Abu Amina   10-05-2011, 08:18 PM
#1
Намозни жамоат билан ўқимаслик катта мункардир

Муаллиф: Аллома Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий
Асл сарлавҳа: التَّهَاوُنُ بِأّدَاءِ صَلاةِ الْجَمَاعَةِ مُنْكَرٌ عَظِيمٌ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм


Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боздан шу мактубни ўқиган барча мусулмонларга. Аллоҳ уларни Ўзи рози бўлган нарсаларга муваффақ айлаб, мени ва уларни Ўзидан қўрққан ва тақво қилган бандалар қаторида қилсин. Омийн.
Саломун алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
Сўнг ...
Менга кўплаб одамларнинг намозни жамоат билан адо этишга лоқайд бўлаётганлари ва бу ҳақда айрим уламоларнинг бераётган қулайликларини ҳужжат қилишаётганининг хабари етди. Ўз навбатида, мен, бу ишнинг хатари катта эканини баён қилишни ўз бурчим деб билдим. Шубҳасиз, бу – катта мункар ва қаттиқ хатардир. Илм аҳллари бундан огоҳлантиришлари, сукут қилиш жоиз бўлмаган даражада очиқ мункардан қайтаришлари керак.
Маълумки, мусулмон Аллоҳ таолонинг Қуръон Каримида, Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса (суннатларида) шаънини улуғлаган нарсага лоқайд бўлмаслиги керак.
Аллоҳ таол Қуръон Каримда намозни кўп эслатди, шаънини кўтарди, уни вақтида ўқиш ва жамоат билан адо этишга буюрди. Аллоҳ таоло намозга дангасалик қилиш ёки лоқайд бўлишни мунофиқлар сифатидан ҳисоблади. Аллоҳ таоло Қуръон Каримида шундай деди:

حَافِظُوا عَلَى الصَّلَوَاتِ وَالصَّلَاةِ الْوُسْطَى وَقُومُوا لِلَّهِ قَانِتِينَ

«Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар — ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйинсунган ҳолда туринглар!» (Бақара: 138).

Одамлар намозни дўстлари билан адо этмаган ва у ҳақда лоқайд бўлган банданинг намозни ўз вақтида адо этгани ва уни улуғлаганини қандай билишлари мумкин?! Ҳолбуки Аллоҳ таоло:

وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآَتُوا الزَّكَاةَ وَارْكَعُوا مَعَ الرَّاكِعِينَ

«Намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг ва руку қилгувчилар билан бирга руку қилинг»– демоқда (Бақара: 43).

Ушбу оят карима намознинг жамоат билан ўқилиши ва мусулмонлар билан бирга намозларида иштирок этишнинг вожиблигини ифодаламоқда. Агар мақсад намозни ўқиб қўяверишлик бўлса эди, оятнинг: «рукуъ қилгувчилар билан бирга рукуъ қилинг!» деб тугалланишидаги очиқ ҳикмат кўринмай қолган бўлар эди. Чунки Аллоҳ таоло оятнинг бошида намозни тўкис ўқишга амр қилди.
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда шундай деди:

وَإِذَا كُنْتَ فِيهِمْ فَأَقَمْتَ لَهُمُ الصَّلَاةَ فَلْتَقُمْ طَائِفَةٌ مِنْهُمْ مَعَكَ وَلْيَأْخُذُوا أَسْلِحَتَهُمْ فَإِذَا سَجَدُوا فَلْيَكُونُوا مِنْ وَرَائِكُمْ وَلْتَأْتِ طَائِفَةٌ أُخْرَى لَمْ يُصَلُّوا فَلْيُصَلُّوا مَعَكَ وَلْيَأْخُذُوا حِذْرَهُمْ وَأَسْلِحَتَهُمْ

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон сиз (жанг майдонида) мўминлар орасида бўлиб, уларга имом бўлган ҳолда намоз ўқимоқчи бўлсангиз, улардан бир тоифаси қуролланган ҳолларида сиз билан намозга турсинлар. Бас, қачон сажда қилишгач (яъни намознинг бир ракаатини ўқиб бўлишгач), орқаларингга бориб, (сизларни қўриқлаб) турсинлар ва ҳали намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб сиз билан бирга намоз ўқисинлар. Улар ҳам эҳтиёт чораларини кўриб, қуролланиб олсинлар» (Нисо: 102).

