Тавҳид форуми
Рўзанинг фазилати - Printable Version

+- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum)
+-- Forum: Фиқҳ (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=10)
+--- Forum: Рўза (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=14)
+--- Thread: Рўзанинг фазилати (/showthread.php?tid=3099)



Рўзанинг фазилати - Admin - 10-17-2009

Рўзанинг фазилати

Рўза – ибодатларнинг энг афзали ва тоатларнинг энг олийларидандир. Унинг фазилати ва шаъни улуғ экани борасида бир қанча ҳужжатлар ворид бўлган.
Рўзанинг фазилатларидан: Аллоҳ уни барча умматларга китобат қилиб, уларга фарз қилди.
«Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183). Агар у улуғ бир ибодат бўлмаганда халқлар учун унинг воситасида Аллоҳга қуллик бажо қилиш, ҳамда унинг натижаси ўлароқ Аллоҳ уни жамийки умматларга фарз қилган савобидан беҳожатлик бўлмасди. Рўзадан умид қилинган ғоя Аллоҳ амр қилган ва уни барча умматларга васият қилган тақвони рўёбга чиқаришликдир. Аллоҳ таоло деди: «Биз сизлардан илгари Китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳдан қўрқинглар, деб амр қилдик» (Нисо: 131).
Рўзанинг фазилатларидан: Унинг савоби муайян адад билан қайдлаб қўйилмаган. Балки рўзадорнинг ажри беҳисоб қилиб берилади. Икки шайх ўз «Саҳиҳ»ларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ деди: Одам боласининг рўзадан ташқари барча амали ўзи учун. Батаҳқиқ, у Мен учун ва унинг мукофотини Мен бераман. Рўза қалқондир. Агар сизлардан бирингизнинг рўза куни бўлса, бас, беадаб сўзларни айтмасин ва бақирмасин. Агар бирор киши уни сўкса ёки урушса: «Мен рўзадор кишиман», деб айтсин. Муҳаммаднинг жони Унинг Қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидаги ҳид Аллоҳнинг наздида мискнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорнинг хурсанд бўладиган икки хурсандчилиги бор. Рўзаси билан ифтор қилганда хурсанд бўлади ва Раббисига йўлиққанда хурсанд бўлади».[1] Муслимнинг ривоятларида: «Одам боласининг барча амали бир неча бор кўпайтирилади. Бир ҳасанот ўн баробаридан етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла рўза бундан мустасно деди. Батаҳқиқ, у Мен учун ва унинг мукофотини Мен бераман. Шаҳвати ва таомини Мен учун ташлади».[2]
Ушбу буюк ҳадис бир неча жиҳатдан рўзанинг фазилатига далолат қиляпти. Аллома, шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин роҳимаҳуллоҳ уларни батафсил ёритиб бердилар:
Биринчи: Аллоҳ рўзани бошқа амаллар орасидан Ўзи учун хос қилди. Бу унинг У Зот наздида шарафли ва Унга маҳбуб экани, ҳамда унда У субҳанаҳуга ихлос намоён бўлиши сабаблидир. Чунки у банда билан Раббиси ўртасида сир бўлиб, ундан фақат Аллоҳгина хабардор бўлади. Рўзадор одамлардан холи ўринда рўза сабаб Аллоҳ унга ҳаром қилган нарсаларга қўл уришдан тийилиб туради. Унга қўл урмайди. Чунки у хилватдалигида ундан хабардор Раббиси бор эканини билади. Дарҳақиқат, У Зот унга бу ишни ҳаром қилган. Натижада уни У Зотнинг жазосидан қўрқиб, савобига интилиб Аллоҳ учун тарк этади. Шу сабабли Аллоҳ унга ушбу ихлоси учун ташаккур билдиради ва рўзасини бошқа амаллари орасидан Ўзи учун хос қилди. Шунинг учун айтдики: «Шаҳвати ва таомини Мен учун ташлади». Суфён ибн Уяйна роҳимаҳуллоҳ айтганларидек қиёмат куни ушбу хосликнинг фойдаси намоён бўлади: «Қиёмат куни бўлганда Аллоҳ азза ва жалла бандасини сарҳисоб қилади ва унга рўзанинг ўзи қолгунга қадар барча амалларидаги (қилган) зулмларини билдиради. Шунда Аллоҳ азза ва жалла унинг гарданидаги қолган зулмларни Ўз зиммасига олади ва уни рўза сабаб жаннатга дохил қилади».[3]
