Тавҳид форуми
Уламоларга боғланишнинг аҳамияти - Printable Version

+- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum)
+-- Forum: Руҳий тарбия (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=19)
+--- Forum: Илм талаб қилиш (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=20)
+--- Thread: Уламоларга боғланишнинг аҳамияти (/showthread.php?tid=354)



Уламоларга боғланишнинг аҳамияти - Admin - 11-22-2010

Илм аҳлига мурожаат қилишдаги фойдалар

Залолат ҳақида фикр юритиб, илм аҳлига мурожаат қилгани сабабли саломат қолишга мисоллардан Муслим ўз «Саҳиҳ»ида (191) Язид ал-Фақирдан ривоят қилган асардир. Айтади: «Дарҳақиқат, мени хаворижларнинг раъйларидан бири ўзига асир қилган эди. Ҳаж қилиб, сўнг одамларга қарши бош кўтариш истагида бир неча ададли гуруҳ билан (йўлга) чиқдик». (Ровий) айтади: «Мадинадан ўтиб кетаётганимизда Жобир ибн Абдуллоҳ ёғоч устунга ўтирганча қавмга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадис айтарди». (Ровий) айтади: «Шунда у киши жаҳаннамийларни ёдга олди. Мен у кишига: «Эй Расулуллоҳнинг саҳобаси! Қандай ҳадис айтяпсиз? Ҳолбуки Аллоҳ шундай деган бўлса: «Албатта Сен кимни жаҳаннамга киритсанг, муҳаққақ уни расво қилурсан» (Оли Имрон: 192). «Ҳар қачон улар (дўзах) ғам-азобидан (қочиб) чиқмоқчи бўлсалар (гурзилар билан) яна унга қайтарилурлар» (Ҳаж: 22). Бу айтаётганингиз нимаси ахир?» (Ровий) деди: «У киши: «Қуръон ўқийсанми?», деди. Мен: «Ҳа», дедим. Муҳаммад алайҳиссалоту вассаламнинг мақом-(ўрин)лари ҳақида эшитганмисан, яъни, унда қайта тирилтириладиган (ўринларини)»? Мен: «Ҳа», дедим. У киши: «У Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақталган мақомларики, Аллоҳ у сабаб (дўзахдан) чиқариладиганларни чиқаради». (Ровий) деди: «Сўнг у киши сирот-(кўприк)нинг қўйилиши ва одамларнинг ундан ўтишларини сифатлади». (Ровий) деди: «Мен буни ёдлаб ололмадим деб қўрқаман». (Ровий) деди: «Бироқ у киши бир қавм дўзахдан, у ерда бўлганларидан кейин чиқадилар деб даъво қилди. Яъни, улар кунжут ўсимлигининг новдаси каби чиқадилар». (Ровий) деди: «Жаннат дарёларидан бирига кириб, у ерда чўмиладилар. Оппоқ варроқ каби чиқадилар. Биз қайтиб: «Ҳолингизга вой бўлсин! Ушбу қария Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаънига ёлғон сўзлайди деб биласизларми?», дедик. Аллоҳга қасамки, биз қайтдик! Биздан бир кишидан бошқа ҳеч ким чиқмади. Ёки Абу Нуъайм шунга ўхшашини айтдилар». Абу Нуъайм, у киши Фазл ибн Дакин. Исноддаги кишилардан бири. Бу хаворижларнинг гуноҳи кабирага қўл урган одамни кофир деб ҳукм қилиш, у дўзахда абадий қолиши борасидаги раъйига ҳайратланишга гирифтор бўлган ушбу гуруҳ ҳамда улар Жобир розияллоҳу анҳуга йўлиқишлари, у киши уларга баён қилиб беришлари, натижада у киши йўллаган йўлга юришлари, ўзлари тушунган ботилни тарк этганликлари ҳамда ҳаждан кейин қасд қилишган хуруж-(бош кўтариб чиқиш)дан воз кечганликларига далолат қилади. Бу мусулмон илм аҳлига мурожаат қилиш билан қўлга киритадиган фойдаларнинг энг улканларидандир.




Уламоларга боғланишнинг аҳамияти - Admin - 03-11-2016

Уламоларга боғланишнинг аҳамияти

Аллома, ҳурматли шайх Муҳаммад ибн Ҳадий ал-Мадхалий ҳафизаҳуллоҳ

[audio]https://tavhid.com/downloads/kitoblar/ilm_fazilati/ulamolarga_boglanishning_ahamiyati.mp3[/audio]
Юклаб олиш [mp3]

Барча мақтовлар оламлар Рабби Аллоҳга хос. Пайғамбаримиз омонатдор Муҳаммадга, аҳли оила ва саҳобаларига ҳамда қиёмат кунигача у кишига гўзаллик билан эргашганларга саловат ва саломлар бўлсин.
