Admin   10-30-2009, 11:10 PM
#1
Ҳаж ибодатининг тарихи

Иброҳим алайҳиссалом Намруд ибн Канъон исмли золим подшоҳ ўз одамларига барча янги туғилган чақалоқларни ўлдиришни ҳамда одамлар тош ва бут-санамларга сиғинишларини буюрган кунларда дунёга келдилар. Намрудга фолбин ва мунажжимлар: «Сенга тобеъ бўлган одамлар орасида ҳукмронлигинг ниҳоясига етишига сабабчи бўладиган бир бола туғилади», - деганлари боис, у қўрқиб кетган эди. Бироқ Аллоҳ Таоло Иброҳимни золим подшоҳнинг қўлидан асради.
Болалик чоғларида у киши Ҳақни топишни жуда қаттиқ истардилар. Ҳатто бир куни тунда осмонни томоша қилаётиб, Иброҳим алайҳиссалом бошқа юлдузлардан ажралиб турган ўзига хос бир юлдузни пайқаб қоладилар ва: «Мана шу - Раббим», - деб айтадилар.
Quote:Изоҳ: Иброҳим алайҳис-салом бу сўзларни эътиқод қилиб эмас, балки юлдуз, ой ва қуёшни илоҳ деб сиғинаётган мушрикларга танбеҳ бўлсин, деб айтгандилар.
Бироқ, юлдуз ботиб кетгач: «Мен ботиб кетгувчиларни ёқтирмайман», - дейдилар. Қуёш ва Ой билан ҳам худди шундай воқеа содир бўлганидан сўнг Иброҳим:
«Мен тўғри йўлни танлаган ҳолимда юзимни осмонлар ва Ерни ихтиро этган Зотга қаратдим. Мен мушриклардан эмасман», - дея эълон қиладилар (Анъом сураси, 75-79 оятлар).
Иброҳим алайҳиссалом пайғамбар бўлганларидан сўнг одамларни ягона Аллоҳга ибодат қилишга чақирдилар. Бироқ, одамларнинг барчаси, жумладан у кишининг оталари ҳам, бундан бош тортишди. Бир куни оталари ва бошқа одамлар йўқликларида Иброҳим болтани олиб, бутхонадаги барча бутларни синдириб ташладилар ва фақат энг катта бутни қолдирдилар. Мушриклар буни пайқаганларидан сўнг Иброҳимдан: «Буни ким қилди?» - деб сўрашди. Иброҳим эса: «Энг катта бутдан сўранглар», - деб жавоб қилдилар. «Нима учун сизлар хатто гапира олмайдиган, қимирлай олмайдиган ёки тушунмайдиган нарсаларга ибодат қиласизлар?» - дейдилар Иброҳим. Мушриклар ғазабланиб, у кишини оловга ташлаб ўлдирмоқчи бўладилар. Лекин Аллоҳ Иброҳимни яна асрайди.
Кейинроқ Иброҳим алайҳиссалом Шом (Сурия), Фаластин ва Мисрга сафар қиладилар.
Иброҳим алайҳиссаломнинг Сора ва Ҳожар исмли иккита аёллари бўлган. У кишининг биринчи фарзандлари Ҳожардан бўлган Исмоил эди. Ундан кейин Сорадан Исҳоқ исмли ўғил кўрганлар.

Маккага сафар

Аёллари Ҳожардан чиройли ўғил - Исмоил туғилгач, Аллоҳ Таоло Иброҳим алайҳиссаломга Ҳожар ва Исмоилни олиб, уйни тарк этишни амр қилади. Улар Сафо ва Марва деб аталувчи икки кичик тепалик яқинидаги экин ўсмайдиган кимсасиз водийга етиб келгунча узоқ сафар қиладилар. Бу жойни биз ҳозирда Макка деб биламиз. Ўша даврда Макка қурғоқчилик ҳукм сурган, ташландиқ ва гиёҳ унмайдиган макон эди. Иброҳим алайҳиссалом аёллари ва ўғилларига фақатгина битта чарм халтада бир неча дона хурмо ҳамда сувли мешни қолдириб, уларни тарк этишга буюриладилар.
Иброҳим алайҳиссалом ортга қайта бошлаганларида, Ҳожар онамиз: «Бизларни бирон тириклик ёки бошқа нарса бўлмаган бу водийга ташлаб қаерга кетаяпсиз?» - деб орқаларидан эргашадилар. Ҳожар бу саволни қайта-қайта такрорлайдилар, аммо Иброҳим алайҳиссалом уларга бирон нарса деб жавоб бермайдилар. Шунда Ҳожар: «Аллоҳ сизни шу ишни қилишга буюрдими?» - деб сўрайдилар. Иброҳим алайҳиссалом: «Ҳа», - дейдилар. Шунда Ҳожар: «Ундай бўлса, У бизни бу ерда ҳалок бўлиб кетишимизга йўл қўймайди», - дейдилар. Шу сўзларни айтиб, Ҳожар Иброҳим алайҳиссалом қолдириб кетган жойга қайтиб борадилар.
Иброҳим алайҳиссалом тоғнинг Ҳожар ва Исмоилга кўриниши қийин бўлган тор сўқмоғига етгунча юришда давом этадилар. Ўша ерда тўхтаб, Байтул Ҳаром томонга юзланадилар ва қўлларини кўтариб, мана бу дуони ўқийдилар:
«Эй Раббимиз! Мен зурриётимдан (бир қисмини - ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Эй Раббимиз! (Улар) намозни мукаммал адо этсинлар, деб (шундай қилдим). Бас, Сен ўзинг одамларнинг дилларини уларга мойил қилиб қўйгин ва уларни (барча) мевалардан озиқлантиргин, шояд (шунда) шукр қилсалар» (Иброхим сураси, 37-оят).

