Замонни сўкишлик ҳаром - Printable Version +- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum) +-- Forum: Ақида (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=44) +--- Forum: Турли ақидавий мавзулар (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=2) +--- Thread: Замонни сўкишлик ҳаром (/showthread.php?tid=2706) |
Замонни сўкишлик ҳаром - Инсон - 06-19-2014 45-боб: Замонни сўккан кимса, дарҳақиқат, Аллоҳга озор берганлиги ҳақидаги боб Аллоҳ таолонинг ушбу қавли: “Улар (яъни қиёматни инкор қилгувчилар: «Ҳаёт) фақат дунёдаги ҳаётимиздир. (Баъзиларимиз) ўлиб, (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз ва бизларни (Аллоҳ ўлдирмайди, балки) фақат замон (ўтиши)гина ўлдиради», дедилар...”. (Жосия: 24). Шайх раҳимаҳуллоҳ: “Замонни сўккан кимса, … ҳақидаги боб”, дедилар. Сўкишнинг маъноси: қоралаш ва бадном қилиш. Замондан мурод вақт. “Аллоҳга озор берганлиги”. Яъни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло буни ёмон ва кариҳ кўради. Чунки у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони бадном қилишликдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло, Унинг ҳаққига ёмонлик қилиш мавжуд бўлган бандаларининг айрим иш ва сўзларидан озорланади. Бироқ У бундан зиён кўрмайди. Чунки бирор нарса Аллоҳга зарар бермайди. Аллоҳ таоло деди: “Албатта Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига озор берадиган кимсаларни Аллоҳ дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатлагандир ва улар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйгандир”. (Аҳзоб: 57). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло деди: “Албатта куфрни иймонга алмаштирадиган кимсалар Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Улар учун аламли азоб бордир”. (Оли Имрон: 177). Ҳадисда (айтилишича): “Эй бандаларим! Менга зарар беришга ҳаргиз етишолмайсизлар”. (Муслим (2577), Термизий (2495), Ибн Можжа (4257), Аҳмад (5/154) ва Доримий (2788)). Демак, зарар билан озор бериш ўртасида фарқ бор. У Зотнинг замон қораланишидан озорланишининг тарзи шундайки, қоралов У Зотга йўналтирилган бўлади. Чунки У, яхшилик ва ёмонлик ҳамда ёмон кўриладиган ва яхши кўриладиган нарсалар Унинг қазо-и қадарида юз берадиган Бошқарувчидир. Замонга келсак, у воқеа-ҳодисаларнинг вақти холос. Замоннинг ўзи, унда юз бераётган ҳодисаларни бошқариб, пайдо қилмайди. Балки замон, Аллоҳ таоло айтганидек амалларнинг вақти холос: “У эслатма-ибрат олмоқчи бўлган, ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган зотдир”. (Фурқон: 62). Балки Аллоҳ Рамазон ойи, Зулҳижжанинг ўн куни, Арафа куни, ҳар ҳафтанинг душанба ва пайшанба куни, ҳафта кунларининг саййиди ва йиғилиш куни бўлмиш жума куни, жума куниниг охирги соати ҳамда саҳар вақти каби амаллар бир неча бор кўпайтирилиши учун айрим замонларга хос хусусият ва фазилат жо қилган. Ушбу фазилатли вақтларда амаллар бир неча бор кўпайтирилади. Унда дуолар бошқа вақтларга нисбатан кўпроқ ижобат қилинади. Замон ҳақиқатда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан уни ўзига фойдали нарсаларда муҳофаза қилган киши учун неъматдир. Уни зое қилган кимсага келсак, қиёмат куни унга ҳасрат бўлади. Демак, замон амалларнинг вақти. Унда яхшилик ва ёмонлик, тоат ва маъсият, куфр ва иймон юз беради. Мадҳ ва мазамматнинг замонга алоқаси йўқ. Чунки у яхши ва ёмон амалларнинг шунчаки вақти холос. Кимки мазамматни замонга