Сўнг:
Аллоҳ кимни ҳидоятга бошласа уни адаштирувчи, кимни адаштирса уни ҳидоятга бошловчи йўқ. Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман. Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман. У кишига, аҳли оила ва саҳобаларига ҳамда қиёмат кунигача у кишига гўзаллик билан эргашганларга Аллоҳнинг саловат ва саломлар бўлсин.
Сўнг:
Сўзларнинг энг рости Аллоҳ жалла ва аъланинг Китоби. Йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли. Ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо бўлганлари. (Динда) янги пайдо бўлган ҳар бир нарса бидъат, ҳар бир бидъат залолат ва ҳар бир залолат дўзахдадир.
Ҳадис юрти, қардош Марокаш қироллигида «Ҳадис маскани»даги Аллоҳ йўлидаги биродарларим ҳамда барча макондаги бошқа мусулмон биродарларимиз, Аллоҳ биз ва сиз барчамизни муваффақ қилсин, шу дақиқаларда учрашиб турганимиз бизни шод айламоқда. Дарҳақиқат, сизлар кечга қолиш сабаб унинг бир қисмини узиб қўйдингиз. Белгиланган вақтимиздан таҳминан йигирма дақиқа кечиктингиз. Бироқ сиз маломат қилган ҳолда шояд унинг ўз узри бўлса. (Суҳбат) олди қисқа муқаддима мақсад қилинган эди. Чунки вақт борасида биз билан сизларнинг ўртамиздаги фарққа риоя қилиш лозим. Қуёш ботиши бизда сизлардан олдин бўлади. Муҳими, бугун шанба куни, буюк Рамазон ойининг йигирма биринчи куни, Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратларининг минг тўрт юз ўттиз бешинчи йили сизлар билан телефон орқали ушбу суҳбат ва жуда муҳим мавзу атрофида учрашиб турганимиздан хурсандмиз. У ниҳоятда муҳим, бу мавзуга ҳар бир мусулмон муҳтож. Уни билиши, ундан хабардор бўлиши лозим. Хусусан илм талаб қилишга нисбат бериладиган талабаларнинг ҳаққида бу таъкидлироқ бўлади. Чунки нуқсонлик ва футур бизга шу бобдан кириб келади. Бу бобда камчиликка йўл қўйиш, унга аҳамият бермаслик сабабли. Бу мавзу «Уламоларга боғланишнинг аҳамияти»дир. Уламоларга боғланиш, уламолар дея «Суннат уламолари»ни назарда тутяпман, уларга боғланиш жуда муҳим. Зеро хайрнинг бари шундадир. Бу бобда камчиликка йўл қўйиш сабаб ёмонлик юз беради. Талабаларга, хусусан суннатга ва суннат йўлидан юришга аҳамият берадиган суннат талабалрига бу бобга эътибор беришлари, бор эътиборларини унга қаратишлари, унга бағоят аҳамият беришлари, ушбу жиҳатга – модомики тирик эканлар уламоларга боғланишга тўла ошиқишлари вожиб бўлади. Батаҳқиқ, уламоларнинг мавжуд экани Аллоҳ жалла ва аъла томонидан неъматдир. Суннат уламоларнинг мавжуд экани Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан неъмат. Улар (ҳаётдан) кетишларига оз қолди. Агар улар кетсалар мусулмонлар бошига фожеа тушади, улар бошига нуқсон тушади. Ер уларни кўтариб туриш билан гўзаллашиб боради. Улар сабаб зийнат тўкиб туради. Ер улар сабаб гўзал, ана шу уламолар бор экани сабаб зийнат тўкиб туради. Балки ер улар сабаб тирикдир. Шоир айтганидек:
Модомики олими яшар экан ер ҳам тирикдир, қачон унда олим ўлса бир қирраси ҳам вафот этар.
Худди унга ёмғир ёғганда тирик бўлган ер кабики, агар (ёмғир) ёғмай қўйса, унинг турли томонларига талофат етур.
Демак, ер уламолар мавжуд экани сабаб тирик. «Биз уларнинг ерларига келиб уни атрофидан камайтираётганимизни кўрмадиларми?» (Раъд: 41). Унинг камайиши уламоларнинг (ҳаётдан) кетиши биландир. Шак-шубҳа йўқки, уламоларнинг фазли улкан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузуридаги даражалари олий. Агар шундай бўлмаганда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло энг улкан гувоҳлик бериладиган нарса бўлмиш тавҳидга уларни гувоҳ сифатида олиб келмас ва ушбу қавлида У субҳанаҳу ва таоло уларнинг гувоҳлигини Ўзининг гувоҳлигига боғламасди: «Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилгувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг ўзи бор. У қудратли, ҳикмат эгасидир» (Оли Имрон: 18). Бу оят Аллоҳ уларни гувоҳликка олиб келиб, инсоният ичида улардан ўзгасини гувоҳликка олиб келмаган, уларнинг гувоҳлигини У субҳанаҳу ва таоло Ўзининг гувоҳлигига боғлаган, уламолардан ўзга бирор кишининг гувоҳлигини У субҳанаҳу Ўзининг гувоҳлигига боғламаган одамларнинг энг олий ва буюги бўлмиш уламоларнинг фазилатига далилдир. Бу эса У субҳанаҳу ва таоло уларга тазкия бериши ва уларни адолатли дея сифатлашидан ўзга нарса эмас.
