rinat80_09   06-08-2014, 12:24 PM
#1
Ассаламу алейкум!

Жарир ибн Абдуллоҳдан (розияллоҳу анҳу): «Биз кечаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга ўтирган эдик. У зот ўн тўрт кечалик ойга қараб бундай дедилар: «Албатта, сизлар охиратда Раббингизни худди мана шу ойни кўргандек кўрурсиз. Уни кўришда бир-бирингизга халал бермайсиз. Қуёш чиқишидан ва ботишидан олдинги намозларни агар шайтонга бой бермасликка қодир бўлсангиз, ўқинг!» Сўнг ул зот “Ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал «Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг – намоз ўқинг!” (Қоф, 39) оятини тиловат қилдилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоятлари).

Фақиҳ Абу Лайс (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: Одамлар Аллоҳни кўриш ҳақида турлича гапиришди. Баъзилар: «Борий субҳонаҳу ва таоло дунё ва охиратда кўринмайди», деди. Баъзилар: «Жаннат аҳли Аллоҳни охиратда кайфиятсиз ва ташбеҳсиз кўрадилар, худди улар дунёда ўхшатишсиз таниганларидек», дейишди.

мана бу эътикод тугри ми?

Ахли сунна эътикоди буйича Аллохни куриш хакида сахих маълумотларни келтирсангизлар?

Аллох рози булсин!

«Мен жин ва инсонни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-Зариёт: 56)
Admin   06-08-2014, 07:09 PM
#2
Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Мўминлар жаннатда Аллоҳни кўрадилар

