Агар Пайғамбар Аллоҳнинг шаънига айрим сўзларни тўқиб олганида
«Агар (Пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида. Албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик. У ҳолда сизлардан бирон киши ундан (яъни пайғамбардан ҳалокатни) тўса олгувчи бўлмас эди» (Ал-Ҳаққо: 44-47).
Ҳофиз Ибн Касир тафсирларида (4/415) шундай дедилар: «Аллоҳ таоло: «Агар (Пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида», деяпти, яъни, улар даъво қилганларидек Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар Биз ҳақимизда ёлғон тўқиб, рисолатга зиёдалик олиб кирса ёки унга нуқсон етказса ёҳуд ўзидан бирор нарса деб, уни бизга нисбат берса, асло бундай бўлмайди, батаҳқиқ, унга уқубатни тезлаштирган бўлардик. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган... бўлур эдик», деди. Унинг маъноси ҳақида шундай дейилди: ундан ўнг Қўл билан ўч олган бўлур эдик. Чунки у ушлашликда қаттиқроқ-(мустаҳкамроқ)дир. Ва айтилдики: унинг ўнг қўлидан ушлаган бўлур эдик. «Сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик». Ибн Аббос шундай дедилар: у шотомир-(аорта). Ва у юрак унга боғланган томирдир.
«У ҳолда сизлардан бирон киши ундан (яъни пайғамбардан ҳалокатни) тўса олгувчи бўлмас эди», яъни, агар унга ушбу (азоб)дан бирор нарсани хоҳлайдиган бўлсак, сизлардан бирор киши Биз билан унинг орасини тўсиб қолишликка қодир бўлмас эди.
Бу борадаги маъно шуки: балки у ростгўй, итоаткор, тўғридир. Чунки Аллоҳ таоло уни тасдиқ этиб, Ўзи ҳақида (рисолатни) етказувчи қилди ва у кишини ажойиб мўъжиза ва узил-кесил далиллар билан қўллаб-қувватлади».