Муслим   08-28-2011, 11:09 PM
#1
Гўдаклигида вафот этган бола Жаннатда ким бўлади

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, аҳли оилаларига ва асҳобларига салоту саломлар бўлсин.
Сўнг:
Аввало эслаб ўтиш лозимки, ёш гўдак фарзанди вафот этган мусулмон биродарига таъзия билдириш, унинг бу каби оғир кунларида унга далда бўлиш энг буюк солиҳ амаллар сарасига киради.
Қурро ибн Мазаний ривоят қилади: «Саҳобалардан бирининг норасида боласи вафот этганида, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни учратганларида ўз таъзияларини изҳор қилдилар» (Аҳмад 5/35, Ҳоким 1/384. Саҳиҳ ҳадис).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қайси бир мўмин мусибат етган биродарига таъзия билдирса, Аллоҳ унга қиёмат куни улуғлик либосини кийгазади» (Ибн Можа 1601, Байҳақий 4/59. Ҳасан ҳадис. Қаранг: «ас-Силсила ас-саҳиҳа» № 195).
Вояга етмаган фарзандини йўқотишлик каби улкан синовга дуч келган мусулмон, ушбу мусибатга Аллоҳдан ажр умидида гўзал сабр қилса, Аллоҳ таоло унга улкан ажр беражак эканини Ўз Пайғамбари орқали баён қилган.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир вақтлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Зайнаб у зотга ўзининг фарзанди ўлим ҳолатида эканини билдириб, одам юборди. Бироқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша одамни уларга салом айтиб, сўнг: «Албатта олган нарсаси Аллоҳ таолоникидир. Бергани ҳам Унинг Ўзиникидир. Ва ҳар бир нарса Унинг ҳузурида аниқ вақт – ўлчов биландир. Унга буюргинки, сабр қилсин ва Аллоҳдан мукофот умид этсин» деб айтишга буюриб, орқага қайтариб юбордилар.
Бироқ баъзи вақт ўтгач у киши яна одам юборди. Аллоҳ номига қасам ичиб у зотнинг келишларини сўради. Шунда у зот қизларининг ҳузурига бордилар. Улар билан бирга Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва бошқа баъзи одамлар келдилар. Қизлари уйида Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳириллашни бошлаган болани бердилар. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўзлари ёшга тўлди. Буни кўрган Саъд сўради: «Ё Расулуллоҳ, бу нима?» У зот жавоб бердилар: «Бу Аллоҳ бандаларининг қалбига солган раҳматдир. Аллоҳ ўзининг бандаларидан фақатгина раҳмлиларини кечиради»»
(Бухорий 1284, Муслим 923).
إِنَّ لِلَّهِ مَا أَخَذَ، وَ لَهُ مَا أَعْطَى وَكُلُّ شَيْءٍ عِنْدَهُ بِأَجَلٍ مُسَمَّىْ
…فَلْتَصْبِرْ وَالْتَحْتَسِب
/Инна лиллаҳи ма ахаза, ва лаҳу ма аъто ва куллу шайин индаҳу би ажалин мусамма. Фал тасбир вал таҳтасиб/
.
Абу Ҳассон ривоят қилади: «Кунларнинг бирида мен Абу Ҳурайрага дедим: «Менинг икки фарзандим вафот қилган. Ўлганларимиз хусусида қалбимиз хотиржам бўлиши учун Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшитганларингиздан бирор нарса бизга айтиб бермайсизми?» Абу Ҳурайра деди: «Ҳа, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Фарзандларингиз - Жаннат капалакларидир. Улар ота-онасидан бирини ёки ота-онасини учратганида унинг либосидан ушлаб олишади, худди мен сенинг либосингдан ушлаб олганимдек ва ота-онасини Аллоҳ Жаннатга киритмагунича қўйиб юбормайди»»» (Муслим 2635).
Имом Ибнул Асир ва Мунавий «Жаннат капалаклари» деган ибора борасида айтишдики: «Яъни, улар Жаннат бўйлаб сайр қилишади, Жаннат уйларига рухсатсиз кираверишади. Худди бу дунё болаларини (одамлар) таъқиқланган жойга киришдан тўсмаганларидек» (Қаранг: «ан-Ниҳоя» 2/279, «Файзул Қодир» 4/194).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қайси бир мусулмоннинг вояга етмаган учта фарзанди вафот этса, уларга бўлган раҳмати сабабидан, Аллоҳ уни албатта Жаннатга киритади» (Бухорий 138, 1248, Муслим 2632).
Жаннатда гўдаклигида вафот этган бола ёши қандай бўлиши масаласига келсак, баъзи уламоларнинг фикрича Жаннат аҳлининг барчаси 33 ёшда бўлишади. Улар бу фикрларини қуйидаги ҳадисга асосланиб айтишади: «Жаннат аҳли Жаннатга баданларидаги сочларсиз, соқолсиз, қора кўз бўлиб, ўттиз ёки ўттиз уч ёшлик ҳолатда кирадилар» (Аҳмад 2/315, Термизий 2545. Имом Абу Хотим, ҳофиз Ҳайсамий, шайх Аҳмад Шокир ва шайх Албоний саҳиҳ деди).
Бошқа уламолар эса гўдаклигида вафот этган бола ёш ҳолатида, балоғат ёшига етиб вафот этганлар эса 33 ёшда бўлади дейишди.
Бу энг тўғри қавлдир. Бунинг далили эса ёш болалар Жаннат капалаклари деб номланган ҳадисдир.
Иброҳим алайҳиссалом атрофларидаги болалар хусусида:
Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтишларича, кунларнинг бирида тушларида икки киши келиб, у зотни ўзлари билан бирга олиб кетдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу узун саёҳатларида бўлган ҳодисалар ҳақида хабар бериб, дедилар: «Биз кетаётиб катта боққа етдик. У ерда фақатгина баҳорда гуллайдиган гуллар бор эди. Бу боғда мен бўйи узун кишини кўрдим. Бўйи шу даражада узун эдики, самогача етган бошини зўрға кўрдим. Унинг атрофида шу даражада кўп болаларни кўрдимки, илгари бундайини кўрмаганман». Кейин ушбу саёҳатнинг якунида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлдошлари у зотга: «Бўйи узун одам Иброҳимдир. Уни ўраб олган болалар эса, табиий фитратида вафот этган гўдаклар» эканини хабарини бердилар (Бухорий 7047).
Умму Салама розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай деганларини эшитганман: «Агар Аллоҳнинг бандаларидан бирига мусибат етса, у эса: «Албатта биз Аллоҳникимиз ва албатта биз у зотга қайтгувчилармиз. Эй Аллоҳ мени мусибатим учун мукофотла ва эвазига ундан яхшироғини ато эт!» деб айтса, Аллоҳ таоло албатта уни мусибатида мукофотлайди ва эвазига яхшироғини ато этади»». Умму Салама деди: «Абу Салама вафот этганида, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтишни буюрган нарсани айтдим ва Аллоҳ уни менга ундан афзал бўлганига алмаштирди - бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдир» (Муслим 918).
/Инна лиллаҳи ва инна илайҳи роджиъун! Аллоҳумма журни фи мусибати вахлуф ли хойрон минҳа/.
Оламлар Парвардигори бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳ Муҳаммад пайғамбаримизга, Унинг оиласи, саҳобалари ва уларга ихлос билан эргашганларга салавоту саломлар йўлласин.

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
  
Users browsing this thread: 3 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.