Аллоҳ таоло намозни жанг майдонида ҳам, хатар кучайган пайтда ҳам жамоат билан ўқишга амр қилди. Шундай экан, тинчлик ҳолатида қандай бўлиши мумкин?! Агар жамоат билан ўқимасликка рухсат берилса душман, қаршисида саф тортган ва душман ҳужуми оқибатида ҳаёти хатарда бўлган жангчига жамоат билан ўқимасликка рухсат берилган бўлар эди. Бундай ҳолат рўй бермаган экан, маълум бўлмоқдаки, намозларни жамоат билан ўқиш энг муҳим вожиблардан бири бўлиб, бирон кимсага ундан кечикиш мумкин эмасдир.
Икки «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан нақл қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен намозга буюриш, унга иқомат айтилиш ва бир кишини одамлар билан намоз ўқишга буюриб, ўзим билан бирга ўтин боғларини кўтарган одамлар билан (жамоат) намоз(и)га келмаган одамларнинг устларидан уйларини ёқиб юборишга қасд қилдим»» (Имом Бухорий 6683; Имом Муслим 1041).
Имом Муслимнинг «Муснад»ида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уй ичида болалар ва хотинлар бўлмаса эди, устларидан ёқиб юборар эдим»– деганлар (Имом Аҳмад 8441).
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг шундай дегани ривоят қилинади: «Мен ичимиздан намозга мунофиқлиги ёки беморлиги аниқ бўлган одамгина келмаганини кўрар эдим. (Юра олмаган) бировни икки киши қўлтиқлаб олиб келар ва сафга тургизиб қўяр эди» (Имом Муслим 1045).
Яна Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга ҳидоят йўлларини ўргатар эдилар. Азон айтилган масжидда намоз ўқиш – ҳидоят йўлларидан биридир» (Имом Муслим 1045);
«Эртага Аллоҳга мусулмон бўлиб дуч келишидан севинган одам, бу намозларни азон айтилган жойда ўқишга аҳамият берсин. Чунки Аллоҳ Пайғамбарингизга ҳидоят йўлларини ўргатди. Намозлар(ни масжидларда ўқиш) ҳидоят йўлларидандир. Агар сизлар намозга кечиккан одам сингари, намозни уйларингизда ўқисангиз Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилган бўласиз. Агар Пайғамбарингизнинг суннатини тарк қилсангиз – адашасиз! Таҳорат олган ва таҳоратини тўкис қилган, сўнгра масжидлардан бирига равона бўлган кишига босган ҳар бир қадами учун битта яхшилик ёзилиб, бир мақоми кўтарилади. Мен ичимиздан намозга мунофиқлиги ёки беморлиги аниқ бўлган одамгина келмаганини кўрар эдим. (Юра олмаган) бировни икки киши қўлтиқлаб олиб келар ва сафга тургизиб қўяр эди»» (Имом Муслим 1046).
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ушбу ривоят ҳам бор: «Кўзи сўқир одам келиб: Ё Расулуллоҳ, менинг масжидга олиб келадиган йўлбошчим йўқ. Уйимда намоз ўқишимга рухсат борми?,– деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Намозга чақирган азонни эшитасанми?»– дедилар. У одам: Ҳа,– дегач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундай бўлса, ижобат қил!»– дедилар» (Имом Муслим 1044).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган: «Азонни эшитиб намозга келмаган одамнинг узри бўлмас экан, намози намоз эмасдир» ҳадиси ҳам бор (Термизий 201; Ҳоким 895).
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳуга: «Узр нима?»– деб савол берилганида: «Хавф–хатар ва касаллик»– деб жавоб берди (Абу Довуд 464).
Намозни жамоат билан Аллоҳ исми зикр қилиниши ва балан товушда юксалиши учун рухсат берилган масжидлардан бирида ўқишнинг вожиблигига далаолат қилган ҳадислар жуда ҳам кўп. Ҳар бир мусулмон Аллоҳ ва расулининг амрига итоат ва Аллоҳ таоло пасткашликлар билан, хусусан, намозга дангасаликлари билан тавсифлаган мунофиқларга ўхшаб қолишдан йироқ туриши учун, бунга қаттиқ аҳамият бериши ва шошилиши, ўғиллари, оиласи, қўшнилари ва барча мусулмонга жамоат билан намоз ўқишни васият қилиши керак. Аллоҳ таоло айтди:

