Шайх роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: Подшоҳ, (Ўз ишида) Ғолиб Зотнинг қудратига далолат қиладиган оят-аломатларнинг энг ажабтовур ва улкани Аллоҳ таоло очиқ-ойдин оммабоп тарзда, турли ўй-гумонлардан йироқ ўлароқ баён қилган олти асосдир. Сўнгра, ниҳоятда озчиликни ҳисобга олмаганда, оламдаги донишманд ва одам болаларининг ақли расоларидан иборат кўпчилиги ушбу бобда хатога йўл қўйди.
Биринчи асос
Динни шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳ учун холис адо этмоқ. Ва бунинг зидди бўлмиш Аллоҳга ширк келтиришни ёритиб бериш. Ҳамда Қуръоннинг аксар (қисми) ушбу асосни турли услубларда, фаҳмлаш (савияси пас), саводсиз киши тушунадиган сўз билан баён қилиб берган эканлиги. Сўнгра умматнинг аксар қисми (элчилар рисолатидан) юз ўгирганча юз ўгиргач, шайтон уларга (ҳақиқий) ихлосни (ўтган) солиҳ кишиларнинг обрўларига путур етказиш ва уларнинг ҳақларини оёқости қилиш суратида, Аллоҳ таолога ширк келтиришни эса (ўтган) солиҳ зотларга муҳаббат қўйиш ва уларга эргашиш суратида намоён қилди.
Иккинчи асос
Аллоҳ таоло динда жамланишга буюриб, фирқа-фирқа бўлиб бўлиниб кетишдан қайтарди. Аллоҳ таоло ушбу (асосни) оми одам ҳам тушунадиган даражада, етарлича баён қилиб берди. Ва бизни ўзимиздан олдингилар фирқа-фирқа бўлиб бўлинган ва ихтилофлашганлари натижасида ҳалок бўлганлари каби йўл тутишимиздан қайтарди. Ҳамда У Зот элчиларга динда жамланишга буюргани ва фирқа-фирқа бўлиб бўлинишдан қайтарганини ёд этди. Ушбу (асосни) суннатда айни мавзуда ворид бўлган асарлар янада зиёда баён қилиб беради. Сўнгра ҳолат динниг асли ва фаръида-динни ўқиб, уқиш бобида ажралишга қараб кетди. Ҳолат шу даражага етдики, динда жамланишликдан фақат зиндиқ ёки девонагина сўз очадиган бўлди!
Барча мақтовлар оламларнинг Робби Аллоҳга хосдир. Пайғамбарларнинг сўнггиси, элчиларнинг имоми Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га, аҳли-оилалари ва барча саҳобаларига саловат-у саломлар бўлсин!
Ушбу олти асос Аллоҳ таолонинг Китоби ва Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан истинбот қилингандир.
Муаллиф роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар:
“Подшоҳ, (Ўз ишида) Ғолиб Зотнинг қудратига далолат қиладиган оят-аломатларнинг энг ажабтовур ва улкани Аллоҳ таоло очиқ-ойдин оммабоп тарзда, турли ўй-гумонлардан йироқ ўлароқ баён қилган олти асосдир”. Яъни, авом ҳам тушунадиган услуб билан ёритиб берилган.
Авом ҳам тушунадиган даражада етарлича баён қилингач:
“Ниҳоятда озчиликни ҳисобга олмаганда, оламдаги донишманд ва одам болаларининг ақли расоларидан иборат кўпчилиги ушбу бобда хатога йўл қўйди”. Бунинг сабаби улар Китоб-у Суннатни ўрганишдан юз ўгириб, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган йўлни ўқиб-ўрганишга ҳафсала қилмадилар. Гоҳида фойдали, гоҳида эса зарарли бўлган бошқа-(турли) илмлар билан машғул бўлиб, ушбу буюк асос ва ана шу бобдаги пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динни билишга аҳамиятсизлик қилдилар.
Ушбу асосларнинг биринчиси: динни шериксиз, ёлғиз Аллоҳ таоло учун холис адо этмоқ. Ҳамда ихлоснинг зидди бўлмиш ширкни баён қилмоқ. Шак-шубҳа йўқки ҳар бир мусулмон Аллоҳга (чин) ихлос боғлаганини, яъни, динни Аллоҳ учун холис адо этаётганини даъво қилади. Бироқ амалда қандай татбиқ қилинаётгани аҳамиятга молик жиҳатидир. Бироқ кўплаб оқил ва ақли расо кишилар аксар дин ишларини тушунсалар-да, ибодат ва унинг турлари ҳамда ширк ва унинг турлари борасида тафсилий билимда оқсоқ эканликлари (кўзга яққол ташланиб туради). Қуръоннинг аксар қисми турли услублар ила ушбу асосни ёритиб берган. Қуръоннинг бари, бошидан охиригача тавҳид борасидадир. Ё Аллоҳ таолони ибодатда яккаламоққа чорлайди ёки Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони (ибодатда) яккалаганларнинг дунё ва охиратдаги мукофотлари ҳамда У Зот уларни (муваҳҳидларни) дунёда Ўз изни билан қандай мукаррам қилиши, гоҳида эса Ўз изни билан имтиҳон-синовга солиб, охиратда улар учун ҳозирлар қўйган неъматларини ва тавҳиддан юз ўгирганларнинг жазо ва уқубатлари, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларни дунё-ю охиратда қандай азобга гирифтор қилиб, қаттиқ азобга солишини баён қилиб беради. Қуръоннинг бари ана шу мавзудадир.
