Ислом динини қабул қилиш - Printable Version +- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum) +-- Forum: Ақида (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=44) +--- Forum: Турли ақидавий мавзулар (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=2) +--- Thread: Ислом динини қабул қилиш (/showthread.php?tid=227) |
Исломни қабул қилган одам иймон келтиради - Admin - 11-09-2009 Исломни қабул қилган одам иймон келтиради
Савол: Кофир Ислом динини қабул қилса, аввало, шаҳодат калималарини талаффуз қиладими ёки таҳорат қиладими? Жавоб: Аввало шаҳодат калималарини талаффуз қилади, сўнгра, намоз учун покланади. Унинг ғусл қилиши машруъдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломни қабул қилган пайтларида саҳобаларга ғусл қилишларини буюрган эдилар. Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин. Исломни қабул қилган одам иймон келтиради
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 7559 – 1. Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий Аъзо: Абдуллоҳ ибн Қаъуд Ислом динини қабул қилиш - Admin - 07-15-2010 Француз Ислом динига кирмоқчи ...
Савол: Исломга кирганини эълон қилмоқчи бўлган француз миллатига мансуб одамни мусулмон аёл масжидга олиб келди ва у билан турмуш қурмоқчи. У аёлнинг ўзи ҳам намоз ўқимайди ва Исломий ҳижобда ҳам эмас. У аёл оиласи ва қариндошларидан жуда ҳам олисда. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бу французнинг ўзи ҳам Ислом динини қабул қилиш истагидадир. Биз уларни нима қилайлик? Агар улар бир ёки икки йил илгари турмуш қуришган ва улардан фарзандлар туғилган бўлса нима қилишимиз керак? Ҳолбуки, у пайтда эркак ҳануз Исломни қабул қилмаган, эндигина Исломни қабул қилиш учун келган бўлса-чи? Унинг Исломга киришини қабул қилиш керакми? Агар Исломни қабул қилса, (никоҳ қилиш учун) хотин кишининг бир ёки икки марта ҳайз қони кўришини кутиш зарурми? Агар аёлнинг валийси ёки қариндошлари Францияда ёки Франциянинг яқинида бўлмаса, уни қандай никоҳ қилиш лозим? Ўрталарида туғилган фарзандларнинг ҳукми нима бўлади? Ахир улар зинодан дунёга келишган-ку?! Жавоб: Аввало, унинг Ислом динини қабул қилгани сабабли севинганингизни, Исломга киришнинг катта неъмат ва вазифа эканини билдиринг ва бу билан табрикланг. Иккинчидан, унга Исломнинг арконлари, иймоннинг асослари, икки шаҳодат калимаси ҳамда тақдирга иймон келтиришнинг маъноларини тушунтирилади. Насороларнинг Ийсо алайҳиссалом ҳақида айтган гапларининг нотўғри экани баён қилинади. Шу билан бирга, Ийсо алайҳиссаломнинг Аллоҳнинг ўғли эмас, бошқа пайғамбарлар каби, Аллоҳнинг бандаси ва расули экани, Аллоҳ насороларнинг бу гапидан жуда ҳам олий экани, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг охиргиси экани, Унинг пайғамбарлиги инсу жин, арабу ажамларга умумий экани тушунтирилади. Аёл кишига ҳам буларни яхшилаб тушунтирилади ва ундан янгитдан Ислом динига кириши талаб қилинади. Чунки, намоз ўқимаслик – куфрдир. Учинчидан: агар хотин кишининг яқин ёки узоқда яшайдиган валийси бўлмаса, ўша ерда фаолият кўрсатаётган Ислом Марказининг раиси никоҳ қилиш масъулиятини олади. Чунки у, ўшандай аёлларга нисбатан валий ўрнига ўтаверади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Султон – валийси бўлмаганнинг валийсидир» –деганлар (Имом Аҳмад 1/250, 6/47, 66, 166, 260; Абу Довуд 2083; Термизий 1102; Ибн Можа 1879; Доримий 2190). Ислом Марказининг раиси, қозилар бўлмагани учун, ўша ернинг «султони» ҳисобланади. Тўртинчидан: Агар никоҳ номи билан турмуш қурган бўлсалар, хотин кишининг покланишининг зарурати йўқ. Фосид никоҳ билан жинсий алоқа қилинганидек, фарзандлари уларники ҳисобланаверади. Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин. Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 5377-1.
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Ғудайён Француз Ислом динига кирмоқчи ... Исломни янги қабул қилган одам фарзларни қачон қилишга бошлайди? - Admin - 04-19-2011 Исломни янги қабул қилган одам фарзларни қачон қилишга бошлайди?
Савол: Исломни янги қабул қилган одамнинг Исломга қаноат ҳосил қилиши билан, уни мусулмонларга эълон қилиши ўртасида, қилиши керак бўлган фарз ва вожиб амаллар борми? Жавоб: Агар шахс Исломни қабул қилган бўлса, Исломга қаноат ҳосил қилган кундан ўз имкониятига қараб, аста-аста таълим олишга киришиши ва олган билимига амал қилиши керак. Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин. Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 5377-3.
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Ғудайён Исломни янги қабул қилган одам фарзларни қачон қилишга бошлайди? Ислом динига кириш учун нима қилиш керак? - Admin - 06-30-2011 Ислом динига кириш учун нима қилиш керак?
