Admin   05-03-2011, 09:16 PM
#1
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам – мушуклар ҳақида – айтдилар: “Улар нажас эмас, улар – атрофингизда юрадиганлардан”.
Кейин муаллиф (Ибн Ҳажар) раҳимаҳуллоҳ Абу Қатоданинг мушук ҳақидаги ҳадисини зикр қилдилар. Бу мушук (ал-ҳирр) - ал-қитт ёки ал-басс, маълумдир. Агар у идишни яласа, у покдир, (идиш ичидагини) нажас қилмайди, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақда айтдиларки: “У нажас эмас”. Кейин бу (ҳукм)нинг иллатини[1] кўрсатдилар: “У атрофингизда айланадиганлардандир”. Яъни, у инсонлар атрофида уларнинг уйларида кўп бўладиган нарсалардандир. Улардан эҳтиёт бўлиш инсонларга машаққатдир. Лекин Аллоҳ Азза ва Жалаа ўз марҳамати билан унинг нажасини йўқотди ва уни пок қилди. Аллоҳ Азза ва Жалла хоҳлаганича ҳукм қилади. Шунинг учун эшаклар – улар ҳаромдир – ҳаром бўлишидан бир неча вақт олдин пок-тоййиб эди. Ҳаром қилинганида эса ифлос-нажас бўлиб қолди. Аллоҳ Азза ва Жалла хоҳлаганича ҳукм қилади. Аллоҳ мушукнинг ҳам нажасини кўтарди ва у пок бўлиб қолди. Бунинг ҳикмати шундаки, Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло бандаларга қийинчилик қилмайди, чунки У инсонларга Меҳрибон Раҳмлидир. “Улар атрофингизда юрадиганлардан” деган сўзлари ҳақида бу ҳақиқий иллат деб айтилди. Шунга биноан сичқон ва унга ўхшаб уйларда кўп бўладиганлар пок бўлиб қолади. Ҳамда улар идишни яласа, у пок бўлаверади. Ёки идишга тушиб қолиб кейин ундан тирик ҳолда чиқса, пок бўлаверади. “У нажас эмас” деган сўзларидан унинг сийдиги ва ахлати истисно бўлади, чунки у нажасдир. Бунинг сабаби шуки, ейилмайдиган ҳар бир нарсанинг сийдиги ва ахлати нажасдир, гарчи (ўзи) пок бўлса ҳам. Мана бу одам зоти, масалан, ҳаётлик чоғида ва ўлганидан сўнг ҳам покдир, лекин унинг сийдиги ва ахлати нажасдир. Мушуклар ҳам шундай, улар покдир, лекин уларнинг сийдиги ва ахлати нажасдир. Баъзи уламолар мушукларга улардан хилқатда кичикроқ бўлган (ҳайвон)ларни ҳам қўшишди, гарчи улар уйда кам учраса ҳам. Бу фикр заифдир. Чунки биз бунинг иллати хилқат десак, ва (мушук) каби ва ундан кичикроқ бўлган нарсаларгина пок десак, унда шариат очиқ айтган иллатни бекор қилиб ўзимиздан бўлган иллатни исбот қилган бўламиз. Бу эса жоиз эмас. Балки айтилдики: ейиш ҳаром бўлган ва ундан сақланиш қийин бўлган ҳайвонлар покдир, магар ит нажасдир. Чунки Пайғамбар уни очиқ айтиб истисно қилдилар. Аллоҳ тўғри йўлга бошловчидир.
Quote:[1] Таржимон изоҳи. “Иллат” сўзи “усул ал-фиқҳ” илмининг истилоҳи бўлиб, ҳукмнинг сабабига, ҳикматига ўхшаш бўлади, аммо доим ҳам сабаб билан бир хил бўлавермайди. Масалан, қаср намознинг иллатларидан бири – сафар, ҳикмати эса машаққатни даф қилишдир. Баъзан сафарда машаққат бўлмаслиги мумкин, лекин унинг иллати – сафар – мавжуд бўлгани учун ҳукм ўз ўрнида бўлиб тураверади. Яъни иллат – ҳукм унга боғлиқ бўлган нарса. Ёки жума намозининг ғуслига сабаб – покланиш, иллати эса – жума намозига бориш. Жума намозига бормаса (яъни иллат йўқолса), ҳукм (ғусл) соқит бўлади, аммо жума намозига борса-ю (яъни иллат мавжуд бўлса), киши пок (таҳоратли, хушбўйли) бўлса ҳам, ҳукм (ғусл) соқит бўлмайди. Аллоҳ билгувчироқдир. Бу ва бундан кейинги изоҳларда машҳур олимларнинг, кўпроқ Албоний раҳимаҳуллоҳнинг китобларидан фойдаланилди ва уларнинг исмлари баъзан зикр қилиниб, баъзан зикр қилинмаган. Таржимон бир толиби илм бўлиб уларнинг сўзларини нақл қилган холос.

  
Users browsing this thread: 3 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.