Демак, Қуръоннинг аксар қисми турли услублар ила ушбу асосни ёритиб берган:
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай дейди:
“Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ... буюрилган эдилар”. (Баййина/5). Демак, улар ягона Аллоҳга, У Зот учун динни холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолда ибодат қилишга буюрилган эдилар. У Зот учун динни холис қилмайдиган динга эмас...
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди:
“Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни … амр этди”. (Исро/23). Ана шундай қилиб Қуръон турли услублар ила ширк муаммосини муолажа қилиб, (динни Аллоҳ учун) холис қилишга даъват қилади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳадиси қудсийда шундай дейди:
“Мен шерикларниг шериклик қилинмоғидан Беҳожат Зотман. Кимда-ким бирор амал қилиб, ушбу амалда Менга ўзга бир нарсани шерик қилса, ўзини ҳам, ширкини ҳам тарк этаман”. (Муслим/2985).
Ушбу маънода келган ана шу ҳужжатлар кўплаб талаба ва маданиятлилар наздида унут бўла ёзган. Шу сабабли ўзлари билмаган ҳолларида ширкка қўл уриб қўядилар. Ё сўфийларнинг кўплаб издошларида кузатилаётгандек ибодатдаги ширкка ёки қонуншуносларнинг кўпларида рўй бераётгандек итоат ва эргашувдаги ширкка қўл урадилар.
Сўнг муаллиф роҳимаҳуллош шундай дедилар:
“Сўнгра умматнинг аксар қисми (элчилар рисолатидан) юз ўгирганча юз ўгиргач”. Ушбу юз ўгириш биз ишора қилиб ўтганимиздек Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини таълим олишдан бош тортиш эди. Шайтон уларга ихлосни солиҳ зот ва уларнинг ҳақларини оёғости қилиш суратида намоён қилди. Ибодатни Аллоҳ таоло учун холис адо этаётган кишига кўзлари тушса, унга солиҳ зотларни оёқости қиляпти, ҳақларини поймол қилди дея туҳмат ёғдиришди.
Солиҳ зотларнинг ҳаққини Аллоҳ таолонинг ҳаққидан ҳам юқорида дея баралла айтишди. Аллоҳ таолонинг бандалари устидаги ҳаққи, барчага маълум бўлганидек, Унга ибодат қилиб, У Зотга бирор нарсани шерик қилмасликларидир.
Ибодатни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун холис адо этган кишини солиҳ зотларнинг ҳақ-ҳуқуқларини зое қилди дея туҳмат қилишгандаги солиҳ зотларнинг ўша ҳақ-ҳуқуқлари аслида нималардан иборат эди? Ушбу ҳақ-ҳуқуқлар Аллоҳнинг Китоби ва Росули соллаллоҳу алайҳи ва саллам Суннатининг қай бир ўрнида ёдга олинди-ки?, кўпчиликнинг ўй-фикри солиҳ зотларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, уларга таъзим бажо қилиб, муҳаббат қўйиш ва улар борасида ғулувга кетиш билан машғул бўлиб қолди.
Тўғри, Аллоҳнинг бандалари орасидаги солиҳ зотлар борасида гарданимиздаги вожибот – уларни Аллоҳ йўлида яхши кўришлигимиздир. Бироқ уларга бўлган муҳаббатдан аввал Аллоҳга бўлган муҳаббат муқаддам қилиниб, Аллоҳни севгандек севилмасликлари лозим.
Солиҳ зотларнинг ҳаққи ушбу солиҳ кишини Аллоҳни севгандек севиб, Аллоҳга шерик қилишимиз эмас. Балки бизга уни Аллоҳнинг йўлида яхши кўришимиз лозим бўлади.
Демак, ушбу асосларни жамловчи (муаллиф роҳимаҳуллоҳ) айтганларидек, ушбу икки иш орасини ажратиб олишда кўплаб ақли расолар оқсоқлик қилишиб, Аллоҳнинг йўлидаги муҳаббат билан Аллоҳни севгандек севиш орасини ажратиб ололмадилар.
Ҳозирда исломий жамиятларда (ўтган) солиҳ зотлар дея номлашаётган сағана-(мавзолей)ларда юз бераётган ҳолатнинг аксар қисми Аллоҳни севгандек севиш бўлиб, Аллоҳ йўлида яхши кўриш эмас. Аллоҳни севгандек севиш катта ширк турларининг энг улканларидандир.