Замзам булоғининг очилиши

Кўп ўтмай, ҳали чақалоқ бўлган Исмоил чанқайди ва сув ичишни хоҳлаб йиғлай бошлайди. Ҳожар онамиз нима қилишни билмай, сув қидириб бир у тепаликка, бир бу тепаликка 7 марта югурадилар. Шунда Аллоҳ Таоло мўъжиза содир қилади - Исмоилнинг оёқлари остидаги ердан булоқ отилиб чиқа бошлайди…
Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана бу икки тоғ ўртасида саъй қилишнинг келиб чиқиши мана шундандир», - деганлар.
Ҳожар онамиз бу ҳолатни узоқдан кўриб, югуриб келадилар. Шундай қилиб, уларнинг ҳаётлари сақланиб қолади.

Хос туш

Иброҳим алайҳиссалом ўз ерлари ва қавмларини тарк этганларида Аллоҳ Таолодан солиҳ фарзанд ато этишини сўраган эдилар. Шундан сўнг Аллоҳ Таоло у кишига Исмоил исмли солиҳ фарзанд хушхабарини беради. Исмоил у кишининг тўнғич ўғиллари эди. У Иброҳим алайҳиссалом олтмиш олти ёшга тўлганларида дунёга келган. Исмоил алайҳиссалом ўсиб чиройли бола бўлиб қолган пайтларида Иброҳим алайҳиссалом ўғилларини қурбонлик қилишга буюрилганликлари ҳақида туш кўрадилар. Улар бу туш ҳақида Исмоилга айтиб берадилар.
«У (яъни, Иброҳим алайҳиссалом): «Эй, ўғилчам, мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй (фикр) қилишингни бир ўйлаб кўргин», - деди. Лекин унинг ўғли довюрак бола эди. У отасига деди: «Эй, отажон, сизга (тушингизда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилинг. Иншоаллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсиз» (Соффот сураси, 103-оят).
Аммо Аллоҳ Таоло Иброҳим алайҳиссаломга фарзандларини қурбон қилдирмади. Иброҳим алайҳиссалом қурбонлик учун мўлжалланган жойга етиб келиб, ўғилларининг бўйнига пичоқни қўйганларида Аллоҳ қурбонликни охирига етказишдан тўхтатиб қолди. Шундан сўнг Аллоҳ Таоло унинг ўрнига қурбонликка сўйилиши учун бир жонлиқ юборди.
Аллоҳ Таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг ўз суюкли фарзандини қурбон этишга тайёр эканлигидан шу даражада рози бўлдики, мўминларга бу кунни Ийдул-Азҳо (Қурбонлик байрами) деб нишонлашни буюрди. Ҳар йили бутун дунё мусулмонлари Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳга бўлган иймонларини эслаш учун жонлиқ қурбон қиладилар.

Каъбанинг бунёд этилиши

Иброҳим алайҳиссалом ва уларнинг ўғиллари Исмоил алайҳиссалом Байтуллоҳни (Каъбани) қуришликка буюриладилар ва бу ишни қандай амалга ошириш борасида Аллоҳ Таоло уларга кўрсатма беради. Улар яқин атрофдаги тепаликлардан тош келтириб, ишга киришадилар. Иброҳим алайҳиссалом ушбу муборак макон ва унинг аҳли ҳаққига дуо қиладилар:
«Қачонки, Иброҳим ўз ўғли Исмоил билан биргаликда Уй (Байтуллоҳ) нинг пойдеворини кўтарар эканлар, (шундай дуо қилдилар): «Эй, Раббимиз, биздан (ушбу ишимизни) қабул айла. Албатта Сен эшитувчи ва доно Зотдирсан! Эй, Раббимиз, бизни ўзингга бўйинсунувчи қилгин ва зурриётимиздан ҳам Сенга итоат қиладиган уммат (чиқаргин)! Шунингдек, бизга (ҳажга доир) ибодатларимизни кўрсатиб бер ва тавбаларимизни қабул эт! Албатта Сен тавбаларни қабул этувчи, раҳмли зотдирсан» (Бақара сураси, 127-128-оятлар).
Шунингдек, Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмлари - Макка аҳолиси орасидан Аллоҳнинг динини таълим берадиган пайғамбар туғилишини сўраб дуо қиладилар. Уларнинг дуолари ижобат бўлади - уларга пайғамбар юборилади. Юборилган пайғамбар тили ва ирқидан қатъий назар барча одамларга пайғамбар қилиб юборилган эди. Унинг исми Муҳаммад эди. У Исмоил алайҳиссалом авлодидан бўлиб, барча пайғамбарларнинг муҳри ва Аллоҳнинг бутун инсониятга юборган охирги пайғамбари эди.

Илк ҳаж чақириғи

Аллоҳ Таоло Иброҳим алайҳиссаломга Каъбани у ерда ибодат қилишга келганлар учун поклашни ва одамларни ҳаж қилишга чақиришни амр қилади. Бугунги кунда миллионлаб одамлар ҳар йили пайғамбарлар Иброҳим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлган чақириққа ижобат қилиб бу ерга келадилар.
Ўша замондан буён Ер юзининг турли бурчакларида яшовчи имконият ва саломатлиги яхши бўлган барча мусулмонлар зиммаларига умрларида бир марта ҳаж ибодатини адо этиш фарз қилинган.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.