Admin   10-04-2009, 03:10 PM
#1
ТАҲОРАТ
шартлари, фарзлари ва суннатлари


Шайх Солиҳ ибн Фавзон ибн Абдуллоҳ ал-Фавзоннинг
“Ал-Мулакхас Ал-Фиқҳи” номли китоблари асосида тайёрланди

Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн, вассолату вассаламу ала Ашрафил Анбияи вал-Мурсалин, ва баъд:
Таҳоратга Қуръондан далил: Аллоҳ таоло айтади:
“Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз!” (Моида сураси, 6-оят).
Мусулмон биродарим, шуни билгинки, таҳоратнинг шартлари, фарзлари ҳамда суннатлари мавжуддир.
Таҳорат тўғри бўлиши учун унинг шартлари ҳамда фарзлари бажарилиши шарт (агар инсон бунга қодир бўлса).
Таҳоратнинг суннатлари эса таҳоратни янада мукаммал қилувчи ва қўшимча савоб берувчи амаллардир. Таҳоратнинг суннатларини қолдириш таҳоратнинг тўғри бўлишига таъсир қилмайди.
Таҳорат шартлари.
Таҳорат шартлари булар: Ислом, ақл, мустақил, аниқ ҳукм қила олиш ёшида бўлишлик ва ният. Демак, кофир, мажнун (ақлсиз), аниқ ҳукм қила олмайдиган ёш бола, ҳамда таҳорат қилишга ният қилмаган кишининг таҳорати тўғри эмас ва қабул бўлмайди.
Бундан ташқари таҳорат шартларига сувнинг тоза бўлишлиги ҳам киради. Агар таҳорат қилинаётган сув тоза бўлмаса, у ҳолда таҳорат қабул бўлмайди. Агар сув ҳаром йўллар билан олинган сув бўлса ундан қилинган таҳорат қабул бўлмайди.
Таҳоратнинг шартларига яна ўзининг аврат аъзоларини сув ёки тош (кесак) билан тозалашлик ҳам киради. Баданга сувни тегишига тўсқинлик қилувчи нарсалардан тозалашлик ҳам таҳорат шартларидан ҳисобланади.
Таҳорат фарзлари, бу агар бадан қисмларини эътиборга олганда, 6 тадир:
1. Юзни ювиш. Бунга оғиз ва бурун ҳам киради. Агар киши юзини ювсаю оғиз ва бурнини чаймаса, у ҳолда унинг таҳорати тўғри эмас. Чунки бурун ва оғиз юзнинг қисмларидандир. Аллоҳ таоло айтадики: “... юзларингизни ... ювингиз” (Моида: 6). Демак шу оятда Аллоҳ юзни ювишликка буюрди. Шунинг учун ҳам, агар бурун ёки оғиз ювилмай қолдирилса, Аллоҳга осийлик қилган бўлади.
2. Икки қўлни тирсаклари билан ювишлик. Бунга далил Аллоҳ таолонинг худди шу оятдаги сўзларидир: “... қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз” (Моида: 6). Яъни тирсакларни ҳам қўшиб ювингиз. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилганларида тирсакларини ҳам қўшиб ювар эдилар.
3. Бошга масҳ тортишлик. Бунга қулоқ ҳам киради. Чунки қулоқ бошнинг бир қисмидир. Аллоҳ таоло шу оятда айтадики: “бошларингизга масҳ тортингиз (яъни нам қўлларингиз билан силангиз) (Моида: 6).
4. Икки оёқни тўпиқларигача (тўпиқни) қўшиб ювишлик. Аллоҳ таоло айтадики: “оёқларингизни ошиқларигача ювингиз” (Моида: 6). Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳорат қилганларида тўпиқларини ҳам қўшиб ювар эдилар.
