Pages (3): 1 2 3   
Hayot   11-22-2009, 05:16 PM
#1
Assalamu alaykum wr wb. Mavlud bidatmi? shu savolga toliq javobni qaerdan uqisek boladi? Alloh rozi bosin
Abdulloh Salafiy   11-22-2009, 09:19 PM
#2
(11-22-2009, 05:16 PM)Hayot Wrote: Assalamu alaykum wr wb. Mavlud bidatmi? shu savolga toliq javobni qaerdan uqisek boladi? Alloh rozi bosin
Ва алайкум ассалом ва рохматуллохи барокатух
Мавлуднинг бидъатлиги аниқ.

Мавлид ҳақида

Савол: Пайғамбиримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган кунларини нишонлаш ҳукми қандай? Бундай маросимда Пайғамбарииз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жисмонан ёки руҳан ҳозир бўладиларми?
Жавоб: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳурматлаш ва эъзозлаш, у зот олиб келган рисолатга иймон келтириш ва Аллоҳдан олиб келган нарсаларга амал қилиш билан бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган кунларини нишонлашга келсак, бу бидъатдир ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадис ворид бўлганлиги аниқдир: «Кимки динимизда йўқ нарсани чиқарса, у янгилик қабул қилинмайди – рад қилинади» (Бухорий 2697; Муслим 1718).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг одамлар орасида бирон кимсани зиёрат қилганликлари ҳақида бирон саҳиҳ хабар йўқ ва ҳақиқат шуки бу нарса рўй бермаган. Шу сабаб саҳиҳ хабар аксини тасдиқлагунича шу ақидада бўлиш вожибдир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.


«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши ваъз билан чақир, ҳамда улар билан энг гўзал услубда баҳс қилгин» (Наҳл: 125).
«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48).
Admin   09-29-2010, 08:41 PM
#3
Мавлиднинг Исломга хилоф жиҳатлари

Шайх Муҳаммад ибн Жамил Зайну

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўнг...
Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.
Quote:Бу хутбани «Ҳожат хутбаси» деб аталади. Бу хутбани ҳар бир ишни бошлашда ўқиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам саҳобаларга бу хутбани диний ишларида, у ишлар никоҳ, жума, маъруза ва бошқа бўлсин, сўзбоши қилиб ўқишлари мумкин эканини ўргатар эдилар. Бунинг аслини кўриш учун қуйидагиларга қаранг: «Сунан Ибн Можжа»: «Китабун Никаҳ: Баб Хутбатун Никаҳ», «Сунан ат-Термизий», «Сунан Аби Довуд», «Сунан Ан-Насоий», Абу Яълонинг «Сунан»и, Байҳақийнинг «Сунан»и, Табаронийнинг «ал-Муъжам ал-Кабир» ва Имом Аҳмаднинг «ал-Муснад» китоблари. Бу хутбанинг бир қисми Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида «Китабул-жумуаъ: бабу хутбатиҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам»да ривоят қилинган. Муфассал ўрганиш учун Шайх, Аллома, Муҳаддис Муҳаммад Носируддин Албонийнинг «Хутбатул Ҳожа» китобига мурожаат қилинсин.
Кўпгина ҳолатларда мавлид маросимлари бидъат ва шаръий қоидаларни бузиш ҳолатларидан ҳоли бўлмайди. На Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, на у зотнинг саҳобалари ва тобеинлар, на тўрт имом, на саодат асрида яшаб ўтган бирор кимса ушбу (мавлид) муносабати билан байрам маросимларини нишонламаган. Бу маросимларни ўтказишга ҳеч қандай шаръий кўрсатма мавжуд эмас.
Ушбу байрамнинг Исломга хилоф жиҳатлари:
1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунларини нишонлаётган мусулмонлар кўпинча ширк амалига йўл қўйишади. Улар: «Эй Расулуллоҳ, биз сизга таваккул қилдик! Эй Расулуллоҳ, бизни мушкулимизни осон қилинг! Мушкул сизни кўрса, дарҳол қочади!» дейишади. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни эшитганларида, уларнинг бу ишларини улкан ширк деб баҳолаган бўлар эдилар. Чунки фақат Аллоҳгина нажот берувчи, таваккул қилинувчи ва мушкулларни осон қилувчидир. Ахир Аллоҳ таоло айтади:
«Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган ...» (Намл: 62).
