Тавҳид форуми
Банда қабрга қўйилганда энг аввал сўроқ қилинадиган уч савол - Printable Version

+- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum)
+-- Forum: Ақида (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=44)
+--- Forum: Иймон асослари (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=46)
+--- Thread: Банда қабрга қўйилганда энг аввал сўроқ қилинадиган уч савол (/showthread.php?tid=480)



Банда қабрга қўйилганда энг аввал сўроқ қилинадиган уч савол - Admin - 05-03-2011

Билмоқлик вожиб бўлган уч асос

Агар сенга: «Билмоқлик вожиб бўлган уч асос нима у?», дейилса, банда Роббиси, дини ва пайғамбари Муҳаммд соллаллоҳу алайҳи ва салламни танимоқлигидир, деб айтгин.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Асос», деган сўзларига тўхталадиган бўлсак, асос – пойдевор бўлиб, (бино-диннинг) қолган қисми унинг устига қурилади. Демак, диннинг қолган боблари унинг устига қурилгани учун ҳам асос-пойдевор деб аталади. Диннинг бари ушбу уч асос атрофида айланади.
Ушбу асос диннинг пойдевори бўлиб, шайх раҳимаҳуллоҳнинг келгусидаги жумлаларида, Аллоҳнинг хоҳиши ила, муфассал ёритилади.
Шайх раҳимаҳуллоҳ нима учун айнан ушбу уч асосга диққат қаратяптилар?
Чунки булар ислом динининг асослари бўлиб, банда қабрга қўйилганда ушбу масалалар борасида саволга тутилади. Банда қабрга қўйилиб, устига тупроқ тортилгач ва одамлар уни (ёлғиз) тарк этиб, ўз аҳли оилалари ҳузурига қайтишгач, унинг олдига икки фаришта келиб, маййитнинг руҳи жасадига қайтарилади ва дунё ҳаётидагига ўхшаш эмас, балки барзах ҳаётида тирилади. Уни қабрида ўтирғизиб: «Роббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким?», дея савол беришади. Мўмин киши: «Роббим Аллоҳ, диним ислом ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарим», дейди. Унга: «Буни қандай билдинг?», дейилади. У эса: «Аллоҳнинг Китобини ўқиб, билдим», дейди. Шунда бир нидо қилувчи: «Бандам рост сўзлади. Унга жаннатдан (тўшак) тўшанглар ва жаннатдан бир эшик очинглар», деб нидо қилади. Қабри унга кўзи етар жойгача кенгайтириб қўйилади. Унга жаннатнинг ҳиди ва нафаси уфуриб туради ҳамда жаннатдаги ўз ўрнини кўриб туради. Ва: «Эй Роббим, қиёматни қоим қил токи аҳлим ва молимга қайтай», дейди.
Исломни даъво қилсада, яқиний ишончга эга бўлмай, шак-шубҳа орасида яшаб ўтган кимса эса, модомики Аллоҳнинг дини борасида мунофиқ каби шак-шубҳа ва иккиланишда экан, демак, у (икки фариштанинг сўровларига) тутилиб-ғулдираб (жавоб беради). Унга: «Роббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким?», деб берилган саволларнинг барига: «Вой-дод билмайман, одамларни бир нарса дейишаётганини эшитиб, ўшани айтиб юраверардим», дейди.
Яъни, ҳаёти дунёда одамлар айтган гапни айтиб, иймон келтирмаган, Аллоҳ сақласин. Ушбу мунофиқ зоҳири ислом бўлиб, қалбида эса (исломга) эътиқод қўймаган. Балки дунёвий фойдаларини кўзлаб, ҳаёти дунёда иймон келтирмай, қалбан инкор этса-да: «Роббим Аллоҳ» деган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатларига қалбан иймон келтирмай, фақат тилидагина: «Пайғамбарим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам», деб юраверган. Ушбу кимса мунофиқ бўлиб, унга: «Билмадинг, ўқимадинг», дейилади ва темирдан бўлган гурзи билан урилади. (Зарб кучидан) шундай бир қичқирадики, агар инсон ушбу қичқириқни эшитса, албатта ҳушидан кетади. Инсондан ўзга барча ҳайвонот ушбу қичқириқни эшитади. Агар инсон эшитганида албатта ҳушини йўқотарди, яъни, қўрқинч-даҳшатдан вафот этарди. Қабри торайгани боис қовурғалари бир-бирига аралашиб кетади. Унга дўзахдан бир эшик очилиб, унинг иссиқ шамоли ва ҳарорати келиб туради. Ва: «Эй Роббим, қиёматни қоим қилма», дейди. Мана шу унинг қабрдаги ҳаёти ва ҳолатидир, Аллоҳни паноҳига қочамиз. Чунки у тўғри жавоб беролмади.
Шунингдек, бир нидо қилувчи: «Бандам ёлғон сўзлади. Унга дўзахдан (тўшак) тўшанглар ва жаҳаннамдан бир эшик очиб қўйинглар», деб нидо қилади, Аллоҳ сақласин. Демак, ушбу масалалар ана шундай муҳим аҳамият касб этар экан, бизга уларни ўқиб-ўрганиб, эътиқод қўйишимиз вожиб бўлади. Ўқиб-ўрганишнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки ўқиб-ўрганиб, эътиқод қилиб, иймон келтириб ва модомики тирик эманмиз, амал қилмоғимиз лозим бўлади. Шояд Аллоҳ таоло қабрда саволга тутилганимизда собитқадам қилса.
Аллоҳ таоло шундай деди: «Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур. Золимларни эса Аллоҳ (ҳақ) йўлдан оздирур. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур» (Иброҳим: 27).
Демак, ушбу уч асос катта аҳамиятга эга. Шу сабабли ҳам шайх раҳимаҳуллоҳ ушбу (3 асос) рисолани ана шу мавзуга қаратиб, дарс қилиб ўрганишимиз, чуқурроқ ёндашишимиз, эътиқод ва амал қилишимиз учун очиқ-ойдин ёритиб бердилар. Шояд Аллоҳ таоло бизни ҳам, сизларни ҳам ҳаёти дунё ва охиратда устивор сўз ила собитқадам қилса.