Admin   09-08-2010, 02:12 AM
#1
Ифтор

Рўзанинг мустаҳаб бўлган одобларидан бири – кун ботиши билан ифтор қилишга (яъни оғиз очишга) шошилишдир. Куннинг ботгани кўз билан кўриш ёки азон ва шу каби ишончли хабар билан билинади. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамлар модомики ифтор қилишга шошилар эканлар, яхшилик узра бўлаверадилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Парвардигор азза ва жалладан ривоят қилган ҳадиси қудсийда шундай дейилади: «Бандаларим ичида Менга энг суюкли бўлганлари ифтор қилишга шошилувчироқларидир» (Имом Аҳмад ва имом Термизий ривояти).
Ифтордаги суннат – оғизни рутоб (янги пишган хурмо) билан очишдир. Агар рутоб бўлмаса тамр (қуруқ хурмо) билан, у ҳам бўлмаса сув билан очилади. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқишдан аввал бир неча рутоб билан ифтор қилар эдилар. Агар у бўлмаса тамр билан, у ҳам бўлмаса бир неча қултум сув билан ифтор қилар эдилар» (Имом Аҳмад, имом Абу Довуд ва имом Термизий ривоятлари).
Агар рутоб ҳам, тамр ҳам, сув ҳам бўлмаса, топган ҳалол таом ё ичимлиги билан ифтор қилаверади. Агар ейиш-ичишга ҳеч нарсаси бўлмаса, дили билан ифторга ният қилади, баъзи авом кишилар қилганидек бармоғини сўрмайди ёки тупугини тўплаб ютмайди.
Оғиз очиш пайтида ўзи истаган дуоларини қилиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рўзадорнинг ифтори пайтида рад қилинмас дуоси бўлади», деганлар (Ибн Можа ривояти, исноди саҳиҳ).
Муоз ибн Зуҳрадан ривоят қилинган марфуъ ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ифторлари пайтида: «Эй Парвардигор, Сен учун рўза тутдим ва Сен берган ризқ билан ифтор қилдим», дердилар (Абу Довуд ривояти).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ифтор қилган пайтларида: «Чанқоқ қонди, томирлар ҳўлланди ва ажр собит бўлди, иншааллоҳ», дердилар (Абу Довуд ривояти).

Admin   09-08-2010, 02:15 AM
#2
Радиодаги азонни эшитиб рўзани очиш

Савол: Рўзадор рўзасини очиш учун муаззиннинг азонига қулоқ бериши керакми ёки радио азонигами?
Жавоб: Агар муаззин қуёшни кўра туриб азон айтадиган ишончли одам бўлса, биз муаззин азонига қараб оғзимизни очамиз. Чунки у, ҳиссий воқеълик – қуёшнинг ботишини ўз кўзи билан кўриб азон айтмоқда.
Агар у қуёшнинг ботганини кўрмай азон айтадиган бўлса, бизнинг фикримизча, радиодаги азонга қараб оғиз очиш тўғриликка яқиндир. Чунки соатлар фарқли бўлиб, радио азонига тобеъ бўлиш авло ва эҳтиётлироқдир.

  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.