Аллоҳ ўзининг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга одамларга шундай дейишни буюрди:
«Айтинг: «Албатта мен сизларга на бир зиён ва на бир тўғри йўл беришга эга эмасдирман, (тўғри йўлга солгувчи ҳам, зиён етказа олгувчи ҳам ёлғиз Аллоҳдир)»» (Жин: 21).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Агар бирон нарсани сўрасанг, фақат Аллоҳнинг ўзидангина сўрагин. Агар мадад тиламоқчи бўлсанг Аллоҳдангина мадад тилагин» (Имом Термизий ривояти, саҳиҳ ҳадис).
2. Мавлид маросимларининг аксарида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мақташда муболаға, ошириб юбориш ва ғулув кетиш ўз ўрнини топган. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қилишдан қайтариб дер эдилар: «Мени насоролар Ибн Марямни кўкларга кўтариб мақтагандек мақтаманглар. Мен Аллоҳнинг бандасиман, холос. «Аллоҳнинг бандаси ва Расули» денглар» (Имом Бухорий ривояти).
3. «Ал-Арус» ва бошқа мавлидларда айтилишича, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз нуридан яратган ва қолган барча нарсаларни у зотнинг нуридан яратган экан. Қуръон бу каби иддаоларни ёлғон дея рад этади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда» (Каҳф: 110). Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онадан туғилганлар. У зот қолганлардан Аллоҳ у зотга ваҳий юборгани билан фарқ қиладилар. Мавлидларда «Аллоҳ дунёни Муҳаммад сабабли яратган» дейишади. Қуръонда эса айтилади:
«Мен жин ва инсонни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт: 56).
4. Насронийлар Ийсо алайҳиссалом ва ўзларининг туғилган кунларини нишонлашади. Бу бидъатни мусулмонлар айни шулардан олишган ва ўз пайғамбари ва ўзларининг туғилган кунларини нишонлашмоқда. Аммо уларни (мусулмонларни) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарган эдилар: «Ким бир қавмга ўхшаса, у (ҳам) улардан биридир» (Абу Довуд, Баззор, Абдурраззоқ ривояти).
5. Мавлид маросимида кўпинча эркак ва аёллар аралашиши содир бўлади, бу эса Ислом ҳаром қилган ишдир.
6. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунларини нишонлаш маросимларига турли зийнат ва чароғбонликлар учун миллионлар сарф қилинади, сўнг ҳеч қандай фойдасиз ташлаб юборилади. Бундан манфаатни фақатгина ўша барча зийнатлар олиб келинадиган давлат кофирларигина кўрадилар. Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам исрофгарчиликни қоралаган эдиларку!
7. Ушбу байрамни ўтказишга тайёргарлик кўришга боғлиқ ишлар билан банд бўлган одамлар баъзида намозни тарк қилишга мажбур бўладилар. Бунга ўзим гувоҳ бўлганман.
8. Одамларга шу нарса одатга айландики, мавлидларда Қуръондаги маълум бир сурани ўқиш мобайнида муайян жойларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳурмат белгиси сифатида, у зотнинг ҳозир бўлишларини кутган ҳолда, ўринларидан турадилар. Бироқ бу очиқ ёлғондир, чунки Аллоҳ таоло айтади:
«Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур» (Муъминун: 100).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу дедилар: «Улар (саҳобалар) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра кўпроқ ҳеч бир инсонни яхши кўрмаганлар. Бироқ у зотни кўрган онларида ўринларидан турмас эдилар. Чунки у зот буни хуш кўрмасликларини билишар эди» (Аҳмад ва Термизий ривояти, саҳиҳ ҳадис).
9. Баъзиларнинг таъкидлашича, улар мавлидларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларини ўқишар экан. Бироқ уларнинг сўзлари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган сўзлари ва у зотнинг сийрати билан фарқ қилмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрган инсон у зотнинг сийратини йилда бир марта ўқимайди, балки ҳар куни ўқийди. Бундан ташқари, Робиул аввал ойи нафақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган ой, балки у зот вафот этган ойдир. Шундай экан, қайғу бўлган ерда хурсандчилик бўлмайди.
