abu Huzayfa   07-27-2013, 05:22 PM
#1
Муҳаммад ал-Луҳайдан
Аъроф сураси, 40-51 оятлар


«Албатта, оятларимизни ёлғон деган ва улардан кибр-ҳаво билан (юз ўгирган) кимсалар учун ҳаргиз само эшиклари очилмас ва токи туя игна тешигидан ўтмас экан, улар ҳам жаннатга кира олмаслар (яъни ҳеч қачон кирмаслар). Жинояткор — осийларни мана шундай жазолагаймиз.

Улар учун жаҳаннамдан тўшак, устларидан эса (оловдан бўлган) чойшаблар бўлур. Золимларни мана шундай жазолагаймиз.

Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар — ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз – улар жаннат эгалари бўлиб, унда абадий қолажаклар.

Остларидан дарёлар оқиб турар экан, уларнинг кўнгилларидан (бир-бирларига нисбатан бўлган) ғиллу ғашликларни тортиб олурмиз ва улар: «Бизларни бу (неъматларга) йўллаган зот — Аллоҳга ҳамду-сано бўлгай. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят қилмаганида, ҳаргиз йўл топа олмас эдик. Ҳақиқатан Роббимизнинг пайғамбарлари ҳақ динни келтирган эканлар», дейдилар ва уларга: «Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир», деб нидо қилинур.

(Шунда) жаннат эгалари дўзах эгаларига қараб: «Бизлар Роббимиз берган ваъданинг (яъни жаннат ва ундаги неъматларнинг) ҳақ эканини кўрдик, сизлар ҳам Роббингиз ваъда қилган нарсанинг (яъни дўзах ва ундаги азоб-уқубатларниш) хақ эканини кўрдингизми?!» деганларида, улар: «Ҳа», дейдилар. Бас, уларнинг ўрталарида бир жарчи: «Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган ва уни бузишни истайдиган, ўзлари охиратга ишонмайдиган кимсалар бўлган золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлгай», деб жар солур.

Уларнинг
(жаннат эгалари билан дўзах эгаларининг) ўрталарида тўсиқ бўлиб, у деворлар устида ҳаммани (яъни жаннатиларни ҳам, дўзахиларни ҳам) сиймоларидан таниб оладиган кишилар бўлур. Улар жаннат эгаларига: «Сизларга тинчлик бўлгай», дейдилар. Ўзлари эса тамаъ қилган — истаган ҳолларида, унга (жаннатга) кира олмайдилар.

Қачон кўзлари дўзах эгалари тарафга бурилиб қолса: «Парвардигоро, бизларни бу золим қавм билан бирга қилиб қўймагайсан», дейдилар.

Аъроф эгалари
(яъни қилган яхши амаллари билан ёмон амаллари баробар келиб, жаннати ҳам, дўзахи ҳам бўлмай ўртада аъроф – деворлар устида турган кишилар) сиймоларидан таниб олган кишиларига (яъни дўзахиларга) нидо қилиб дедилар: «Тўплаган молу дунёингиз ва қилган кибру ҳавойингиз сизларга асқотмабди-ку! Сизлар: «Аллоҳ уларга бирон раҳмат-марҳамат етказмайди, деб қасам ичган кишилар ана у (ҳаёти дунёдан камбағал-бечоралик билан ўтган мўмин-мусулмон)ларми? (Ахир уларга) «Сизлар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ ва сизлар ҳеч ғамгин бўлмайсизлар» (дейилди-ку)?!

Дўзах эгалари жаннат эгаларига: «Бизларга ҳам сувдан ё Аллоҳ сизларни баҳраманд қилган нарсалардан тўкинглар», деб нидо қилганларида, улар: «Аллоҳ бу неъматларини динларини ҳазил-мазах қилиб олган ва ҳаёти дунёга алданиб қолган кофирларга ҳаром қилгандир», дедилар. Бас бу КУН улар бугунги учрашувни унутиб қўйганлари ва Бизнинг оятларимизни инкор қилувчи бўлганлари каби Биз ҳам уларни «унутиб қўярмиз»».

Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ деди: “Кишилар динларида қанча бидъат пайдо қилсалар, шунча суннат улардан тортиб олинади”.
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.