Айтмоқчи бўлганим шуки: Биз ишора қилиб ўтганимиздек баъзи фирқалар борки, улар қадимда ҳам, ҳозирда ҳам Қуръон ва пайғамбар ҳадисидаги ҳақиқатларни инкор қилади. Қуръони Карим шуни исбот қилиб, мўминларга жаннатда Аллоҳ азза ва жаллага йўлиқишганда роҳатланишадиган жуда улуғ бир неъмат ҳақида башорат беради. У ҳам бўлса оламларнинг Роббиси уларга Ўзини намоён қилганида улар У Зотни кўрадилар. Бу ҳақда салафий олим ушбу мисраларни айтган: «Мўминлар У Зотни кайфият бериш, ташбиҳ қилиш ва мисол қилишликсиз кўрадилар». Бунга Қуръондан ва Росул алайҳиссаломнинг ҳадисларидан ўнлаб ҳужжатлар келган. Қадимдаги ва ҳозирдаги баъзи фирқалар ушбу неъматни қандай қилиб инкор қиладилар? Қадимда инкор қилганлари мўтазилалардир. Бугунги кунда ер юзида биз мўтазиламиз ёки биз мўтазила мазҳабидамиз деб айтадиган бирор кимса борлигини билмайман. Бироқ мен ўзини мўтазилий эканини эълон қиладиган ва шаръий ҳақиқатларни инкор қиладиган бир аҳмоқни кўрдим. Чунки у эс-ҳушини йўқотгандир.
Демак ўша мўтазилалар ушбу неъматни инкор қилишди. Ўзларининг заиф ақллари билан Аллоҳ азза ва жалла кўриниши мумкин бўлмаган ишдир дейдилар. Ҳоп улар қандай қилиб бу бузуқ ақидага эришишди? Қуръонни инкор қилишдими? Аллоҳ таоло Қуръони Каримда айтадики: «У кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Роббиларига боқиб тургувчидир!» (Қиёмат: 22-23). Улар ушбу оятни инкор қилишдими? Йўқ. Агар ушбу оятни инкор қилишганда кофир бўлиб, муртадга айланишган бўлишарди. Аҳли сунна эса бугунги кунгача мўтазилаларга залолатга оғган дея ҳукм қилиб келишади. Уларни Ислом доирасидан чиққанлар деб айтишмайди. Чунки улар ушбу оятни инкор қилишмади. Балки суннатда баён қилинган ҳақ маъносини инкор қилишди. Аллоҳ азза ва жалла жаннат аҳли бўлмиш мўминлар ҳақида шундай деди: «У кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Роббиларига боқиб тургувчидир!»
Улар ушбу оятни таъвил қилишди. Оятнинг лафзига иймон келтириб, маъносига эса куфр келтиришди. Уламолар айтиб ўтишганидек лафзлар маъноларнинг қолипларидир. Энди лафзга иймон келтириб, маънога куфр келтирадиган бўлсак, ушбу иймон «семиртирмайди ҳам, очликдан ҳам беҳожат қилолмайди!»
Бироқ улар ушбу кўришни нима учун инкор қилишди? Ушбу яратилган, ожиз банда Аллоҳ азза ва жаллани ўз кўзи билан кўриш имкониятига эга эканини тасаввур қилиб, бир хаёл қилиб кўришга ҳам ақллари торлик қилди. Худди яҳудийлар Мусо алайҳиссаломдан талаб қилганларидек. Ўша маъруф қиссада келганидек Аллоҳ таоло уларни ожиз қолдирди: «Аммо мана бу тоққа боқ. (Мен унга кўринурман.) Бас, агар у (Мен кўринганимда) ўрнашган жойида тура олса, сен ҳам Мени кўражаксан» (Аъроф: 143).
Демак ақллари торлик қилиб, Қуръоний ҳужжатни суистеъмол қилишдан ўзга чора тополмай, уни таъвил қилишди. Нима учун? Чунки уларни ғайбга бўлган иймонлари заифдир. Ғайбга келтирган иймонларидан кўра ақлларига келтирган иймонлари кучлироқдир. Ҳолбуки улар ғайбга иймон келтиришга Бақара сурасининг аввалги оятларидаёқ маъмур бўлгандирлар: «Алиф, Лол, Мим. (Аллоҳ таолонинг ҳақ Каломи эканлигида) ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган ушбу Китоб тақволи кишилар учун ҳидоят-тўғри йўлдир». Ким экан ўша тақволи кишилар? «Улар ғайбга иймон келтирган …» (Бақара: 1-3). Аллоҳ таоло ғайбни яширди. Энди Роббимиз ҳар сафар Ўзи ҳақида гапирганида, бизга Уни тасдиқлашимиз ва иймон келтиришимиз вожиб бўлади. Чунки бизнинг фикр доирамиз тор (доирага) чегаралангандир. Мўтазилалар эса ушбу ҳақиқатни тан олишмади. Шу сабабли ҳам кўплаб шаръий ҳақиқатларни инкор қилишади. Ана шулардан Аллоҳ табарока ва таолонинг ушбу қовлидир: «У кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Роббиларига боқиб тургувчидир!» (Қиёмат: 22-23).
Худди шундай бошқа бир оят ҳам борки, эҳтимол у анави кимсаларга биринчи оятдан ҳам махфийроқ бўлиши мумкин. У ҳам бўлса Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу қовлидир: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёдалик бордир» (Юнус: 26). «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат …», яъни, жаннат. «Ва зиёдалик бордир», яъни, охиратда Аллоҳни кўриш. Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида саҳиҳ санад билан Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳудди шундай келган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва алиҳи ва саллам айтдиларки: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат …». Алайҳиссалом: «Жаннат», «Ва зиёдалик бордир», «Аллоҳни кўриш», дедилар.
Quote:Муслим (181) ва бошқалар Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Жаннат аҳли жаннатга киришгач, Аллоҳ табарока ва таоло айтадики: «Бирор нарса истайсизларми сизларга яна зиёдалик қилсам?» Шунда: «Юзимизни оқартирмадингми? Бизни жаннатга киргазиб, жаҳаннамдан нажот бермадингми?», дейдилар. Ҳижобни очади. Уларга Роббилари азза ва жаллага қарашдан кўра севимлироқ бирор нарса ато қилинмагандир».
