Охират ҳаётини инкор этувчилар ҳақида - Printable Version +- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum) +-- Forum: Ақида (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=44) +--- Forum: Иймон асослари (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=46) +--- Thread: Охират ҳаётини инкор этувчилар ҳақида (/showthread.php?tid=890) |
Охират ҳаётини инкор этувчилар ҳақида - Admin - 10-27-2011 Охират ҳаётини инкор этувчилар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир.
Кимки охират ҳаётига ишонмаса, ўша кофирдир. Аллоҳ айтади: ««Ҳаёт фақат дунёдаги ҳаётимиздир. Биз ҳеч қайта тирилгувчи эмасмиз», деб айтадилар. Уларни Парвардигорлари ҳузурида турғазиб қўйилган пайтларида, Аллоҳ: «Мана шу тирилиш ҳақ эмасми?!» — деганида, улар: «Парвардигоримизга қасамки, ҳақ экан», деганларини, Аллоҳ эса: «Мана энди кофир бўлиб ўтганингиз сабабли азоб чекингиз!» — деб жавоб қилганини кўрсангиз эди» (Анъом: 29-30). «У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай! Улар жазо (қиёмат) Кунини ёлғон дейдиган кимсалардир! У (Кун)ни фақат барча гуноҳга ботган тажовузкоргина ёлғон дер! Қачон (ундай кимсага) Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, у: «(Бу) аввалгилардан (қолган) афсоналар», дер. Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳлари қоплаб олгандир! Ҳеч шак-шубҳа йўқки, улар ўша (Қиёмат) Кунида Парвардигорларидан тўсилгувчидирлар (яъни Парвардигорнинг дийдорига етиш уларга ҳеч насиб қилмагай)! Сўнгра шак-шубҳасиз улар дўзахга киргувчидирлар. Сўнгра (уларга): «Мана шу сизлар ёлғон деб юрган нарса — азобдир», дейилур» (Мутоффифин: 10-17). «Йўқ, улар (Қуръон оятларига боқмайдилар, чунки улар қиёмат) соатини ёлғон деганлар. Биз эса у соатни ёлғон деган кимсалар учун дўзах ўтини тайёрлаб қўйгандирмиз» (Фурқон: 11). «Аллоҳнинг оятларини ва Унга рўбарў бўлишни инкор қилган кимсалар улар Менинг марҳаматимдан ноумид (маҳрум) бўлган кимсалардир ва улар учун аламли азоб бордир» (Анкабут: 23). (Охират ҳаётини) Инкор қилувчиларни ишонтириш учун қуйидаги (далил)ларни келтириш мумкин: Биринчидан: Қайта тирилиш масаласига таалуқли кўпгина хабарлар маълум. Бу хабарлар илоҳий китоб, дин ва қабул қилган (яъни Аллоҳ китоб нозил қилган) халқларга пайғамбар ва элчилар орқали етиб келган. Қандай қилиб сен буни инкор эта оласан?! Ахир сен файласуф, ёки қонун-қоида ёки ғоялар муаллифи томонидан айтилган (ҳар қандай сўзга) ишонасанку. Ваҳоланки у сизга гапираётган нарса ишончлилиги, охират ҳақида гапирувчи нозил бўлган оятлар ишончлилиги даражаси етмайди. Иккинчидан: Қайта тирилишнинг борлигини тасдиқловчи сабаблар: 1. Ҳеч ким ўзини йўқ нарсадан яралганини эътироф қила олмайди. Уни ва одамни йўқдан бор қилган Зот, уни қайта тирилтиришга ҳам қодир. Аллоҳ айтганидек: «У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. (Қайта яратиш — тирилтириш) У зотга жуда осондир. Осмонлар ва ердаги энг юксак хислат (яъни Яккаю-Ягоналик) Уникидир. У қудрат ва ҳикмат эгасидир» (Рум: 27). «У кунда Биз осмонни ҳам худди мактуб ёзилган саҳифани ўраган янглиғ ўраб, биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилгувчидирмиз» (Анбиё: 104). 2. Кенглиги бепоён ва кўркам бўлган осмону ерни кўра туриб, улар яралишининг улуғлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ушбу барча кўркамликларни яратган Зот, инсонни ҳам ярата олади ва уни қайта яратириш Аллоҳга ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Аллоҳ айтади: «Шак-шубҳасиз, осмонлар ва ерни яратиш инсонларни яратишдан каттароқ (иш)дир. Лекин кўп одамлар билмайдилар» (Ғофир: 57). «Ахир улар (охиратда қайта тирилиш ҳақ эканини инкор қилгувчи кимсалар) осмонлар ва ерни яратган, уларни яратишга ожизлик қилиб қолмаган зот — Аллоҳ ўликларни тирилтиришга ҳам қодир эканлигини (ўйлаб) кўрмадиларми?! Йўқ, албатта (Аллоҳ ўликларни тирилтиришга ҳам қодирдир). Зеро У зот барча нарсага қодирдир» (Аҳқоф: 33). «Осмонлар ва ерни яратган зот яна уларнинг ўхшашини яратишга қодир эмасми?! Йўқ, (албатта қодирдир), Унинг Ўзигина яратгувчи ва билгувчидир. Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур» (Ёсин: 81-82). 3. Ҳар бир ақли бор инсон ерни қуруқ ва ўлик ҳолда, ўсимликларсиз кўради. Сўнг ёмғир ёққанидан сўнг у тирилади ва гуллаб яшнайди. Ерни ўлик ҳолатидан тирилтиришга қодир бўлган Зот, ўликларни ҳам тирилтиришга ва қабрларидан чиқаришга қодир. Аллоҳ айтади: «Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидан (бири) сиз ерни қуп-қуруқ ҳолда кўришингиздир. Бас қачон Биз унинг устига сув-ёмғир ёғдирсак, у ҳаракатга келар ва униб-ўсар. Албатта ўша ерни тирилтирган зот ўликларни ҳам тирилтира олгувчидир. Зеро У барча ишга қодирдир» (Фуссилат: 39). Учинчидан: Қайта тирилишнинг бўлиши мумкин эканига воқелик далил бўла олади. Одамлар ҳаётга қайтганлари каби маълум ҳолатлар бунга далил бўла олади. Бақара сурасида Аллоҳ беш ҳолат ҳақида хабар беради. Уларнинг бири: «Ёки бир зот (Узайр пайғамбар) ҳақидаги масални (билмадингизмики), у зот томлари йиқилиб ҳувиллаб қолган бир қишлоқдан ўтаркан: «Аллоҳ бу хароб бўлган қишлоқни қандай тирилтирар экан-а?» деди. Шунда Аллоҳ уни юз йил муддатга ўлдирди. Сўнгра тирилтириб сўради: «Қанча муддат (ўлик ҳолда) турдинг?» «Бир кун ё ярим кун», деди у. Аллоҳ деди: «Йўқ, юз йил турдинг. Таом ва ичимлигингга қара — бузилган эмас. Энди эшагинга (чириб, суяклари ажраб кетганини) кўрган. (Бу ҳодисани Аллоҳнинг қудратини кўрсатиш) ва сени одамлар учун оят — ибрат қилиш учун (келтирдик). Бу суякларни қандай тиклаб, сўнг уларни гўшт билан қоплашимизни кўрган. Қачонки унга бу нарсалар аниқ кўрингач: «Албатта Аллоҳ ҳамма нарсага қодир эканини биламан», деди» (Бақара: 259). Тўртинчидан: Соғлом ақл ўлимдан сўнг қайта тирилиш муқаррар экани ва ҳар бир нафс нимага лойиқ бўлса, ўшани олишига далолат қилади. Агар бундай бўлмаганида, одамзотнинг яралиши маъносиз, қадрсиз ва соғлом мазмунсиз бўлган бўлар эди. Ҳаётда ҳайвонлар ва одамлар ўртасида ҳеч қандай фарқ бўлмаган бўлар эди. Аллоҳ айтади: «Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда (яъни дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?!» (Ундоқ эмас)! Зотан Ҳақ Подшоҳ - Аллоҳ (бирон ишни беҳуда қилишдан) юксакдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар У - улуғ арш соҳиби бордир» (Муминун: 115-116). «Токи ҳар бир жон қиладиган саъй-ҳаракати сабабли жазоланиши учун (қиёмат) соати албатта келгувчидир. (Лекин) Мен (қиёмат қачон қойим бўлишини) яширишни истайман» (Тоҳа: 15). «Улар жон-жаҳдлари билан:«Аллоҳ ўлган кишиларни қайта тирилтирмайди», деб Аллоҳ номига қасам ичдилар. Йўқ! (Албатта тирилтирур!) Бу — У зотнинг ҳақ ваъдасидир. Лекин одамларнинг кўплари (бу олам имтиҳон олами эканини, асл-абадий ҳаёт қайта тирилгандан кейин бўлишини) билмайдилар. Уларга ўзлари ихтилоф қилаётган нарсаларини баён қилиб (кўрсатиб) бериш учун ҳамда кофир бўлган кимсалар ўзларининг ёлғончи эканликларини билишлари учун ҳам (албатта Аллоҳ барча халойиқни қайта тирилтирур). Биз бирон нарсани ирода қилсак, унга айтадиган сўзимиз «Бўл», демоқликдир. Бас, ўша нарса бўлур» (Наҳл: 38-40). «Кофир бўлган кимсалар ўзларининг ҳеч қачон қайта тирилмасликларини гумон-даъво қилдилар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Йўқ! Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тирилурсизлар, сўнгра албатта сизларга қилган амалларингизнинг хабари берилур. Бу Аллоҳга осондир»» (Тағобун: 7). Агар келтирилган барча далиллардан кейин ҳам улар қайта тирилишни инкор этсалар, улар кибр қилувчи ўжардирлар. «Золим кимсалар эса яқинида қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб қолурлар» (Шуъаро: 227). Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймин (раҳимаҳуллоҳ)
«Мажмаъул Фатава Ибн Усаймин» 2/22-25. Охират ҳаётини инкор этувчилар |