10. Мавлидларда иштирок этувчилар кўп ҳолларда ярим тунгача бедор бўладилар ва камида бомдод намозини жамоат билан ўқишни, ёхуд ушбу намоз вақтини умуман ўтказиб юборадилар.
11. Инсонларнинг кўпчилиги мавлид ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган кунларини нишонлаши, умуман эътиборга эга эмас. Чунки Аллоҳ таоло айтади:
«Ер юзидаги кимсаларнинг жуда кўпларига итоат қиладиган бўлсангиз, сизни Аллоҳнинг йўлидан оздирурлар» (Анъом: 116). Ҳузайфа розияллоҳу анҳу дедилар: «Одамлар чиройли деб ҳисобласалар-да, барча бидъат залолатдир».
12. Ҳасан Басрий дедилар: «Суннат соҳиблари ўтмишда инсонлар орасида энг кам сонли бўлишган ва келажакда ҳам шундай бўлади. Улар дабдабага берилганлар орасида дабдабага берилмаган, бидъатчилар орасида бидъатга берилмаган, суннатга садоқатни сақлаб қолган, Роббиларини учратмагунга қадар унга (суннатга) амал қилганлардир. Сизлар ҳам шундайлардан бўлинг!»
13. Мавлидни илк бор киритган инсон еттинчи ҳижрий асрнинг бошларидаги Сирия ҳукмдори Музаффар бўлган. Мисрга эса бу байрамни Фотимийлар киритганлар. Уларни Ибн Касир кофир зиндиқлар деб атаган.
Аллоҳ пайғамбаримизга, унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

«Нажот топган фирқа ва ғалаба қозонувчи тоифа манҳажи» китобидан
Admin   10-12-2010, 09:21 PM
#4
Имом Шотибий мавлид, жамоавий зикр, намоздан сўнг жамоавий дуо қилиш ҳақида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад, пайғамбарининг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Эътиборингизга 790 ҳижрий йил Андалусияда вафот этган Имом Иброҳим ибн Мусо Шотибий ал-Моликий ал-Ашарийнинг «ал-Эътисом» китобидан иқтибос келтирамиз.
Китоб – хазинанинг ўзгинаси! Китобнинг муқаддимасини ўқир экансиз, шу нарса маълум бўладики, Суннатни ёйиш ҳар замонда ҳам ўз урфи ва анъанасини ҳимоя қилувчи жоҳил кимсаларга тўқнаш келган экан. Улар бу амалларини Исломга нисбат беришга одатланганлар. Шу ҳам етмаганидек, ўша жоҳиллар суннатга эргашувчи ва бидъатдан йироқлашувчиларга «у ибодат қилишни ёмон кўради, зикрни ёмон кўради, дуо фойда келтиради деб ҳисобламайди» каби сўзлар билан туҳмат тошини отиб келганлар.
Имом Шотибий айтадилар: «... Ҳатто баъзида мени гуё мен дуо фойда келтирмайди деб ҳисоблаганимда аблашди. Бунинг сабаби мен имом билан намоз ўқигандан сўнг, намоз охирида доимий равишда жамоат бўлиб дуо қилиш керак деб ҳисобламаганим учундир. Қуйида мен бу ишни салаф солиҳ ва уламолар қилган ишга зид эканлигини изоҳлаб ўтаман... Ҳатто баъзида мени «Аллоҳнинг суйган»ларига нисбатан адоват қилганимда айлашди. Бунга сабаб менинг баъзи суннатга хилоф йўл тутувчи бидъатчиларга бўлган адоватимдир. У (баъзи)ларнинг фикрича, улар инсонларни ҳаққа етакловчи мураббий – устоз ҳисобланар эканлар. Мен халойиққа ўзини сўфийликка нисбат берувчиларнинг ҳолати ҳақида гапириб ўтганман. Аммо улар суфийларга ҳам ўхшамайдилар. Баъзида мени Суннат ва Жамоатга хилофлик қилганимда айблашади. Уларнинг фикрича жамоат – нажот топган фирқа – кўпчилик нима устида бўлса ўша экан. Бироқ улар Жамоат – бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, унинг саҳобалари ва уларга ихлос билан эргашганлар нима устида бўлишса, ана ўша (жамоат) эканлигини билмайдилар ҳам. Бу ҳақда ҳам қуйида изоҳ бериб ўтаман. Улар мана шуларнинг барчасида менга нисбатан ёлғон ва тўқима гаплар айтишмоқда ...» 1/35-37.