Муслим ушбу қисмини зиёда қилдилар: «Сўнг ушбу оятни тиловат қилдилар: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда (неъматлар) бордир» (Юнус: 26).
Шу ўринда икки нуқтага огоҳлантирув бериб ўтиш лозим:
1 – Дорақутний ушбу ҳадис борасида имом Муслимни танқид қилди. Танқид хулосаси шуки: Ҳаммод ибн Салама ушбу ҳадисни Абдурроҳман ибн Абу Лайлодан, у киши эса Суҳайб розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилди.
Ҳаммод ибн Зайд, Маъмар ибн Рошид, Ҳаммод ибн Воқид, Сулаймон ибн Муғийралар эса ушбу ҳадисни ибн Абу Лайлонинг сўзи деб ривоят қилишди.
Яъни: Ушбу ҳадисни Суҳайбдан, у киши эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан деб ривоят қилмаган. Шайх Муқбил ибн Ҳадий ал-Вадиъий ҳам ушбу фикрни рожиҳ деб билдилар («ал-Илзамат ва ат-Татаббуъ» (210-саҳифа, 78-рақам)га қаранг).
2 – Шайх саҳобийнинг исмида янглишиб: Саъд ибн Абу Ваққос, дедилар. Балки у, юқорида ўтгандек Суҳайбдир.
Мўтазилалар, худди шундай шиалар ҳам – улар ақидада мўтазиладир – Аллоҳни кўришни инкор қилишди. Биринчи оятда очиқ-ойдин қилиб айтилган, иккинчи оятда эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган мутавотир ҳадисларда баён қилиб қўйилган (ушбу ҳақиқатни инкор қилишди). Қуръонни таъвил қилишлари Росул алайҳиссаломдан саҳиҳ келган ҳадисларни инкор қилишга олиб борди. Натижада «Мен ва саҳобаларимнинг йўлида бўлганлар» дея васф қилинган нажот топувчи фирқадан четга чиқишдек ҳунук оқибат топишди. Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминлар Роббиларини кўришларига иймон келтириш асосида ўтдилар. Чунки саҳиҳайнда Росул алайҳиссаломнинг саҳобаларидан иборат бир жамоадан ҳадислар ривоят қилинди. Шулардан: Абу Саид ал-Худрий (Ҳадисни Бухорий (7439) ва Муслим (183) ривоят қилди), Анас ибн Молик (Ҳадисни Бухорий (4476) ва Муслим (193) Анасдан, у эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят. Шафоат ҳақидаги узун ҳадисда мана бу сўзлар бор: «… Қачонки мен Роббимни кўрганимда, тиз чўкиб сажда қиламан…») ва саҳиҳайндан бошқа ҳадис тўпламларида Абу Бакр Сиддиқ (Ҳасан ҳадис. Аҳмад (1/4-5), Ибн Абу Осим «ас-Сунна» (751)да ва бошқалар ривоят қилишди. Албоний ҳадисни ҳасан деди) ва бошқалар розилаяллоҳу анҳум. Алайҳиссалоту ва саллам айтдиларки: «Сизлар қиёмат куни Роббингизни ҳудди ўн беш кунлик тўлин ойни кўрганингиздек кўрасизлар. У Зотни кўришда алсо шак-шубҳага бормайсизлар» (Бухорий (7434) ва Муслим (633) Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилишди).
Quote:Нававий «Шарҳ Муслим» (3/137) 633-рақам остидаги ҳадис борасида шундай дедилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аммо сизлар Роббингизга йўлиқиб, уни ушбу ойни кўрганингиздек кўрасизлар». Яъни, бу шак-шубҳасиз, ҳаққирост бўладиган кўришдир. Худди ушбу ойни шак-шубҳасиз, ҳақиқатда кўришдек. Бу- кўришни кўришга ўхшатиш, кўриладиганни бошқасига ўхшатиш эмас».
Ирода қилинган маъно шуки: Ўн беш кунлик тўлин ойни остида бирор булут бўлмаган ҳолда кўрганингизда қандай шубҳаланмаган бўлсангиз, У Зотни кўришда ҳам асло шак-шубҳага бормайсилар.
Улар эса ақлларига таяниб ушбу ҳадисларни инкор қилишди. Демак улар таслим бўлишмади ва иймон келтиришмади. Натижада иймони заифлардан бўлиб қолишди.
Бу қадимги баъзи фирқалар йўл қўйган залолатларга мисол эди.
Худди шундай бугунги кундаги янги фирқалар ҳам, мисол учун хаворижлар. Уларни ичида Ибодия деган фирқа бор.
Quote:Ибодийлар: Йўлдан озган хаворижларнинг фирқаларидан бири. Ушбу фирқага асос солган: Абдуллоҳ ибн Ибод ат-Тамимийга нисбат берилади. Ибодиялар хаворижлар билан гуноҳи кабира сабаб кофирликда айблаш ва жабру-ситам ўтказадиган ҳукмдорларга қарши бош кўтариб чиқишни жоиз эканида иттифоқдирлар.
Улар бугун ўзларининг залолатларига даъват қилишда фаол ҳаракат олиб боришяпти. Уларнинг ҳозирда мақолалари ва рисолалари оммага кенг тарқтилмоқда. Хаворижларнинг қадимдан маъруф бўлган кўплаб оғишишларидан бири бўлмиш ҳукмдорга қарши бош кўтариб чиқиш (суннатларини) қайта тирилтиришяпти. Яна шундай оғишишларидан бири: Аллоҳ азза ва жаллани жаннатда кўришни инкор қилишларидир.
Quote:Шайх, аллома Ҳофиз ибн Аҳмад ал-Ҳакамий «Маъариж ал-Қобул» (1/445-447)да шундай дедилар: «Ушбу Аллоҳ азза ва жалланинг Китоби, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг очиқ, саҳиҳ суннатлари, саҳобалар ҳамда улардан кейинг ҳидоят имомларидан иборат тобеъинларнинг барчалари ижмо қилишганки, мўминлар жаннатда Роббилари табарока ва таолони кўрадилар. Унинг Карим Юзига қараб лаззатланадилар. Бу энг улкан неъмат, энг олий каромат ва энг афзал фазилатдир. Шу сабабли Унга назар ташлаш билан кўрган барча неъматларини унутиб қўядилар».