У жалла ва аъла махлуқотлари орасидан фақат адолатлиларни гувоҳликка олиб келади. Шараф нуқтаи назаридан бу борада шу етарлики, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло дарҳақиқат, уларнинг гувоҳлигини Ўзининг гувоҳлигига боғлади ҳамда У жалла ва азза уларнинг даражасини олий манзилатга кўтариши билан уларга олқиш айтди: «Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» Дарҳақиқат фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар» (Зумар: 9). Яъни, Раббиси, Унинг шариати ва динининг ҳукмларини билган киши билан бундан бирор нарсани билмайдиган кимса баробар бўлмайди. Худди оқ билан қора, зулмат билан зиё баробар бўлмаганидек. Иккиси баробар бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, биладиган кишилар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлиши мумкин эмас.
У жалла ва аъла уларнинг манзилатларига далолат қилган ҳолда шундай деди: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Мужодала: 11). Бу эса улар билан боғланиладиган, уларнинг этаклари лозим тутиладиган ва атрофларида жипслашиладиган ана шу уламоларнинг манзилатига далил. Одамлар мана шу уламоларга ғоятда муҳтож. Балки уларга ҳожатимиз таом ва ичимликка бўлган ҳожатимиздан-да қаттиқроқ. Худди имом Аҳмад, Аллоҳ у кишини ўз раҳматига олсин ва у кишидан рози бўлсин, одамларнинг уламоларга ҳожатини ёдга олганда: «Одамлар илмга муҳтожликлари таом ва ичимликка ҳожатларидан кўпроқ. Чунки таом ва ичимликка бир кунда бир ёки икки марта эҳтиёж тушади. Илмга эса нафаслар ададича эҳтиёж тушади», деб айтганларидек.
Илм қаердан олинади? Фақат ўз эгаларидан. Ўз эгаларидан ҳосил қилинади. Агар инсон шуни хоҳласа, бас, унга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло манзилатларини олий қилган, ўринларини юқори қилган, шаънларини улуғ қилган ана шу уламоларга боғланиши вожиб бўлади. Батаҳқиқ, уламоларга боғланиш, айтиб ўтганимдек уламолар дея Суннат уламоларини назарда тутяпман, биринчидан уларнинг қўлида фиқҳ-(фаҳм, теран тушунча) ҳосил қилиш, иккинчидан илмнинг барча бобларида улардан олиш, улардан соғлом ақидани қабул қилиш, улардан тўғри, расо манҳажни олиш билан бўлади. Бу жуда муҳим. Айниқса фитналар вақтида. Батаҳқиқ, у кўпроқ ва янада кўпроқ шиддатлашиб боради ҳамда бу иш ғоятда аҳамиятли бўлиб қолади. Ҳозирги вақтда у Аллоҳнинг изни билан тойилиш, оғишиш, залолатга тушиш, бидъатларга эргашиш, шариатга хилоф ишларга қўл уришдан ҳимоя ва омонликдир.
Ана шу уламоларга боғланишнинг ҳар вақт, фитналар вақтида улкан фойдаси бор. Улар Аллоҳ таборака ва таолонинг изни билан одамларга омонликдир. Уларга ҳақ ва ботилни очиқлаб берадилар, халқларни тўғри йўлга йўллайдилар. Уларнинг одамларга қанчалар ҳам улкан ижобий таъсири бор. Дарҳақиқат, эшитганимиздек Аллоҳ Ўзининг Китобида ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз Суннатида уларга қанчалар мадҳ айтди. Уларни бошқа юлдузларга нисбатан ўн беш кунлик (тўлин) ойнинг мисолига ўхшатди, тамсил қилди. Бу ташбиҳда ўзларидаги гўзалликнинг мукаммаллиги жамланди. Тўлин ой ўн бешинчи кеча ботиш ўринлари тўлганда гўзалдир. Худди Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтганларидек саккиздан кейинги олтинчи кечадаги тўлин ой каби. Илм гўзаллиги, улардаги ибодат асорати ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амрида тўғри-(устивор) бўлиш билан ўзларида чирой очиб турадилар. Бу гўзаллик уларнинг юзи, йўли ва қиёфасида зоҳир бўлади. Бу уларнинг тўлин ойга ўхшашлик важҳи. Гўзаллик мукаммал бўлгандан кейин улар томондан нур таратишнинг мукаммаллиги ҳам зоҳир бўлади. Батаҳқиқ, ой ўн бешинчи кеча нур таратиши янада кучли бўлади. Ўн бешинчи кеча, нури, мусаффолиги ва кўркамлиги тўла бўлган кеча энг гўзал ва энг чиройли ҳолатда бўлади. Уламолар ҳам шундай. Улар шу билан бирга одамлардан юқори. Уларнинг қўлидаги дунё ифлослигидан ўзларини юқори олганлар. Олий, ўринлари юқори, манзилатлари баланд эканига қарамай уларнинг нури одамларга етиб боради. Улар одамларга яқин, уларнинг дунёси ва дунё кирлигидан узоқ. Худди ой ўз манфаати ва нури билан одамларга яқин, (аслида) улардан узоқ бўлгани каби. Унга етиб, уни кир қилолмайдилар. Уламолар, Аллоҳ мақтаган Суннат уламолари ҳам шундай.
