Меҳмон   08-11-2011, 04:55 PM
#1
Assalomu alaykum!

Ayol kishi nomahram erkakka salom berishi joizmi?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Муслим   08-12-2011, 04:30 PM
#2
Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатҳ!

Номаҳрамга салом бериш ҳақида

Аллоҳ таоло бизни саломни ёйишга буюрди. Шунингдек У зот бизни барча мусулмонларнинг саломига алик олишга ҳам буюрди. Аллоҳ саломни мўминлар ўртасида муҳаббатнинг ёйилиши сабабларидан бири қилди.
Аллоҳ таоло айтади: «Қачон сизларга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар. Албатта Аллоҳ ҳамма нарсани ҳисобга олгувчи бўлган зотдир» (Нисо: 86).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсиз. Ўзаро муҳаббатлашмагунингизча мўмин бўла олмайсиз. Ўзаро муҳаббатлашишингизга сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми? Орангизда саломни кенг ёйинглар» (Муслим 54).
Саломни ёйишга бўлган буйруқ умумий бўлиб, барча мўминларга тегишлидир. У ўз ичига эркак ва аёлларга салом берувчи эркакни ҳам, эркак ва аёлларга салом берувчи аёлни ҳам, маҳрамларига салом берувчиларни ҳам ўз ичига олади.
Бундан ташқари бегона эркакларга аёлларнинг салом бериши ва бегона аёлларга эркакларнинг салом бериши жоиз эканига далолат қилувчи далиллар мавжуд.
Асмо бинт Язид ривоят қилади: «Кунларнинг бирида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа аёллар орасида бўлганимда, бизнинг олдимиздан ўтиб кетар эканлар, бизларга қўллари билан ишора қилиб салом бердилар» (Абу Довуд 5204. Саҳиҳ ҳадис. Қаранг: «Саҳиҳ Абу Довуд» 4336).
Яна Саҳл ибн Саъд ривоят қилишича, улар жума кунига шодланишар экан. Чунки бу кунда бир кампир аёл уларга таом олиб келар, улар уни жума намозидан сўнг тановул қилишар экан. Саҳл дедики: «Биз унга салом берар эдик, у эса бизга яқин келар эди» (Бухорий 6248).
Имом Бухорий раҳимуҳуллоҳ ушбу ҳадисни келтирган бобни: «Эркакларнинг аёлларга ва аёлларнинг эркакларга салом бериши» деб номлади.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ деди: «Аёллар эркакларга салом беришар эди» (Бухорий «ал-Адаб ал-Муфрад»да 1046. Шайх Албоний ҳадис иснодини ҳасан деди).
Буларнинг барчаси бегона эркакларга аёллар ёки бегона аёлларга эркакларнинг салом бериши жоиз эканига далолат қилади. Фақатгина у билан қўл бериб саломлашмаслиги лозим.
Бироқ кўпчилик уламолар ушбу масалада чегара борлигини айтиб ўтишган. Уларнинг айтишича, қария аёлларга салом бериш жоиз бўлиб, ёш аёлга салом бериш жоиз бўлмайди. Чунки ёш аёлларга салом беришда фитналаниш хатари бор.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан сўралди: «Аёл кишига салом бериш жоизми?» У киши жавоб берди: «Агар гап қария аёл ҳақида бораётган бўлса, бунинг зарари йўқ. Аммо агар гап ёш аёл ҳақида бораётган бўлса, унинг саломига алик олмаслик керак» (Қаранг: «ал-Адаб аш-шаръия» 1/375).
Бошқа бир ривоятда имом Молик раҳимаҳуллоҳдан: «Аёл кишига салом бериш жоизми?» деб сўралганда, у киши жавоб бердилар: «Қария аёлга келсак, мен буни (яъни унга салом беришни) макруҳ санамайман. Аммо ёш аёлга келсак, мен буни хуш кўрмайман». Имом Зарқоний «Муватто»га қилган шарҳларида имом Молик нега буни хуш кўрмаганларининг сабабини тушунтириб деди: «Саломга алик олинганда унинг овозини эшитган вақтдаги фитна сабабидан».
«Ал-Адаб аш-шаръия»да (1/370) айтилади: «Ибн Муфлиҳ зикр қилишича, Ибн Мансур имом Аҳмадга деди: «Аёлларга салом бериш ҳақида нима дейсиз?» У киши жавоб берди: «Агар аёл қари бўлса, бунда хатолик йўқ». Солиҳ (имом Аҳмаднинг ўғли) деди: «Мен отамдан аёлларга салом бериш ҳақида сўрадим. У деди: «Қария (аёлларга) нисбатан бунинг ёмон жойи йўқ. Аммо ёш аёлларга келсак, улар саломга алик олишлари мажбурий эмас»».
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ деди: «Бизнинг тарафдорлар (яъни шофиийлар) кўрсатма бердиларки, (саломга боғлиқ) ушбу ҳолатларда аёллар бир бирларига нисбатан худди эркаклар бир бирларига нисбатан қандай муносабатда бўлсалар, шундай муносабатда бўлишлари керак. Аёл киши эркак кишига салом берган ҳолатга келсак, бу ҳақида имом Абу Саъд ал-Мутаваллий деди: «Агар аёл унинг хотини, жорияси ёки (никоҳ қилиши ҳаром бўлган) яқин қариндоши бўлса, у (аёл) эркакка худди эркаклар берганидек салом бериши керак. Ҳар бири бошқасига аввалроқ салом беришга интилиши мустаҳаб. Саломга эса алик олиш вожиб. Эркак кишига, у сабабидан фитналаниб қолиш хавфи бўлган, бегона чиройли аёлга салом бериши жоиз эмас. Агар у (эркак) унга салом берса, бундай ҳолатда унга (аёлга) жавоб бериши жоиз эмас. Бундан ташқари бундай аёлга биринчи бўлиб эркак кишига салом бериши жоиз бўлмайди. Эркакка эса унинг саломига алик олиш вожиб бўлмайди. Агар у (эркак) шундай қилса, макруҳ амални қилган бўлади. Агар гап қари аёлга тегишли бўлса ва фитнадан хавф бўлмаса, унга (қари аёлга) эркак киши салом бериши жоиз. У (эркак) эса унинг саломига алик олиши вожиб бўлади. Эркак киши учун бир гуруҳ аёлларга салом бериши жоиз. Худди шундай, агар улардан бирортаси фитналаниб қолиш хавфи бўлмаса, катта гуруҳ эркаклар ҳам битта аёлга салом бериши жоиз»» (Қаранг: «ал-Азкор» 407).
Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ «Фатҳул Борий»да айтади: «Эркакнинг аёлга салом бериши ва аёлнинг эркакка салом бериши жоиз экани масаласига келсак: бу фақат ҳеч қандай фитна хатари бўлмаганларга жоиз бўлади. Халамий деди: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фитнадан омонда ва ҳимояда бўлганлар. Кимки фитнадан омонда эканига амин бўлса, (аёл кишига) салом бериши мумкин». Яна Муҳаллаб деди: «Эркак кишининг аёл кишига ва аёл кишининг эркак кишига салом бериши, агар ҳеч қандай фитна ҳатари бўлмасагина жоиз бўлади». «Аҳкам ал-Авраҳ вал Назар»га қаранг».
Уламоларнинг сўзларидан келиб чиқиб айтамизки, ёш аёлларга салом бериш масаласида фитна хатарини эътиборга олиш лозим бўлади.
Валлоҳу аълам.

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.