради. Ва ушбу ишни қилишдан бўлган мақсади, мажбурланишни даф қилиш бўлади. Ҳамда тили билан талаффуз қилаётганига қалби билан асло эътиқод қилмайди.
Аллома Ибн Боз роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Ушбу (Исломни) бузувчи амалларнинг барчасида ҳазил-мазаҳ, жиддий ҳамда ўзининг обрўси ва моли ҳақида қўрққан киши ўртасида фарқ йўқдир. Мажбурланган киши бундан мустасно. Ушбу ишларнинг бари ниҳоятда хатарли ва кўп ҳолатларда содир бўлади. Шу сабабли мусулмон кишига булардан ҳазир бўлиши ва ўзи ҳақида бу амаллардан қўрқиши лозим бўлади» («Мажмуъ фатава» (1/132) Аллома Абдулазиз ибн Боз роҳимаҳуллоҳ).
Бунга далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?» Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 65-66).
Ушбу (Исломни) бузувчи амалларнинг барчасида ҳазил-мазаҳ, жиддий ҳамда ўзининг обрўси ва моли… ҳақида қўрққан киши ўртасида фарқ йўқдир. Мажбурланган киши бундан мустасно.
Мажбурланган киши ушбу (иш остига кирмаслигига) далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса, (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни, диндан чиқиб кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улар учун азоб бордир» (Наҳл: 106).
Мусулмон кишига булардан ҳазир бўлиши ва қўрқиши вожиб бўлади. Чунки ушбу ишлар жуда кўп ҳолларда содир бўлади.
Ушбу (Исломни) бузувчи ўнта амалдан бошқа «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни ботил қилиб, кишини миллатдан чиқарадиган яна бошқа амаллар ҳам бор. (Илмда) изланиш олиб борадиган кишига улар (Исломни) бузувчи ўнта амалдан эканлиги бирор бир сабабга кўра махфий қолмайди, иншааллоҳ. Аллоҳ таолодан оғишиш ва залолатдан паноҳ сўраймиз.