Шайх Албоний роҳимаҳуллоҳга мусулмонларнинг (бугунги аянчли) воқелиги борасида, мусулмон киши уммат рўбарўсида нима қилмоқлиги вожиб бўлади?, дея савол берилди.
Жавоб:Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўнг…
Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.
Жавобга ўтадиган бўлсак, мусулмонларнинг бугунги ҳолати аввалги исломий даъват давридаги ҳолатдан озида ҳам кўпида ҳам фарқ қилмайди. Бу билан Макка даврини назарда тутяпман. Бугунги кундаги исломий даъват эгаллаб турган вазият, даъватнинг аввалги босқичидаги шарт-шароитдан умуман фарқ қилмайди, деб айтмоқчиман. У ҳам бўлса Макка давридир. Барчага маълумки ўша куни даъват тепасида турган киши, у пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламдир. Бу гапим билан айтмоқчи бўлганим шуки, мана Қуръони Каримда келганидек, ўша куни ҳам даъват Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг ораларидан пайғамбар қилиб жўнатилган қавм томонидан исканжага олинганди. Сўнг даъват доираси кенгайиб, ён атрофдаги араб қабилаларига ҳам тарқалгач, Набий соллоллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилишга амр этдилар –албатта биз ҳозир бутун сийратни ёдга олмоқчи эмасмиз, чунки ислом тарихи ва пайғамбар сийрати бу ерда ҳозир бўлганларнинг кўпчилигига маълумдир- бироқ мен гапимни қисқа-мухтасар қилиш билан саволга жавоб бериб, мақсадга кўча қолай дегандим.
Набий соллоллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам саҳобалари билан Мадинага ҳижрат қилгач, Мадинаи мунавварада исломий давлат қуриш йўлидаги илк уруғларни қададилар. Ушбу янги бошланган даъватни янги душмани ҳам майдонга чиқди, яъники, Мадинада. Чунки даъват Рум давлатининг шоҳи Ҳирақл бўлмиш насронийлар ўлкасига –ҳозирги кундаги Сурия- яқинлашиб бораётганди. Натижада улар ҳам ушбу янги даъватнинг ёғийларига айланишди. Демак душман фақат араб жазирасидаги араблар эмасди. Балки араб жазирасининг шимолидаги –яъни, Суриядаги- насронийлар ҳам эди. Сўнг яна бошқа бир душман майдонга чиқди, у ҳам бўлса Форсдир. Демак исломий даъват барча жиҳатдан, араб жазирасидаги мушриклар, насронийлар, ичкаридаги баъзи яҳудийлар сўнг Форс томонидан исканжага олинганди. Форс билан насронийлар ўртасидаги қаттиқ адоват Аллоҳ табарока ва таолонинг ушбу қовлидан барчага маълумдир: "Алиф, Лом, Мим. Жуда яқин жойда Рум мағлуб бўлди. (Лекин) улар (яъни, румликлар) бу мағлубиятларидан сўнг бир неча йил ичида албатта ғалаба қилажаклар". (Рум/1-3).
Оятдан оладиган хулосамиз: Биз исломий даъватнинг ҳозирги барча жиҳатдан сиқувга олинган (аянчли) ҳолатидан алсо ҳайратга тушмаймиз. Чунки исломий даъват аввалги қадамларини ташлаган кезлари ҳам ҳудди шундай барча томондан сиқув-исканжага олинганди. Энди ана шу ерда бир савол туғилади.
Ҳоп, унда нима қилиш керак?
Набий соллоллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам ўша куни оз сонли саҳобалари билан нима қилдилар? Ҳолбуки мусулмонларнинг бугунги кундаги адади катта сонни ташкил қилади.
Жавоб эса ўз-ўзидан маълумки: Мусулмонлар даъватнинг аввалги босқичида ўзларига қарши бўлган қавмлари бўлмиш арабларга қарши жангга киришишдими? Мусулмонлар ишнинг бошида насронийларга қарши курашишдими? Ишнинг биринчи босқичида Форсга қарши жанг қилишдими?
Жавоб: Ушбу саволларнинг барчасига йўқ, йўқ, йўқ деб жавоб берамиз.
Ҳоп, унда мусулмонлар нима қилишди?