Шунингдек имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ «Мавлид»ни танбеҳга лойиқ бидъат деб ҳисоблаган эканлар. Ибодатдаги бидъатларга нисбатан бўлган тушунчаларини зикр қилиб ўтар эканлар, бунга баъзи мисоллар келтириб ўтадилар: «... Бунга яна қуйидагилар мисолдир: (ибодатни) маълум шакл ва кайфиятда адо этиш, масалан «жамоавий зикр»ларни жўр бўлиб айтиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мавлидлари муносабати билан ҳар йил тўпланиш ва ҳоказо. Бунга яна маълум ибодатни белгиланган вақтда, шариатда бунга ҳеч қандай кўрсатма бўлмаган ҳолда адо этиш киради. Масалан: Шаъбон ойининг ўртасида рўза тутиш ва мана шу тунда намозда қоим бўлиш» 1/54.
«Имом Шотибий фатволари» китобида мавлид танбеҳга лойиқ бидъат эканлиги очиқ-ойдин айтилган.
Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Admin   10-12-2010, 09:40 PM
#5
Ибн Касир ва Ибн Ҳажар раҳимаҳумаллоҳ мавлидни динга киритган киши ҳақида тўплаган маълумотлари

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Динга мавлидни киргизган киши ҳақида уламолар қатъий айтадики, бу бидъатни киритган киши Ирбил ҳокими Музаффаруддин ибн Зайнуддиндир. «Бу киши исрофгар ҳукмдор эди. Ўз замонининг уламоларини бу киши ўзининг фикри ва ижтиҳодига асосланган йўлга эргашишларига ва ўзининг мазҳабидан бошқа мазҳабга юрмасликка мажбурлаган. У бир гуруҳ уламоларни ва ўзига тобеъларнинг аксар қисмини ўзига оғдириб олган. Биринчи подшоҳнинг туғилган кунини нишонлаш бу кишининг одати эди. Бу одамнинг мақсади мазкур одатни мусулмонлар орасига киргизиш бўлган» (Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Мисрий, «Қовлул-муътамад фий амалил-мавлид»).
Бу киши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунларини нишонлашга ҳар йили юз минг (дирҳам) сарфларди (Заҳабий, «Дувалул-ислом» 11/102).
Бу бидъатни киргизишда унинг соҳиби ва ёрдамчиси Абул-Хаттоб Умар ибн Диҳйа Андалусий эди. «У Мағрибда хизмат қилган, сўнг Шомга, кейин Ироққа сафар қилган. Кейинчалик эса Ирбилга 604 ҳ.й. келиб у ернинг ҳукмдори Музаффаруддин ибн Зайнуддин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунларини нишонлашга қаттиқ берилганлигини топади ва у (ҳукмдор) учун «Танвир фий мавлид ал-башир ан-назир» деган китобни ёзиб унга ўқиб беради. Ҳукмдор унга бир минг динор бериб уни мукофотлайди» (Ибн Касир, «Бидоя ва ниҳоя», 13/144-146).
Ибн Касир Ибн Диҳйа ҳақида ас-Сабтдан нақл қилади: «Ибн Унайнинг хислати мусулмонларга туҳмат қилиш ва уларни ҳақорат қилиш эди. У кўпинча ўз хабарларида қўшимчалар қилиб ҳаддан оширган (муболаға қилган)». Шунинг учун одамлар у ривоят қилаётган хабарларни қабул қилишдан тўхташди ва унинг ёлғончилиги ҳақида эълон қила бошлашди. Комил (исмли ҳукмдор) эса унга ҳомийлик қиларди. Бу кишининг хулқи фош бўлганидан сўнг у «Дорул-ҳадис»ни тарк қилиб ва (ҳукмдорнинг) ҳомийлигидан маҳрум бўлди (Ўша манба).
