Музаммил сураси, 15-16 оятлар тафсири - Printable Version +- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum) +-- Forum: Китоб ва Суннат (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=1) +--- Forum: Қуръон (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=4) +---- Forum: Тафсир (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=62) +---- Thread: Музаммил сураси, 15-16 оятлар тафсири (/showthread.php?tid=2347) |
Музаммил сураси, 15-16 оятлар тафсири - Admin - 10-04-2009 Музаммил сураси, 15-16 оятлар тафсири
Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «(Эй Макка аҳли), дарҳақиқат, Биз худди Фиръавнга (Мусо) пайғамбарни юборганимиз каби сизларга ҳам (агар бу ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтсангизлар қиёмат кунида) сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи бўлган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни) юбордик. (Ўшанда) Фиръавн (Мусо) пайғамбарга итоатсизлик қилгач, Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни, денгизга ғарқ қилиб юбордик)» (Музаммил: 15-16).
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Далил», деган сўзларидан мурод, элчиларни жўнатишга далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир, деган маънода: «(Эй Макка аҳли), дарҳақиқат, Биз худди Фиръавнга (Мусо) пайғамбарни юборганимиз каби сизларга ҳам (агар бу ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтсангизлар қиёмат кунида) сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи бўлган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни) юбордик. (Ўшанда) Фиръавн (Мусо) пайғамбарга итоатсизлик қилгач, Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни, денгизга ғарқ қилиб юбордик)». Аллоҳ таолонинг: «Биз» деган қовлидаги кўплик олмошидан мурод Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Ушбу олмош ўзини катта-улуғ санаганда истеъмол қилинади. Аллоҳ таоло Азийм-Улуғ Зотдир. «Юбордик», яъни, худди юқоридагидек улуғлик олмоши. «Юбордик», яъни, жўнатдик, ваҳий қилдик. «Сизларга», яъни, эй жин ва инс тоифаси. Хитоб бутун инсониятга тааллуқлидир. Чунки ушбу Расул қиёматгача бўлган жамийки инсониятга юборилгандир. «Бир пайғамбарни», яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни. «Сизларнинг зиёнингизга гувоҳлик бергувчи», яъни, қиёмат куни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурида сизларга рисолатни етказиб, ҳужжатни қоим қилгани(га гувоҳлик беради). Аллоҳ таоло шундай деди: «Токи бу пайғамбарлар (ўтганларидан) кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик» (Нисо: 165). Қиёмат куни бирор киши: мен ибодат қилиш учун яратилганимни, менга нима вожибу нима ҳаром эканини билмагандим, деб айтолмайди. Чунки элчилар алайҳимуссалоту ва саллам (рисолатни) етказиб кетишган. Ушбу Муҳаммадий уммат ҳам уларнинг устида гувоҳлик беради. Аллоҳ таоло шундай деди: «Шунингдек, (яъни, тўғри йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик» (Бақара: 143). Ушбу уммат Аллоҳ азза ва жалланинг Китобида ўқиб-билганига биноан қиёмат куни ўтган умматлар устида, уларга жўнатилган элчилар Аллоҳнинг рисолатини етказишганига гувоҳлик беради. Чунки Аллоҳ таоло бизга олдинги умматлар ва уларга пайғамбарлари нималар дегани ҳақида қисса қилиб берди. Ушбу хабарларнинг барини на олдидан ва на ортидан ботил-путур етмайдиган, Ҳикматли ва Ҳамид-Мақталган Зот томонидан нозил қилинган Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидан ўқиб билдик. «Ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун», яъни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматлари устида, Аллоҳнинг ҳузурида, уларга ҳужжатни қоим қилиб, рисолатни етказиб, Аллоҳ йўлида насиҳат қилган эканларига гувоҳлик берадилар. Қиёмат куни бирор кишига: менга ҳеч нарса етиб келмади, огоҳлантирувчи келмади, деб айтишига ҳужжат йўқ. Ҳатто кофирлар ҳам жаҳаннамга улоқтирилишганда шуни эътироф этадилар. Аллоҳ таоло шундай деди: «Ҳар қачон (жаҳаннамга) бир тўда (кофир) ташланганида, унинг қўриқчилари улардан (кофирлардан): «Сизларга (ҳаёти дунёда) бирон огоҳлантиргувчи-пайғамбар келмаганмиди?», деб сўраганида Улар дерлар: «Ҳа, дарҳақиқат, бизларга огоҳлантиргувчи келган эди, (лекин бизлар уни) ёлғончи қилганмиз ва: «Аллоҳ (ҳеч кимга) ҳеч нарса нозил қилган эмас, сизлар фақат катта залолат-гумроҳликдадирсизлар», деганмиз»» (Мулк: 8-9). Демак, пайғамбарларга қарата: сизлар залолатда, деб, уларни ёлғончига чиқаришган. Пайғамбарларни жўнатишликдан бўлган ҳикмат, бандаларга ҳужжатни қоим қилиб, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоятга бошлашидир. Демак, Аллоҳ таоло элчилар сабаб Ўзи хоҳлаган кишини тўғри йўлга бошлайди ва қайсарлик, инкор, ҳамда кибр қилганларга қарши ҳужжатни қоим қилади. «Биз худди Фиръавнга (Мусо) пайғамбарни юборганимиз каби»: Фиръавн Мисрдаги золим подшоҳ бўлиб, ўзини Роб дея даъво қилганди. Фиръавн, Мисрдаги подшоҳларнинг лақаби бўлиб, бу ўринда назарда тутилган Фиръавн: ««Мен сизларнинг энг юксак Роббингизман», деди» (Нозиат: 24), дея рубубиятни даъво қилган подшоҳдир. «(Ўшанда) Фиръавн (Мусо) пайғамбарга итоатсизлик қилгач», Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида Мусо алайҳиссалом ва Фиръавн ўрталарида юз берган воқеларни бошидан охиригача қисса қилиб берганидек Фиръавн у кишига (иймон келтирмай) кофир бўлди. «Биз уни қаттиқ ушлаш билан ушладик (яъни, денгизга ғарқ қилиб юбордик)», яъни, Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавмини денгизга ғарқ қилиб сўнгра жаҳаннамга киргазди: «Улар ўз хато-гуноҳлари сабабли ғарқ қилиниб, дўзахга киритилдилар» (Нуҳ: 25). Барзах ҳаёти улар учун жаҳаннамга айланди. Демак, бу охиратдан олдинги қабрдаги ҳолатдир. Қиёмат қоим бўлгунга қадар эрта-ю кеч оловга тутиладилар. Бу эса қабр азоби (ҳақ) эканига далилдир, Аллоҳ сақласин: «(Қиёмат) соати қойим бўладиган кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур)» (Ғофир: 46). Азоб (улар учун) уч босқичдан иборат (бўлди): Биринчи: Аллоҳ таоло бир лаҳзада уларни денгизга ғарқ қилиб, охиригача (бу дунёдан) ўчириб-супуриб ташлади. Иккинчи: Улар Қиёмат қойим бўлгунга қадар барзахда азобланадилар. Учинчи: Улар қиёматда қайта тирилтирилишгач энг қаттиқ азобга киритиладилар, Аллоҳ сақласин. Шунингдек, кимда-ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга осийлик қилса, унинг оқибати Фиръавннинг оқибатидан-да аянчли бўлади. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг афзали эканлар, энди ким у кишига итоатсизлик қилса тортадиган азоби ҳам аянчли бўлади. «Қаттиқ ушлаш билан ушладик», яъни, шафқат қилинмай. «Роббингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганда, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир» (Ҳуд: 102). Ушбу оят Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бизга пайғамбар қилиб юбориши билан марҳамат қилганига далилдир. У кишини пайғамбар қилиб юборилишларидан мақсад, бизга ибодат (қилиш) йўлини ёритиб беришки, ким у кишига итоат қилса жаннатга, осийлик қилган эса жаҳаннамга киради. Худди Фиръавн оиласи ўзларига юборилган пайғамбар Мусо алайҳиссаломга итоатсизлик қилишганда жаҳаннамга кирганларидек. Пайғамбарларнинг душманлари доим ушбу йўл ва тариқатни босиб ўтишган. |