Бизга ҳозирги кунда айнан аввалги мусулмонлар қилишган ишни қилишимиз вожиб бўлади. Чунки биз тотаётган оғриқни улар ҳам тотиб кўришган. Биз ўз мусибатимизни, ўша зотлар ўз мусибатларини муолажа қилган услуб билан муолажа қилишимиз вожиб бўлади. Ушбу сўзим билан саволга нима деб жавоб бермоқчи бўлганимни ҳозир бўлганларнинг барчалари англаб етишди деб ўйлайман. Энди саволга очиқроқ қилиб жавоб берсам: Ушбу тарихий ва бир вақтнинг ўзида ҳам мантиқий бўлган воқеалар силсиласидан маълум бўладики, Аллоҳ азза ва жалла кофир ва мушрикларга нисбатан жуда оз сондаги ўша аввалги мўминларга иймонлари сабабли нусрат берди.
Демак даъватни қамраб олган ушбу қаттиқ душманликни арита олган ўша муолажа ва даво, мусулмонлар бугунги кунда қабул қилишлари лозим бўлган даво ва муолажанинг айни ўзидирки, ўша аввалги муолажа ўзининг самарасини берганидек ушбу муолажа ҳам ўз самарасини берсин. Иш эса масалда келганидек, тарих чарҳпалаги қайта-қайта айланаверади. Балки ушбу масалдан ҳам айтишимиз мумкин бўлган яхши сўз шуки, Аллоҳ азза ва жалланинг ажойиб бир интизом ва тартибда яратган ушбу борлиқ ва бандаларида асло ўзгармас қонун-қоидалари бордир. "Бас, сиз ҳаргиз Аллоҳ суннати-қонунининг ўзгарганини кўрмассиз ва ҳаргиз Аллоҳ суннатининг алмашганини кўрмассиз". (Фотир/43).
Мусулмон киши ушбу ўзгармас қонун-қоидалар борасида чуқур ўйлаб кўриши ва уларга ҳаққирост риоя қилиши лозим бўлади. Хоссатан унинг ичидаги шаръий қоидаларига.
Демак бу ўринда шаръий ва кавний ўзгармас қоидалар бор экан. Бугунги кун тили билан айтганда табиий қоидалар. Ушбу ўзгармас кавний, табиий қоидаларни билишда мусулмон ва кофир, солиҳ ва фосиқ кимса баб-баробардир. Яъни, инсоннинг моддий ҳаётини таминлаб турадиган нарса, нима у? Таом, шароб, тоза ҳаво ва ҳаказо. Демак инсон емаса, ичмаса, тоза ҳаводан нафас олмаса, у ўз жонини моддий жиҳатдан ўлишдек бир таҳлика остига қўйган бўлади. Демак инсон ушбу ўзгармас кавний қонун-қоидалар доирасидан чиқса яшай оладими?
Жавоб эса: Йўқ. "Аллоҳнинг йўли-қонуни бўлиб, илгари ҳам ўтгандир. Аллоҳнинг йўлини эса ҳаргиз ўзгартира олмассиз". (Фатҳ/23).
Ушбу ҳозиргина айтиб ўтганларимни ҳар бир инсон тажриба йўлига кўра жуда яхши билади. Бунда мусулмон билан кофирнинг, солиҳ билан фосиқнинг ҳеч қандай фарқи йўқ. Бироқ бизга аҳамиятли бўлгани, бу шаръий ўзгармас қонун-қоидаларни билишимизки, ушбуларни яхши билиб олишимиз вожиб бўлади. Ким ушбу ўзгармас қонун-қоидаларга риоя қилса мақсадига эришиб, тезда самарасини кўради. Энди кимки ушбу мақсадга элтувчи ўгармас қонун-қоидаларга риоя қилмаса, ҳаргиз ўз ғоясига ета олмайди. Кавний ўзгармас қонун-қоидалар ҳақида айтиб ўтганимиздек, инсон ушбуларни қабул қилиб, татбиқ қилса, ўз мақсадига етади.
Шаръий ўзгармас қонун-қоидалар ҳам ҳудди шундай. Мусулмон киши ушбуларга риоя қилса, Аллоҳ таоло ниҳоий мақсадга етиш учун ўрнатган ушбу қоидалар сабабли албатта ғоя ҳаққирост рўёбга чиқгай. Акс ҳолда эса натижа ҳам чиппакка чиқади. Ушбу жумлалар тушунарли бўлди деб ўйлайман. Бироқ бироз аниқлик киритишга эҳтиёж тушади –гаплашмоқчи бўлган масаламизнинг моҳияти ҳам шундадир- ана шу ўринда юқоридаги муҳим бир саволга жавоб топган бўламиз.