Ибн Диҳйа 542 ҳ.й.да туғилиб 635 ҳ.й.да вафот этган (Ибн Ҳажар Асқалоний «Лисонул-мезон», 4/293).
Ибн Нажжор айтди: «Одамлар унинг ёлғончилиги, заифлиги, эштимаган нарсасини эшитдим деб даъво қилишига ва йўлиқмаган кишига йўлиқдим дейишига иттифоқ қилишганини кўрдим. Бунинг аломати очиқ-равшан эди» (Ибн Ҳажар Асқалоний «Лисонул-мезон», 4/294).
Ибн Ҳажар Асқалоний бу киши ҳақида яна шундай сўзларни келтиради: «У ёлғончи эди. Кўп ҳолда ёлғон ишлатарди ва ёлғон хабарларни тўқиш билан шуғулланарди. Ўтган уламолар ва фуқаҳоларга кўп туҳмат қилган, оғир гаплар гапирган. Ўзига бино қўйган, дин масалаларини тушунишда маҳрум бўлган, динга кибр билан қараган эди». Бу Ҳофиз Зиёдан ҳикоя қилинди. Кейин у давом этади: «Али бин Ҳасан Абул-Ало ал-Исфаҳоний менга айтиб берди Ибн Диҳйа олдимизга Исфаҳонга келиб отам билан хонақоҳда тўхтади. У (отам)га ҳурмат кўрсатиб унга эътибор билан қараган. Бир куни у отамнинг олдиларига гилам билан келиб, гиламни ўпди-да, отамнинг олдиларига қўйди ва: «Мен бу гилам устида шунча минг ракаат намоз ўқидим ва Қуръонни Кааба ичида бир неча марта хатм қилдим», деди. Отам бу гиламни олиб уни ўпди ва жуда хурсанд бўлиб уни қабул қилиб олди. Ўша куннинг охирида Исфаҳоннинг бир аҳли келиб, биз билан суҳбат бошлади. Суҳбатда у бирданига: «Сизларда тўхтаган Мағриб фақиҳи бугун гўзал гиламни фалон нархга сотиб олди» деди. Бундан сўнг отам гиламни олиб келишни буюрди. Ўша киши бу гиламни кўриб: «Ҳа, Аллоҳга қасамки, бу ўша гилам», деди. Отам сукут сақлардилар, Ибн Диҳйа эса кўзларини қуйи туширди» (Ибн Ҳажар Асқалоний «Лисонул-мезон», 4/295).

Admin   11-19-2010, 10:10 PM
#6
Шайхулислом Ибн Таймийя «Мавлид» ҳақида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ айтади: «… Баъзи инсонлар пайдо қилаётган, насороларнинг Ийсо алайҳиссаломнинг туғилган кунини нишонлашларига тақлидан ёки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат ва улуғлаш ниятида қиладиган мавлудин-набий деб аталмиш байрамлари ҳам шу жумладандир. Балки Аллоҳ муҳаббат ва ижтиҳодлари[1] сабабидан уларга ажр берар, аммо пайғамбар туғилган кунини байрам деб киритган бидъатлари учун эмас. Аслида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари айнан қайси кунлиги ҳақида ихтилофлар бор,[2] қолаверса уни байрам қилиб йиғилишлар қилишни салафлар қилмаганлар. Агар бунда катта яхшилик бўлганда салафлар албатта қилган бўлардилар, улар биздан кўра бунга лойиқроқ ва биздан кўра улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғловчироқ, яхши ишларга биздан кўра ҳарисроқ эдилар.
Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат у зотни улуғлаш, у зотга эргашиш, итоат қилиш, буйруқларига бўйсиниш, суннатларини ботинан ва зоҳиран тирилтириш, олиб келган йўлларини ёйишда ва бунинг учун қалб, тил ва қўл билан жиҳод қилишда кўриниши керак. Аввалги муҳожир ва ансорлардан иборат салафларнинг ва уларга яхшилик билан эргашган зотларнинг йўллари шу эди»

وكذلك ما يحدثه بعض الناس إما مضاهاة للنصارى في ميلاد عيسى عليه السلام وإما محبة للنبي صلى الله عليه وسلم وتعظيما له والله قد يثيبهم على هذه المحبة والاجتهاد لا على البدع من اتخاذ مولد النبي صلى الله عليه وسلم عيدا مع اختلاف الناس في مولده فإن هذا لم يفعله السلف مع قيام المقتضى له وعدم المانع منه ولو كان هذا خيرا محضا أو راجحا لكان السلف رضي الله عنهم أحق به منا فإنهم كانوا أشد محبة لرسول الله صلى الله عليه وسلم وتعظيما له منا وهم على الخير أحرص وإنما كمال محبته وتعظيمه في متابعته وطاعته واتباع أمره وإحياء سنته باطنا وظاهرا ونشر ما بعث به والجهاد على ذلك بالقلب واليد واللسان فإن هذه هي طريقة السابقين الأولين من المهاجرين والأنصار والذين اتبعوهم بإحسان
«Иқтизоус-сиротил-мустақим» 404-бет.
Quote:[1] Бу худди ҳадисда айтилганидек уламога ижтиҳоди учун, ҳатто у хато қилган бўлса ҳам, бир ажр. Агар тўғри топган бўлса икки ажр, ажрнинг биттаси ижтиҳоди учун, иккинчиси тўғри топгани учун.
[2] Яъни у зотнинг туғилган кунлари ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Одамлар «мавлид» сўзини турлича тушунадилар ва унга турлича маъно берадилар. Суҳбатимиз давомида эса Робиул-аввал ойининг 12 кунида амалга ошириладиган диний ибодатларни ўз ичига олган «мавлид» ҳақида гап боради. Ушбу ибодатларнинг энг кўп тарқалганида ривоят қилинишича, хуфтон намозидан кейин масжидда ёки бирор мусулмоннинг уйида тўпланиб, туни билан намоз ўқиш, барча биргаликда хос дуоларни ўқиши, ёки Қуръондан танланган оятларни ўқиши, қўшиқ эшитиш, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга аталган шеър ва саловотлар айтиши керак экан.
Ҳақиқат шуки, мусулмонлар кўрсатилган амалларнинг бирортасини на 12 санада, на Робиул-аввал ойининг бошқа бир кечасида бажармасликлари лозим. Нима учунлигини тушунтириб ўтамиз.
Биринчидан, мавлидни нишонлаш ҳақида Қуръон ва Суннатда бирор нарса айтилмаган. Бундан ташқари бирорта саҳобадан, шунингдек уларнинг шогирдлари бўлган тобеинлардан, Робиул-аввал ойида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган кунини, ёки ушбу ойни бошқа бир услубда нишонлаганларига далолат қилувчи бирор нарса айтилмаган. Шу ўринда аввалда айтганимиздек, Қуръон ва Суннатга салафлар амали билан солиштирган ҳолда эргаширшимиз лозим эканлигини ёдга олишимиз керак. Наҳотки уларнинг дини тўғри бўлмаса?! Қандай қилиб улар мавлид мусулмонларнинг буюк байрами эканлигини билмай қолган бўлсалар?! Агар мавлидни нишонлашда ҳақиқатдан савоб берилганида, улар бу байрамда иштирок этишга шошилган бўлмасмидилар?! Агар биз салафларнинг дини мутлақо тўғри бўлгани, улар қайси диний байрамни қачон нишонлаш лозимлигини биздан кўра билувчироқ бўлганлари, агар улар Ислом динида «Мавлид» номли байрам мавжудлигини билганларида эди, уни нишонлаш орқали савобга эришишга интилишда биздан ўзиб кетган бўлишлари ҳақидаги саволларга жавоб берсак, кейинги авлод мусулмонларида бундай маросим бўлиши мумкин эмаслигини айтишимиз керак бўлади. Имом Молик (моликий мазҳабининг асосчиси) ҳақ сўзни айтдилар: «У кунда дин бўлмаган нарса бугун дин бўлмас» («ал-Эътисом», 1/64).
