Инсон   05-29-2014, 05:46 PM
#1
Шумланишлик борасида келган (ҳужжат)лар ҳақидаги боб

Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: “Огоҳ бўлсинларки, албатта уларнинг ризқу насибалари фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин уларнинг кўплари (буни) билмайдилар”. (Аъроф: 131).
Ва ушбу қовли: “(Элчилар) айтдилар: «Бадгумонингиз ўзларингиз биландир (яъни бизлардан эмас, балки ўзларингизнинг куфрларингиздан бадгумон қилинглар)...”. (Ясин: 19).
Шайх раҳимаҳуллоҳнинг ушбу қавлларига келсак: “Шумланишлик борасида келган (ҳужжат)лар ҳақидаги боб”. Яъни, шумланишлик ҳақида ворид бўлган ваъид ва унинг ширк экани баёни ҳақида.
Ушбу бобнинг олдингисига боғлиқлиги шуки, бу ўринда ширк турларидан бири ҳамда тавҳидга путур етказувчи ботил эътиқод баён қилинади.
Шайх раҳимаҳуллоҳ ушбу китобда тавҳиднинг ҳақиқати ва уни бузувчи нарсалар ёки уни нуқсонлаштирадиган ботил ақида, сўз ва амалларни ёдга олади. Шумланишлик шулар жумласидандир.
Маълум бир нарсалардан шумланишлик, инсонга улардан бирор ёмонлик етади деб эътиқод қилишликдир.
У (шумланишлик)нинг асли қушдан олинган. Чунки улар жоҳилиятда қуш ва уларнинг учиши сабаб шумланардилар. Агар уни ўзларининг наздидаги хос бир томонга учганини кўрсалар, ундан шумланардилар. Ҳамда азму қарор қилган сафар ёки никоҳ ёҳуд бошқа нарсаларидан қайтардилар. Сўнг бу умумий тус олди ва ҳар бир нарсадан шумланадиган бўлиб қолдилар. Натижада жой, одам, ҳайвон ва ҳар бир нарсадан шумланардилар.
Бироқ шумланишликнинг асли қушдан олинган. Чунки улар жоҳилиятда қушнинг ҳаракати, учиши, қанот қоқиши, учган томони ва бундан бошқа нарсаларида шумланардилар.
У, жоҳилий ақида. Балки у қадимги халқларда ҳам мавжуд. Мана Фиръавн қавми Мусо (алайҳиссалом) ва у киши билан бирга бўлганлардан шумландилар. Яъни, Мусо (алайҳиссалом) ва у киши билан бирга бўлган мусулмонлардан бадгумонда бўлдилар. Аллоҳ таоло деди: “Шундан кейин ҳам қачон уларга яхшилигимиз (осойишта ҳаёт, унумдорлик) келса: «Бунга ўзимиз ҳақдормиз», дейишди”. (Аъроф: 131). Ўз ҳатти-ҳаракатимиз билан Аллоҳдан шу нарсаларга ҳақли бўлдик. Биз бунга лойиқмиз, (дедилар). Ва у, Аллоҳ таоло томонидан фазлу марҳамат эканини тан олмадилар. Балки буни ўзларининг (шунга) мустаҳиқ ва улар аҳли хайр эканликлари сабабли ушбу нарсаларга эришганликларига нисбат бердилар. Қаҳатчилик йилларида уларга етган яхшиликлар ҳақида: бу, бизнинг амал, сифат ва ҳатти-ҳаракатларимиз сабабли, дедилар. Аллоҳнинг уларга берган нематини инкор қилдилар. “Агар уларга бирон ёмонлик етиб қолса”. (Аъроф: 131). Бу ўринда “Ёмонлик”дан мурод: ҳосилсизлик, ёмғир ёғмаслиги, қудуқлар қуриб қолиши ва ҳосилга талофат етиши. Улар буни Мусо алайҳиссалом ва у киши билан бирга бўлган мўминларга нисбат бериб: бу бизга етган нарса улар сабаблидир, дердилар. Ва одамларнинг энг яхшисидан шумланардилар, Аллоҳ сақласин.
Аслида эса Мусо (алайҳиссалом) ва у киши билан бирга бўлган мўминлар яхшилик ва барака сабабидир. Чунки Пайғамбарлар алайҳимуссалоту вассалам ерни тоат билан ислоҳ қиладилар. Натижада Аллоҳ таоло айтганидек хайр нозил бўлади: “Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) ахли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик. Лекин улар (пайғамбарларимизни) ёлғончи қилдилар, бас, уларни ўзлари қилган гунохлари сабабли ушладик”. (Аъроф: 96).
