(10-22-2011, 03:57 PM)abu Huzayfa Wrote: assalamu alaykum ua rohmatulloh!
Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
(10-22-2011, 03:57 PM)abu Huzayfa Wrote: birodarimiz shunday savol beryabdilar:
masjitga chikiw oilani tinchiga tasir kisa vaktinchalik chikmasa bo'ladimi? (yani juma namoziga, besh vaqtni aytmsa ham bo'laveradi).
barak Allohu fikum!
Жума намози ҳар бир вояга етган мусулмон учун Қуръон, Суннат ва уламоларнинг ижмосига кўра фарз ҳисобланади.
Қуръондан далил:
Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, қачон Жума кунидаги намозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангизлар, мана шу (яъни Аллоҳнинг зикрига — Жума намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир» (Жума: 9).
Суннатдан далил:
Ториқ ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жума жамоатдаги ҳар бир мусулмон кишига фарздир, бундан фақат тўрт киши мустасно: бировнинг мулки бўлган қул, аёл киши, ёш бола ва бемор киши» (Абу Довуд 1067, Ҳоким 1/321. Имом Нававий, ҳофиз Ибн Ражаб, ҳофиз Ибн Касир ва шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ деди. Қаранг: «ал-Мажмуъ» 4/483, «Фатҳул Борий» 5/327, «Иршод ал-фақиҳ» 1/190, «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 3111).
Ижмога кўрсатма:
Имом Ибнул Мунзир, ҳофиз Абу Бакр ибн Арабий ва имом Ибн Қудома айтишди: «Жума намозини адо этиш фарз эканига ижмо қилинган» (Қаранг: «ал-Ижмоъ» 8, «Аъридатул аҳвазий» 1/483, «ал-Муғний» 2/295).
Бундан ташқари жума намозини бирор сабабсиз тарк қилишлик ниҳоятда хатарлидир! Абу Ҳурайра ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумдан ривоят қилишича, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг ёғочдан ясалган минбарларида туриб мана бундай деганларини эшитишган экан: «Аллоҳга қасамки, ёки одамлар жума намозини тарк этишдан тўхтайдилар, ёки Аллоҳ уларнинг қалбини муҳрлаб қўяди. Сўнг улар ғофиллардан бўлиб қоладилар» (Муслим 856).
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки учта жума намозини сабабсиз тарк этса, мунофиқлар орасига ёзиб қўйилади!» (Табароний. Ҳасан ҳадис. Қаранг: «Саҳиҳ ат-тарғиб» 728).
Ота-онанинг қаршилиги ёки уларнинг таъқиқлашлари жума намозини тарк этишга узр ҳисобланмайди. Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ деди: «Жума ва жамоатни тарк этишга буюрса, ота-онага ҳам итоат қилинмайди» (Қаранг: «ат-Тарғиб» 1/143).
Шайх Ибн Боз раҳимуҳуллоҳ раислигидаги доимий фатво қўмитаси уламолари айтишди: «Жума намози ҳар бир мусулмон учун фарз. Уни иш, ўқиш ва шунга ўхшашлар сабабидан тарк қилиш мумкин эмас» (Қаранг: «Фатава ал-Лажна» 8/184).
Шайх Ибн Усаймин раҳимуҳуллоҳга савол берилди: «Мен Америкада ўқийдиган талабаман. Маълумки жума куни бизда ўқиш. Бу кунда дарслар ва шаҳарнинг кичик масжидида соат 13:30 да ўқиладиган жума намози бир вақтга тўғри келиб қолади. Менда ушбу вақтда ҳам намозни ва ҳам ўқишни бирга олиб боришнинг имконияти йўқ. Айниқса ўша (жума намозига тўғри келадиган) дарсларнинг ўрнини босувчиси йўқ ва бу менинг мутахасислигимнинг асосий фани. Мен бир куни домламдан жума намозига жавоб сўрадим, бироқ у айтдики: «Мен сенга бошқа жавоб бермайман. Чунки бу сени ўқишинг даражасига ёмон таъсир қилади». Мен нима қилай? Аллоҳ сизга ёрдам берсин, менга маслаҳат беринг!»
Шайх раҳимуҳуллоҳ жаоб берди: «Менинг фикримча, агар инсон жума намози азонини эшитса, Аллоҳнинг ушбу қавлидан келиб чиқиб, унга бориши шарт бўлади: «Эй мўминлар, қачон Жума кунидаги намозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангизлар, мана шу (яъни Аллоҳнинг зикрига — Жума намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир» (Жума: 9). Агар Аллоҳ инсон жуда қаттиқ муҳтож бўлиши мумкин бўлган тижоратни тарк этишга буюрган бўлса, унда ўқишни ҳам тарк этиб, жума намозига бориш керак бўлади. Бироқ агар масжид ундан узоқда бўлса, агар бу (жума намозига бориш) қийинчилик туғдираётган бўлса, унинг намозга бориши шарт эмас» (Қаранг: «Фатава Ибн Усаймин» 16/51-52).
Шайх Ибн Усаймин раҳимуҳуллоҳ гапираётган нарса кўпгина имомларнинг, хусусан шофеийларнинг фикри бўлган. Уларнинг айтишича, жума намози, ҳудди беш вақт масжидда ўқиладиган жамоат намози каби, унинг адо этиш жойига яқин бўлганлар ва азонни эшитадиганлар учунгина фарз бўлади. Ушбу қавл тарафдорлари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга суянишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жума намози азонни эшитган барча учун фарздир» (Абу Довуд 1056, Байҳақий 3/173).
