Ёталоқ одам таяммум қилса бўладими?
Савол: Мен ҳаракатсиз ёталоқман. Намоз ўқиш учун қандай таҳорат қилишим ва қандай намоз ўқишим керак?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Аввало: мусулмон сув билан таҳорат қилиши керак. Агар сувни касаллик ёки бирон бошқа сабаб туфайли ишлата олмаса покиза тупроқ билан таяммум қилади. Агар бунга ҳам ярай олмаса таҳорат ундан соқит бўлиб, ўз ҳолатига қараб намоз ўқийверади. Чунки Аллоҳ таоло:
«Қодир бўлганингизча Аллоҳдан қўрқингиз!» (Тағобун: 16) ҳамда:
«... ва бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади» (Ҳаж: 78)– деган.
Бемордан чиққан ахлат ва сийдикка келсак, кесак, қоғоз ёки латта билан чиққан жойлар тоза бўлгунича уч марта ёки ундан кўра кўпроқ артилади.
Иккинчидан: намозга келсак, беморнинг намозни тик туриб ўқиши фарздир. Агар тик туриб ўқишга кучи етмаса ўтириб, бунга ҳам кучи етмаса ёнбошлаб намоз ўқиши керак. Чунки (Бавосир касали бўлган) Имрон ибн Ҳусойн разияллоҳу анҳуга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Тик туриб намоз ўқи! Агар (бунга) қодир бўлмасанг ўтириб, бунга (ҳам) қодир бўлмасанг ёнбошлаб намоз ўқи!» – дедилар (Имом Бухорий, 1050; Имом Аҳмад, 18978, 19819).
Аллоҳ таоло эса:
«Қодир бўлганингизча Аллоҳдан қўрқингиз!» – деди (Тағобун: 16).
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.