Мўминлар яхшилик сабабчиларидир, жоҳилият аҳли ўйлагани каби ёмонлик сабабчилари эмас. Балки ёмонлик сабабчилари осий, мушрик ва кофирлардир. Ер аҳлига етаётган офат ва мусибатлар сабабчиси итоатсиз кимсалардир. Унга етаётган яхшиликлар Аллоҳнинг фазли билан бўлиб, унинг сабабчилари тоат, салоҳият ва тақво аҳлидир. Шунинг учун ер юзи замон охирида солиҳ кишилардан холий қолганда қиёмат қоим бўлади ва дунё хароба бўлади. “Ер юзида Аллоҳ, Аллоҳ дейдиган киши бор экан қиёмат қоим бўлмайди”. (Муслим (148), Термизий (2207) ва Аҳмад (3/107)). “Қиёмат фақат энг ёмон халқлар устига қоим бўлади”. (Муслим (1924)). Ер юзи солиҳлардан холий бўлганда қиёмат қоим бўлади. Модомики солиҳ кишилар мавжуд экан, батаҳқиқ, Фиръавн хонадони Расуллар алайҳимуссалоту вассалам борасида шумланишлик эътиқодига акс равишда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ер аҳлига улар бор экани сабабли хайр ва баракалар туширади.
Шунингдек, Самуд (қавми) Солиҳ алайҳиссаломдан уларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг йўлига даъват қилганларида шумландилар. “Улар дедилар: «Бизлар (бошимизга тушган очарчилик-қаҳатчилик) сенинг ва сен билан бирга бўлган (мўминларнинг) шумқадамлигидан деб билдик»”. (Намл: 47).
Шунингдек, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ясин сурасида зикр қилган қишлоқ аҳли Расуллар келганда (шумландилар). Аллоҳ таоло деди: “(Эй Муҳаммад), сиз уларга (Антокия) қишлоғининг аҳлини — у жойга элчилар келган пайтини мисол келтиринг! Ўшанда Биз уларга икки (элчини) юборганимизда, у иккисини ёлғончи қилишгач, учинчи (элчи) билан қувватлантирдик. Бас (уччала элчи Антокия аҳлига): “Дарҳақиқат биз сизларга (юборилган) элчилармиз”, деган эдилар. Улар: «Сизлар ҳам худди ўзимизга ўхшаган одамларсиз. Рахмон (яъни Аллоҳ) бирон нарса – ваҳий нозил қилгани йўқ. Сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасизлар», дедилар. (Элчилар) айтдилар: “Парвардигоримиз билурки, бизлар шак-шубҳасиз сизларга (юборилган) элчилардирмиз. Ва бизларнинг зиммамизда (Аллоҳнинг ваҳийсини сизларга) очиқ-равшан етказиш бордир”. Улар дедилар: «Ҳақиқатан бизлар сизлар ҳақингизда бадгумондамиз”. (Ясин: 13-18). Яъни, сизлардан шумландик ва бизга бирор яхшилик олиб келмадингиз. “Қасамки, агар (бу сўзларингизни) тўхтатмасангизлар албатта сизларни тошбўрон килурмиз ва сизларга биз томондан бир аламли азоб етар»”. (Ясин: 18). Расулларга таҳдид қилиб: сизлардан фақат ёмонлик кўрдик, дедилар.
Расуллар уларга раддия бериб: “(Элчилар) айтдилар: «Бадгумонингиз ўзларингиз биландир (яъни бизлардан эмас, балки ўзларингизнинг куфрларингиздан бадгумон қилинглар)”. (Ясин: 19). Яъни, сизларга етган нарса-(офат)га сабаб ўзларингиздир. Чунки унинг сабаби сизлардан содир бўлаётган гуноҳ, маъсият ва куфр. Демак, ўзларингиз сабабчи. Бизлар эса яхшилик сабабчиларимиз. Биз Аллоҳнинг ҳузуридан сизларга келган Расуллармиз. Агар бизга итоат қилсангиз яхшиликка эришасизлар. Бу, уларга раддиядир. Бу ўринда ёмонлик ва бахтсизлик сабаби маъсият, Аллоҳга куфр ва ширк келтиришлик экани баён қилинди.
Шунингдек, мушриклар Расулларнинг сўнгиси ва энг афзали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шумландилар. Аллоҳ таоло айтганидек у кишидан шумландилар: “Агар уларга бирон яхшилик етса, «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан», дейдилар. Бордию бирон ёмонлик етиб қолса, «Бунга сен сабабсан», дейдилар.”. (Нисо: 78). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилардилар. “Агар уларга бирон яхшилик етса”. (Нисо: 78). Яъни, яхшилик, унумдорлик, ҳосилдорлик. “Бу Аллоҳнинг ҳузуридан", дейдилар. Ҳа, тўғри. У, Аллоҳнинг ҳузуридан. Уни туширган Аллоҳдир. “Бордию бирон ёмонлик етиб қолса”. (Нисо: 78). Қаҳатчилик, қурғоқчилик ва ризқу-рўз камайиши. “«Бунга сен сабабсан», дейдилар”. (Нисо: 78). Бунга сен ва издошларинг сабабчидир, эй Муҳаммад! “Айтинг: «Ҳамма нарса Аллоҳдандир»”. (Нисо: 78). Бари Аллоҳнинг қазои-қадари билан. Унумдорлик ва яхшилик, қурғоқчилик ва қаҳатчиликнинг бари Аллоҳнинг ҳузуридан, Унинг қазои-қадари биландир. Бироқ унумдорлик ва яхшилик сабаби тоатлар. Қурғоқчилик, қаҳатчилик ва ёмғир ёғмай қўйишига сабаб эса гуноҳ ва маъсиятлардир.