Аллоҳнинг Китобида уларга қанчадан-қанча мақтов бор, бу билан илм эгаси хатога йўл қўйишдан олий бўла ёзди.
Уларнинг фазилати ҳақида Мустафодан санади саҳиҳ қанчадан-қанча хабарлар бор. Бас, у ҳақда илм эгасидан сўранг.
Уни ёдга олиш билан уларнинг фазилатини очиқламоқчи эмасман, дарҳақиқат, наср ва назм уни санаб адоғига етишдан малолланади.
Уламоларнинг фазилатини (санаб чиқишга) китоб етмайди. Ислом уламолари уламоларнинг фазилати, уларнинг улуғ, юқори ўрнини баён қилиш ҳақида қанчадан-қанча китоблар ёзди. Ана ўша зотларга боғланилади.
Шариат ҳукмларини билиш, уни таҳсил қилиш, ҳалол ва ҳаромни билиш, Аллоҳ таборака ва таолонинг Китоби ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатини билиш, у иккисининг носих-(бекор қилувчи) ва мансух-(бекор қилинган)и, мутлақ ва муқайяди, мужмал ва муфассарини билишда умрларини ўтказган ана шу уламоларга боғланилади.
Шунингдек, саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг сўзлари, уламоларнинг ижмоъси, ижмоъ ва ихтилоф қилинган фиқҳий масалаларни билишлари. Ана шулар биз уламолар дейдиган уламолардир. Ана шулар ушбу манзилатга етиб боргунча кўп ва узун вақтларини сарф қилган, катта заҳматларни чеккан, (шу сабабли) кўп ишларини (чеккага) суриб қўйган уламолардир.
Улар билан сигир тилини бурагани каби тилини айлантирадиган-(гапдонлик қиладиган) ёки икки оғиз сўз ёзган ёҳуд бир мақола битган ҳар бир кимсани назарда тутмаяпмиз. У ҳануз аксар шаръий ҳукмлардан жоҳил. Батаҳқиқ, бу мусибат. Ҳозирги замонда кўплаб одамлар бунга тушиб қолган. Айниқса ўзини илм талаб қилишга мансуб деб билганлар.
Талабалар бир-бирлари билан бўлиб қолдилар. Баъзилари айримларини бошпана қилиб олган. Ўзаро музокара қилишни ўзаро дарс қилиш қилиб олдилар. Уни фатво бериш, таълим беришга айлантириб олдилар. Олдинлари талабалар шайхлари ҳузуридан қайтиб келганларидан кейин ўзаро учрашардилар, илмни ёдлаш учун ўзаро музокара қилардилар. Ҳозир эса улар шу билан кифояланиб, бир-бирларига мударрис бўлиб қолдилар. Айрим талабалар айрими билан беҳожат бўлди. Шайхларни, улар ҳузурига боришни ва улар атрофида жипслашишни ташладилар. Бу билан хайрнинг барини қўлдан бой бердилар ва ўзлари билмаган ҳолда жоҳилликка тушиб қолдилар. Чунки одамларга модомики илм уламолари ва киборлари томонидан келар экан мудом яхшиликдадирлар. Аммо уни ёши кичиклардан олсалар, кичиклар, улар бидъат аҳли, батаҳқиқ, ҳалок бўладилар. Бу борада Ибн Масъуднинг маъруф асари бор: «Одамлар модомики илмни катталари, омонатдорлари ва уламоларидан олар эканлар мудом яхшиликдадирлар. Агар кичиклари ва ёмонларидан олсалар ҳалок бўладилар». Бундан мурод, Ибн Қутайба раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, дарҳақиқат, у киши бу асарни изоҳлаб, шундай дедилар: «Одамлар модомики уламолари шайх-(қария)лар бўлиб, уламолари ёши кичиклар бўлмас экан мудом яхшиликдадирлар». Эй Ибн Қутайба! Нима учун бундай деяпсиз ва бу изоҳ билан изоҳлаяпсиз? Эшитинглар! У киши шундай дейди: «Чунки шайх-(қария)дан, дарҳақиқат, ёшлик лаззати, унинг қизиққонлиги-(жиззакилиги), шошқалоқлиги ва тентаклиги кетган. Тажриба ва билим-(маҳорат)ни қўлга