Admin   11-06-2010, 08:10 AM
#1
Қурбонлик куни

Бу куннинг бир қанча улуғ фазилатлари бор. У ҳажжул акбар куни, йил давомидаги энг афзал кун. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таборака ва таоло наздида энг улуғ кун - қурбонлик кунлари …» (Абу Довуд ривоятлари). Қурбонлик куни (яъни Қурбон ҳайит куни) ана шу хусусияти билан Рамазон ҳайитидан афзалдир. Чунки унда намоз ва қурбонлик жам бўлган. Ўзга миллатлар байрамларини ўйин-кулгу, маишатбозлик, исрофгарчилик ва бекорчилик билан ўтказадилар. Бироқ, Ислом ҳар иккала ҳайитни тоат-ибодат ранги билан зийнатлади. Мўминлар Аллоҳга шукроналар айтиб, бу кунни байрам қиладилар. Қурбонлик кунида намоз, такбир, қурбонликларни сўйиш ва ҳаж амаллари адо этилади. Бошқалар бу кунни ўйин-кулги билан беҳуда ўтказсалар, тақво эгалари Аллоҳ ризолигини топиш учун ушбу фурсатни ҳам ғанимат биладилар. Улуғ кунларни бесамар ва ўзимизга зиён бўладиган қилиб ўтказишдан Аллоҳ асрасин!

Қурбонлик кунида содир бўладиган хатолар:
Ҳайит намозига чиқмаслик улкан хатолардан биридир. Айримлар ҳайит намозига мутлақо чиқмайдилар. Наҳот шундай улуғ кунга нисбатан мусулмонларнинг муносабати шу қадар ёмон бўлса?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Аллоҳ наздидаги энг улуғ кун Қурбонлик кунидир, сўнг ундан кейинги кундир!»
Баъзилар намоздан сўнг қурбонлик сўйишни мўлжал қилиб, сўйиб бўлганимдан сўнг сартарошга кираман, ҳаммом қабул қиламан, деб ҳайит намозига эски-туски кийимларни кийиб чиқадилар. Бу - хато. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тақлид қилиб, ҳайит намозига янги либосларни кийиб, ҳушбуй атирларни сепиб чиқмоқлари лозим. Абдуллоҳ ибн Умар икки ҳайитда энг яхши кийимларини кияр эдилар. Айрим салафлар ҳайит намозига чиқишдан аввал ғусл қилганлар.
Ҳайит намозидан олдин (фақат Қурбон ҳайитида) ҳеч нарса емаслик афзал. Негаки, Қурбонлик куни киши энг аввало ўзининг қурбонлик гўштидан емоғи суннатдир. Ибн Қаййим ал-Жавзийя айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурбон ҳайити куни намоздан қайтгунларига қадар ҳеч нарса емасдилар. Ҳайит намози ўқилгач, қилган қурбонликлари гўштидан еяр эдилар».
Намозга қодир бўла туриб ҳайит намозига чиқмаслик - катта хатодир. Аксинча, модомики қодир эканлар, катта-ю кичик, эркагу аёл - барча-барча намозгоҳга тўпланиб, суннатга тўла-тўкис амал қилиб ҳайит намозини адо этмоқлари ўринлидир.
Мусулмонлар имом хутбасига қулоқ солиб улкан фазлга эга бўладилар. Шу боис хутбага ҳам беэътибор бўлмоқ ножоиздир.
Ҳайит намозига чиқувчилар намоз ўқиладиган жойга бир кўчадан борсалар, қайтишда бошқа кўчадан юрмоқлари - суннат.
Ҳайит куни мўминлар бир-бирларини зиёрат қилиб, байрам билан қутлаб, яхши тилаклар айтмоғи шариатда мустаҳаб саналади. Намозхонлар бир-бирларига «Аллоҳ сизу биз - барчамизнинг амалларимизни қабул қилган бўлсин!» каби хайрли сўзларни айтадилар.
Ҳайит куни марҳум қон-қариндошларнинг қабрлари зиёратига бормоқ бидъатдир. Чунки бу амални Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, асҳоби киромлар ҳам қилмаганлар. Ҳолбуки, улар хайрли ишларда ҳамиша биринчи бўлганлар, марҳумлар учун ниманинг фойдаси бору ниманики йўқлигини биздан яхшироқ билганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким мана шу ишимизда (яъни бу динда) аслида унда бўлмаган бир ишни чиқарса, бас, унинг ушбу амали ўзига қайтарилади». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Менинг қабримни ийд қилиб олманглар», - дедилар. Ийд - йил, ой, ҳафта ёки шу каби маълум муддатда одатий равишда маълум нарса атрофида тўпланишдир.
Аллоҳ Таоло барчамизга Ўзи тавфиқ берсин!

Admin   11-06-2010, 08:24 AM
#2
Ийдул-Фитр ва Ийдул-Азҳо куни рўза тутиш

Абу Саид ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни (яъни Ийдул-Фитр) ва Наҳр куни (яъни Қурбонлик қилинадиган кун - Ийдул-Азҳо куни) рўза тутишдан қайтардилар» (Бухорий 3/280, Муслим 5/577).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мен сизларни Фитр ва Наҳр (Қурбонлик қилинадиган кун) байрам кунлари рўза тутишдан қайтараман» (Абу Яъло. Саҳиҳ ҳадис. «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 2517).
Имом Нававий ва шайх Сиддиқ Ҳасанхон дедилар: «Фитр ҳамда Наҳр байрам кунлари рўза тутиш ҳаром эканлигига уламолар ижмо қилдилар» («Шарҳ Саҳиҳ Муслим» 8/15, «ар-Равдату-ннадийя» 1/566).

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.