Admin   07-10-2010, 10:26 PM
#1
Сабр турлари

Сабр уч турлидир:
Биринчи: Аллоҳга тоат қилиш йўлида сабр қилиш.
Иккинчи: Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан қайтишда сабр қилиш.
Учинчи: Аллоҳнинг тақдирига сабр қилиш.
Биринчи: Аллоҳга тоат қилиш йўлида сабр қилиш. Чунки нафс дангасалик ва роҳат-фароғатни истайди. Демак инсон нафсини тоат, намоз, рўза ва Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш учун сабрга ўргатиши лозим. Нафс ушбу ибодатларни ёмон кўрса-да, инсон уни Аллоҳга тоат қилиш йўлида танбалаб-жиловлаб қўяди.
Иккинчи: Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан қайтишда сабр қилиш. Нафс ҳаром иш ва шаҳватларни хоҳлаб, мойиллик сезади. Уни ҳаром ишлардан танбалаб-жиловлаб қўйиш лозимдир. Бу эса сабрга эҳтиёж сезади. Нафсни ҳаром шаҳватлардан тўсиш осон иш эмас. Кимда сабр бўлмас экан, нафси унга ғолиб келиб, ҳаром ишларга ҳавас уйғотади.
Учинчи: Аллоҳ таолонинг аламлантирувчи тақдирига сабр қилиш. Инсоннинг жигаргўшаси вафот этиши, мол-дунёнинг ҳароб бўлиши, турли касалликлар етиши каби мусибатлардан иборат Аллоҳнинг қазою қадарига сабр қилиб, жазавага тушмай, аччиқланмай, балки тилни уввос солиб йиғлашдан, нафсни эса бетоқат бўлишдан, қўлни эса юзни тимдалаш ва кийим йиртишдан тийиб қўйиш – мусибатларга сабр қилишдир.
Камчилик-нуқсонларга келсак, уларга сабр қилинмайди, балки Аллоҳ таолога тавба қилиб, улардан узоқлашилади. Бироқ инсон ожизлик қиладиган, балки Аллоҳ азза ва жалла томонидан синов, имтиҳон ёки қилган гуноҳига жазо ўлароқ мусибатлар келганда (сабр қилиши лозимдир). Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса – гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур» (Шўро: 30).
Мусулмон кишига жони, моли, фарзанди, яқини ёки биродарларидан бирига мусибат етганда сабр қилиб, ажрни Аллоҳдан умид қилиши лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтадики: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бирор мусибат келганда: «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз», дейдиган сабрли кишиларга хушхабар беринг! Ана ўшаларга Роббилари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир» (Бақара: 156-157). Ана шу сабрдир. Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилишдаги азиятларга сабр қилиш ҳам шулар жумласидандир. Яхшилик йўлида тотаётган азиятларга сабр қилиб, хайрли амалдан воз кечмаслигингиз даркор. Чунки баъзилар яхшилик қилишни хоҳлайди. Бироқ кариҳ кўрган бирор нарсага дуч келгач: бундай ишларга киришишим менга вожиб эмас, дейди-да, муаллим бўлса таълимни, даъватчи бўлса Аллоҳ йўлидаги даъватни, масжидда имом-хатиб бўлса имомлигу хутбани, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришни тарк этади. Ушбу кимса тотган азиятларига сабр қилолмади.
Хатога йўл қўйган бўлсанг ҳаққа қайтишинг лозимдир. Аксинча ҳақда бўлиб, хатога йўл қўймаган бўлсанг, сенга сабр ва ажрни Аллоҳдан умид қилиш вожиб бўлади. (Тотаётган азиятларинг) Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида (бўлганинг) сабабли эканини ва сен бунинг учун ажр-у савобга эришишингни ҳис қилиб, пайғамбар алайҳиммуссалоту васалламларнинг бошига қандай оғир кунлар тушганини ва Аллоҳ азза ва жалла уларга нусрат бергунга қадар қандай сабр қилиб, курашишганини ёдингда тут.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.