Шайх Муҳаммад Носируддин Албоний роҳимаҳуллоҳ
Қалам сураси, 1-33 оятлар
1. Нун.
2. Қалам ва (у билан фаришталар) битадиган битикларга қасамки, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз Роббингизнинг марҳамати билан мажнун эмасдирсиз.
3. Албатта сиз учун (кофирларнинг бундай озорларига сабр-тоқат қилганингиз сабабли) битмас-туганмас ажр мукофот бордир.
4. Албатта сиз улуғ хулқ устидадирсиз.
5-6. Ҳали яқинда қайсиларингиз (яъни, сизми ёки уларми) мафтун-мажнун эканликларингазни сиз ҳам кўражаксиз, улар ҳам кўражаклар.
7. Албатта Роббингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билгувчидир ва У ҳидоят топгувчиларни ҳам жуда яхши билгувчидир.
8. Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизнинг ҳақ пайғамбарлигингизни ва Қуръонни «ёлғон» дегувчи кимсаларга итоат этманг!
9. Улар сизнинг (ўзларига) кўнгилчанлик – муроса қилишингизни истарлар, шунда улар ҳам (сизга) кўнгилчанлик қилурлар. (Лекин сиз уларнинг бу истакларига бўйинсунманг!)
10-11-12-13. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр, ғийбатчи-ю, гап ташувчи, яхшиликни манъ қилгувчи-бахил, тажовузкор, гуноҳга ботган, қўпол ва булардан ташқари бенасаб-ҳароми кимсага итоат этманг!
14-15. У мол-мулк ва ўғиллар эгаси бўлгани учун (ўзидан кетиб), қачон унга Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса: «Булар аввалгиларнинг афсоналари-ку!» дер.
16. Яқинда Биз уни тумшуғидан тамғалаб қўяжакмиз!
17-18. Дарҳақиҳат, Биз уларни (Макка аҳлини очарчилик ва қаҳатчилик билан) балоладик. Биз (илгари) боғ эгаларини ҳам худди шундай (маҳрумлик билан) балолаган эдик. Ўшанда улар албатта уни (яъни, боғнинг ҳосилини) эрта тонгда (камбағал-мискинларга ҳақ-улуш) ажратмаган ҳолларида узиб олишга қасам ичган эдилар.
19-20. Бас, (тунда) улар уйқуда бўлган чоғларида у (Боғ)нинг устида Роббингиз томонидан бўлган айлангувчи (Бало-олов) бир айланди-ю, у (боғнинг ҳосили) узилгандек бўлди-қолди (яъни бутун боғ куйиб кул бўлди).
21-22. Улар эса тонгда туришиб (тунда бўлган ҳодисадан бехабар бўлган ҳолларида): «Агар (ҳосилни) узмоқчи бўлсангизлар зироатгоҳларингизга юра қолинглар», (деб) бир-бирларини чақирдилар.
23-24. Сўнг: «Бугун у (боғда ҳосил узаётган вақтда) устларингизга бирон мискин кириб қолмасин-да», (дейишиб) бир-бирларига пичирлашган ҳолларида жўнаб кетдилар.
25. Улар (ўз гумонларича мискинларни боғга йўлатмаслик тўғрисидаги) мақсад-ғаразга қодир бўлган ҳолларида тонг-саҳарлаб бордилар.
26-27. Энди қачонки уни (яъни куйиб кулга айланган боғларни) кўришгач, (аввал): «Шак-шубҳасиз бизлар йўлдан адашиб қолдик (яъни адашиб бошқа боққа келиб қолдик), дедилар, сўнг бу ўзларининг боғлари эканини билишгач эса: «Йўқ, бизлар (боғимиздан) маҳрум бўлибмиз», дедилар.
28. (Шунда) уларнинг инсофлироқлари: «Мен сизларга (Аллоҳга) тасбеҳ айтиш — шукр қилмайсизларми (яъни шундай мўл ҳосил ато этганининг шукронасига кабағалларнинг улушларини бермайсизларми?) демаганмидим? — деган эди.
29. Улар (энди вақт ўтгач): «Роббимизни поклаймиз. Дарҳақиқат бизлар (ўзимизга) зулм қилгувчи бўлдик», дедилар.
30. Сўнг улар бир-бирларига боқиб, маломат қилиша бошладилар.
31. Улар дедилар: «Эй ўлим бўлсин бизларга! Дарҳақиқат бизлар ҳаддан ошгувчи бўлдик.
32. Шоядки Роббимиз бизларга у (боғ)дан ҳам яхшироғини алмаштириб берса. Бизлар албатта ёлғиз Роббимизга интилгувчидирмиз».
33. (Аллоҳнинг амридан четга чиққан кимсалар учун) мана шундай азоб бордир. Агар билсалар, охират азоби шак-шубҳасиз янада каттароқдир.