Сабаб одам боласи томонидан бўлади. Тақдир қилувчи эса Аллоҳ таолодир. У Яратувчи, йўқдан бор қилувчидир, субҳанаҳу ва таоло. Ҳар бир кишига амалига яраша ато қилади. Яхшилик қилувчига яхшилик қилади. Ёмонлик қилувчини эса хоҳлаганда азоблайди, субҳанаҳу ва таоло. Демак, ишнинг бари Аллоҳнинг Қўлида.
Хулоса шуки, шумланишлик жоҳилий одат бўлиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уни Фиръавн қавми, Самуд, Ясин асҳоблари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юборилган жоҳилият аҳлидан иборат кофир халқлар ҳақида зикр қилди. У (жоҳилият аҳли) у кишига (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга) иймон келтирмадилар. Балки у кишидан шумландилар.
Бу жоҳилий одат одамларда қиёмат кунигача мудом мавжуд бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Касаллик юқиши йўқ. Шумланишлик-(бадгумон қилишлик) йўқ. Бойўғли (сабабли шумланишлик) йўқ. Ва Сафар ойи (кириши билан шумланишлик) йўқ”. Иккилари ривоят қилди. (Бухорий (4/47), Муслим (4/1743)). Муслим (ушбуни) зиёда қилди: “Юлдузлар (билан шумланишлик) йўқ. Ва ажина-(турли тусга кирадиган шайтонлардан шумланишлик) йўқдир”. (Муслим (4/1743)).
“Касаллик юқиши йўқ”. “Касаллик юқиши”дан мурод: касалликни шахсдан шахсга ёки ҳайвондан ҳайвонга ёҳуд макондан маконга кўчиши.
Касаллик (бир) ўриндан (бошқа бир) ўринга ўтади. Касалдан соғ одамга ўтади. Қўтир (ҳайвон)дан соғломига ўтади. Бу, мавжуд нарса.
Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни инкор қилмаяптилар. Балки, касаллик Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг тақдирисиз ўзи юқади дея жоҳилият аҳли эътиқод қилганларини инкор қиляптилар. Касаллик юқиши – соғлом касалга яқин келиши сабабли бир ўриндан бошқа ўринга кўчиши. Уни тақдир қилувчи эса Аллоҳ таолодир. Гоҳида соғлом касалга яқинлашади ва унга бирор нарса етмайди. Гоҳида эса яқин келади ва (касаллик) етади. Сабаб шуки, бу, Аллоҳга қайтади. У субҳанаҳу ва таоло хоҳласа ушбу касаллик юқади ва агар хоҳламаса юқмайди.
Касалга яқин келиш ёки вабо тарқалган жойга боришликнинг ўзи, бу сабабдир. Юқишликка келсак, бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Қўлида. Гоҳида инсон вабо тарқалган ерга киради ва касалга чалинмайди. Гоҳида касал одам соғ киши ҳузурига тушади ва у касалга чалинмайди. Гоҳида касал соғлом одамнинг ёнида ухлайди ва касаллик юқмайди. Гоҳида эса юқади. Икки ҳолат ўртасини ажратишлик йўли нима? Ажратишлик йўли шуки, бу, Аллоҳ таолонинг хоҳишига қайтади.
Жоҳилият аҳлига келсак, улар бунинг фарқига бормасдилар. Балки уларнинг наздида касаллик ёки касалга яқин борган ҳар бир кишига касал юқади. Ва буни Аллоҳнинг қазои-қадарига нисбат бермасдилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога таваккул қилмасдилар. Шумланиш, бадгумонлик ва касаллик юқиши борасида ҳаддиларидан ошардилар ва кулгили ишларни қилардилар.
У киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Касаллик юқиши йўқ”, қавллари жоҳилият аҳли эътиқод қўйган нарсани назарда тутади. Касаллик Аллоҳнинг изни билан юқишига келсак, бу воқеъий иш. Шунинг учун у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам мохов одам билан ўралашиб юришдан, вабо тарқалган ерга боришдан қайтардилар. Ҳамда кимки вабо тарқалган ерда бўлса ундан чиқишлигидан ва кимки унинг ташқарисида бўлса унга киришликдан қайтардилар. Чунки булар, касаллик тарқалиши сабаби. Ундан тийилишлик эса сақловчи сабабларни адо этишлик. Унга кириб боришлик эса ўзини ҳалокатга ташлашлик. Аллоҳ бундан қайтарди. Иймони ва Аллоҳ таолога таваккули кучли бўлган киши бундан мустасно. У гоҳида вабо устига кириб боради, касаллар билан ўралашиб юради ва касалга чалинмайди. Чунки у Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога таваккул қилувчидир. Бироқ бу фақат кучли иймон эгаларида бўлади. Заиф иймон эгаларига келсак, улар касалга чалиниб сўнг ақидалари бузилмаслиги учун ушбу ўринлардан йироқ бўладилар.