Барчамиз Аллоҳ азза ва жалланинг оятларидан бўлган ушбу оятни тиловат қиламиз. Балки ушбу оят баъзи йиғинларга очилиш қисмида ёки баъзи уйларнинг деворларига зийнат бағш этиб туради. У ҳам бўлса Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: "Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар, У Зот ҳам сизларга ёрдам берур". (Муҳаммад/7). Ҳолатлар ўзгариб, ушбу оят наққошлик услубида зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб, минг афсуслар бўлсинким, деворга осиб қўйиладиган бўлди. Ушбу оят деворларга зийнат бағш этадиган бўлди. Мусулмонларнинг қалблари эса ушбу оятдан батамом холийдир. Ушбу оят олдинга қўяётган мақсад нима эканини билмасак ҳам керак. "Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар, У Зот ҳам сизларга ёрдам берур". Шунинг учун ҳам бугунги кунда ислом оламининг ҳолати ташвишли ва хавотирли бир ҳолатдадир. Ушбу аянчли ҳолатдан чиқиш йўлини ҳам тополмай қоляпти. Ҳолбуки чиқиш йўли кўплаб оятларда эслаб ўтилгандир. Ушбу оят ҳам ана ўша оятлар жумласидандир. Агар ушбу оятни мусулмонларнинг ёдига солсак, ўйлайманки бу катта шарҳ ва изоҳга эҳтиёж сезмайди. Балки бу мўминларга манфаъат бўладиган бир эслатма ва мавъизадир.
Барчамиз –иншаАллоҳ- Аллоҳ табарока ва таолонинг ушбу қовлини биламизки: "Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар", шарт қўйиляпти. Шартнинг жавоби эса: "У Зот ҳам сизларга ёрдам берур".
Агар еб, ичсанг ва… Демак яшашда давом этасан.
Агар еб, ичмасангчи? Нобуд бўласан!!
Оятдаги маъно ҳам ҳудди шундайдир: "Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар, У Зот ҳам сизларга ёрдам берур". Оятдан тушунилган маънони аксига ўгириб кўрадиган бўлсак, агар сизлар Аллоҳга ёрдам бермайдиган бўлсангизлар, У Зот ҳам сизларда ёрдам бермайди. Мана шу мусулмонларнинг бугунги кундаги воқелигидир.
Ушбу оят пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган бир қанча ҳадисларда очиқ-ойдин ёритиб ўтилган. "Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар", ўз-ўзидан маълумки, Аллоҳ таоло ушбу оятда биз Унга, душманларига қарши ўзимизнинг лашкарларимиз, салтанатимиз ва моддий куч-қувватимиз билан ёрдам қўлини чўзишимизни назарда тутмади. Йўқ, ундай эмас!
Аллоҳ азза ва жалла Ўз ишида ғолибдир. У Зот бирор киши Унга моддий ёрдам беришига ҳожатманд эмас –бу ўз-ўзидан маълумдир-. Шу сабабли Аллоҳ таолонинг ушбу "Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар", қовлининг маъноси, агар Аллоҳнинг ҳукмларига эргашсангиз, мана шу Аллоҳ табарока ва таолога ёрдам берганингиз бўлади, деган маънодадир.
Ҳозир эса мусулмонлар ушбу шартни адо этишдими? Авваламбор ушбу вожиботни бажаришдими? Чунки бу Аллоҳ таоло мусулмонларга нусрат беришини ҳаққирост рўёбга чиқариш учун бўлган шарт эди.
Жавоб эса барчангизнинг наздингизда, мусулмонлар Аллоҳ азза ва жаллага ёрдам беришни адо этмадилар.
Йўқ деганда шу ерда ҳозир бўлганларнинг баъзиларига таълим бериш бобидан эмас, эслатма тарзида муҳим бир сўзни ёдга олишни истардимки, бугунги кунда омма мусулмонлар динларини, дин ҳукмларини таълим олишдан юз ўгиришган. Кўпчиликлари, боринг ана аксар мусулмонлар ислом нима эканини билмайдилар. Ислом ҳақида бирор нарса билмайдилар. Исломни ўзининг ҳақиқий суратида билмайдилар. Балки Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам ҳамда саҳобалари яшаб ўтган исломдан ўзга, оғишган бир исломни биладилар.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг Унга ёрдам берганларга ваъда қилган нусрати авваламбор исломни Китобу Суннатда келганидек соғлом маърифат ила билишга сўнг эса унга амал қилишга асосланади. Акс ҳолда ушбу маърифат ўз соҳибининг бошига битган бало бўлади. Аллоҳ таоло айтадики: "Эй мўминлар, нега сизлар ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз, деб) айтурсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)". (Соф/2-3).
