34-ТАНҚИД
193-195 саҳифаларда Аллоҳни ёлғиз «Аллоҳ» деган исм билан зикр қилишни инкор қиладиганларга нисбатан адоватини яшириб ўтирмади. Бу ишни инкор қиладиганлардан бирлари шайхулислом Ибн Таймиядирлар. Муаллиф у кишига қарата ғазаб ўқдонидан ўқлар узди. Бу ҳақда зикр қилинган ҳужжатларга қулоқ ҳам тутиб кўрмади. Ушбу ҳужжатлардан бири шуки, ёлғиз «Аллоҳ» исми билан Аллоҳни зикр қилиш на Китобда, на Суннатда ва на салаф-солиҳларнинг асарларида ворид бўлди. Демак, бу иш бирор нарсани ифода этмайди, деб илова қилишимиз мумкин. Чунки, бирлик кўринишидаги исм тоинки маъно ифода этадиган жумлага қўшилиб келмас экан, бирор (маънони) ифода этмайди. Доктор эса, Аллоҳни ёлғиз «Аллоҳ» исми билан зикр қилиш Аллоҳ таолонинг ушбу қовли остига дохил бўлади, деб даъво қиляпти:
«Ва эртаю кеч Роббингизни номини зикр қилинг!» (Инсон сураси, 25-оят). Биз муаллифга бир савол йўллаймиз ва жавоб беришда аравани қуруқ олиб қочмасдан, ростгўй бўлишини истаймиз: Суннатда Аллоҳ таоло Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламни ушбу ишга буюргани ва у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ азза ва жаллани ёлғиз «Аллоҳ» исми билан зикр қилганлари ҳақида бирор далил борми? Зеро, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари Қуръонни тафсир қилиб беради. Ёки, бу иш сўфийларнинг динда ўйлаб топган янгиликларидан ва тушунишдаги носоғломликлариданми?!
Доктор шу ва бундан бошқа масалаларда хилоф бўлган киши залолатга кетган, деб айтилмайди, деган сўзни кўп такрорлайди.
Биз унга қарата айтамизки: Мухолиф ўзининг хилоф чиқишида шаръий ҳужжатларга асосланган бўлса, залолатга чиқди дейилмайди. Аммо бу хилоф чиқиши Китобу-Суннатга асосланмаган бўлса, у албатта залолатга кетди, деб айтилади. Чунки, Аллоҳ таоло айтадики:
«Ҳақиқатдан кейин эса фақатгина йўлдан озиш бор, холос» (Юнус сураси, 32-оят). Аллоҳ таолонинг Китоби далолат қилган нарса ҳақдир. Унга хилоф келган иш эса залолатдир. Демак, бу сўзни айтган киши залолатга кетган, деб айтилади.