Хатарли ўринларга кириб боришлик ўзини ҳалокатга ташлашдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ва ўзингизни ҳалокатга ташламанг!”. (Бақара: 195). Бу ўринда ушбу ишларга киришишда тарозини оғир босадиган фойда бўлиши мустасно қилинади. Шунда у ишларга киришади. Аммо унда тарозини оғир босадиган фойда бўлмаса, бас, сақловчи сабабларни олишлик яхшилик қилиш бўлади. Агар бу ўринда тарозини оғир босадиган фойда бўлса, бас, киришишлик яхшироқ. Бу эса ҳолатларга қараб бўлади.
“Шумланишлик-(бадгумон қилишлик) йўқ”. Ушбу инкорнинг маъноси қайтарувдир. Яъни, шумланманглар! Агар инсон ўзида бирор нарса топса, бас, кўнглида кечган нарса уни (ишини) давом эттириш ва азму-қароридан тўсмасин. Чунки иймони уни бошлаб боряпти. Бу, заиф иймонга хилоф равишдаки, шумланишлик унга ғолиб келади. Натижада ортга тисарилади. Бу эса ақидадаги путур ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога таваккулнинг заиф экани сабабли бўлади.
Агар кўнглингизда шумланишлик ёки ёқтирмаслик сезсангиз, бас, Аллоҳга таваккул қилинг ва ишга киришинг!
Касаллик юқишига хилоф ўлароқ шумланишлик бирор асосга эга эмас. Балки у шайтондандир. У, шайтоннинг васваси сабабли инсонга шундай туюлади.
Шумланишлик бирор асосга эга эмас. Кимки кўнглида бирор шиғиллик топса, бас, Аллоҳга таваккул қилсин ва азму-қарор қилсин. Шумланишлик уни мақсадидан қайтармасин.
“Бойўғли (сабабли шумланишлик) йўқ”. Араблар, бойўғли бирорталарининг уйига қўнса, ундан шумланардилар. Мен ёки оиламдан бирор кишининг ўлими хабарини олиб келди, дерди. Ундан шумланардилар ва: бўйўғли фақат хароба устига қўнади, дердилар. Бу эса жоҳилият ақидасидандир.
Жоҳилият аҳлининг баъзилари мақтул ўлдирилса ва унинг қасоси олинмаса, батаҳқиқ, ундан бойўғли деб аталадиган бир қуш чиқиб: мени(нг ташналигимни) қондиринглар, мени(нг ташналигимни) қондиринглар, яъни, ўчимни олинглар, деб овоз чиқаради дея даъво қилардилар.
“Ва Сафар ойи (кириши билан шумланишлик) йўқ”. Бу борада илм аҳлининг икки қавли бор:
Биринчи қавл: Сафардан мурод Сафар ойи. Чунки улар жоҳилиятда ушбу ойдан шумланардилар. Бу ойда турмуш қурмасдилар, сафар ва тижорат қилмасдилар. У бахтсиз ой деб эътиқод қилардилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга бахтсиз ой деган нарса йўқ, балки Сафар Аллоҳнинг ойларидан бири, унда бахтсизлик ва ёмонлик йўқ дея раддия бердилар.
Бу ўринда уларнинг Сафар ойидан шумланишликлари ботилга чиқарилди.
Иккинчи қавл: Сафардан мурод: ошқозонда бўладиган касаллик. У, шу билан оғримаган одамга юқади, деб даъво қилардилар.
Бироқ хоҳ бу ёки у бўлсин, унинг бари рад этилган. Хоҳ ойдан ёки касалликдан шумлансинлар. Уларнинг барчаси бирор асосга эга эмас. На ойда ва на касалликда шумланишлик бор. Балки касалликлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Қўлида. Касалликни туширадиган, уни кўтарадиган, касал қиладиган ва шифо берадиган ҳам У субҳанаҳу ва таолодир. Бу ишда на ойларнинг ва на бошқасининг дахли бор.
“Иккилари ривоят қилди”. Яъни, Бухорий ва Муслим.
Ҳадиснинг бобга боғлиқлиги зоҳир. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шумланишлик-(бадгумон қилишлик) йўқ”-дедилар. Бу ўринда шумланишликдан қайтарув ёдга олинди.
