Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Quote:1) "Кто выполнит 6 ракаатов после намаза аль-магриб, тот получит прощение прегрешений, даже если их так много, как пены в океане".
(передал Тибрани)
Имом Табароний Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Ким шомдан кейин олти ракат ўқиса, гуноҳлари мағфират қилинур, агар денгизнинг кўпигича бўлса ҳам».
Ушбу ҳадисни Табароний ривоят қилган. Шайх Албоний ҳадисни заиф деган. «Заиф ат-Тарғиб ва-т-Тарҳиб» 333.
Бундан ташқари шунга ўхшаш яна бир заиф ҳадисни эслаб ўтишимиз мумкин:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Кимки шом намозидан сўнг, орада ёмон гапларни гапирмай, 6 ракаат намоз ўқиса, унга 12 (ўн икки) йил ибодат қилганнинг савоби ёзилади"".
Ушбу ҳадисни Ибн Можа 1167, Ибн Ҳузайма 1131, Табароний «ал-Авсат»да 1/250, Ибн Наср 33, Ибн Шаҳийн в «ат-Тарғиб» 2/272, ал-Мухлис «ал-Фаваид ал-Мунтақо» 8/34, Аскарий «Муснад Аби Ҳурайра» 1/71, Ибн Самъун ал-Ваъиз «ал-Амаáли» 1/61 ва ат-Термизий 435 ривоят қилди ва айтди:
«Бу ғариб ҳадис ва биз уни фақат Умар ибн Аби Ҳасама сўзидан биламиз. Мен Муҳаммад ибн Исмоил (Бухарий) у ҳақида: "Умар ибн Абдуллоҳнинг ҳадислари мункардир" деган ва уни жуда заиф ровий ҳисоблаган. Заҳабий у ҳақида ёзади:
"Ундан иккита мункар ҳадис ривоят қилинади ва бу ўша иккитадан биридир". Шайх Албоний ҳадисни ўта заиф деган. Қаранг: «Заиф ал-Жомиъ ас-Сағир» 5661, «Заиф ат-Тарғиб ва-т-Тарҳиб» 331, «Силсила аз-Заифа ва-л-мавдуъа» 469.
Quote:2)Аллоҳ таоло «Исро» сурасида:
«Албатта, У зот аввобийнларни мағфират қилувчидир», деган (Исро 25-оят).
Сиз келтирган оятдаги
"аввабийна" сўзини Алоуддин Мансур ўзбекчага
"тавба қилгувчилар" деб таржима қилган эканлар:
"Зеро, у тавба қилгувчиларни мағфират этувчи бўлган зотдир" (Исро: 25).
Шайх Саъдийнинг ушбу оятга қилган тафсирларини ҳам қарадим, у зот ҳам ушбу оятдаги
"аввабийна" сўзини
"тавба қилувчилар" дея тафсир қилган эканлар.
Қўшимча сифатида Шом намозидан сўнг Хуфтон намозигача бўлган вақтда нафл намоз ўқишлик ҳақида саҳиҳ ҳадислар ҳам мавжудлигини айтиб ўтмоқчиман.
Бироқ уларда бирор ракаат тайин қилинмагани алоҳида эътиборга лойиқдир.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ривоят қилади:
"Кунларнинг бирида мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Шом намозини ўқидим. Ушбу намозни ўқиб бўлганларидан сўнг (нафл) намоз ўқишни тўхтатмадилар, ҳатто хуфтон намозини ўқимагунларича. Шундан сўнг чиқиб кетдилар" (Аҳмад 5/404, ат-Термизий 604. Имом ат-Термизий, ал-Ҳоким, аз-Заҳабий, ал-Мунзирий ва Албоний ҳадисни саҳиҳ дедилар. Қаранг: “Ирвоул-ғалил” 470).
Қатода ривоят қилади, Анас ибн Молик:
"Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур. Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар" (Сажда: 16), ояти ҳақида дедилар:
"Улар Шом ва Хуфтон намози орасида намоз ўқир эдилар". Абу Довуд 1322, ал-Ҳоким 2/467. Ҳадиснинг саҳиҳлигини ҳофиз Ироқий, имом аз-Заҳабий ва шайх Албоний тасдиқлади.
Бу ҳадисларни Шом намозидан кейин ўқиладиган икки ракаат суннат намози ҳақидаги ҳадис билан чалкаштирмаслигимиз лозим. Шом намозидан кейинги икки ракаат намоз суннати равотибдир.
Валлоҳу аълам.