киритган. Унинг илмига шубҳа ораламайди. Унга ҳавои нафс ғолиб келмайди. Таъмагирлик уни ўзига мойил қилмайди, шайтон уни ёши кичикни йўлдан ургани каби йўлдан уролмайди, у виқор, салобат ва ҳайбат ёшида. Ёши кичикка гоҳида шайх омонликда бўлган ушбу ишлар оралайди. Агар бу унга ораласа ва фатво берса ўзи ҳам ҳалок бўлади, (бошқаларни ҳам) ҳалок қилади». Ана шу илм ҳосил қилган ҳолда соч-соқолига оқ тушган уламолар ажралиб турадиган (хислат)лардир. Дарҳақиқат, китоблар устида мук тушган ҳолда беллари букчайди. Дарс қиладилар, асар битадилар, ёзадилар, жамлайдилар, одамларга фатво берадилар, дарс берадилар. Одамларга дарс ва фатво бериш ҳамда уларга ҳукмларни очиқлаб беришдан узилиб қолмадилар.
Талабага улар билан боғланиши, улар ҳузурида мук тушиши ва уларнинг олдида тизза букиб ўтириши лойиқ бўлади. Чунки, ана шу уламолар, Аллоҳ улар сабаб фойда берадиганлардир. Дарҳақиқат, Аллоҳ жалла ва аъла уларга ёшлари билан бирга виқор, салобат ва ҳайбат либосини кийдирди. Улардан қизиққонлик, ёшлик роҳати, ёшлик шошқалоқлиги, мурғаклик аҳмоқлигини узоқ қилди. Уларга замон ўтиши билан тажриба ва билим либосини кийдирди. Уларга ва уларнинг илмига шубҳа ораламайди. Уларга ҳавои нафс ғолиб келмайди. Чунки, улар Аллоҳ таборака ва таоло сари яқинлашдилар-(ёшлари бир жойга бориб қолди), Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага кўз тикувчироқ, бандалар қўлидаги нарсадан умид узувчироқ ва узоқроқдирлар. Шайтон уларни ёши кичикни йўлдан ургани каби йўлдан уролмайди.
Талабаларга ана шунга ошиқишлари, уламоларга боғланишга ошиқишлари вожиб. Албатта, бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандасига яхшиликни ирода қилганига далолат қиладиган яхшилик аломатларидан. Муовиянинг «Саҳиҳайн»да саҳиҳлигига иттифоқ қилинган саҳиҳ ҳадисида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса уни динда фақиҳ-(теран тушунувчи) қилиб қўяди». Фиқҳ-(фаҳм) ҳосил қилиш бироз олдин айтганимдек фақат ўша зотлар қўлида, Ибн Қутайба Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни изоҳлаб ёдга олган ўша уламолар қўлида бўлади. Кичиклар – бидъат аҳли. Улар остига ёши кичик, мурғаклар ҳам киради. Бунда шак-шубҳа йўқ. Агар талабалар шуни лозим тутсалар, батаҳқиқ, улар яхшиликда ва яхшилик сари (борадилар). Чунки, улар уламоларга боғланиб, илм билан бирга ахлоқни ҳам ҳосил қилдилар.
Яҳё ибн Абу Касир раҳимаҳуллоҳ: «Биз илмдан кўра одобга кўпроқ муҳтожмиз», деди. Агар уламолар билан ўтиришдан ҳосил қиладиган одоблари фақат нафсни таҳқирлаш, уни синдириш, бошлиқлик, шон-шуҳрат ва мадҳни яхши кўришда давом этишига ташлаб қўймасликкина бўлса, агар шунинг ўзигина бўлса, албатта, бу уларга кифоя қилади. Ахир улар уламолардан рост сўзлаш, ҳақни айтишда шижоат, азиятга сабр қилиш, одамлар билан учрашишда кенгбағирлик, одамларнинг муаммоларини қабул қилишда кўнгилни кенг ёзиш, одамларга кўмак беришга ҳаракат қилиш, улар дунёдан бирор нарсага нойил бўлмаган ҳолда жонлари, обрўлари ва моллари билан баҳоли қудрат уларга (одамларга) яхшилик етказишни таълим оладилар. Улар бунга ошиқадилар. Агар фақат шуни ўзи бўлганда ҳам бу уларга албатта етарли бўларди.