Иккинчи: Аллоҳ рўза борасида шундай деди: «Ва унинг мукофотини Мен бераман». Мукофотни Ўзининг Зоти олийсига изофа қилди. Чунки солиҳ амалларнинг ажри бир неча адад қилинади. Бир ҳасанот ўн баробаридан етти юз ва ундан кўп баробарида бўлади. Рўзага келсак, батаҳқиқ, Аллоҳ унинг мукофотини адад эътиборисиз Ўзига изофа қилди-(боғлади). У субҳанаҳу саҳийларнинг энг Саҳийси, саҳоватлиларнинг энг Саҳоватлисидир. Тортиқ уни тортиқ қилувчининг қадрига қараб бўлади. Натижада рўзадорнинг ажри улкан, кўп, беҳисоб бўлади. Рўзада сабрнинг барча тури жамланган. Аллоҳнинг тоатида сабр, Аллоҳ ҳаром қилганларидан (четлашишликда) сабр, ҳамда очлик, чанқоқ, бадан ва нафснинг заифлигидан иборат Аллоҳнинг оғриқ берувчи тақдирларига сабр. Демак, унда сабрнинг уч тури жамланган. Ва рўзадор сабр қилувчилардан бўлишлиги ўз тасдиғини топади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло шундай деди: «Cабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур» (Зумар: 10).
Учинчи: Рўза қалқондир. Яъни, рўзадорни лағв ва беадаб сўзлардан сақлайдиган ҳимоя ва сатр. Шунинг учун айтдики: «Агар сизлардан бирингизнинг рўза куни бўлса, бас, беадаб сўзларни айтмасин ва бақирмасин». Уни дўзахдан ҳам сақлайди. Имом Аҳмад «Муснад»ларида Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Рўза қалқон бўлиб, банда унинг воситасида дўзахдан сатрланади».[4]
Тўртинчи: Рўзадорнинг оғзидаги ҳид Аллоҳнинг наздида мискнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Чунки у рўзанинг таъсиридан. Натижада Аллоҳ субҳанаҳунинг наздида хушбўй ва Унга суюмли бўлди. Бу эса Аллоҳнинг наздида рўзанинг шаъни улуғ эканига далилдир. Ҳатто одамлар наздида ёмон ва ёқимсиз деб ҳисобланган нарса рўза сабаб Аллоҳга тоат қилишликдан келиб чиққан бўлгани учун Унинг наздида севикли ва хушбўй бўлди.
Бешинчи: Рўзадорнинг икки хурсандчилиги бор: ифтор вақтидаги хурсандчилик. Раббисига йўлиққандаги хурсандчилик. Ифтор қилишликдаги хурсандчилигига келсак, Аллоҳ унга инъом қилган солиҳ амалларнинг афзали бўлмиш рўза ибодатини адо этганидан шодланади. Қанчадан-қанча одамлар ундан маҳрум бўлиб, рўза тутмайдилар. Ҳамда Аллоҳ унга мубоҳ қилган таом, ичимлик ичиш ва никоҳ билан шодланадики, бу унга рўза ҳолатида ҳаром эди. Раббисига йўлиққандаги хурсандчилигига келсак, Аллоҳ таолонинг ҳузурида унинг мукофотини унга энг муҳтож бўлган бир вақтда тўла, мўл-кўл ҳолатда топган маҳал шодланади. У вақтда рўзадорлардан ўзга бирор киши кирмайдиган Райён эшигидан жаннатга киришлари учун: «Рўзадорлар қаерда?», дейилади.
Рўзанинг фазилатларидан: У қиёмат куни ўз эгасини шафоат қилади. Аҳмад, Табароний ва Ҳоким, Муслимнинг шартига кўра саҳиҳ деди, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Рўза ва Қуръон қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза: «Эй Раббим! Мен уни кундузи таоми ва шаҳватидан тўсдим. Менга уни оқлашликка изн бер», дейди. Қуръон эса: «Мен уни тунда уйқудан тўсдим. Менга уни оқлашликка изн бер», дейди. У иккисига шафоат қилишга изн берилади».[5]
Яна шулардан: Жаннатда рўзадорлар учун эшик бўлиб, у Райён дейилади. Ундан фақат рўзадорлар киради. Бухорий ва Муслим Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Жаннатда бир эшик бўлиб, у Райён дейилади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киради. Ундан улардан бошқа бирор киши кирмайди. «Рўзадорлар қаерда?», деб айтилади ва турадилар. Ундан улардан ўзга бирор киши кирмайди. Киришгач ёпиб қўйилади ва ундан бирор киши кирмайди».[6]
Рўзанинг фазилатларидан яна, банда уни шаръий йўлга кўра адо этса, ҳамда уни Аллоҳга ихлос ва Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишликка риоя қилган ҳолда адо этса, батаҳқиқ, у ҳақда собитқадамлик, иймон зиёдалашиши, яқийннинг кучли бўлиши, гўзал хулқлар билан зийнатланиш, шаҳватни синдириш, ҳамда қўрқув, умид, муҳаббат ва шунга ўхшашлардан иборат қалбий амаллар жонланишидан иборат кўплаб ўзининг етук самараларини беради. Ибнул Қоййим раҳимуллоҳ шундай дедилар: «Мақсад шуки: Рўзанинг фойдаларига соғлом ақл ва тўғри фитратлар билан гувоҳ бўлингач, Аллоҳ уни бандаларига раҳмат, эҳсон, ҳамда уларга чегара ва қалқон ўлароқ жорий қилди».[7]
Эй Аллоҳ! Бизни Ўзинг яхши кўриб, рози бўладиган нарсаларга муваффақ айла. Бизни эзгулик ва тақвога йўлла. Билмаганимизни таълим бер ва таълим берганингни бизга фойдали қил. Бизни рўзанинг фазилатларига амал қилувчилардан, ҳамда ихлос, рўзани пухта-пишиқ қилиб, уни Сен рози бўладиган суратда камолига етказишликдан иборат ушбу (фазилат) талаб этганига амал қилувчилардан қилгин!