Кимда-ким Аллоҳдан ўзгасига Аллоҳга муҳаббат қўйгандек муҳҳабат қўйиб, муваҳҳидлар оламларнинг Роббисини улуғлаганларидек улуғласа ва муваҳҳидлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога хокисор бўлганларидек хокисор бўлиб, таъзим бажо қилишда ушбу солиҳ зот-(пир) қалблардаги сирлани билади, фойда ва зарарга эга дейиш каби эътиқод даражасига чиққан бўлса, ушбу ҳолат авом мусулмонлар солиҳ ва солиҳ бўлмаганларнинг кўплаб сағана-(мавзолей)ларининг олдида бўғизларигача ботган катта ширкдир. Уларни ушбу ишга руҳлантираётганларнинг кўпчилиги илмга нисбат бериладиганлар бўлиб, ушбу қабрлар олдида бажаришаётган тавоф, жонлиқ сўйиб, назр аташ каби қилмишларини солиҳ зотларга муҳаббат қўйиш ва уларни восита қилиш, асло уларга қилинган ибодат эмас дея зийнатли қилиб кўрсатишяпти. Ана шу воқеликдир. Гўёки ушбу асосларни жамловчи (муаллиф роҳимаҳуллоҳ) мусулмонларнинг ҳолатларини, бугунги кундаги мусулмонларнинг воқелиги ва хоссатан ушбу диёрнинг ташқарисидаги воқеликни ўз кўзлари билан кўриб тургандекдир.
“Шайтон уларга (ҳақиқий) ихлосни (ўтган) солиҳ кишиларнинг обрўларига путур етказиш … суратида намоён қилди”. Кимда-ким (динни) Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун холис қилиб, Аллоҳдан ўзгасига ибодат қилиш, Ундан ўзгасига хокисор бўлишга қарши курашиб, сағана-(мавзолей)ларни тавоф қилиш ва уларга жонлиқ сўйишдан узоқ бўлса, ушбу иш солиҳ зотларни оёқости қилиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қилиш бўлиб, шайтон уларга Аллоҳга ширк келтиришни солиҳ зотларга муҳаббат қўйиш ва уларга эргашиш суратида намоён қилди.
Юқорида айтиб ўтилганидек, ўтган солиҳ зотларнинг сағаналарини тавоф қилиб, улардан фақатгина Аллоҳ таоло қодир бўладиган ишлар борасида ўтиниб ёрдам ва мадад сўраб, сўфийларнинг китобларида очиқ айтилганидек улар коинотда ўз бошқарувларига эга, авлиёлар ҳаётлик чоғларида ибодат билан машғул бўлиб, вафот этишгач ўз издошлари учун борлиқда бошқарувга эга бўлиб, издошларига фойда етказиш ва улардан зарарни даф қилиш каби ишларга эга дея очиқ куфрни эътиқод қилиш каби Аллоҳга ширк келтириш атрофга кенг тарқалди. Сўфийларнинг кўплаб китоблари ушбу ширкка чорлайди. Ана шундай қилиб шайтон ғолиб келиб, омма мусулмонлар наздида ҳақиқатлар акс кўриниш ҳосил қилди.
Ушбу биринчи асос атрофидаги қовл эди.
Иккинчи асосга келсак: Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мўминларни динда бирлашишга амр этиб, фирқа-фирқа бўлиб бўлинишдан қайтарди. Аллоҳ таоло ушбу амрни авом ҳам тушунадиган даражада етарлича баён қилди ва бизни аввалгилар фирқа-фирқа бўлиб бўлиниб, натижада ҳалок бўлишгани каби бўлишимиздан қайтарди.
Аллоҳ таолонинг ушбу қовлида очиқ-ойдин буйруқ ва аниқ-тиниқ қайтарув келди:
“Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!”. (Оли Имрон/103).
Барчангиз Аллоҳнинг арқонига боғланингиз оятининг маъносини араб тилини биладиган ҳар бир киши тушунади. Бу ўринда инсон сўраши мумкин бўлган нотаниш сўзнинг ўзи йўқ. Фақатгина
“Аллоҳнинг арқони” жумласининг маъноси: Аллоҳнинг дини, Китоби, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли дея изоҳланади. Ушбу ихтилоф лафздаги ихтилоф холос, асл маъно бирдир. Яъни, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган йўлга боғланингиз.
Сўнг Аллоҳ таоло ушбу боғланишни мана бу қовли билан изоҳлаб берди:
“Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз...!”. Ушбу биринчи жумлани мана бу иккинчиси изоҳлаб беради:
“Ва бўлинмангиз!”. Динда фирқа-фирқа, гуруҳ-гуруҳ ва жамоат-жамоат бўлиб бўлиниб олмангиз!
Бу ўринда ушбудан ҳам очиқ-ойдин буйруқ бўлиши мумкинми?
Ва фирқа-фирқа бўлиб бўлинишдан ушбу қайтарувдан-да аниқ-тиниқ қайтарув бўлиши мумкинми?