إِنَّ الْمُنَافِقِينَ يُخَادِعُونَ اللَّهَ وَهُوَ خَادِعُهُمْ وَإِذَا قَامُوا إِلَى الصَّلَاةِ قَامُوا كُسَالَى يُرَاءُونَ النَّاسَ وَلَا يَذْكُرُونَ اللَّهَ إِلَّا قَلِيلًا • مُذَبْذَبِينَ بَيْنَ ذَلِكَ لَا إِلَى هَؤُلَاءِ وَلَا إِلَى هَؤُلَاءِ وَمَنْ يُضْلِلِ اللَّهُ فَلَنْ تَجِدَ لَهُ سَبِيلًا


«Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар.— Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир.— Ва қачон намозга турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни камдан-кам ёдга оладилар. Улар на уёқлик, на буёқлик бўлмай икки орада сарсон ҳолда қолганлар. Кимники Аллоҳ йўлдан оздирса сиз унга бирон йўл топиб бера олмайсиз» (Нисо: 142, 143).

Намозни жамоат билан ўқишдан кечикиш, намозни бутунлай тарк қилишга олиб борадиган энг катта омиллардан биридир. Маълумки, намоз ўқишни тарк қилиш – куфр, залолат ва Ислом доирасидан чиқиш, демакдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларини айтганлар: «Киши билан ширк ва куфр ўртасидаги фарқ – намозни тарк қилишдир» (Имом Муслим 72. Жобир ибн Абудллоҳ разияллоҳу анҳу ривояти);
«Биз билан у (мушрик ва кофир)лар ўртасидаги фарқ – намоз (ўқиш)дир. Ким намозни тарк қилса, кофир бўлибди» (Имом Аҳмад 21859; Термизий 2545). Бу ҳадисни Имом Аҳмад ва тўрт «Сунан» муаллифлари саҳиҳ санад билан нақл қилганлар.
Намознинг шаъни, уни Аллоҳ машруъ қилганидек тўкис ўқиш ва уни тарк қилишдан огоҳлантирган оят ва ҳадислар жуда ҳам кўп. Ҳар бир мусулмон намозларни ўз вақтида ва Аллоҳ жорий қилганидек ҳамда мусулмон биродарлари билан бирга, Аллоҳ таоло ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш ва ғазаби ҳамда аламли азобидан сақланиш нуқтаи назаридан, масжидларда ўқиши керак.
Ҳақиқат ошкор бўлиб далиллари намоён бўлгач, бирон кишининг фалончи ёки пистончининг гапига суяниб ҳақиқатдан воз кечиши жоиз эмас. Чунки Аллоҳ таоло шундай деган:

فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ إِنْ كُنْتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ ذَلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا


«Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59);

فَلْيَحْذَرِ الَّذِينَ يُخَالِفُونَ عَنْ أَمْرِهِ أَنْ تُصِيبَهُمْ فِتْنَةٌ أَوْ يُصِيبَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ


«(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63).

Жамоат билан ўқилган намознинг талайгина манфаатлари бўлиб, уларнинг ҳаммага аниқ бўлгани: ўзаро танишув, эзгулик ва тақво асосида ҳамкорлик, ҳақиқатга ва ҳақиқат узра устивор туришга васиятлашиш, намозга кечиккан одамни эртароқ келишга рағбатлантириш, жоҳилга таълим бериш, мунофиқларни қийратиш ва уларнинг йўлларидан йироқ бўлиш, Аллоҳнинг анъаналарини одамлар орасида ёйиш, Аллоҳ йўлига тил ва амал билан чорлаш ва бошқа кўплаб фойдалар бордир.
Айрим одамлар кечаларни бедор ўтказиб, бамдод намозидан кеч қоладилар. Айримлари эса ҳуфтон намозига кеч қоладилар. Шубҳасиз, булар – мункар ва Аллоҳ таолонинг қуйидагича тавсифлаган душманлари – мунофиқларга ўхшашликдир:

إِنَّ الْمُنَافِقِينَ فِي الدَّرْكِ الْأَسْفَلِ مِنَ النَّارِ وَلَنْ تَجِدَ لَهُمْ نَصِيرًا

«Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз!» (Нисо: 145);