5. Таҳоратни Моида сураси, 6-оятида кўрсатилган тартибда қилишлик. Яъни аввал юз, кейин икки қўл, кейин бошга масҳ тортиш, кейин эса оёқларни ювишлик. Аллоҳ таоло айтадики:
“Эй мўминлар, намозга турганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз!” (Моида сураси, 6-оят).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳоратни мана шу тартибда қилар эдилар ва Аллоҳ мана шундай таҳоратни қабул қилади, деган маънода айтганлар.
6. Ал-Мувалат, яъни таҳоратни шу тартибда қилишда баданнинг бир қисмидан бошқасига ўтишда бўш вақт қолдирмаслик. Демак, масалан юзни ювгандан сўнг бир соатдан кейин қўл ювилса, бу таҳорат нотўғридир. Юзни ювганидан сўнг, дарҳол қўлни ювишга ўтиши лозим.
Мана шу таҳоратнинг 6 та фарзидир. Уламолар таҳоратни бошлашдан аввал “Бисмиллаҳ”ни айтишни фарз ёки суннат эканлигида ихтилоф қилишди. Аммо барчаси “Бисмиллаҳ”ни айтишлик шариатдан эканлигини таъкидлашган. Шу сабабли таҳоратни “Бисмиллаҳ” деб бошлашлик ва бу амални тарк қилмаслик афзалдир.
Мана шу 6 фарзга қўшимча бўлган таҳорат амаллари таҳоратнинг суннатлари ёки мустаҳаблари дейилади.
Таҳорат суннатлари.
1. Мисвок ишлатиш. Таҳоратни бошида ёки оғизни ювганда мисвок ишлатиш суннатдир.
2. Юзни ювишдан аввал кафтларни 3 марта ювишлик.
3. Юзни ўзини ювишдан аввал оғизни ва бурунни чайишлик.
4. Соқол орасидан сув ўтказишлик, қўл ҳамда оёқ бармоқлари орасини ҳам ювишлик (ҳилол қилишлик).
5. Аввал ўнг, кейин эса чап тараф аъзоларини ювишлик.
6. Юз, қўл ва оёқни ювганда 3 мартадан ювишлик.
Мана шулар таҳоратнинг суннатларидир. Баъзилар таҳоратда бўйинларига ҳам масҳ тортишади. Бу амал бидъатдир. Бўйинга масҳ тортишга буюрилмаганмиз. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларнинг саҳобалари, Аллоҳ улардан рози бўлсин, бу амални қилишмаган.
Таҳоратдан сўнг:
{أشهد أن لا إله إلا الله وحده لا شريك له و أشهد أن محمد عبده و رسوله}
“Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ” деб айтишлик ҳам суннатдир.
Маъноси: “Шериги йўқ, Ягона Аллоҳдан бошқа ибодат қилишга ҳақли илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бандаси ва элчиси деб гувоҳлик бераман”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бирингиз таҳоратни комил олиб, сўнгра: “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ” деса Жаннатнинг саккизта эшиги очилиб, хоҳлаганидан киради”, деганлар (Имом Муслим ва Термизий ривоятлари).
Имом Термизийда эса:
{اللهم اجعلني من التوابين و اجعلني من المتطهرين}
“Аллоҳуммаж-ъални минат-таввабийна важ-ъални минал мутатоҳҳирийн” деган зиёдаси бор.
Маъноси: “Эй Аллоҳ, мени тавба қилувчи ва покланувчи бандаларингдан қил”.

Admin   11-12-2009, 08:01 PM
#2
Таҳорат

Мусулмон киши намозга киришидан олдин пок бўлиши зарур, аввало агар қазойи ҳожат қилган бўлса, (мустаҳаб қилади) нажосат ўринларини тозалайди, сўнгра таҳорат қилади.