Шундай бўлишига қарамай турли жамоат ва гуруҳлар тузиш билан ушбу очиқ-ойдин амрдан (умматни) янглиштираётганлар нақадар кўп. Ушбу оят ёдга олинса янглиштириш услубида шундай дейдилар: ахир барчамиз бир динда бўлсак... Жамоатларнинг бари бир динда-ку!
Жамоатлар бир динда бўлса, унда нега ихтилоф кузатиляпти?!
Ушбу очиқ-ойдин янглиштиришлик кўплаб ёшларимизга зарар берди. Ўша даъвогарларнинг айтишича, ушбу (даъват) майдонидаги кўплаб жамоатлар динда ўзаро ҳамкорлик қилармиш. Ахир, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло фирқа-фирқа бўлиб бўлининглар дедими ёки (Қуръонга) боғланиб, фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!, дедими?
(Бироқ Аллоҳ таолонинг ҳикмати эканки, даъват) майдонидаги ушбу оятга зид ўлароқ мавжуд бўлган бугунги жамоатлар бўлмаган-да, оятни қандай тушунардик?!
Муаллиф роҳимаҳуллоҳ ушбу:
“Аллоҳ таоло динда жамланишга буюриб, фирқа-фирқа бўлиб бўлиниб кетишдан қайтарди. Аллоҳ таоло ушбу (асосни) оми одам ҳам тушунадиган даражада, етарлича баён қилиб берди”, деган сўзларидан ирода қилганлари юқорида ўтган жумлалар эдики, фитрат-(хилқат)лари турли ташвиқотлар заҳридан саломат бўлган, турли жамоат ва гуруҳлардан йироқда ҳаёт кечирадиган оми одам (ушу асосни) бирор англашилмовчиликсиз, аниқ-тиниқ суратда англай олади.
Ва Аллоҳ таоло бизни, ўзимиздан аввалги яҳуд ва насоролар каби фирқа-фирқа бўлиб бўлиниш ва ихтилофлашишдан қайтарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу уммат фирқа-фирқа бўлиб бўлинишда яҳуд ва насороларнинг изидан юриб, бўлиниб кетишини баён қилдилар. Ушбудан қочиб қутулиб бўлмайди. Чунки бу аввал Аллоҳ таолонинг илмида ўтгандир. Гарчи ушбу иш буюрилмаган (аксинча қайтарилган бўлса-да), бироқ бу Аллоҳ таоло билиб, Ўз ҳузурида битиб қўйган ёмонликдир. Зеро ушбу борлиқда юз бераётган ҳар бир яхшилик ва ёмонлик аввал Аллоҳ таолонинг илми, Китоби ва умумий хоҳишида ўтгандир. Ушбуларнинг бари қазои қадар боби остига дохилдир. Рўй бераётган барча нарса ҳам Аллоҳнинг наздида севикли эмасдир. Балки биз Аллоҳнинг шаръий, диний иродаси билан кавний иродаси ўртасини ажратиб олишимиз лозим. Ушбу (фирқа-фирқа бўлиб бўлиниш) Аллоҳнинг кавний иродаси ила юз берди, шаръий иродаси билан эмас. Яъни, Аллоҳ таоло бутун инсониятни иймон келтиришга амр этди. Энди, одамларнинг бари иймон келтирганми? Йўқ.
Аллоҳ таоло одамларнинг барчасини намоз ўқишга буюрди. Энди барча одамлар намоз ўқийдими? Йўқ.
Демак, диний амр ёки диний ирода-хоҳиш гоҳида амалга ошади, гоҳида эса рўёбга чиқмайди. Аллоҳ таоло кавнан ирода қилган нарса рўй беришидан ўзга илож йўқ. Хоҳ у ёмонлик ёки яхшилик, куфр ёки иймон, маъсият ёки тоат бўлсин. Аллоҳ таоло кавний ва қадарий жиҳатдан ирода қилган нарса рўй беришлиги чорасиздир. Бу эса ушбу рўй берган нарса Аллоҳнинг наздида севикли эканига далолат қилмайди. Аллоҳнинг кавний иродаси ила юз берган куфр Аллоҳнинг наздида севикли эмас. Балки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларига асло куфрни раво кўрмайди. У Зот фаҳш ва мункар ишлардан қайтарган. Бироқ ушбуларнинг бари Унинг кавний иродаси ила рўй беради, шаръий, диний иродаси билан эмас. Яъни, ушбу ишлар буюрилмаган ва Аллоҳнинг назидида севикли ҳам эмас. Бироқ ушбуларнинг бари Аллоҳнинг кавний иродаси ила юз беради. Модомики Аллоҳ таоло ушбу иш рўй беришини ирода қилган экан, ўзга чора йўқдир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу уммат яқин келажакда етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши ҳақида хабар берган эканлар, ушбу иш содир бўлишидан ўзга чора йўқдир. Бироқ ушбу ишнинг содир бўлиши, у Аллоҳнинг наздида севикли иш эканига далолат қилмайди. Тушунтирмоқчи бўлаётганим шу эдики, гарчи ушбу иш Аллоҳнинг кавний иродаси ила юз берган бўлса-да, бироқ у севикли амал эмас. Балки қайтарилгандир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу иш рўй беришидан хабар қилишлари, у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ўз тасдиғини топиши учун ҳам албатта содир бўлиши муқаррардир. Ушбу хабар фирқа-фирқа бўлиб бўлинишнинг Аллоҳ наздида севикли эмаслиги ва ушбу фирқаларнинг нажот топувчи биттасидан ташқари барчаси дўзахда экани ҳамда ушбу битта фирқа Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалари йўлини маҳкам тутиб, шунда сабр қилиши ва ана шу (фирқа) жамоат эканига далолат қилади. Демак бу ўринда (бир) жамоат ва (кўплаб) жамоатлар мавжуд. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларида бўлган жамоат – мусулмонларнинг жамоатидир. Хоҳ уни ҳукмдори бўлсин ёки бўлмасин.