Демак биз исломни таълим олишга ва унга амал қилишга ўта муҳтож эканмиз.
Мен –боя айтиб ўтганимдек- бир нарсани эслатиб қўйишни истардимки, бугунги кунда мусулмонлар ўзларини эгаллаб олган хору-зорлик сабабидан бутун мағзавани ҳукмдорларга ағдаришади. Бутун маломатни динга ёрдам қўлини чўзмаётган ҳукмдорларга тўкиб-солишади. Минг афсуслар бўлсинким, улар ҳақиқатда яҳудий, насроний ва улардан бошқалардан иборат кодирларнинг катталари томонидан хорланаётган мусулмонларга ва динга ёрдам қўлини чўзмаяптилар. Бугун мусулмонларнинг ўрталарида ана шундай шукуҳ ҳукм суряпти. Бор мағзавани ҳукмдорларга ағдариш. Ҳуддики ҳукмдорларга қилишаётган маломатлари халқнинг ўзига ҳам тегишли эмасдек! Ҳақиқатда олиб қарайдиган бўлсак ушбу маломат умматнинг барчасига, ҳоким-у маҳкумларнинг барига тегишлидир. Масала шунинг ўзи билан чекланиб қолмай, балки бу ерда дин аҳкомларини (ҳаётга) татбиқ қилмаётганлари сабабли ҳукмдорларни маломат қилаётган шундай бир тоифа борки, аслида ўшаларнинг ўзи маломатга ҳақлидир. Сабаби эса улар Аллоҳ таолонинг ушбу: "Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар", қовлига хилоф иш тутишди.
Бу билан фақат ҳукмдорларнигина маломат қиладиган ўша мусулмонларни айни ўзини назарда тутяпман. Дарҳақиқат улар ислом ҳукмларига хилоф иш тутишди. Мусулмонларнинг бошига тушган ушбу (қалбни эзиб юборадиган) ачинарли ҳолатни ўзгартиришда Росул соллоллоҳу алайҳи ва алиҳи ва салламнинг йўлларига хилоф келадиган йўл бўйлаб юришяпти. Биринчи мусулмонларнинг ҳукмдорларини кофир дея атрофга жар соладилар! Иккинчидан уларга қарши бош кўтариб чиқишни вожиб эканини барилла айтадилар! Қарабсизки мусулмонларнинг ўзларини ўрталарида кети узилмайдиган бир ёнғин каби фитна юз беради. Мусулмонларнинг бирлиги бузилади. Улар мен боя ишора қилиб ўтган кимсаларки, мусулмонларнинг бошига тушган ушбу хорликни ўзгартириш – бу ҳукмдорларга қарши бош кўтариб чиқиш билан бўлади деб ўйлайдилар. Сўнг муаммо ушбу масаланинг ўзида тўҳтаб қолмайди. Балки муаммо кенгайгандан кенгайиб, ҳаттоки ҳалиги ҳукмдор бир чеккада қолиб, ихтилоф мусулмонларнинг ўзларидан нарига ўтмайдиган бўлиб қолади!