Таҳорат: қалбида таҳорат қилишни ният қилади, ниятни тили билан талаффуз қилмайди, чунки Аллоҳ қалбдаги нарсани билувчи зотдир. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ниятни тил билан айтмаганлар. «Бисмиллаҳ» дейди, сўнг оғзини чайқайди, сўнг бурнига сув тортиб, қоқади, сўнг юзини ювади, сўнг икки қўлини ўнг қўлдан бошлаб чиғаноқларигача (чиғаноқни ҳам) ювади, сўнг қўллари билан бошига ва қулоқларига масҳ тортади, сўнг икки оёғини ўнг оёқдан бошлаб тўпиқлари билан ювади.
Таҳоратли кишидан сийдик, ахлат, ел чиқса ёки ухласа ё беҳуш бўлса, намоз ўқимоқчи бўлганида қайта таҳорат қилиши лозим бўлади. Мусулмон киши – эркакдир, аёлдир – жунуб бўлса, яъни хоҳ ўнгида, хоҳ уйқуси ичида шаҳват билан маний (уруғ суви) тўкса, бутун баданини ювиш билан покланади. Аёл киши ҳайз ё нифосдан тоза бўлгач, ғусл қилиши, яъни бутун баданини ювиши лозим бўлади. Ҳайзли ва нифосли аёл намоз ўқиши мумкин эмас, то тоза бўлгунича ундан намоз соқит бўлади, ушбу кунларда ўқилмай қолган намозлар қазосини ҳам ўқимайди.
Сув тополмаган киши ёки сув ишлатиши зиён қиладиган бемор таяммум билан покланади. Таяммумнинг сифати: дилида таҳоратни ният қилади, «Бисмиллаҳ» деб икки қўлини тупроққа уради ва уларни аввал юзига суртади, сўнг ўнг қўлининг орқасига чап қўлининг ичи билан, чап қўлининг орқасига ўнг қўлининг ичи билан суртади, шу билан покланган – таҳоратли бўлган бўлади. Таяммум ҳайз ва нифосдан тоза бўлган аёл учун ҳам, жунуб одам учун ҳам ғусл ўрнига ўтади.

Admin   02-19-2011, 11:55 AM
#3
Ҳумрондан ривоят қилинадики, Усмон таҳоратга сув олиб келишни буюрди. Кейин кафтларини уч марта ювди, сўнг оғиз чайиб, бурунга сув олиб қоқиб ташлади. Сўнгра юзини уч марта ювди. Кейин ўнг қўлини тирсаккача уч марта ювди. Кейин чап (қўлини) худди шундай (ювди). Кейин бошига масҳ тортди. Кейин ўнг оёғини тўпиқларгача уч марта ювди. Сўнгра чап (оёғини) худди шундай (ювди). Кейин (Усмон) айтди: “Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг таҳоратим каби таҳорат олганларини кўрдим”. Муттафақун алайҳ.

Муаллиф раҳимаҳуллоҳ “Булуғул-Маром” китобида “Таҳорат боби” деди. Таҳорат (“вузуъ”) тўрт аъзо – юз, икки қўл, бош, икки оёқни - поклаш билан Аллоҳ Азза ва Жаллага ибодат қилишдир. Бу ибодатларнинг яхшиларидан бири. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (таҳоратни) гуноҳларни давомли (тартибли) равишда кечирилиши(га сабаб) қилдилар ва инсон ҳар қачон таҳорат олганида сувнинг охирги томчиси билан аъзоларининг хатолари чиқиб кетиши ҳақида хабар бердилар. Яна шу ҳақда хабар бердиларки, кимки ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам каби таҳорат олса, сўнг икки ракаат намоз ўқиб, намозда ўзи билан (ҳаёлда) гаплашмаса, Аллоҳ унинг олдинги гуноҳларини кечиради. Бу таҳорат шундай ибодатки, инсон уни қилишидан олдин Аллоҳнинг буйруғига бўйсунишни ният қилиши керак. Чунки Аллоҳ Таоло бунга буюриб айтганки:
“Эй, иймон келтирганлар! Агар намозга турсангизлар (намоз ўқимоқчи бўлсангизлар) юзларингизни ювингизлар, қўлларингизни тирсакларгача ювингизлар, бошларингизга масх тортиб, оёқларингизни тўпиқларгача ювингизлар” (Моида: 6). Шунингдек (таҳорат олувчи) бу (ибодат)га Росулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам асос солганликларини билиши керак. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонда келганидек таҳорат олардилар. Таҳорат эса намоз сиҳатининг шартидир. Аллоҳ таҳоратсиз намозни қабул қилмайди. Агар киши сув топмаса, таяммум қилади, бу ҳақда кейинроқ таяммум (боби)да келади, иншааллоҳ. Таҳоратнинг икки сифати бор: кифоя бўладиган таҳорат ва комил таҳорат. Кифоя бўладиган таҳорат – юз ва икки қўлни тирсакларгача ювиш, бош ва қулоқларга масҳ тортиш, икки оёқни тўпиқларгача ювиш. Комил (таҳоратни) эса Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳадисида келгани каби кейинроқ айтиб ўтамиз, иншааллоҳ.