Агар жамоат бўлиб, унинг ҳукмдори ҳам бўлса, бас, ҳар бир мусулмонга ушбу жамоатга қўшилиши ва ушбу жамоат ҳукмдорига итоат остида ҳаёт кечириши вожиб бўлади.
Бироқ маълум бир ерда ҳукмдорга эга бўлмаган жамоат бўлса, мусулмон кишига ушбу жамоат билан ҳаёт кечириши лозим бўлади.
Агар Аллоҳнинг динини маҳкам тутиб, Унинг шариатини тушуниб етадиган мусулмонларнинг жамоати бўлмаса, бас, ёлғиз бўлиб ҳаёт кечираверади. Ана шу дамда унинг ёлғиз ўзи уммат ва жамоат бўлади.
Бироқ (ҳозирда даъват майдонида мавжуд бўлган кўплаб) жамоатларни (ҳужжатларда келган) жамоат дея изоҳлаш, одамларни чалғитиш ва қўпол хатодир. Ушбу иш толиби илмга ярашадиган иш эмас. (Ҳозирги) жамоатлар (ҳужжатларда ёд этилган) жамоат эмас.
Биз доимо ягона жамоат бўлишликка буюрилганмиз. Жамоат-жамоат бўлиб олишимиз жоиз эмас. Агар мусулмонларнинг жамоати мавжуд бўлиб, уларнинг ҳукмдорлари бўлса, бошқа жамоатлар тузиш ҳаром бўлади. Чунки бошқа жамоатлар, улар сиёсий жамоат бўлиб, мавжуд ҳукмни қўлга киритишга интиладилар. Ислом ушбу ишга ниҳоятда жиддий эътибор қаратганки, агар икки ҳукмдорга байъат бериладиган бўлса, бас улардан иккинчисини қатл қилинглар.
Сиёсий жамоатлар вужудга келиб, бўй кўтаришлиги билан байъат бериладиган (ўз ҳукмдорини) тайин қилишни назарда тутади. Ҳукмга интилиб, иқтидорга келишни хоҳлайди. Хоҳ мавжуд ҳукмдор одил бўлсин, хоҳ фожир бўлсин. Модомики Аллоҳ таоло мусулмонларни ушбу ҳукмдор бошқарувида жамлаган экан, ушбу ҳукмни қўлга киритишга интилиш ва иқтидорга келиш учун бирор амир тайин қилиш ҳаром бўлади. Бугун майдонда мавжуд бўлган кўплаб жамоатлар ана шу тур остига дохилдир. Гарчи ўзларини исломга даъват қилувчи жамоатлар дея жар солсалар ҳам. Бироқ воқелик ҳар бир ақли расо кишига шуни гувоҳлик беряптики, ушбулар сиёсий жамоатлардир, даъват қилувчи эмас. Агар даъват қилувчи жамоат бўлганида очиқ ойдин дин ва манҳаж-дастурда ихтилоф юз бермаган бўларди.
Унда нима учун ушбу ўзаро рақобатга юз тутган жамоатлар кўп ҳолларда ўз фаолиятларини сирли-(пичир-пичир йиғилишларда) ўтказадилар?
Демак, бу ерда сиёсий рақобат ва ғаразлар бор экан. Шундай қилиб ёшларга дин ишларини чалғитиб кўрсатишяпти, натижада ҳақ нима-ю ботил нима эканини тушунмай қолишди.
Муаллиф роҳимаҳуллоҳ шундай деяптилар:
“Ва бизни ўзимиздан олдингилар фирқа-фирқа бўлиб бўлинган ва ихтилофлашганлари натижасида ҳалок бўлганлари каби йўл тутишимиздан қайтарди”. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деяпти:
“Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз!”. (Оли Имрон/105).
“Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин” анавилар каби фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар! Демак, ишнинг бари аниқ-равшан. Диннинг на асли, на фаръи-(фиқҳи)да, на ақида ва на шариатда чигаллик ва ноаниқлик бор. Шу сабабли ҳам бугунги кунда бошимиздан ўтказаётган ушбу хатарли фирқа-фирқа бўлиб бўлинишларнинг бари ушбу ҳужжатларга тўқнаш-(зид) келяпти. Муаллиф роҳимаҳуллоҳ ҳам ҳайрат ила айтмоқчи бўлганлари ана шудир.
