Admin   10-03-2010, 09:49 PM
#1
Аллоҳ қиёмат кунида барча бандаларини тўплайди

Аллоҳ таоло айтади: «Улар саф тортган ҳолларида Роббингизга рўбарў қилиндилар» (Каҳф: 48). Субҳанаҳу деди: «Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар — сизларнинг бирон сирингиз махфий қолмас» (Ҳааққо: 18).
Ушбу улуғ кунда Аллоҳ барча бандаларни жамлайди.
Субҳанаҳу айтганидек: «У сизларни ҳеч шак-шубҳасиз бўлган қиёмат кунида тўплайди» (Нисо: 87). Аллоҳ таоло деди: «(Аллоҳ) сизларни тўплайдиган тўпланиш Кунини (эслангиз)! Бу (одамлар) бир-бирларини «алдаб-зиён етказадиган» Кундир (яъни, ҳаёти дунёда иймон эгаларини алдаб-зиён етказиб юрган кофирлар у Кунда дўзах азобига дучор қилиниш билан ўзларининг алданган кимсалар эканликларини билиб олурлар)» (Тағобун: 9).
Ушбу тўпланишда аввалгилару кейингилар баб-баробар бўлади. Барча ушбу улкан муддатда жамлангусидир.
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сиз уларга) айтинг: «Албатта аввалгилар ҳам, кейингилар хам маълум Кундаги белгиланган вақтга шак-шубхасиз тўплангувчидирлар» (Воқеа: 49-50).
Ушбу тўпланишдан бирор киши ортда қолиб кетмайди. Фазода ҳалок бўлган, ер чуқурликларида адашиб-(йўқолган) ҳамда қуш ва йиртқичлар еганлар. Барча яқин келажакда тўпланажак, (бундан) қочиб-(қутулиш) йўқ. Аллоҳ таоло деди: «(У Кунда) Биз улардан биронтасини қўймай йиғдик» (Каҳф: 47). Субҳанаҳу деди: «Қаерда бўлманг, Аллоҳ сизларни (ҳисоб-китоб) учун келтиради. Албатта Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир» (Бақара: 148). Субҳанаҳу деди: «Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) бўйинсунган ҳолда келур. У зот уларни санаб-аниқлаб қўйгандир. Уларнинг барчаси қиёмат кунида ёлғиз ҳолда У зотнинг ҳузурига келгувчидир» (Марям: 93-95).
Яқинда ушбу ердан ўзга бир ерда тўпланадилар. Аллоҳ таоло деди: «(У) ер бошқа ерга, осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар) ёлғиз ва қудратли Аллоҳга рубарў бўладиган кунда (қиёматда)...» (Иброҳим: 48). Дарҳақиқат, Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар тўпланадиган ушбу ернинг васфини бизга баён қилдилар. Бухорий ва Муслим Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Одамлар қиёмат куни соф обинон каби оқ-қизғиш ерда тўпланадилар. У ерда бирор кишининг (маскани) аломати бўлмас» (Бухорий (6521), Муслим (2790)). Яъни, теккис ерда. Унда на баландлик, на чуқурлик, на тоғ ва на қоя бор. Унда на маскан ва на бино аломати бор.
Пояфзалсиз ялангоёқ, кийимсиз яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда тўпланадилар. Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Албатта, сизлар ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда тўпланасизлар». Сўнг (ушбу оятни) ўқидилар: «Биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилгувчидирмиз» (Анбиё: 104) (Бухорий (3349), Муслим (2860)).
«Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар қиёмат куни ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда тўпланадилар» - деганларини эшитганларида шундай дедилар: «Эй Расулуллоҳ! Эркак ва аёлларнинг барчалари бир-бирларига қарайдиларми?» У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй Оиша! Иш, бир-бирларига қараш(га аҳамият қаратиш)дан оғирроқ бўлади» - дедилар (Бухорий (6527), Муслим (2859)).
Ўша куни қуёш халойиққа яқинлашади. Ҳатто улар ўртасида бир мил миқдоричалик (масофа) қолади. Ушбу кунда Раҳмон аршининг соясидан ўзга соя бўлмас. Улар орасида арш соясида сояланган ҳамда қуёш иссиғига қараб турадиганлар бўлади. Дарҳақиқат, қуёш уни эритиб юборади ва у ерда ғам-ташвиши оғирлашади ҳамда уни қайғуга солади. Батаҳқиқ, халқлар издиҳом бўлиб, сиқилиб қолади ва бир-бирини турткилайди. Сафлар аралашиб кетади ва томоқлар чанқоқдан узила ёзади. Дарҳақиқат, ушбу мавқифларида уларга жонларининг тафти ва жасадларининг заҳма-(тиқилининч) бўлиши билан қуёшнинг иссиғи жамланади. Уларнинг тери ер юзини тўлдиради. Сўнг Раббиларининг ҳузуридаги бахт ва бахтсизлик мартаба ва манзилатларига қараб оёқларигача (тер босади). Улар орасида тер икки елка ва белигача етадиганлари бор. Улар орасида икки қулоғининг юмшоғигача ва яна улар орасида уни бутунлай тер қоплайдиганлари бор (Қуртубий «Тазкира» (1/357)). Аллоҳдан офият ва саломатлик сўраймиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Одамлар қиёмат куни терлайди. Ҳатто терлари ерда етмиш зирога етади. Ва у (тер) уларни қоплаб, ҳатто қулоқларига етади». Бухорий ривояти (Бухорий (6532)).
Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни қуёш халқларга яқин келади. Ҳатто улар ўртасида бир мил масофасичалик бўлади. Одамлар эса амаллари миқдорича терда бўладилар. Улар орасида тер икки тўпиғигача бўладиганлари, улар ичида тер икки тиззасигача бўладиганлари, улардан яна тер белигача бўладиганлари ҳамда улар орасида тер бутунлай қоплайдиганлари бор» - дея қўллари билан оғизларига ишора қилдилар (Муслим (2864)).
(У ерда) қолишлари миқдори-(узунлиги) эллик минг йил бўлган бир кунда бўлади. Аллоҳ таоло деди: «Фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил) миқдори-узунлиги эллик минг бўлган бир Кунда (яъни Қиёмат кунида) У зотнинг ҳузурига кўтарилурлар» (Маориж: 4). Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганликлари ривоят қилинади: «Ҳаққини адо этмаган тилла ва кумуш соҳиби йўқки, қиёмат куни бўлганида албатта, унга дўзахдан ясси қопламалар ҳозирланиб, жаҳаннам ўтида қизитилади. Ва ўша билан ёнлари, пешоналари ва кетларига тамға босилади. Узунлиги эллик минг йил бўлган бир кунда то бандалар ўртасида ҳукм қилингунча ҳар сафар совиганда унга қайтарилади. Ва ўз йўлини ё жаннат ёки дўзах сари кўради-(топади)» (Муслим (987)).
Аллоҳ таоло ушбу туришликни иймон аҳлига енгиллатиб қўяди. Саховатли Аллоҳдан фазлу-марҳаматини сўраймиз. Ҳокимнинг «Мустадрок»ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Мўминлар учун қиёмат куни пешин билан аср ораси миқдорчалик бўлади» («Мустадрок» (1/84), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳул Жомеъ» (8193)да саҳиҳ санади).
Аллоҳ уларни фақат Ўзининг (яратган) сояси бўлган бир кунда, қуюқ сояда соялантиради. Аллоҳ субҳанаҳу ана шу улкан мавқифда шундай дейди: «Менинг улуғлигим боис ўзаро муҳаббатлашганлар қаерда? Бугун уларни ўз соямда, Менинг соямдан ўзга соя йўқ бўлган кунда соялантираман» (Муслим (2566)).
Ўша куни одамлар пайғамбарлар олдига ўтиниб келадилар. Улардан Аллоҳ ҳузурида бандалар ўртасида ажрим ва ҳукмни бошлаш ҳақида шафоат талаб қиладилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқалари ўз узрларини айтадилар. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: «Мен у учунман», дейдилар. Ва бориб, арш тагида оламларнинг Раббига сажда қилган ҳолда йиқиладилар. Аллоҳ у кишига, у кишидан олдин бирор кишига маълум қилмаган ҳамду саноларини ўргатади. Сўнг у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: «Бошингизни кўтаринг. Сўранг, сизга берилади. Шафоат қилинг, шафоатингиз қабул этилади», дейди. Ана шу вақт Раб жалла ва аъла бандалар ўртасида ажрим қилиш учун келади.
Аллоҳ таоло деди: «Роббиингиз ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда, (кофирлар кўришлари учун) ўша Кунда жаҳаннамни ҳам (яқин) келтириб қўйилганда — ана ўша Кунда инсон (бу кўрганларидан) эслатма-ибрат олур! (Аммо у Кунда) бу эслатма-ибрат(нинг фойдаси) қаёқдан тегсин?! У: «Эҳ, кошки эди мен ҳаёт вақтимда (яхши амаллар) қилиб ўтган бўлсам», деб қолур!» (Фажр: 22-24).
Аллоҳнинг ҳузурига ёлғиз келадиган кунингизни ёдда тутинг!
Дарҳақиқат, ҳукм тарозилари ўрнатилган.
Маъсиятлардан пардалар йиртиб ташланган.
Ҳамда гуноҳ чойшаби очиқ ҳолда келур.
(Қуртубий «Табйин фий ат-Тазкира» (2/17)).
Сенга васф қилинган ушбу кун ва сенга сўйлаб берилган ушбу ҳолат ҳақида бир фикр юритиб кўр. Унга тайёргарлигингни кўравер. Сенга Аллоҳдан тақво қилиш лозим бўлади. Батаҳқиқ, у яхши озиқадир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳаж оятларининг хотимасида шундай деди: «Аллоҳдан қўрқингиз ва билингизким, сизлар шубҳасиз Унинг ҳузурида тўпланажаксиз» (Бақара: 203).
Аллоҳ таоло биз ва сизларни Ўзининг муттақин бандаларидан қилсин. Барчамизга қиёмат кунидаги расволикдан паноҳ берсин. Ҳамда бизни қўрқинчли кунда Ўзининг фазлу марҳамати ила омон бўлувчилардан қилсин!

  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.