(Илм асосида) қўрқиш (الخشية) ва унинг далили
Қўрқиш (الخشية)га далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Сизлар улардан қўрқмангиз» (Бақара: 150).
Қўрқув (الخشية) хавфнинг бир тури бўлиб, ўзининг хос маъносига эгадир. «الخشية» – таъзим-улуғлаш йўғрилган хавф-қўрқувдир. Аллоҳ таоло айтадики: «Сизлар улардан қўрқмангиз». Субҳанаҳу ва таоло ёлғиз Ўзидан қўрқишга буюрди.
Аллоҳ таоло ушбу оятнинг давомида шундай деди: «Сизлар улардан қўрқмангиз. Мендан қўрқингиз! Ва токи сизларга неъматимни комил қилиб беришим ва ҳидоят топишингиз учун (шундай қилингиз)!» (Бақара: 150). Демак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло якка Ўзидангина қўрқишга буюрди. Намозхонларнинг сифатларини зикр қила туриб шундай деди: «Улар Роббиларининг азобидан қўрқувчи бўлган зотлардир» (Маориж: 27). Уларнинг ўзгалардан ажралиб турадиган сифатлари - Аллоҳ азза ва жалладангина қўрқадилар. Аллоҳ таоло малоикалар ҳақида шундай деди: «Улар устиларидаги Роббиларидан қўрқурлар ва фақат ўзларига амр этилган ишларнигина қилурлар» (Наҳл: 50). Аллоҳнинг хос махлуқотлари бўлмиш фаришта, пайғамбар, авлиё ва солиҳ зотлар Аллоҳ азза ва жалладан ниҳоятда қўрқув, хавф ва умидда бўладилар. (Аллоҳнинг азобидан) қўрқиш (الرهبة), хавф (الخوف) ва (илм асосида) қўрқиш (الخشية), барчасининг ўзига хос жиҳатлари бўлса-да, бироқ бир маънони ифодалайди. Барчасини Аллоҳ азза ва жалладан бўлган қўрқув жамлаб туради. Булар пайғамбар ва Аллоҳнинг солиҳ бандалари сифатларидан бўлиб, ибодат турларининг энг олийларидан. Буларнинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзигина биладиган қалб амалларидандир.