Сўнг роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар:
“Ҳамда У Зот элчиларга динда жамланишга буюргани ва фирқа-фирқа бўлиб бўлинишдан қайтарганини ёд этди. Ушбу (асосни) суннатда айни мавзуда ворид бўлган асарлар янада зиёда баён қилиб беради”.
“Аллоҳ таоло сизлар учун уч нарсага рози бўлди: Аллоҳга ибодат қилиб, Унга бирор нарсани шерик қилмасликларингизга, Аллоҳнинг арқонига маҳкам боғланиб, фирқа-фирқа бўлиб бўлинмасликларингизга ҳамда Аллоҳ таоло ишларингизга бошлиқ қилган кимсага насиҳат-холис муносабатда бўлмоқларингизга”. Ушбу пайғамбар ҳадиси саҳиҳ бўлиб, юқоридаги оят билан қўллаб-қувватлангандир. Китоб-у Суннатнинг иккиси ҳам бирлашиш ва жамланишга буюриб, фирқа-фирқа бўлиб бўлинишдан қайтарди. Сўнг диннинг асли ва фаръида фирқа-фирқа бўлиб бўлинишлик, илм ва динни уқиш дея қараладиган бўлди.
Диннинг аслий масалаларида фирқа-фирқа бўлиб бўлиниш аввалги бор муфаззал асрлардан кейин рўй бериб, ушбу бўлинишлар барчага маълум бўлганидек Аббосийлар замонида кенг қулоч ёзди.
Мусулмонларнинг ушбу фирқаларга бўлинишлари сабаби, ишнинг бошида калом илми бўй кўтариб, сўфийлик вужудга келиши билан бўлганди. Шайхул ислом роҳимаҳуллоҳ зикр қилишларича тасаввуф аввал Басрада, ибодатгўйлар томонидан содир бўлди. Тарки дунё қилиб, динда зоҳидлик қиламиз дея, Аллоҳ таолога ибодат қилиш учун узлатга чиқишди. Бироқ ушбу таркидунёчилик ва зуҳд жоҳиллик сабабли юз бергани боис шайтон уларга баъзи амалларни зийнатли қилиб кўрсатди:
Аввал жун кийиб, пахта ва зиғирпоядан тўқилган матодан фойдаланмай қўйишди. Атрофга номлари чиқиб, жундан (либос) кийиш ила машхур бўлишди. Шу сабабдан ҳам улар “Сўфий”лар деб айтилади. Гарчи улардан бир даъвогар чиқиб, сўфийликка нисбат бериш бу “Суффа аҳли”га нисбат беришдир ва улар ушбу масжиддаги суффа аҳли дея даъво қилса-да. Ҳатто бу луғавий жиҳатдан ҳам хатодир. Суффага нисбат берилса “Суффий” деб аталади, “Сўфий” эмас. Шунингдек, тасаввуф мусаффоликка нисбат берилади деган даъво ҳам маъно ва луғат жиҳатидан хатодир. Чунки мусаффоликка нисбат берилса “Софааий” деб айтилади. Демак ушбу сўфийлик суф-(жун)га нисбат берилади. Ахир бу ўринда қандай мусаффолик бўлсин, аксинча (уларнинг юриш-туришларини ўзи) мусаффоликка хилофдир.
Ушбу тасаввуф фирқаси бўй кўтаргач, уларга зиндиқлик ва кўплаб бидъатлар кириб борди. Иш ҳатто ваҳдатул вужуд ақидаси пайдо бўлишигача борди. Ибн Аробий, ибн Фариз, ибн Сабъийн ва ибн Ажийбаларнинг гуруҳи кўплаб мусулмонларнинг дин ва ибодатларини булғадилар.
Иккинчи нуқта эса мусулмонларнинг ақида бобида фирқа-фирқа бўлиб бўлинишлари Аббосий халифа Маъмун замонида мўтазилалар фаоллашган вақт калом уламолари томонидан рўй берди. Бунинг кетидан эса ашъарийлик фаолияти рўй берди. Мусулмонларнинг диннинг аслига оид масалаларда фирқа-фирқа бўлиб бўлинишлари сабаби ана шулар эди. Ҳатто имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг бошларига тушган оғир синовлардан кейин, то имом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ зоҳир бўлгунларига қадар салаф манҳажи унутила ёзилди. Сўнг (Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ) ҳақ ила (ботилни) янчиб, салаф манҳажига ёрдам қўлини чўзган эдилар ҳам-ки, Аллоҳ таоло у кишининг қўлида ушбу манҳажни янгиттан ғолиб қилди. Мана бугун биз ушбу манҳажни дарс қилиб ўтирибмиз.
Демак, Аббосийлар замонидан бизнинг бугунги кунимизгача одамлар кўплаб ҳолатларда диннинг асли ва ибодат бобида фирқа-фирқа бўлиб бўлиниб кетдилар. Чунки Аллоҳ таолога ибодат қилишда сўфийлик олиб кирган бутпараслик рўй берди. Юқорида ўтганидек Аллоҳдан ўзгаларга ибодат ва дуолар қилинди.
