Admin   06-24-2010, 11:23 PM
#1
Ит теккан идиш қандай тозаланади

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар ит биронтангизнинг идишини яласа, уни тозалаш етти марта ювиш билан бўлади, биринчисида эса тупроқ ишлатилади”. Муслим келтирган. Бир лафзда: (Идиш ичидагисини) тўкиб юборсин” дейилган. Термизий ривоятида: “Охирисида ёки биринчисида тупроқ билан (тозаланади) дейилган. Тўртовлон ривоят қилган, Термизий ва Ибн Хузайма саҳиҳ дейишган.
Муаллиф раҳимаҳуллоҳ “Булуғул-Маром”нинг “Таҳорат” китоби сувлар бобидаги ҳадисларни келтириб айтди: “Агар ит биронтангизнинг идишини яласа, уни тозалаш етти марта ювиш билан бўлади, биринчисида эса тупроқ ишлатилади”. (“Туҳуру инааи” – “то” замма билан), яъни ювиш. “Фатҳа” билан ҳам жоиз – “тозаловчи нарса” маъносини билдиради. Лекин замма афзалроқ. Тозалаш уни етти марта ювиш билан бўлади, биринчисида тупроқ ишлатилади. Бу ерда зикр қилинган ит маълум ҳайвондир. Ҳадиснинг зоҳири сақлаш мубоҳ бўлган ва бошқа итларни ўз ичига олади. Сақлаш мубоҳ бўлган итлар уч турда бўлади.
1. Қўриқчи ит, яъни инсонда боғ бўлиб у бўрилар, тулкилар ва бошқалардан қўриқлаш учун ит қўйиб қўяди.
2. Подачи ит. Инсонда қуруқликда чорва бўлиб уни қўриқлаш ва сақлашга эҳтиёжи бўлса, бўрилар, йиртқичлар, ўғрилар ва шунга ўхшашлардан ҳимоя қилиш учун ит сақлайди. Чунки баъзи итлар ўргатилган бўлиб, агар бегона шахс келса, улар ҳуриб эгасини огоҳлантиради.
3. Ов ити. Инсон ит сақлаб, унга овни ўргатиб у билан ов қилади. Бу уч турдаги итлар(ни сақлаш) мубоҳ. Шунга ўхшаб инсон қасрда бўлиб қасрни қўриқлаш учун итга муҳтож бўлса, бундан ҳеч қиси йўқ, чунки бу чорвани ҳимоя қилишдан кўра кўпроқ (эҳиёжга эга). Агар чорвани қўриқлашга ит сақлаш жоиз бўлса, унда уй ва унинг аҳлини қўриқлашга ит сақлаш бундан-да авлороқдир.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам: “Агар идишни ит яласа” деган ҳадиснинг зоҳири сақлаш мубоҳ бўлган ва мубоҳ бўлмаган итларни ўз ичига олади. Мубоҳини билиб олдингизлар, ундан бошқаси эса мубоҳ эмас. Шунингдек инсонга ўйин учун ёки бу (айтилган) турлардан бошқа (мақсад)ларда сақлаш ҳаромдир.
“Биринчисида тупроқ билан (тозаланади) деган сўзлари. Яъни, бунинг маъноси шуки, агар биринчисида (идишни) юваётган бўлса, унга тупроқ сочиб устидан (сув) қуйиб юборади. Кейин эса олти марта (сув) билан ювади. Бу энг яхшироғидир. Сабаби шуки, тупроқ биринчисида бўлса, қолган ювишлар тупроққа муҳтож бўлмайди, чунки унинг нажосати камаяди. Ҳадиснинг зоҳири етти марта ювиш вожиблигини ифода этади, гарчи у ерда нажосат бўлмаса ҳам. Чунки итнинг ялаши кўпинча сувни ўзгартирмайди, айниқса сув кўп бўлса. Лекин ҳадиснинг зоҳири умумийдир. Агар бир киши: “(Итнинг бошқа) нажосати - сийдиги, ахлати, тер (суюқлиг)и, кўз ёши ва шунга ўхшашлар ҳам шундай (ювиладими)?” деса, биз айтамизки, кўпчилик уламолар бу ҳақда айтадики: “(Итнинг) қолган нажосати ялаши кабидир”. Баъзилар айтадики: “Бу ялашга хос”. Бу фикрни зоҳир аҳли (оят-ҳадисларнинг зоҳирини ушлайдиганлар) ва баъзи маъно аҳллари (оят-ҳадисларнинг маъносига қарайдиганлар) ушлаган. Айтадиларки, унинг (ит сўлагининг) ичида кичик қуртлар бўлиб, улар кўзга кўринмайди. Агар ит идишни яласа, идиш бу қуртлар билан ифлосланади. Кейин агар етти марта тупроқ билан ювилса, бу кичик қуртлар йўқолади, бўлмаса, улар идишда ушланиб қолади. Агар одамлар бундай идишни ишлатишса, ушбу қуртлар овқат ва ичимлик билан ичга тушиб ошқозонга кириб олади. Шунинг учун баъзи уламолар тупроқнинг ўрнига, гарчи тупроқдан ҳам яхшироқ тозалайдиган бўлса ҳам, бошқа нарса ўтмайди, дейишди. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ривоятида: “Биронтангизнинг идишини ит яласа, уни етти марта – биринчисида тупроқ билан ювиш уни поклайди” деб тупроқни хос қилиб зикр қилдилар. Эҳтимол, унда биз билмаган бир хосият бордир. Бундан ташқари тупроқ покловчи бўлган икки нарсаларнинг биридир. Чунки поклаш ёки сув билан, ёки тупроқ билан бўлади. Тупроқдан бошқаси эса покламайди. Тупроқ таяммум орқали поклайди. Бу фикр кучлироқдир. Фақатгина агар тупроқ топишдан ожизлик пайдо бўлса, совун ва унга ўхшаш нарсаларни ишлатиш унинг ўрнига ўтади.

  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.