Дарҳақиқат, Молик раҳимаҳуллоҳнинг онаси тонгда унинг бошига саллани ўраб, шундай дерди: «Робиъа ҳузурига бор. Унинг илмидан олишингдан олдин йўли, мулойимлиги ва хулқидан ол».
Шак-шубҳа йўқки, уламоларга боғланиш одобни пайдо қилади. Уламолардан ахлоқ ва одобни олиш вожиб. Худди илмдагидек баб-баробар. Сиз уламолардан илм олганингиздек уларнинг одоби билан одобланасиз, хулқи билан хулқланасиз. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрлари». Ана ўша уламоларда илм камтарликни пайдо қилди, фахрланишни эмас. Уларда одамларга манфаат етказишда саъй-ҳаракат қилишни пайдо қилди, кибрни эмас. Улар бирор кишига фахрланмайдилар. Бошқаларни нуқсон-(камчилик)ка мансуб қилмайдилар. Суннатга хилоф қилиши мустасно. Унга очиқлаб берадилар. Кибр қилиб, бошини бурса, батаҳқиқ, Аллоҳ жалла ва аъла учун ғазаб қилган ҳолда у кимса ҳақида гапирадилар. Ўзлари учун ғазаб қилган ва ўзлари учун юқори (даража)ни мақсад қилган ҳолда эмас, йўқ. Балки у ҳақда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун ғазаб қилган ҳолда гапирадилар. Банда шунга назар ташлаши вожиб. Шу нарса ҳам маълум бўлсинки, у буни уларга боғланаётган кишилар - уламоларга нисбатан ҳурмат сақлаган, уларни эҳтиром қилган, улар учун камтар бўлган, уларга қанотини пастлатгандагина қўлга киритади. У ана шу дамда фойда олади ҳамда уларнинг илми, меҳнати ва яхшилик қилишлари сабаб улар томондан кўп хайрга эришади.
Дарҳақиқат, Товус раҳимаҳуллоҳ шундай дерди: «Олимни ҳурмат қилиш Суннатдандир». Бу, сиз унга боғланаётган олимнинг ҳаққи бўлиб, Суннат олимини ҳурмат қилишингиз вожиб бўлади.
Дарҳақиқат, Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг «Сунан»ида у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлари собит бўлган: «Сочига оқ тушган мусулмон, унда ҳаддан ошмаган ва совуққонлик қилмаган Қуръон ҳофизи ҳамда адолатли ҳукмдорни ҳурмат-эҳтиром қилиш Аллоҳни улуғлашлик жумласидандир».
Агар сочига оқ оралаган мусулмонни ҳурмат қилиш Аллоҳни улуғлашлик жумласидан бўлса, ахир илмни таълим бериб, илм ва Суннатни тарқатиб, унга даъват қилиб, уни ҳимоя қилган ҳолда соч-соқолига оқ оралаган киши ҳақида нима дейсиз? Бу улканроқ ва буюкроқ. Шунингдек, «Унда ҳаддан ошмаган ва совуққонлик қилмаган Қуръон ҳофизи». Дарҳақиқат, Хатиб ал-Бағдодий бу ҳақда «Муҳаддисни улуғлашлик ҳақидаги боб» дея боб очдилар. Шоҳид шуки, олимни улуғлаш ва уни ҳурмат қилиш, бу ундан хайрни қўлга киритишига сабаб. Эй талаба! Бунга эътибор беришинг вожиб бўлади. Сен уламоларга боғланган вақт модомики улар ер юзида тирик экан уларни ҳурмат ва эҳтиром қилишинг вожиб бўлади. Шак-шубҳа йўқки, бу яхшилик аломатларидан. Аммо бир кун ёки бир йил ёҳуд бир ой таълим олсанг сўнг ўзингни уларнинг мартабасига етдим деб билган ҳолда чиқсанг, дарҳақиқат, сенга бало ва ёмонлик етади. Ва бу ёмонликка далолат қиладиган аломатлардан. Аллоҳдан офият ва саломатлик сўраймиз. Дарҳақиқат, Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ ўзидан олдинги салаф уламолари билан бирга зикр қилинса буни инкор қиларди! Ва мисол келтирган ҳолда шундай дерди: «Бизни улар билан эслаш ила кўндаланг қилманг, соғлом киши юрган вақт ногирон каби эмас». Бу Абдуллоҳ ибн Муборак! Шундай демоқда… Бугун эса олим ёки шайх ҳузурида бир ҳафта ёки бир йил таълим олган кимсани катта бало олиб келаётганини кўрасиз. Ўзини ушбу олим, эҳтимол унинг энг кичик набиралари қатори бўлар, манзилатида кўради. Куч ва қувват фақат Аллоҳда!