Ушбу аянчли воқеликни бартараф этишда баъзи исломийлар томонидан ғулувга кетишдан иборат келишмовчилик бошланди. У ҳам бўлса, ушбу ҳолатни ўнглаш учун мусулмонларнинг ҳукмдорларига қарши кураш олиб бориш шарт эмиш. Ҳолат шу даражага етиб бордики, ушбу аянчли воқеликни бартараф этиш ҳукмдорларга қарши бош кўтариб чиқиш билан бўлмайди деб биладиган мусулмонлар билан анавилар ўртасида хусуматлашишгача етиб борди. Ҳақиқатда ўша ҳукмдорларнинг кўпчилиги Аллоҳ нозил қилган ҳукм билан бошқарув олиб бормаётганлиги сабабли, уларга қарши бош кўтариб чиқишга ҳақлидирлар! Бироқ кофирлар томонидан мусулмонларнинг бошига тушаётган мусибатларни аритишдаги ислоҳот –анави кимсалар даъво қилгнидек- мусулмонлардан иборат исломий диёрлардаги ҳукмдорларни муҳокама қилишимиз билан бўладими? Биз ўша ҳукмдорларнинг баъзиларини ҳозирги аср тили билан айтганда жўғрофий мусулмонлар деб ҳисоблаймиз. Энди ана шу ўринда биз айтамизки:
Шак-шубҳа йўқки, ислом душманларининг эгаллаб турган мавқифи қатъий-иродалидир. Улар яҳудий, насроний ва ислом диёрларининг ташқарисидаги худосизлардир. Уларнинг зарарлари мусулмонларнинг Аллоҳ нозил қилган ҳукм билан бошқарув олиб боришдек бир истакларига жавоб бермаётган ушбу ҳукмдорларнинг баъзиларидан келадиган зарардан қаттиқроқдир. Ҳоп энди мана бу мусулмонларнинг қўлларидан нима ҳам келарди? Бу гапим билан мен анави мусулмонларнинг ҳукмдорларига қарши курашиш вожиб деб жар солаётганларни назарда тутяпман. Боринг ана олдин ўзимизни ислоҳ қилиш қолиб ҳукмдорларга қарши бош кўтариш вожиб бўлди ҳам дейлик. Ҳоп анавиларнинг қўлларидан нима иш ҳам келарди?!
Демак (муаммони) бартараф этиш бу Росул алайҳиссалом бошлаган ишни айни ўзидир. Анавиларни эса мутлақо бирор иш қилиш қўлларидан келмайди. Воқелик бунга энг катта далилдир. Улар амалга оширмоқчи бўлган муолажа эса –яъни, мусулмонларнинг ҳукмдорларига қарши курашишдан бошлашмоқчи!- кутилган самарани бермайди. Чунки муаммо –мен боя айтиб ўтганимдек- ҳукмдорларнинг ўзидагина эмас. Балки халқнинг ўзида ҳамдир. Шу сабабли уларга олдин ўзларини ислоҳ қилишлари вожиб бўлади. Ислоҳ қилиш масаласи эса бошқа бир баҳсга эҳтиёж сезадики, биз буни такрор-такрор айтиб ўтганмиз. ИншаАллоҳ қуйида ҳам бунга бир тўхталиб ўтамиз.
Муҳими шуки, мусулмонларнинг барчалари ҳолатлари ҳасад ва ҳавас қиларли даражада эмаслигига келишишади. Балки ҳолат хорлик ва хўрликдаки, ислом ҳали бунга ўхшашини кўрмаган. Ҳоп, унда ишни нимадан бошлаймиз?
Ишни мусулмонларнинг ҳукмдорларига қарши курашишдан бошлаймизми?!
Ёки ишни бутун дунёдаги барча кофирларга қарши курашишдан бошлаймизми?!
Ёки ишни тинмай ёмонликка буюрадиган нафсга қарши курашишдан бошлаймизми?
Демак ишни (санаб ўтилганларнинг охиргисидан) бошлаш вожиб бўлади. Чунки Набий соллоллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам –сўзимизнинг аввалида эслаб ўтганимиздек- ислом даъватининг аввалида даъват қилинаётган мусулмонларни ёлғиз шахсларни ислоҳ қилишдан бошладилар. Даъват Маккада бошланиб сўнг Мадинага кўчиб ўтди. Сўнгра кофирлар билан мусулмонлар ўртасида тўқнашув бошланди. Сўнг эса Рум, Форс … ва ҳаказо. Боя айтиб ўтганимдек, тарих қайта такрорланяпти.
Ҳозирги вақтда мусулмонлар ушбу аянчли воқеликни бартараф этиш учун Аллоҳга ёрдам беришлари вожиб бўлади. Фақат бир томонни муолажа қилиш билан эмас. Бу кутилган самарани бермайди. Агарда ушбу ишни бажариш қўлларидан келганда ҳам!
Ушбу бир томон деганимиз нима у? Бу – Аллоҳ нозил қилган ҳукм билан бошқарув олиб бормаётган ҳукмдорларга қарши курашишдир! Биринчидан бугунги кунда бу нарсани қилишнинг иложиси йўқ. Яъни, ҳукмдорларга қарши курашиш. Бунинг сабаби эса, ўша ҳулмдорлар яҳуд ва насоролар каби кофир бўлишди ҳам дейлик. Энди мусулмонлар бугунги кунда яҳуд ва насороларга қарши кураш олиб боришга қодирми?