“Муслим (ушбуни) зиёда қилди”. Яъни, ўз ривоятида. Мазкур тўрт ишга зиёда қилди ва олтита нарса бўлди. “Касаллик юқиши йўқ. Шумланишлик-(бадгумон қилишлик) йўқ. Бойўғли (сабабли шумланишлик) йўқ. Ва Сафар ойи (кириши билан шумланишлик) йўқ. Юлдузлар (билан шумланишлик) йўқ. Ва ажина-(турли тусга кирадиган шайтонлардан шумланишлик) йўқдир”.
Юлдузлардан мурод, улар ёмғир ёғиши ва шамол эсиши юлдуз чиқиши сабабли деб эътиқод қилардилар. Ва буни юлдузларга нисбат берардилар. Бу эса жоҳилий эътиқод. Чунки ёмғир ёғиши, шамол эсиши ва бундан бошқа нарсалар Аллоҳнинг қазои-қадари биландир. Юлдузларга келсак, улар бирор нарса вужудга келтирмайди, ҳа (шундай). Юлдуз чиқиш вақти Аллоҳнинг изни билан ёмғир ва шамол эсиш вақтидир. Бу, вақт жиҳатидан. Яратиш ва йўқдан бор қилишлик жиҳатидан эмас. У йўқдан бор қилмайди, сабабчи ҳам бўлмайди ва яратмайди. Бироқ унинг чиқиши Аллоҳ хоҳласа ёмғир ёғиш вақти бўлади.
Гоҳида юлдуз чиқади ва ёмғир ёғмайди. Бу эса Аллоҳнинг хоҳиши ва қадарига қайтади. Гоҳида ёмғир ёғиш вақтлари бўлади ва ёмғир ёғмайди. Гоҳида эса шамол эсиш вақтлари бўлади ва шамол эсмайди. Чунки бу, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Қўлида. Қанчадан-қанча шаҳарлар борки, қишин-ёзин ёмғир ёғиб келган-да (кейин) ёмғир тўхтаб, қурғоқчилик бўлади. Ҳозирда давомий ёмғир ёғиб келган юртларда қурғоқчилик деб эшитаётганингиз каби. Аллоҳ уни тўхтатиб, ушлаб қолишни хоҳласа уни тўхтатиб қўяди. Қуриб қақшаган, сувсиз юртларга ёмғир юборади ва ёмғир ёғиб, ўсимлик ва гуллар ўсади. Бу, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Қўлида. Ёмғир ёғишида бирор киши, на юлдуз ва на юлдуздан бошқаси бирор тасарруфга эга эмас.
Мунажжимликнинг баёни ҳақида зиёда маълумот “Мунажжимлик ҳақида келган ҳужжатлар ҳақидаги боб”да келади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳудайбия куни тунда ёғган ёмғирдан сўнг бомдод намозини ўқиганларида шундай дедилар: “Раббингиз нима деганини биласизларми?”. Улар: “Аллоҳ ва Унинг Росули билувчироқ”, дедилар. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бандаларимдан Менга иймон келтирувчи ва куфр келтирувчилари тонг оттирди. Кимки: бизга Аллоҳнинг фазл-у марҳамати ила ёмғир ёғди, деган бўлса, ана шу Менга иймон келтирувчи ва юлдузга куфр келтирувчидир. Энди кимки: шундай-шундай юлдуз сабабли бизга ёмғир ёғди, деган бўлса, ана шу Менга куфр келтирувчи ва юлдузга иймон келтирувчидир”, дедилар. (Бухорий (991), Муслим (71), Насоий (1525), Абу Довуд (3906), Аҳмад (4/117) ва Молик (451)).
Ёмғирни юлдузларга нисбат берадиган кимса Аллоҳга ширк келтирувчидир.
Юлдузлар ёмғир ёғиш вақти, деб айтадиган кишига келсак, бунда бирор ноўринлик йўқ. Чунки Аллоҳ нарсаларга ўз вақтларини белгилаб қўйди. Гоҳида ушбу вақтларда ҳосил бўлади ва гоҳида ҳосил бўлмайди.
Хулоса шуки, бу улкан ҳадис бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унда кўплаб жоҳилий ақидаларни жам қилдилар ва уни ботилга чиқариб, рад этдилар. Ҳамда у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавҳид ақидасини қайдлаб ўтдилар.
“Ва ажина-(турли тусга кирадиган шайтонлардан шумланишлик) йўқдир”. У, шайтонлардан бири бўлиб, саҳроларда одамлар олдида турли шаклга кирадиган шайтон амалларидандир. Хоссатан инсон ўзини ёлғиз ҳис қилган вақт олдида турли нарсалар ҳар-ҳил тусга кириб, уни йўлдан адаштиради. Ё олдида кўчиб юраётган оловни кўради ёки овозлар эшитади ёҳуд бундан бошқа нарсалар. Шунинг учун у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар кўзингизга шарпа-(ажина) кўринса, бас, азонга шошилинглар”-дедилар. (Аҳмад (3/382)). Яъни, олдингизда шайтон хар-ҳил тусга кирса, бас, Аллоҳнинг зикрига шошилинглар. Батаҳқиқ, Аллоҳни эслашлик шайтонни қувади. Агар Аллоҳни зикр қилсангиз ёки Қуръон тиловат қилсангиз, сиздан бу шайтоний амал кетади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни ҳам инкор қилдилар.