________________________________________________________



[1] Бухорий (1904), Муслим (1150), лафз Бухорийники.
[2] Муслим (1150).
[3] Байҳақий «Сунан ал-Кубро» (4/274).
[4] Имом Аҳмад «Муснад» (3/396) 15200-рақам.
[5] Имом Аҳмад «Муснад» (2/174) 6626-рақам, Ҳоким «Мустадрок» (1/740).
[6] Бухорий (1896), Муслим (1152), Бухорийнинг лафзи.
[7] Ибнул Қоййим «Зодул Маъад» (2/28).


RE: Рўзанинг фазилати - Admin - 08-29-2016


Суфён ибн Уяйна дедилар: «Қиёмат куни бўлганда Аллоҳ азза ва жалла бандасини сарҳисоб қилади ва унга рўзанинг ўзи қолгунга қадар барча амалларидаги (қилган) зулмларини билдиради. Шунда Аллоҳ азза ва жалла унинг гарданидаги қолган зулмларни Ўз зиммасига олади ва уни рўза сабаб жаннатга дохил қилади» (Байҳақий «Сунан ал-Кубро» (4/274)).



RE: Рўзанинг фазилати - Admin - 05-14-2017


Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Рўзанинг зоҳирий аъзолар ва ички кучларни сақлаш, уларни, эгаллаган вақт барбод қиладиган бузуқ моддаларни жалб қилувчи қориштиришликдан ҳамда уларни соғлом бўлишликдан тўсадиган тубан моддалардан фориғ қилишликда ажойиб таъсири бор. Рўза қалб ва аъзоларнинг саҳиҳлигини сақлайди. Ҳамда уларга, шаҳват қўллари тортиб олганларини қайтаради. У Аллоҳ таоло айтганидек тақвога энг катта кўмакчидир: «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара:183)» («Задул Маъад» (201)).