Бироқ уламолар ушбу ҳадис борасида ихтилоф қилишди. Чунки аксар уламоларнинг айтишича ушбу сўзлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга тегишли эмас, балки саҳоба Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуга тегишли.
Шайх Албоний раҳимуҳуллоҳ ҳам бу Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳунинг сўзлари экани саҳиҳ деб айтган. Бироқ ушбу ҳадисни қувватловчи бошқа баъзи ривоятларнинг мавжудлиги сабабидан, у киши ҳадисни ҳасан деди (Қаранг: «Ирво ал-ғалил» № 593, «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 3112).
Мана шу ҳадисга далил сифатида шофеий уламолари суянишган. Имом Широзий раҳматуллоҳи алайҳ деди: «Жума намози ўқиладиган шаҳар ёки қишлоқнинг азон эшитилмайдиган жойида яшовчи учун жума намозини адо этиш фарз бўлмайди. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган (ҳадис) бунга далолат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жума намози азонни эшитган барча учун фарздир». Қачонки муаззин шаҳарнинг чеккасида туриб, овозлар паст ва шамол сокин бўлганида азон айтса, шундаги азоннинг эшитилиши ҳисобга олинади. Кимки уни эшитса, унга жума намозида ҳозир бўлиши фарз бўлади. Кимки эшитмаса, йўқ (фарз бўлмайди)» (Қаранг: «ал-Муҳаззаб» 1/205).
Азон эшитилганида жума намозини адо этишлик фарз бўлиши ҳақидаги қавл бошқа ҳадислар билан ҳам қувватланади. Уларда жума намозини сабабсиз қолдириш учун бўлган ваъидлар азонни эшитиш ва унга ижобат қилишга боғланган:
Абдуллоҳ ибн Аби Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки жума намози азонини эшитса, аммо унга уч бора жавоб бермаса, ўшанинг қалби муҳрланиб қўйилади ва у мунофиқнинг қалбига айланиб қолади» (Табароний «ал-Кабир»да. Ҳофиз Ироқий ва ҳофиз Ибн ал-Мулаққийн ҳадисни саҳиҳ деди. Қаранг: «ал-Бадр ал-мунир» 4/588, «Найлул автор» 6/221).
Яҳё ибн Асъад ибн Зурорий ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки жума намози азонини эшитса, аммо унга уч бора жавоб бермаса, мунофиқлардан бири деб ёзиб қўйилади» (Абу Яъло 7167. Ҳофиз Бусайрий ва ҳофиз Ибн Ражаб ҳадисни саҳиҳ деди. Қаранг: «Фатҳул Борий» 5/458).
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жума куни азонни эшитадиган ва намозга бормайдиган одамлар ёки (бу ишни) бас қиладилар, ёки Аллоҳ қалбларини муҳрлаб қўяди. Шундан сўнг улар шубҳасиз ғофиллардан бўлиб қоладилар» (Табароний «ал-Кабир»да. Ҳофиз Мунзирий, ҳофиз Ҳайсамий ва шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ деди. Қаранг: «Мажмаъуз заваид» 2/194, «Саҳиҳ ат-тарғиб» 730).
Шундай қилиб, агар мусулмон вояга етган бўлса ва жума намози ўқиладиган жойга яқин жойда ишласа ёки ўқиса, ўша масжид муаззинининг микрофонсиз айтган азони товушини эшитса, бундай ҳолатда унга жума намозига бориш фарз бўлади.
Агарда у ҳали вояга етмаган бўлса ёки жума намози ўқиладиган масжиддан йироқда бўлса, агар у ишда ёки ўқишда бўлса, унга жума намозига бориш фарз бўлмайди.
Бироқ ҳатто агар у ўз шаҳридаги жума намози ўқиладиган масжиддан йироқда бўлса ҳам, бироқ бормаслик учун унда бирор узрли сабаб бўлмаса, шубҳасиз жума намозига бориши керак бўлади. Чунки саҳобалар шаҳарнинг турли чеккаларидан жума намози учун келишган. Шу билан у ўзини ихтилофдан омонда сақлаган бўлади.
Бундан ташқари, қўшимча сифатида айтамизки, жума намози – улуғ ажрга эга бўлишга имноят берувчи ўта енгил ва ажойиб амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким жума куни ғусл қилса, сўнг хутбага улгуриш учун эртароқ жума намозига йўл олса ва маркабда эмас балки пиёда кетса, имомга яқин келиб, чалғимай хутбани диққат билан тингласа, унинг ҳар бир қадамига тунги нафл намозлар ўқиган ва йил давомида рўза тутганнинг савоби ёзилади» (Аҳмад 4/8, Термизий 496, Абу Довуд 1/476. Имом Абу Исо Термизий, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, имом Байҳақий, шайх Албоний, Абдулқодир Арнаут ва Шуъайб Арнаут ҳадисни саҳиҳ деди).
Шайх Муборакфурий раҳимаҳуллоҳ деди: «Баъзи имомлар айтишдики: «Биз шариатда бу каби савобни ўз ичига олган саҳиҳ ҳадисни эшитмадик»» (Қаранг: «Туҳфатул аҳвазий» 3/15).
Валлоҳу аълам.