Энди Ҳумроннинг ҳадисига келсак, у мўминлар амири Усмон розияллоҳу анҳунинг озод қилган қулларидан бири бўлган. Усмон, махфий бўлмагани каби, бу умматнинг учинчи халифасидир. Биринчи халифа Абу Бакр, кейин Умар, сўнг Усмон, кейин Али. Мусулмонлар бунга ижмоъ қилишган, лекин рофизийлар бунга шоз (нодир бўлиб хилоф қилиш) ҳолатида бўлиб, халифаликка инсонлардан Али ибн Абу Толиб авлороқ эди деб ёлғон ва ботилни даъво қилишди. Улар Али ибн Абу Толибга нисбатан ва барча мусулмонларга нисбатан ёлғон гапиришди. Саҳобалар Абу Бакрга, сўнг Умарга, кейин Усмонга, сўнгра Алига байъат беришди. Кимки Али халифаликка ҳақлироқ эди деса, муҳожирлар ва ансорларни камситган ва қоралаган бўлади. Лекин рофизийлар бунга эътибор беришмайди. Аллоҳдан офият сўраймиз. Ҳар ҳолда Усмон розияллоҳу анҳу бу умматнинг учинчи халифаси бўлиб, Аллоҳ у кишидан рози бўлсин, бошқа халифалар каби Аллоҳ Таолонинг динини сўз ва амал билан тарқатишни хоҳларди. У Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай бўлганликларини мусулмонларга кўрсатмоқчи бўлиб таҳорат олиш учун сув олиб келишни буюрди. Унга сув олиб келишгач, кафтларини уч марта ювди, кейин оғизни чайди, бурунга сув олиб қоқиб ташлади. Кейин юзини уч марта ювди, сўнг қўлларини тирсакларгача уч марта ювди. Кейин бошига масҳ тортди. Сўнг оёқларини тўпиқларгача уч марта ювди, кейин айтди: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мен каби таҳорат олганларини кўрдим”. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин, одамларга амал билан ўргатдилар, чунки кўришда иккита фойда бор. Биринчиси, бирон нарсани билиш. Иккинчиси, шу (билим) зеҳнга ўрнашиб қолади ва доимо тасаввурда қолади. Кейинроқ, иншааллоҳ, бу ҳадис ҳақида сўз боради. Бу ҳадисда истинжонинг таҳоратга дахли йўқлигига далил бор. Бу (истинжо) – чиққан сийдик ёки ахлатдан олди ва орқани тозалаш. Унинг таҳоратга мутлақо дахли йўқ. У (истинжо) фақат нажосатни йўқотишдир. Қачонки нажосат йўқолса, унга иккинчи марта қайтилмайди. Шунинг учун таҳорат вақтида истинжога ҳожат йўқ, чунки унинг таҳоратга алоқаси йўқ. Аллоҳ тўғри йўлга бошловчидир.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.