Улар жоҳилиятда ушбу ажина борасида у, уларга ёмонлик қилади деб эътиқод қилардилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни инкор қилдилар ва: у бирор асосга эга эмас, дедилар. У, шайтоний амал бўлиб, фақат Аллоҳнинг изни билан зарар беради. Ҳамда унинг етарли муолажасини ёдга олдилар, у Аллоҳни зикр қилишликдир.
Ушбу жоҳилий касалликларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам муолажа қилдилар.
Ушбу ҳадис ва асарлар шумланишлик ҳукми, улар билан некбинлик ўртасидаги фарқ ҳамда шумланишлик нима билан муолажа қилиниши баёни мавзусидадир.
Иккилари Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Касаллик юқиши йўқ. Шумланишлик-(бадгумон қилишлик) йўқ. Менга некбинлик манзур келади”. Улар: “Некбинлик нима у?”, дедилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Хуш-(ёқимли) сўздир”, дедилар". (Бухорий (4/46), Муслим (4/1745-1746)).
Абу Довуд саҳиҳ санад ила Уқба ибн Омирдан ривоят қилди. У айтдики: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида шумланишлик-(бадгумонлик) ёдга олинди. Шунда: “Энг яхшиси некбинликдир. Мусулмонни (қасд қилган ишидан ортга) қайтармайди. Агар сизлардан бирингиз ёмон кўрган нарсасини кўрса шундай деб айтсин: Аллоҳим, яхшиликларни фақатгина Сен ато этасан. Ёмонликларни фақатгина Сен даф этасан. Куч-қувватнинг бари фақатгина Сендадир”, дедилар". (“Аллоҳумма, ла яътий бил ҳасанаати илла анта. Ва ла ядфаъус саййиаати илла анта. Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла бика”). (Абу Довуд (4/235), Насоий (294), Байҳақий (8/139)).
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан “Марфуъ” иснод ила ривоят қилинади: “Шумланишлик ширкдандир, шумланишлик ширкдандир. Бирортамиз... (шумланишликдан омонда эмасмиз). Бироқ Аллоҳ таоло уни таваккул билан кетказади”. Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий саҳиҳ санади ва охир(ги жумла)ни Ибн Масъуднинг сўзи деди. (Термизий (5/337), “Ат-Тарғиб” (4/64), Ибнул Қоййим “Мифтаҳ Дарус Саъадаҳ” (2/234), “Фатҳул Борий” (10/213)).
Аҳмад (Абдуллоҳ) ибн Амр (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилди: “Кимники шумланишлик ўз ҳожатидан-(мақсадидан ортга) қайтарса, батаҳқиқ, ширк келтирибди”. Улар: “Ушбунинг каффороти нима”, дедилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бундай деб айтишларингиз: Аллоҳим, яхшиликни бари Сени Қўлингдадир. Шумланишликнинг бари Сени ҳузурингдандир. Ва Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир”, дедилар”. (“Аллоҳумма, ла хойро илла хойрук. Ва ла тойро илла тойрук. Ва ла илаҳа ғойрук”). (Аҳмад “Муснад” (2/220), Ибн Ваҳб “Жомиъ” (110), Табароний “Мажмаъ” (5/105)).
У киши (Аҳмад) Фазл ибн Аббосдан ривоят қилди: “Шумланишлик – сени (бирор иш қилишингга) ундаган ёки (бирор мақсадингдан ортга) қайтарган нарсадир”. (Аҳмад (1/213)).
У киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Анас (розияллоҳу анҳу) ҳадисларидаги ушбу қавллари: “Касаллик юқиши йўқ”. Касаллик юқиши борасида юқорида сўз ўтди. Унинг маъноси: касалликни шахсдан шахсга, унга яқин бўлгани ёки унга теккани ва шунга ўхшаш ҳукм билан кўчишидир.
Шунинг учун жоҳилият аҳли касаллик юқишидан қўрқиб шармандали ишларга қўл уришарди. Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни инкор қилдилар ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога таваккул қилиш билан сақловчи сабабларни олишга буюрдилар.
“Касаллик юқиши йўқ”. Яъни, жоҳилият (аҳли) эътиқод қилгани (назарда тутиляпти). Балки касаллик Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амри ва хоҳиши билан юқади. Агар Аллоҳга таваккул қилсангиз, Унга иймон келтирсангиз, Аллоҳга ишончингиз кучли бўлса ва Аллоҳ буюрган сабабларни олсангиз, ана шу дамда жорий қилинган ишни қилган бўласиз.