Исм ва сифатлар бобида эса сифатларни инкор қилишлик тавҳид дея исбот қилинди. Мўтазилаларнинг аввалги асоси тавҳиддир. Хўш, ушбу тавҳид нимадан иборат? Сифатларни инкор қилишдан иборат. Сифатларни инкор қилиш тавҳид, ҳукмдорга қарши бош кўтариб чиқиш эса яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш деб аталди. Ана шундай қилиб мусулмонлар Аббосийлар замонидан бугунги кунимизгача ушбу фирқалар сабабли бўлиниб кетишди. Бироқ Аллоҳ таоло мусулмонларни барчалари залолатга кетишларига ташлаб қўймади. Уммат ҳар сафар (ушбу манҳажни) янгиттан (ғолиб қилинишига) муҳтож бўлгани они Аллоҳ таоло умматга дин ишларини янгиттан (қоим қиладиган) бир мужаддидни бағш этди. Аббосий халифа Маъмун, Мўтасим ва Восиқлар замонида фитна шиддатли тус олгани маҳал Аллоҳ таоло ушбу умматга аҳли сунна вал жамоа имоми, бидъатни белини синдирувчи Аҳмад ибн Ҳанбал (роҳимаҳуллоҳ)ни бағш этди. Имом роҳимаҳуллоҳ сабр қилиб, ажрни Аллоҳдан умид қилиб, азият чекиб, зарба едилар. Ҳатто Аллоҳ таоло у кишининг сабр ва азиятларни кўтара билишлари сабабидан ушбу ақидани боқий қилди. Бироқ Мақризий айтганидек салафийлар имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан сўнг дунёнинг турли бурчакларида фирқа-фирқа бўлиб бўлиниб кетдилар. Натижада ушбу манҳаж унутила ёзилди.
Ахийри Аллоҳ таоло мазлум қаҳрамон Аҳмад ибн Таймийни бағш этди. Аллоҳ таоло у киши сабаб ушбу динни янгилади-(тирилтирди)ки, биз ушбу янгиланишнинг асарини бугун яшаяпмиз.
Мулоҳаза қилинадиган нуқта шуки, Аллоҳ таоло ушбу вақтгача ишлари зоҳир бўлган имом Аҳмад (роҳимаҳуллоҳ)ни қўллаб-қувватлайдиган кишини насиб этмади. Чунки ҳукмдорнинг ўзи у кишига қарши курашарди.
Демак, Аллоҳ таолонинг қонунияти шундай жорий бўлдики, ҳақ икки чинакам шижоатли даъватчи киши қўлида ғолиб бўлиб, нусрат қозонди.
Тарихга назар ташлар эканмиз, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳни йўлига даъват қилиб, қабилаларга ўз даъватларини илиниб, шундай дердилар:
“Роббимни рисолатини етказишим учун ким мени ўз ҳимоясига олади”. Шунда Аллоҳ таоло у кишини қўллаб-қувватлайдиган кишини насиб этди. Қизиғи шундаки, у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламни Роббиларининг рисолатини етказишларида чинакам қўллаб-қувватлаган кишининг ўзи у кишининг рисолатларига иймон келтирмаганди. Бироқ у у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг рисолатлари ҳақ эканини биларди. Ва ўзи ёдга олган қандайдур сабаблар (ушбу рисолатни қабул қилишдан) уни тўсиб қолди!
Абу Толиб – гарчи иймон келтирмаса-да, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватларини аввалги қўллаб-қувватловчисидир.
Айтиб ўтганимиздек Аллоҳ таоло имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳни қўллаб-қувватлайдиган кишини насиб этмади. Шу сабабли у киши мужаддид бўлсалар-да, даъватларидан ўша кезлари кўпчилик сезиларли фойда ололмади.
Ибн Таймия (роҳимаҳуллоҳ) келиб, Аллоҳ таоло у кишига қўллаб-қувватлайдиган кишини насиб этдими? Йўқ. Жамият ва ҳукмдорлар у кишини илм ва шижоатлари сабабли яхши кўриб, ҳурмат қилишарди. У кишининг душманлари баднафс уламолар эди.
Баднафс уламолар халқ ва ҳукмдорларнинг кўзини шамғалат қилиб, ҳар сафар Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳни Қоҳира ёки Искандарияга сургун қилиш ёки ҳибс қилишни талаб қилсалар, ҳокимият ушбу ишни амалга оширарди.
Демак, у кишининг мужаддид бўлиб, ҳаёлга сиғмайдиган даражадаги кўплаб асарларидан ўша кезлари кўпчилик фойда ололмади.