боғласа, батаҳқиқ, у Холиқ субҳанаҳу ва таолони қоралабди. Чунки замон махлуқ бўлиб, бирор нарса яратмайди ва пайдо қилмайди. Балки яратадиган, У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Сўнг шайх раҳимаҳуллоҳ оят келтирдилар. У Аллоҳ таолонинг мушриклар ҳақидаги ушбу қавлидир: “Улар (яъни қиёматни инкор қилгувчилар: «Ҳаёт) фақат дунёдаги ҳаётимиздир. (Баъзиларимиз) ўлиб, (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз ва бизларни (Аллоҳ ўлдирмайди, балки) фақат замон (ўтиши)гина ўлдиради», дедилар. Улар фақат (шундай) гумон қилурлар, холос”. (Жосия: 24). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга пайғамбар қилиб юборилган мушриклар ҳақида, улар қайта тирилишни инкор қилишлари, уни узоқ санашлари, қайта тирилиш юз бериши мумкин эмас, чунки жисмлар парчаланиб, зое бўлиб, йўқолиб кетган. Аллақачон зое бўлган, майда-майда бўлиб кетган ва йўқолган нарсани қайтариш қаердан ҳам бўлсин деб даъво қилишларини зикр қилди: “У Бизга «Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?» деб, мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди. (Эй Муҳаммад), айтинг: «У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сув)дан пайдо қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтирур. У (Ўзи яратган) барча халқни билгувчидир»”. (Ясин: 78-79). “Улар: «Суяк ва (чирик) мурдаларга айланиб кетгач, яна янгитдан яралиб тирилурмизми?!» дедилар. Айтинг: «Сизлар хоҳ тош ё темир бўлинглар ёки кўнгилларингизда (ҳаётлигини тасаввур қилиши) жуда қийин бўлган бошқа бирон махлуқ бўлинглар, (ҳарҳолда Аллоҳ сизларни тирилтирур)». Ҳали улар: «Бизларни ким қайта тирилтира олур?»— дейдилар. «Сизларни илк бор яратган зот», деб айтинг! Ҳали улар: «У (кун) қачон бўлур?» деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг!”. (Исро: 49-51). “Чириган суякларга айланиб қолган вақтимизда-я?» Улар (истеҳзо билан): «Ундоқ бўлса бу (бизлар учун) зиён қилгувчи қайтиш-ку!» дедилар”. (Назиъат: 11-12). “Ва: «Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айлангач, ростдан хам қайта тирилгувчимизми, аввалги ота-боболаримиз ҳам-а?!» деб (масхара қилар) эдилар”. (Воқеа: 47-48). “Бизлар ўлиб, тупроқ бўлиб қолган вақтимизда (яна ҳаётга қайтариламизми)?! Бу жуда узоқ (ақл бовар қилмайдиган) қайтишдир!» Аниқки, Биз ер улар(нинг жасадлари)ни камайтираётганини (яъни жасадлари чириб тупроққа айланиб кетаётганини) билдик. Ва Бизнинг ҳузуримизда (барча нарсани ўз саҳифаларида) сақлагувчи Китоб (Лавҳул — Маҳфуз) бордир, (демак уларни қайта тирилтириб, ҳисоб-китоб қилиш Биз учун қийин иш эмасдир)”. (Қоф: 3-4). Субҳаналлоҳ, ақллар қаерга (қараб кетмоқда)?! Уларни бирор нарса бўлмаган, аввалги бор йўқдан бор қилган Зот иккинчи бор уларни қайтаришга қодир эмасми? Балки ақл жиҳатидан оладиган бўлсак ҳам, батаҳқиқ, қайтариш бошлашдан осонроқ: “У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. (Қайта яратиш — тирилтириш) У зотга жуда осондир. Осмонлар ва ердаги энг юксак хислат (яъни Яккаю-Ягоналик) Уникидир. У қудрат ва ҳикмат эгасидир”. (Рум: 27). Ҳолбуки Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бирор нарса қийинлик қилмайди. На қайтариш ва на бошлаш. Барча нарса Унга осон ва енгил. Бироқ бу, ақл билан тасаввур қилиш жиҳатидан эди. Сўнг яна қайта тирилиш ва жамланиш бўлмаса, албатта, махлуқотларни яратиш бирор натижаси йўқ беҳудалик бўлиши таъйиндир. Ушбу амаллар: иймон, тоат, тўғри-(устивор) бўлиш