Таваккулнинг маъноси, сабабларни тарк этишингиз эмас. Балки сақловчи сабабларни оласиз, вабо тарқалган шаҳарга кирмайсиз, у ерда эканингизда тарқалган бўлса ундан чиқмайсиз, касалга чалинганлардан йироқ бўлишга қодир бўла туриб улар билан ўралашиб юрмайсиз. Беморни муолажа қиладиган бирор киши бўлмаса ва касалга чалинган кишини муолажа қилиб, унинг юмушларини бажарадиган бирор киши бўлмаслигига ўхшаш бунга зарурат тушиши мустаснодир. Шунда Аллоҳга таваккул қилинг ва бемор муолажасига қўл уринг. Унинг хизматида бўлинг ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога таваккул қилинг. Сиз ажрга эришасиз. Аллоҳ жалла ва аъла ниятингизда иймон ва ихлосни билса, У субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи сизга етарлидир. Модомики унга ўралашишдан беҳожат экансиз, бас, унга яқин боришга ҳожат йўқ. Шунда сиз сабабларни олиш бобидан унга яқин йўламайсиз.
“Менга некбинлик манзур келади”. Некбинлик – яхшиликка умид уйғотишлик. Шумланишлик эса ёмон умид уйғотиш. Яхшиликни умид қилиш талаб этилган. Шумланишлик эса маън қилинган. Чунки шумланишлик Аллоҳ ҳақида бадгумон қилишлик. Некбинлик Аллоҳ жалла ва аъла ҳақида яхшу гумонда бўлиш.
Агар киши хуш сўзни эшитса кўнгли ёзилади ёки яхши кишини кўрса кўнгли ёзилиб, яхшиликка умид қилади. Ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳақида яхши гумонга боради. Бу, яхши иш. Шунинг учун некбинлик Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламга манзур келарди. Агар чиройли исм ёки хуш сўз эшитсалар ёҳуд яхши бир макондан ўтсалар Аллоҳ жалла ва аъла ҳақида яхши гумон қилганлари сабабли кўнгиллари ёзиларди.
Ҳудайбия қиссасида Суҳайл (Суҳайл осон, енгил маъносини ифодалайди) ибн Амр Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан музока олиб бориш учун келаётганида уни кўрдилар ва: “Ишларингиз осонлаштирилди”-дедилар. Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам умид қилганларидек бўлди. Унинг келиши яхшилик сабаби бўлди.
“Агар сизлардан бирингиз ёмон кўрган нарсасини кўрса шундай деб айтсин…”. Ҳадисда шумланишлик нима билан муолажа қилиниши ёдга олинди ва у, у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр қилган ушбу (матндаги) дуодир.
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадисида шундай дедилар: “Шумланишлик ширкдандир, шумланишлик ширкдандир”. Буни, таъкидлашлик учун икки ёки уч мартта такрорладилар. Унинг ширк экани маъносини юқорида баён қилдик.
“Бирортамиз... (шумланишликдан омонда эмасмиз). Бироқ Аллоҳ таоло уни таваккул билан кетказади”. Бу, ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)нинг сўзларидан. Қалбимизга бироз шумланишлик ўралайди, дедилар. Агар инсон кариҳ кўрадиган бирор нарсани кўрса кўнгли шиғил бўлади. Чунки у буни қайтаришга қодир эмас. Инсон бунинг учун азобланмайди. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: “Аллоҳ умматимдан, модомики сўз очмаса ёки қўл урмас экан хато, унутиш ва кўнглидан ўтган нарсани кечди”. (Бухорий (4968), Муслим (127), Термизий (1183), Насоий (3433), Абу Довуд (2209), Ибн Можжа (2040) ва Аҳмад (2/393)).
Инсон кўнглидан ўтган нарса, кариҳ кўрган нарсани кўрганда ёки бирор нарсадан қўрқса сўнг (ундан) таъсирланмай, Аллоҳ жорий қилганига хилоф келадиган қадам босмаса, у бунинг учун азобга тортилмайди.
Бироқ Аллоҳ уни таваккул қилиш билан кетказади. Ана шу муолажадир. Мўмин Аллоҳга таваккул қилади ва унга кўнглида кечган нарса зиён етказмайди. Агар Аллоҳга таваккул қилса, (у) Аллоҳнинг изни билан кетади.
Бу ҳам шумланишликни муолажа қиладиган нарсага бир ишора. У ҳам бўлса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога таваккул қилишликдир. Сўнг (ишда) давом этиш ва иккиланмаслик. Агар кўнглида кечган шумланишликдан таъсирланса ва чиқмай ўтириб олса ёки шумланган маконидан қочса, бас, бу қораланган шумланишликдир. Чунки бу унга ўз таъсирини ўтказди. Натижада (қилмоқчи бўлмаган ишида) давом этди ёки (қилмоқчи бўлган ишидан) ортга тисарилди.
