Аллоҳнинг Исм ҳамда Сифатларида адашган фирқалар асрлар давомида ўз бидъатларига даъват қилиб келадилар. Ва Аҳлус суннани эса улар Мушаббиҳа (ташбеҳ қилувчилар), яъни Аллоҳнинг Сифатларини махлуқот сифатларига ўхшатувчилар, деб аташади. Мана шу аташларини салафларимиз жаҳмиянинг белгиси қилдилар.
Имом Абу Хотим ал-Ҳанзалий ар-Розий раҳимаҳуллоҳ:
“Бидъат аҳлининг аломати, ҳадис олимларига тил теккизишдир. Зиндиқларнинг аломати эса, ҳадис олимларини хашавия дейишларидир. Улар шундай қилиб, ўртадан ҳадисларни йўқ қилишни истайдилар. Жаҳмиянинг аломати аҳли суннатни Мушаббиҳа деб номлашларидир. Қадариянинг аломати, аҳли суннатни жабария деб номлашларидир. Муржиянинг аломати, аҳли суннани мухолифлар ва нуқсончилар деб номлашларидир. Рофизийларнинг аломати, аҳли суннатга Навасиб деб ном беришларидир. Аҳли суннатга эса, фақат бир исм мос келади. Бутун бу исмларни улар учун ишлатишнинг имконияти йўқдир” (Розий “Суннат ва диннинг эътиқоди”).
Шайхулислом Абу Усмон Исмоил ас-Сабуний раҳимаҳуллоҳнинг нақадар бугунги кунимиздаги бузуқ ақидавий фикрларга мос қарашлари мавжуд. Улар айтадилар:
“Бидъат аҳлининг аломатлари, устиларида очиқчасига кўринади. Уларнинг аломатларини ва белгиларини энг очиқ бўлгани, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни хабарларини ўрганиб етказган одамларга душманлик қилишларидир. Уларни ҳақир кўришлари, уларни Хашавия, жоҳил, Зохирия ва Мушаббиҳа деб номлашларидир. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга доир хабарларни илм билан алоқаси йўқ деб ишонадилар. Уларга кўра илм, шайтоннинг бузуқ ақлларини натижаси ва қора қалбларининг васвасалари орасидан талқин қилиб берилган гўзал фикрлардир” (Ас-Сабуний “Ҳадис асҳоби салафнинг ақидаси”).
Аллоҳнинг Исм ҳамда Сифатлари масаласида адашган гуруҳлар бир нечтадир. Булардан баъзиларини келтирамиз:
1. Аллоҳнинг сифатларини махлуқот сифатларига ўхшатувчилар. Демак, улар учун Аллоҳнинг эшитиши, кўриши ва барча сифатлари махлуқот сифатига ўхшайди. Бу гуруҳнинг номи Мушаббиҳалар деб номланади. Буларнинг ақидаси ботилдир. Аллоҳ таоло Қуръонда бу кабиларни рад этади:
“
Бирон нарса У Зотга ўхшаш эмасдир. У Зот (барча нарсани)
Эшитгувчи ва (барча нарсани)
Кўриб Тургувчидир” (Шўро сураси, 11-оят).
Мушаббиҳалар ақидасига тескари бўлган адашган гуруҳлар:
2. Ашъарий ва
Мотрудийлар. Ашъарийлар ва Мотрудийлар ўртасидаги фарқ жуда ҳам кам. Ашъарийлар Аллоҳ таолонинг фақатгина 7 сифати бор ва у сифатлар ақл билан исбот қилинган дейишади. Яъни калом илмига берилиб ақлларига кўра бу сифатлар тасдиқланади, бошқа сифатлар эса ақлларига кўра рад этилади. Демак, Ашъарийлар Аллоҳнинг 7 та сифат ва барча Исмларини тасдиқлашади, қолган сифатларни рад этишади.
3. Мўътазилалар. Аллоҳнинг барча сифатларини рад этишади, Аллоҳнинг Исмларини тасдиқлашади.
4. Жаҳмиялар. Булар Аллоҳнинг барча Исм ва Сифатларини ҳам рад этишади.
5. Ҳаддан ошган Жаҳмиялар, файласуфлар, ботинийлар ва ҳоказолар. Булар: “Бизлар Аллоҳга бирорта Сифатни тасдиқлай ҳам олмаймиз, ҳамда Аллоҳнинг бирорта Сифатини рад ҳам эта олмаймиз”, дейишади. Яъни, масалан, Аллоҳ эшитади, деб ҳам айта олмаймиз, ҳамда Аллоҳ эшитмайди, деб ҳам айта олмаймиз, дейишади. Бу ерда ақл соҳиби эътибор қилса, биринчи айтганлари иккинчи айтганларини инкор этади ва аксинча. Демак, уларнинг фикрлари ҳам ботилдир.