ва ибодатлар бирор натижасиз бўлса. Агар бу ўринда қайта тирилиш бўлмаса улар бирор натижага эга бўлмайди. Куфр, маъсият, худосизлик, фисқ, зулм ва тажовуз бирор натижасиз қолса. Чунки биз кўряпмизки одамлар вафот этяпти. Тоат-ибодат қилувчи, маъсият қилувчи, мўмин ва кофир. Кофир ўз куфрида ўляпти. Итоат қилувчи тоат-ибодатда ўляпти. Гоҳида тоат-ибодат қилувчи бу дунёда фақирлик, муҳтожлик, касал ва оғриқлар ичида бўлади. Гоҳида кофир куфр келтиришига қарамай неъмат, дабдаба ва ҳашаматли ҳаёт ичида бўлади. Ахир натижа қаерда қолди? Натижалар ошкор бўладиган, тоат-ибодат ҳамда маъсиятнинг натижаси намоён бўладиган бошқа бир диёр бўлиши чорасиздир. Акс ҳолда махлуқотларни яратиш беҳудалик бўлиши лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: “Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда (яъни дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?!» (Ундоқ эмас)!”. (Мўъминун: 115). Аллоҳ таоло деди: “Балки ёмонлик-гуноҳлар касб этган кимсалар Биз уларни ҳам иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар каби қилишимизни ва ҳаётлари ҳам, мамотлари ҳам (яъни дунёлари ҳам, охиратлари ҳам мўминлар билан) баробар бўлишини ўйлагандирлар?! Нақадар ёмон (нотўғри) ҳукм қилурлар-а?! Аллоҳ осмонлар ва ерни (Ўзининг қудрати илоҳиясига далолат қилиши учун) ва ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолларида ўзлари қилган амаллари сабабли жазоланиши учун ҳақ (қонун ва низом) билан яратди”. (Жосия: 21-22). У субҳанаҳу ва таоло деди: “Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?”. (Қалам: 35-36). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло деди: “Балки Биз иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни ерда бузғунчилик қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўюрмиз?! Балки Биз тақводор зотларни фисқу-фужур қилиб юрган кимсалар каби қилиб қўюрмиз?! (Йўқ! Асло ундоқ бўлмас!)”. (Сод: 28). Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ҳикмати буни рад этади. Тоат-ибодат қилувчи солиҳ кишининг бу дунёда торлик, касал, фақирлик ва қашшоқликда яшашининг сабаби, Аллоҳ қиёмат куни унинг мукофотини заҳира қилган. Маъсият қилувчи ва кофирнинг куфр келтиришига қарамай шод-ҳуррам ва фаровон ҳаёт кечиришининг сабаби эса, Аллоҳ қиёмат куни унга дўзахни ҳозирлаб қўйган. “(Эй Муҳаммад), айтинг: «Сен ўз куфринг билан (бу ўткинчи дунёда) озгина фойдаланиб қол! Шак-шубҳасиз сен дўзах эгаларидандирсан»”. (Зумар: 8). “Кофир бўлган кимсалар эса (мана шу ҳаёти дунёнинг ўткинчи лаззатларидан) фойдаланиб, чорва ҳайвонлари еганидек еб-ичурлар ва уларнинг жойлари дўзах бўлур!”. (Муҳаммад: 12). Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ҳикмати бандаларнинг амаллари беҳуда зое бўлиши ҳамда мўмин ва кофир, тоат-ибодат қилувчи ва осий баробар қилинишини рад этади. Энг пухта ҳукм қилувчи Зотнинг Ҳимати бундай (сифат билан) сифатланишликдан бош тортади. Агар бу ўринда банда сарҳисоб қилинадиган, ҳар бир амал қилувчи амалига яраша жазо-мукофот оладиган қайта тирилишлик бўлмаса, албатта, Аллоҳ томонидан беҳудалик, жабр-у зулм бўлиши лозим бўлиб қоларди. Аллоҳ бундан олий бўлган Зотдир. Бу эса ушбу диёрдан бошқа ўзга бир диёр бор эканига далолат қилади. Аллоҳ у ҳақда хабар берган. Пайғамбарларнинг алайҳимуссалоту вассалам бу борадаги хабарлари мутавотир даражасидадир. Бироқ уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилган мушриклар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қудратини билмасликлари сабабли қайта тирилишни узоқ санадилар. Холиқнинг қудратини ўзларининг қудратларига қиёс қилдилар. Шунинг учун қайта тирилишни қийин санаб, Аллоҳ ушбу жисмларни ерда парчаланиб, зое бўлганидан кейин қайта тирилтиришини амри маҳол деб билдилар. Бироқ Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларнинг қарор топган ва кўчиб борадиган жойларини ҳамда охир борар ўринларини билади. Агар фоний бўлиб, тупроққа айланса, бас, Аллоҳ ушбу жисмларни ҳамда уларнинг эриб-(чириб) битган нарсаларини билади. Уни қйтаришга Қодир: “Аниқки, Биз ер улар(нинг жасадлари)ни камайтираётганини (яъни жасадлари чириб тупроққа айланиб кетаётганини) билдик. Ва Бизнинг ҳузуримизда (барча нарсани ўз саҳифаларида) сақлагувчи Китоб (Лавҳул — Маҳфуз) бордир, (демак уларни қайта тирилтириб, ҳисоб-китоб қилиш Биз учун қийин иш эмасдир)”. (Қоф: 4). Балки думғазадан ташқари инсоннинг бутун жасади йўқ бўлиб кетади. У (думғаза) кичик бир уруғ. Қиёмат куни инсоннинг яратилиши шундан ташкил топади. Улар қайта тирилиш ва жамланишни инкор қилиб, шундай дердилар: “(Ҳаёт) фақат дунёдаги ҳаётимиздир”. (Жосия: 24). Бу ҳаётдан кейин бошқа ҳаёт бўлмайди. Фақат биз яшаб турган ҳаётимиз бор. “(Баъзиларимиз) ўлиб, (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз”. (Жосия: 24). Яъни, бировлар ўлиб, бошқалар туғилаверади. Одам туғаверади, ер ютаверади, деганларидек. “Ва бизларни (Аллоҳ ўлдирмайди, балки) фақат замон (ўтиши)гина ўлдиради”. (Жосия: 24). Яъни, ўлимнинг сабаби умр, ҳаёт узунлиги. Инсон яшайди сўнг қариб-қартаяди сўнг эса ўлади. Ёҳуд ўлимнинг сабаби замон ҳодисалари. Шундай (дея) ҳалокатни замонга нисбат берардилар. Агар уларга қурғоқчилик ёки ёмғир ёғмаслиги етса, уни замонга нисбат берардилар. Агар уларга очарчилик ёки қатл ёҳуд касаллик етса, уни замонга нисбат беришарди. Бу, замоннинг бошқаруви деб даъво қилишарди. Шунинг учун шеърларида замонни ҳажв қилишган. Ҳақиқатда эса у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони қоралашдир. Чунки замон бирор нарсага қодир эмас. Ушбу жараёнларни содир қилаётган у эмас. Балки у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан содир бўлади. Ким замонни қораласа, дарҳақиқат, Аллоҳ субҳанаҳуни қоралабди. Аллоҳ таоло деди: “Улар фақат (шундай) гумон қилурлар, холос”. (Жосия: 24). Инсон бирор нарсани даъво қилганда, унга далил қоим қилиши вожиб бўлади. Уларда эса далил йўқ. Шунинг учун Аллоҳ таоло деди: “Улар фақат (шундай) гумон қилурлар, холос”. (Жосия: 24). Яъни, уларнинг бунга далили йўқ. Балки аксига, замон бирор бошқарувга эга эмаслиги, балки бошқарувга Холиқ субҳанаҳу ва таоло эга эканлигига далил бор. Сўнг деди: “Улар фақат (шундай) гумон қилурлар, холос”. (Жосия: 24). Қасддан гумон қиладилар. Гумон эса ҳақдан бирор нарсани беҳожат қилмайди. Бу, мунозара тилида тўғри мантиқдир. Қуруқ ўй, гумонларга келсак, бас, унинг устига бундай улкан иш – қайта тирилишни инкор қилишни қуриб бўлмайди. Саҳиҳ (ҳадис)да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:“Аллоҳ таоло деди: одам боласи Менга озор беради. Замонни сўкади. Мен замонман, кеча ва кундузни айлантириб тураман”. (Бухорий (3/291), Муслим (4/1762)). Бошқа бир ривоятда эса: “Замон-(давр)ни сўкманглар. Албатта, Аллоҳ – Замондир”. (Муслим (4/1763)). Сўнг шайх раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни келтирдилар. У, ҳадиси қудсий жумласидан. Ҳадис қудсий – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Раббиларидан ривоят қилганларидир. У Аллоҳ жалла ва аъланинг Каломи. Аллоҳ жалла ва аъла айтади: “Одам боласи Менга озор беради”. Аллоҳ бандаларининг айрим ишларидан озорланади. Бироқ У бундан зарар чекмайди. Сўнг ушбу озорни мана бу қавли билан изоҳлади: “Замонни сўкади”. Замон сўкиладиган нарса эмас. Сўкиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бориб етади. Чунки ушбу инсон ёмон кўраётган ана шу ишни яратган ва йўқдан бор қилган Зот У субҳанаҳудир. Агар даврни сўкса, дарҳақиқат, Яратувчи бўлмиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони сўккан бўлади. Иймон аҳлига, уларга ўзлари ёмон кўрадиган бирор нарса бошларига тушганда, буни Аллоҳнинг қазо-и қадаридан, у Аллоҳ жалла ва аъла томонидан, У Зот уни беҳудага яратмаган ҳамда у гуноҳ ва маъсиятлар сабабли деб эътибор қилишлари вожиб бўлади. Натижада мўмин тавба қилади, мусибатга сабр қилади. Ажрни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузуридан умид қилади. Ушбу ёмон кўрган нарса юз берган соат, кун ва вақтни қоралаш билан тилига эрк бермайди. Балки Аллоҳга ҳамд айтади, Унга шукр қилади, Унинг қазо-и қадарига рози бўлади. Унинг бошига тушган нарса гуноҳлари сабабли эканини билади. Ўзини сарҳисоб қилиб, Аллоҳ таолога тавба қилади. Сўнг ушбу “Мен замонман”, қавлининг маъносини баён қилиб, деди: “Кеча ва кундузни айлантириб тураман”. Унинг маъноси, Аллоҳ замон деб номланади дегани эмас. Замон Аллоҳнинг исмларидан эмас. Ҳадис бир-бирини изоҳлайди. Кимки “Замон” Аллоҳнинг исмларидан деб даъво қилса, дарҳақиқат, хатога йўл қўйибди. “Бошқа бир ривоятда эса: “Замон-(давр)ни сўкманглар”. Бу қайтариқдир. Қайтариқ эса ҳаром қилинганини тақозо қилади. Сўнг ушбу қавли билан бунинг сабабини айтди: “Албатта, Аллоҳ – Замондир”. Яъни, ким замонни сўкса, дарҳақиқат, Аллоҳни сўкибди. Чунки Аллоҳ Яратувчидир субҳанаҳу ва таоло. Банда ёмон кўриб, ундан оғриқ чекаётган ушбу ҳодисани ижро қилган Зот – У субҳанаҳудир. Агар даврни сўкса, дарҳақиқат, Яратувчи бўлмиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони сўкибди. Буларнинг барига ушбу оят ва ҳадисдан истинбот қиладиган масалалар билан якун ясаймиз: Биринчи масала: Замонни сўкишнинг ҳаром экани. Замонни сўкиш икки турли: Биринчи тур: Катта куфр ва катта ширк бўладиган (тури). Агар замон Яратувчи, ушбу мусибатни пайдо қилган у (замон)дир деб эътиқод қилса ва шунинг учун уни сўкса, бас, бу катта ширк. Чунки у Аллоҳ таолога шерик исбот қилди. Иккинчи тур: Яратувчи Аллоҳ. Бироқ озор-(мусибат)ни замонга нисбат беради. Ёки лафзда енгилтаклик қилиш бобидан мазамматни замонга нисбат беради. Бу ҳам ҳаром. Ҳамда бу кичик ширк жумласидан деб эътибор қилинади. Ҳатто маъносини қасд қилмаган, балки тилида шундай айланган бўлса-да. Демак, бу лафздаги ширкдан деб эътибор қилинади. Иккинчи масала: Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларининг айрим ёмон амалларидан озорланади. Бироқ У жалла ва аъла бу билан зиён кўрмайди. Учинчи масала: Ҳадисда Аллоҳ замон экани баён қилинди. Бунинг маъноси, яратадиган, бошқарадиган ҳамда бу ҳодисаларни ушбу замонда ижро қиладиган Зот – У субҳанаҳудир. Замон Аллоҳнинг исмларидан деган маънода эмас. Ҳадис бир-бирини изоҳлайди. Иъанатул Мустафид - Тавҳид китоби шарҳи
(Шайх Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон) 45-боб |