“Кимники шумланишлик ўз ҳожатидан-(мақсадидан ортга) қайтарса, батаҳқиқ, ширк келтирибди”. Ҳадисда инсонни ўз ҳожатидан қайтарадиган ва тўсадиган шумланишлик ширк экани уқтириляпти.
“Шумланишлик – сени (бирор иш қилишингга) ундаган ёки (бирор мақсадингдан ортга) қайтарган нарсадир”. “Сени ундаган”, яъни, сени бирор макон ёки шахс ёҳуд кўрган бирор нарсангдан нафрат уйғотган нарса. Ва шумланишликдан таъсирланганинг учун унда қочасан. Бас, у ширкдир.
“Ёки (бирор мақсадингдан ортга) қайтарган нарсадир”. Яъни, ҳожатингдан қайтарган. Сафар қилишни истайсан ва тулки ёки қарға ёҳуд ёқтирмайдиган кишингни кўрасанда: бу бехосият ёки ёмон сафар, дейсан. Ундан қайтасан. Ана шу шумланишлик. Ва у ширкдир. Сенда ушбу нарса рўй берганда ва уни кўнглингда ёқтирмаганингда Аллоҳ таолога таваккул қилган ҳолда ундан воз кечишинг ва юмушингда давом этишинг вожиб бўлади.
Сўнг у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шумланишликни муолажа қиладиган нарсани баён қилдилар. У уч ишдир:
Биринчи иш: У асос бўлиб: Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога таваккул қилишликдир. Яхшиликни ато этадиган ва ёмонликни даф қиладиган фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Яхшиликни ато қиладиган, ёмонликни даф қиладиган, зарар ва фойда берадиган ва борлиқни тасарруф қиладиган Унинг Ўзидир. Агар Аллоҳга таваккул қилса, батаҳқиқ, шумланишлик унга зарар бермайди.
Иккинчи иш: Ўзи хоҳлаган юмушида давом этиши ва ундан шумланишлик сабаб ортга қайтмаслиги.
Учинчи иш: Дуо. Аллоҳга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўллаган дуо билан дуо қилади. “Аллоҳим, яхшиликларни фақатгина Сен ато этасан. Ёмонликларни фақатгина Сен даф этасан. Куч-қувватнинг бари фақатгина Сендадир”. (“Аллоҳумма, ла яътий бил ҳасанаати илла анта. Ва ла ядфаъус саййиаати илла анта. Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла бика”). Бу улкан дуо бўлиб, унда Аллоҳга таваккул қилишлик, яхшиликни ато этадиган ва ёмонликни даф қиладиган Аллоҳ таолодир, шумланишлик эмас дея эътироф этиш. Куч ва қувват фақат Аллоҳ билан экани, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўзга бирор киши (бир) ҳолатни (бошқа) ҳолатга ўзгартирмаслиги, бирор киши бирон нарсага фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг кучи билан кучи етиши зикр қилинди.
Иккинчи дуо: “Аллоҳим, яхшиликни бари Сени Қўлингдадир. Шумланишликнинг бари Сени ҳузурингдандир. Ва Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир”. (“Аллоҳумма, ла хойро илла хойрук. Ва ла тойро илла тойрук. Ва ла илаҳа ғойрук”).
“Аллоҳим, яхшиликни бари Сени Қўлингдадир”. Яъни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўзга бирор киши яхшиликни олиб келмайди.
“Шумланишликнинг бари Сени ҳузурингдандир”. Аллоҳнинг изни, қудрати ва хоҳиши ва гуноҳинг сабаблигина бирор нарса-(офат) етади.
“Ва Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир”. Сендан ўзга ҳақ маъбуд йўқ. Бу, тавҳидни эътироф этиш ва ширкни рад этмоқликдир.
Хулоса шуки, шумланишлик ушбу уч иш билан муолажа қилинади:
Биринчи: Аллоҳга таваккул қилишлик.
Иккинчи: (Юмушни бажаришда) давом этиш ва ундан таъсирланмаслик. У сизнинг тасарруфотларингизда зоҳир бўлмасин. У гўёки мавжуд эмасдек.
Учинчи: Ҳадисларда ворид бўлган ушбу дуолар билан дуо қилишингиз. Агар Аллоҳга ушбу дуолар билан дуо қилсангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ сизга шумланишликдан офият беради. Сизга Ўзининг кўмаги, нусрати ва тавфиқи ила мадад беради.
Аллоҳ таоло билувчироқдир.

Иъанатул Мустафид - Тавҳид китоби шарҳи
(Шайх Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон) 28-боб

«Эй инсон, албатта сен меҳнат-машаққат чекиб Роббингга боргувчисан, бас, У зотга йўлиққувчисан» (Иншиқоқ: 6).
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.