Аллоҳ таоло ўн иккинчи (ҳижрий) асрда ушбу динни янгиттан (ёдга солинишини) ирода қилган маҳал ушбу охирги мужаддидни қўллаб-қувватлайдиганларни насиб этди. Ушбу қўллаб-қувватлов сабабли бугун имом Аҳмад ва Ибн Таймия (роҳимаҳумаллоҳ)ларнинг китоб ва асарларидан фойдаланяпмиз. Чунки ушбу китобларнинг аксари мусулмон диёрларнинг ташқарисига чиқариб ташланганди. Бироқ ушбу биз унинг асарини туяётганимиз муборак мужаддидлик сабаб ушбу китоблар бир жойга жамланиб, нашрдан чиқиб, одамлар ораси ва кутубхоналарда тарқатилди. Ҳатто кўплаб маданиятлилар жоҳил қолган ислом дини ҳақиқатларини одамлар била бошладилар. Ушбу ишга шоҳид ўлароқ бир воқеани ёдга олсак, Азҳарийларнинг баъзилари калом илми, мантиқ ва фалсафада мутахассис бўлиб етишгач, шайхул ислом Ибн Таймия (роҳимаҳуллоҳ)га раддия беришни хоҳлади. Раддия бериши учун (Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг) китоблари бир жойга жамланди. Ушбу китобларни ўқиганидан уч ой ўтгач, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган йўлнинг ҳақиқатини ушбу китобларни мутолаа қилгач англаб етганини эълон қилади. Дарҳол Аллоҳга тавба қилиб, Ибн Таймия салафий дея у кишини мақтаб бир рисола битади.
У кишига раддия берай деб ушбу китобларни жамлагач, (у кишига мақтов айтиб битган) докторлик ишини ёқлайди.
Ушбу мужаддидлар силсиласидан кейин салафий манҳажини ўрганмаслик, ҳануз кўплаб одамлар пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган йўл ҳақиқатини англаб етмасликларига сабаб бўляпти. Ана шу сабабли диннинг асли ва фаръида фирқа-фирқа бўлиб бўлиняптилар. Натижада пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган йўл ҳақиқатини инкор қилган кимса олим ва фақиҳга айланди-қолди.
Бир қиз катта ва машҳур доктор билан муноқаша қилди. Агар ушбу докторнинг исмини ёд олсак ҳозир бўлган мутааллимларнинг кўпчилиги уни танишади. Ушбу радио дастурдаги хабар ногаҳон қулоғимга чалиниб қолди.
Ушбу қиз доктор билан Аллоҳдан ўзгаси ила онт ичиш масаласида баҳслашаётганди. Қиз далил ва ҳадисларни зикр қилди. Доктор эса: биз буни тўғри деб билмаймиз. Биз Аллоҳдан ўзгаси ила онт ичишни ширк деб билмаймиз, деяпти.
Қиз далилларни такрор ёдга олди. Доктор эса: баъзи муташаддид-(радикаллашган) кимсалар Аллоҳдан ўзгасининг номи ила онт ичишни ширк деб биладилар. Биз эса буни тўғри деб билмаймиз, дея ўзини катта олиб гапирди. Ва ўзининг раъйига бирор далил зикр қилмади. Ҳолбуки у доктор!
Кўплаб мутааллим ва докторлар ушбу даражага етиб, ҳануз Аллоҳдан ўзгасининг номи билан қасам ичиш, мадад сўраш, жонлиқ сўйиш ва назр аташ ширк деб айтадиганларни муташаддид-(радикал)лар деб эътиқод қилсалар, ахир, ёшларимиз Аллоҳнинг динини қандай уқсинлар?! Муаллиф роҳимаҳуллоҳ ажабланаётган ҳолат ҳам айни шудир.
Муаллиф роҳимаҳуллоҳ айтяптиларки:
“Сўнгра ҳолат диннинг асли ва фаръида-динни ўқиб, уқиш бобида ажралишга қараб кетди. Ҳолат шу даражага етдики, динда жамланишликдан фақат зиндиқ ёки девонагина сўз очадиган бўлди!”. Ушбу иборалар бироз оғир ботса-да, бироқ воқелик шуни кўрсатяптики, жамланиш, фирқа-фирқа бўлиб ажралмаслик, мусулмонларнинг бирлиги борасида уларнинг наздида фақат фаҳми ноқис кишигина даъват қиляпти!
Ҳозирги асрда тараққий топган, фаҳми ўткир, оқил киши эса ушбу чақириққа чорламайди. Чунки бугунги кунда мусулмонларни жамланишлик, фирқа-фирқа бўлиб бўлинмаслик, жамоатлар тузмаслик, ҳолатга қараб ўзгариб кетаверадиган қонунлар ишлаб чиқмаслик, мусулмонлар ўз динлари, ақидалари ва ҳукмлари борасида бир манҳаж-(дастур)да қолишларига чақираётган киши эса кўплаб маданиятлилар, афсуслар бўлсинким, адолатнинг бари ғарбий демократияда, мусулмонлар модомики ушбу демократияни татбиқ қилмас эканлар ниҳоятда ортда қолиб кетадилар дея ғарб маданиятидан таъсирланган кўпчилик наздида қолоқ бўлиб кўринади.