الْمُنَافِقُونَ وَالْمُنَافِقَاتُ بَعْضُهُمْ مِنْ بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمُنْكَرِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمَعْرُوفِ وَيَقْبِضُونَ أَيْدِيَهُمْ نَسُوا اللَّهَ فَنَسِيَهُمْ إِنَّ الْمُنَافِقِينَ هُمُ الْفَاسِقُونَ • وَعَدَ اللَّهُ الْمُنَافِقِينَ وَالْمُنَافِقَاتِ وَالْكُفَّارَ نَارَ جَهَنَّمَ خَالِدِينَ فِيهَا هِيَ حَسْبُهُمْ وَلَعَنَهُمُ اللَّهُ وَلَهُمْ عَذَابٌ مُقِيمٌ


«Мунофиқ эркаклар ва мунофиқ аёллар бир-бирларидандирлар (яъни, кофирликда бир-бирларига ўхшайдилар). Улар ёмонликка буюрадилар, яхшиликдан тўхтатадилар ва (Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилишдан) қўлларини (ўзларини) тиядилар. Улар Аллоҳни унутишгач, Аллоҳ ҳам уларни унутди. Албатта, мунофиқлар ҳақиқий фосиқ-итоатсиздирлар. Аллоҳ мунофиқ ва мунофиқаларга ҳамда кофирларга улар абадий қоладиган жаҳаннам оташини ваъда қилдики, ўша улар учун етарлидир. Аллоҳ уларни лаънатлади. Улар учун доимий азоб бордир» (Тавба: 67, 68);

وَمَا مَنَعَهُمْ أَنْ تُقْبَلَ مِنْهُمْ نَفَقَاتُهُمْ إِلَّا أَنَّهُمْ كَفَرُوا بِاللَّهِ وَبِرَسُولِهِ وَلَا يَأْتُونَ الصَّلَاةَ إِلَّا وَهُمْ كُسَالَى وَلَا يُنْفِقُونَ إِلَّا وَهُمْ كَارِهُونَ • فَلَا تُعْجِبْكَ أَمْوَالُهُمْ وَلَا أَوْلَادُهُمْ إِنَّمَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيُعَذِّبَهُمْ بِهَا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَتَزْهَقَ أَنْفُسُهُمْ وَهُمْ كَافِرُونَ


«Қилган инфоқ-эҳсонлари (Аллоҳ даргоҳида) қабул қилинишидан тўсган нарса фақат уларнинг Аллоҳ ва унинг пайғамбарига иймон келтирмаганлари, намозга фақат эринган ҳолларидагина келишлари ва ўзлари истамаган ҳолларидагана инфоқ-эҳсон қилганликларидир. Бас, сизни уларнинг молу дунёлари ва бола-чақалари қизиқтирмасин! Чунки Аллоҳ ўша нарсалар сабабли ҳаёти дунёда уларни азоб-уқубатга солишни ва кофир бўлган ҳолларида, жонлари чиқишини истайди, холос» (Тавба: 54, 55).

Ҳар бир мусулмон эркак ва аёлнинг ўша мунофиқларга сўзлари ва амаллари, намозга дангасаликлари, бамдод ва ҳуфтон намозларидан кечикишларида ўхшаб қолишидан ҳамда улар билан бирга Қиёмат кунида қайта тирилмаслиги учун эҳтиёт бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Мунофиқларга энг оғир бўлган намоз – бамдод ва ҳуфтон намозларидир. Улар у икки намоздаги савобларни билсалар эди, эмаклаб бўлсада келган бўлар эдилар» деб айтган ва муттафақун алайҳ бўлган ҳадис ривоят қилинган (Имом Бухорий 617; Имом Муслим 1041).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бир қавмга ўхшаса, бас, у, улардан биридир» (Абу Довуд 3512; Имом Аҳмад 4868. Имом Аҳмад (раҳимаҳуллоҳ) яхши санад билан Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилди).

Аллоҳ таоло мени ва сизларни Ўз ризоси ҳамда дунё ва охират салоҳиятига муваффақ қилсин.

Аллоҳ барчамизни нафсимизнинг шумлиги, амалларимизнинг ёмони ҳамда кофир ва мунофиқларга ўхшаб қолишдан асрасин. Дарҳақиқат Аллоҳ саховатпеша ва қўли очиқ Зотдир.
Вассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.


Манба Admin томонидан ўчирилди
This post was last modified: 10-06-2011, 10:20 PM by Abu Amina.

Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?(Бакара-44).
  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.