Admin   12-17-2016, 07:47 PM
#3
Жаннат аҳли жаннатда Аллоҳ кўришлари

Жаннат аҳлининг лаззатлари тамом бўлмайди ва неъматлари узилмайди. «Мевалари ва соялари боқийдир» (Раъд: 35). Жаннат аҳли неъматланадиган ва лаззатланадиганларининг мутлақо энг олийси, жаннатда Аллоҳ табарока ва таолони кўришлари ва Унга боқишларидир. Аллоҳ таоло деди: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир» (Юнус: 26). Аллоҳ таоло деди: «Ва яна Бизнинг даргоҳимиздаги қўшимча (иззат-икром)лар ҳам бордир» (Қоф: 35). Дарҳақиқат, зиёда неъматлар ва қўшимча (иззат-икром)лар жаннатда У субҳанаҳуни кўриш дея изоҳланди. Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Суҳайбдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Жаннат аҳли жаннатга кирганларида (Ровий) деди: Аллоҳ табарока ва таоло: «Сизларга зиёда қиладиган бирор нарса хоҳлайсизларм?» - дейди. Улар: «Ахир, юзимизни оқ қилмадингми? Бизни жаннатга киритиб, дўзахдан нажот бермадингми?» - дейдилар. (Ровий) деди: Шунда ҳижобни очади. Уларга Раббилари азза ва жаллага боқишликдан кўра суюмлироқ бирор нарса ато қилинмаган. Сўнг ушбу оятни тиловат қилдилар: «Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир» (Қоф: 35)» (Муслим (181)).

Савол   01-16-2019, 06:30 PM
#4
Жаҳаннамдан чиққан одамлар Аллоҳни кўрадими?
  
Users browsing this thread: 3 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.