Савол: Бир христиан эркак хотини билан бирга Ислом динини қабул қилмоқчи бўлганида, фатво сўрашдан илгари, уларни ювиниш ва ўз ихтиёрлари ва розиликлари билан шаҳодат калималарини талаффуз қилиш ҳамда хатна қилинишга буюриб юбордим. Энди бўлса шундай қилганим тўғри бўлганми ёки нотўғрими, шу ҳақда сўрамоқчиман. Сизлардан бу ҳақдаги салаф солиҳ қавлларини ҳамда кофирнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида Ислом динини қабул қилиш шакли қандай бўлганини ёзма ҳолатда жўнатишингизни сўраб қоламан. Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кофирларни Ислом динини қабул қилишга чорлар эканлар, уларни «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур Расулулоҳ» (Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг элчисидир) деб шаҳодат келтиришга буюрар эдилар. Агар улар бунга итоат этишса, аҳамияти ва вазият тақозосига қараб Исломнинг бошқа қонунларига буюрар эдилар. Бу ҳақда Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг «Саҳиҳ»ларида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ушбу ривоят бор: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз (разияллоҳу анҳу)ни Яманга жўнатар эканлар: «Сиз китоб аҳлидан бўлган халқлар олдига кетаяпсиз. Уларни чорлаганингиз биринчи нарса «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқлиги) бўлсин»» (Имом Бухорий 1389; Имом Муслим 19; Термизий 625; Насоий 2435; Ибн Можа 1783; Имом Аҳмад 1/233; Доримий 1614). Бошқа бир ривоятда эса шундай дейилган: «(Уларни) Аллоҳни яктолашга чақиринг. Агар сизга бунда итоат қилишса уларга Аллоҳ бир кеча ва кундузда беш вақт намозни фарз қилганини билдиринг. Агар сизга бунда ҳам итоат қилишса Аллоҳ уларга боёнларидан олиниб, камбағалларига бериладиган садақани фарз қилганини билдиринг. Агар бунда (ҳам) улар сизга итоат этишса, уларнинг қимматбаҳо молларини (садақа ўлароқ) олишдан йироқ туринг ва мазлумнинг дуосидан қўрқинг! Чунки, у (дуо) билан Аллоҳнинг ўртасида парда йўқдир!» (Имом Бухорий 1331; Имом Муслим 19; Термизий 625; Насоий 2435; Абу Довуд 1584; Ибн Можа 1783; Имом Аҳмад 1/233; Доримий 1614). Бу ҳақда ривоят қилинган ҳадислардан бири Саҳл ибн Саъд Соъидий разияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ушбу ҳадисдир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий разияллоҳу анҳуга Хайбар куни байроқни тутқазар эканлар: «Душманга ўз ерларида дуч келмагунча йўлингизда давом этинг. Кейин уларни Исломга чақиринг ва уларга фарз бўлган Аллоҳ таолонинг ҳақларидан хабар беринг. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таолонинг сиз туфайли бир одамни ҳидоят қилиши, сиз учун қизил юнгли туяларингиз бўлишидан кўра яхшироқдир!» – дедилар» (Имом Бухорий 3973; Имом Муслим 2406; Имом Аҳмад 5/333). Бошқа ривоятда эса: «Уларни: «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур Расулуллоҳ (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир)» – деб гувоҳлик беришга чақиринг!» – дейилган (Имом Бухорий 1425; Имом Муслим 19; Термизий 625; Насоий 2435; Абу Довуд 1584; Ибн Можа 1783; Имом Аҳмад 1/233; Доримий 1614). Салаф солиҳ кофир одамнинг Ислом динини қабул қилар экан ғусл қилиши зарурлиги ҳақида фарқли фикрлар билдирдилар. Имом Молик, Имом Аҳмад ва Абу Савр (раҳимаҳумуллоҳ)лар Абу Довуд ва Насоий (раҳимаҳумаллоҳ)ларнинг Қайс ибн Осим разияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Ислом динини қабул қилиш учун борганимда, мени сув ва сидр ўти билан ғусл қилиш – ювинишга буюрдилар» ҳадисини ҳужжат қилиб, (кофирнинг Ислом динини қабул қилар экан) ғусл қилиши фарз эканини таъкидладилар (Термизий 605; Абу Довуд 355; Аҳмад ибн Ҳанбал 5/61). Чунки буйруқ, фарзни ифодалайди. Имом Шофиъий ва айрим ҳанбалий мазҳабига мансуб уламолар кофирнинг Ислом динини қабул қилар экан ғусл қилиши мустаҳаб эканини, бироқ, Исломни қабул қилишдан илгари жунуб бўлган бўлсагина ғусл қилиши фарз эканини айтганлар. (Имом Аъзам) Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) эса, ҳар қандай ҳолатда ҳам Ислом динини қабул қилган кофирнинг ғусл қилиши зарурий эмаслигини айтганлар. Машруъ бўлган иш эса, юқоридаги ҳадис ва ўша ҳадис маъносидаги бошқа ҳадисларга кўра, кофирнинг Ислом дини қабул қилгач ғусл қилишидир. Хатна қилишга келсак, хатна эркакларга нисбатан вожиб бўлса, хотинларга нисбатан ҳурмат, холос. Агар Исломга чорланган одамнинг хатна қилинишини кечиктирилса, зарари йўқдир. Чунки хатна қилишга зудлик билан чорлаш, уни динимиздан нафратланишига сабабчи бўлиши мумкин. Шунга кўра, сизнинг христиан эркак ва рафиқасини Ислом динини қабул қилишлари асносида буюрган нарсаларингиз тўғридир. Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин. Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси, Фатво № 1557-1.
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз Раис ноиби: Абдурраззоқ Афифий Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Қаъуд ва Абдуллоҳ ибн Ғудайён Ислом динига кириш учун нима қилиш керак? |