Талабага улар билан боғланаётган мана шу уламоларнинг ўрнини билиши ва у бу билан ибодатда эканини билиши вожиб. Дарҳақиқат, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Зайд ибн Собитнинг узангисини ушларди. Шунда Зайд у кишига: «… Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам амакиларининг ўғли бўла туриб-а?», дерди. Шунда Ибн Аббос у кишига: «Бу (гаплар)ни қўйинг. Биз уламоларимизга нисбатан шундай қиламиз», дерди.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ бу бобда илм талаб қилган ва унинг эгаларидан одобланган киши биладиган машҳур байтларида шундай дедилар: Улар учун ўзимни хор тутаман, яъни, уламоларга.
Улар учун нафсимни хор тутаман, улар эса уни иззат-икром қиладилар. Сен уни хор қилмаган нафс ҳаргиз иззат-икром кўрмагай.
Яъни, сиз ҳозир уни (нафсни) уламолар олдида хор тутасиз, улар ҳузурида тавозели бўласиз, уларга хушомадгўйлик қиласиз. Эртага иншаАллоҳ талабалар сизни иззат-икром қилади. Сиз манбага айланасиз. Худди шайхларингизни иззат-икром қилиб, уларга камтар бўлиб, ўзингизни улар ҳузурида кичик олганингиздек Аллоҳ жалла ва аъла яқинда сизни шу билан мукофотлайди.
«Нафсимни улар учун хор тутаман». Яъни, уламоларга. «Улар эса уни иззат-икром қиладилар». Ким ўзини уламолар ҳузурида паст олса, Аллоҳга қасамки, улар уни хорламайдилар. Балки уни иззат-икром қиладилар.
«Улар учун нафсимни хор тутаман, улар эса уни иззат-икром қиладилар. Сен уни хор қилмаган нафс ҳаргиз иззат-икром кўрмагай». Агар илм, уламоларни лозим тутиш, улар ҳузурида ўтириш ва уларга камтарлик қилишдан кибр қилсангиз, иззат-ҳурмат топишингиз мумкин эмас.
Аҳмад раҳимаҳуллоҳ шундай дерди: «Илм олаётган киши-(устоз)га камтар бўлишга буюрилганмиз». Бизга уламоларни эҳтиром қилишимиз, уларга нисбатан одоб сақлашимиз, уларнинг ўрнини билишимиз, уларнинг қадрини билишимиз, уларга фахрланмасликни билишимиз вожиб. Уларни бадном қилишни-ку қўя туринг. Буни фақат Аллоҳ онгини ўчирган-(тўсган) кимса қилади. Аллоҳдан офият ва саломатлик сўраймиз.
Уламоларнинг (тирик) экани неъмат эканини билсин. Оқил киши олдидан ушбу неъмат кетишидан олдин ундан унумли фойдаланади. Талабалар уламоларга боғланишларида айтиб ўтганимдек (қуйидагиларга) диққат қаратишлари вожиб бўлади: уларнинг одоби, йўли, мулойимлиги. Ундан шуларни олсинлар. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шогирдларининг йўли каби, улар у киши розияллоҳу анҳуга ўхшашга интилардилар. Бунинг сабаби, у киши одамларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга юриш-туриши, мулойимлиги ва одобида энг ўхшаш киши эканини билганлари учун. Бухорийнинг «Саҳиҳ»ида Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг ҳадисида ворид бўлганидек: «Уйидан чиқиб унга қайтгунча мулойимлиги, ахлоқ-одоби ва йўли-(юриш-туриш)ида одамларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг ўхшаши албатта Ибн Умму Абддир. Аҳли оиласи даврасида холий қолганда нима қилишини билмаймиз». Бу билан Абдуллоҳ ибн Масъудни назарда тутяптилар. Шунинг учун шогирдлари у кишига ўхшашга интилардилар. Уларчалик бўлолмасангиз ҳам уларга ўхшашга ҳаракат қилинглар, батаҳқиқ, буюкларга ўхшаш бўлиш нажотдир. Буни билишганларида у киши розияллоҳу анҳуга ўхшашга ҳаракат қилардилар. Чунки бу киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга ошиқманд эди, розияллоҳу анҳу. Буюк саҳобий. Шогирдлари шу ҳақиқатни билганларида, ўқувчилари шу ҳақиқатни билганларида у кишига ўхшашга интилдилар. У кишига сийрати, мулойимлиги, хулқ-атворида ўхшардилар. У кишига ўхшаш бўлишга ҳаракат қилардилар. Чунки