abu Huzayfa   08-09-2013, 04:37 AM
#1
Шайх Муҳаммад Носируддин Албоний роҳимаҳуллоҳ
Агар Аллоҳга ёрдам берсангиз У ҳам сизга ёрдам беради!

Барчамиз Аллоҳ азза ва жалланинг оятларидан бўлган ушбу оятни тиловат қиламиз. Балки ушбу оят баъзи йиғинларга очилиш қисмида ёки баъзи уйларнинг деворларига зийнат бағш этиб туради. У ҳам бўлса Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар, У Зот ҳам сизларга ёрдам берур» (Муҳаммад: 7).

Ҳолатлар ўзгариб, ушбу оят наққошлик услубида зарҳал ҳарфлар билан ёзилиб, минг афсуслар бўлсинким, деворга осиб қўйиладиган бўлди. Ушбу оят деворларга зийнат бағш этадиган бўлди. Мусулмонларнинг қалблари эса ушбу оятдан батамом холийдир. Ушбу оят олдинга қўяётган мақсад нима эканини билмасак ҳам керак. «Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар, У Зот ҳам сизларга ёрдам берур». Шунинг учун ҳам бугунги кунда Ислом оламининг ҳолати ташвишли ва хавотирли бир ҳолатдадир. Ушбу аянчли ҳолатдан чиқиш йўлини ҳам тополмай қоляпти. Ҳолбуки чиқиш йўли кўплаб оятларда эслаб ўтилгандир. Ушбу оят ҳам ана ўша оятлар жумласидандир. Агар ушбу оятни мусулмонларнинг ёдига солсак, ўйлайманки бу катта шарҳ ва изоҳга эҳтиёж сезмайди. Балки бу мўминларга манфаат бўладиган бир эслатма ва мавъизадир.

Барчамиз, иншааллоҳ, Аллоҳ табарока ва таолонинг ушбу қовлини биламизки: «Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар», шарт қўйиляпти. Шартнинг жавоби эса: «У Зот ҳам сизларга ёрдам берур».

Агар еб, ичсанг ва ҳоказо, демак яшашда давом этасан.

Агар еб, ичмасангчи? Нобуд бўласан!

Оятдаги маъно ҳам ҳудди шундайдир: «Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар, У Зот ҳам сизларга ёрдам берур». Оятдан тушунилган маънони аксига ўгириб кўрадиган бўлсак, агар сизлар Аллоҳга ёрдам бермайдиган бўлсангизлар, У Зот ҳам сизларда ёрдам бермайди. Мана шу мусулмонларнинг бугунги кундаги воқелигидир.

Ушбу оят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган бир қанча ҳадисларда очиқ-ойдин ёритиб ўтилган. «Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар», ўз-ўзидан маълумки, Аллоҳ таоло ушбу оятда биз Унга, душманларига қарши ўзимизнинг лашкарларимиз, салтанатимиз ва моддий куч-қувватимиз билан ёрдам қўлини чўзишимизни назарда тутмади. Йўқ, ундай эмас!

Аллоҳ азза ва жалла Ўз ишида ғолибдир. У Зот бирор киши Унга моддий ёрдам беришига ҳожатманд эмас, бу ўз-ўзидан маълум нарса. Шу сабабли Аллоҳ таолонинг ушбу «Агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар», қовлининг маъноси, агар Аллоҳнинг ҳукмларига эргашсангиз, мана шу Аллоҳ табарока ва таолога ёрдам берганингиз бўлади, деган маънодадир.

Ҳозир эса мусулмонлар ушбу шартни адо этишдими? Авваламбор ушбу вожиботни бажаришдими? Чунки бу Аллоҳ таоло мусулмонларга нусрат беришини ҳаққирост рўёбга чиқариш учун бўлган шарт эди.

Жавоб эса барчангизнинг наздингизда, мусулмонлар Аллоҳ азза ва жаллага ёрдам беришни адо этмадилар.

Йўқ деганда шу ерда ҳозир бўлганларнинг баъзиларига таълим бериш бобидан эмас, эслатма тарзида муҳим бир сўзни ёдга олишни истардимки, бугунги кунда омма мусулмонлар динларини, дин ҳукмларини таълим олишдан юз ўгиришган. Кўпчиликлари, боринг ана аксар мусулмонлар Ислом нима эканини билмайдилар. Ислом ҳақида бирор нарса билмайдилар. Исломни ўзининг ҳақиқий суратида билмайдилар. Балки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам ҳамда саҳобалари яшаб ўтган Исломдан ўзга, оғишган бир Исломни биладилар.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг Унга ёрдам берганларга ваъда қилган нусрати авваламбор Исломни Китобу Суннатда келганидек соғлом маърифат ила билишга, сўнг эса унга амал қилишга асосланади. Акс ҳолда ушбу маърифат ўз соҳибининг бошига битган бало бўлади. Аллоҳ таоло айтадики: «Эй мўминлар, нега сизлар ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз, деб) айтурсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)» (Соф: 2-3).

Демак биз Исломни таълим олишга ва унга амал қилишга ўта муҳтож эканмиз.

Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ деди: “Кишилар динларида қанча бидъат пайдо қилсалар, шунча суннат улардан тортиб олинади”.
Admin   03-08-2015, 12:49 AM
#2
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.