у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшаш. Шунинг учун бу иш уламолар ўртасида жорий бўлган. Дарҳақиқат, Абу Довуд одамлар ичида Аҳмадга энг ўхшаши эди. Аҳмад одамлар ичида Вакийга энг ўхшаши эди. Вакий одамларнинг Суфёнга энг ўхшаши эди. Суфён Саврий ким у? Суфён Саврий. Вакий у кишига ўхшаш эди. Чунки у киши наздида у (Суфён) ўзидан олдингиларга ўхшаш бўлгани собит бўлган. Вакий Суфёнга ўхшаш бўлиши, унга ана шу бобда ўхшар эдики, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқида эди. Қандай? Чунки Суфён Саврий одамларнинг Иброҳимга энг ўхшаши эди. Иброҳим Алқамага, Алқама Асвадга, у эса Абдуллоҳ ибн Масъудга, розияллоҳу анҳу. Улар ўша зотларга ўхшаш эдилар. Уларнинг сийрати ва ахлоқи узра юрардилар. Улардан илм олардилар. Улардан ахлоқ олардилар. Улардан сийрат-(юриш-туриш)ни олардилар. Улардан хулқ-атворни олардилар. Агар талабани шайхларнинг одоб-ахлоқида эмаслигини кўрсангиз, бас, у фойда олмаганини билинг. Агар уни уларнинг хулқ-атворида кўрмасангиз, бас, у истифода қилмаганини билинг. Бунинг сабаби, илм амални вужудга келтиради. Агар у унда амални, ўшаларнинг йўлида юришни вужудга келтирмаса, батаҳқиқ, у улардан бирор ҳолатда фойда олмабди. Ана шу дамда у бир томон, сўзи бошқа томон бўлади. Агар шундай бўлса, одамлар унга қарайдилар, сўзи ва ҳолати ўртасидаги фарқни кўрадилар. Агар сўзи ва ҳолати ўртасидаги фарқни кўрсалар, батаҳқиқ, улар шу вақт унга иқтидо қилмайдилар. Бунинг сабаби, у ўзида татбиқ қилмайдиган сўзни айтаётганини биладилар. Агар ўзида татбиқ қилмаса, бас, одамлар ундан фойда олишлари, ўзларига татбиқ қилишлари мумкин эмас. Талабага олган илмини сўз ва амал жиҳатидан татбиқ қилган бўлиши, ахлоқ-одоб ва хулқ-атворда уламолар йўлида бўлиши, уларнинг сифатлари билан сифатланиши, хулқлари билан хулқланиши, одоблари билан одобланиши вожиб бўлади. Ана шу вақт Аллоҳ таборака ва таолонинг изни билан (ўзгага) фойдали ва (ўзида) фойдаланган бўлади.
Эй севиклиларим! Барчамизга уларга боғланишимиз вожиб бўладиган ана шу уламолар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меросхўрлари эканини билишимиз вожиб. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ворисларига бироз олдин айтганимдек ўхшаш бўлиш вожиб бўлади. Худди Абу Довуд Аҳмадга ўхшаш бўлганидек. Чунки, Аҳмад Вакийга ўхшарди. Вакий Суфён Саврийга ўхшарди. Саврий Мансурга, Мансур Иброҳимга, Иброҳим Алқамага, Алқама Абдуллоҳ ибн Масъудга.
Талабаларга уламолардан илмларини олишлари, уламолардан ахлоқ-одоб ва хулқ-атворларини олишлари вожиб бўлади. Ким зеҳни ва қалбида шу икки ишни диққат марказига қаратса, таълим олиш билан одобланиш, иқтидо қилиш ва шу уламолардан ўрнак олишни назарда тутяпман, батаҳқиқ, у модомики тирик эканлар уламоларга боғланувчи бўлиб қолади. Ер юзидан уларга боғланадиган олим кетгани сари Аллоҳга сўнг (тирик) қолган фалончи билан овунади. Ўзича мустақил бўлиб олмайди, йўқ. Балки қолган уламолар билан (жудоликни) сабр-бардош ила ўтказади. Яқинда унинг бошига шундай кун келадики, унда одамлар сабаб синовга тутилади ва шунга вақт ажратсайдим дея орзу қилиб қолади.
Эй севиклиларим! Барчамизга шуни адо этишимиз, илм, фиқҳ, эътиқод ва соғлом манҳажни таълим олишимиз учун улардан (илм) оладиган уламоларимиздан ахлоқ-одобни таълим олишимиз лозим бўлади. Шояд шу миқдор билан кифояланармиз. Валлоҳу аълам.
Аллоҳнинг бандаси ва элчиси пайғамбаримиз Муҳаммадга, аҳли оила ва саҳобалари ҳамда қиёмат кунигача у кишига гўзаллик билан эргашганларга Аллоҳнинг саловату саломлари ва баракалари бўлсин.

Шанба, 21 Рамазон, 1435 ҳ йил
http://ar.miraath.net/audio/9326
Таржимон: mutaallim