Иккинчидан, Ўзбекистонда омма эргашган ҳанафий мазҳабида мавлид байрами ҳақида нима маълумот бор? Жавоб оддий: ҳеч нарса. На Имом Абу Ҳанифа, на унинг яқин шогирдлари мусулмонлар мавлидни нишонлашлари керак эканлиги ҳақида бирор нарса дейишмаган. Бугунги кунда аввалги ҳанафий имомларнинг кўпгина китоблари қайта нашр қилинган, баъзилари эса ҳатто ўзбек тилига ўгирилган. Хусусан, ақида масалаларига оид «Фиқҳул Акбар» ва «Ақида Таҳовийя», фиқҳий китоблардан эса «Ҳидоя», «Мухтасар» каби китоблар. Шу ва бошқа ҳанафий мазҳаби манбаларидан бизга шу нарса маълум бўладики, Исломда «Ийд ал-Фитр», «Ийд ал-Азҳо» ва баъзида жума намозини байрам деб номлашган. Бироқ Исломда «Мавлид» номли байрам мавжудлиги ҳақида бирор нарса айтилмаган.
Учинчидан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунларини нишонлаш қаердан пайдо бўлди ўзи? Ислом тарихчиларининг иттифоқ қилиб айтишларича, бу байрамни илк бор Шиалар Убайдийлар (Фотимийлар) давлати даврида ўйлаб топишган. Хусусан Мақризий «ал-Хутат»да айтади: «Фотимийлар ҳукмдорлари кўпгина байрамларни киритишган, улар ичида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Али ибн Абу Толибнинг туғилган кунлари. Булардан ташқари Ҳасан, Ҳусайн, Фотима ва ҳоказоларнинг туғилган кунларини нишонланган». Кейинчалик султон Салоҳиддин Айюбий фотимийларни тор-мор қилиб, Мисрдан қувиб чиқарганда, ўша байрамларнинг барчаси бекор қилинган. Бироқ бир қанча вақт ўтгач (Ироқ ҳудудидаги) Ирбил шаҳрининг волийси бўлган султон Музаффар Абу Саид баъзи инсонлар ушбу байрамни яширин равишда уйларида нишонлашни давом этаётганларини кўриб, таъқиқни бекор қилишга ва оммавий байрам қилишга қарор қилди. У бир чодир қўйишни ва ўша ердан бутун Робиул-аввал ойи давомида озиқ-овқат ва совғалар тарқатишни амр қилди. Шундай қилиб бу байрам ҳар йили нишонланадиган бўлди. Бунга тарихчилардан Ибн Касир (774 ҳ.й. вафот этган), Қолақшандий (821 ҳ.й. вафот этган), Мақризийлар (845 ҳ.й. вафот этган) гувоҳлик бердилар. Эътибор бермоқ лозимки, ушбу ҳодисалар ҳижрий 6 асрда бўлиб ўтган, яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан 600 йил кейин. Шу сабабдан ҳам биз на Қуръонда, на Суннатда, на саҳоба ва мазҳаб асосчилари бўлган тўрт имомдан иборат салаф солиҳларнинг амалларида мавлид тилга олинганини билмаймиз.
Тўртинчидан, ҳар йили нишонланадиган ушбу байрамга ислом уламолари қандай муносабат билдирдилар? Айтиб ўтиш лозимки буюк уламолардан (Ибн Ҳажар (852 ҳ.й.), Саҳавий (902 ҳ.й.), Суютий (911 ҳ.й.)) баъзилари ушбу байрамни нишонлашни маъқулладилар. Бироқ уларнинг бу ҳукмлари диндаги бидъат икки хил бўлади – яхши ва ёмон, деган эътиқодга асосланган эди. Ўша уламолар мавлид салаф солиҳлар даврида бўлмаган бидъат эканлигини тўғридан тўғри эътироф қилар эдилар. Бироқ улар ушбу бидъатни, ўзларининг мулоҳазаларига таянган ҳолда, яхши бидъат деб ҳисобладилар ва шунинг учун ҳам унга рухсат бердилар. Ибн Ҳажар айтади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мавлидларининг асоси – бидъатдир. Чунки Исломнинг аввалги уч асрдаги салафлари уни нишонламадилар. Бироқ бу байрам ўзида шунчалик кўп яхшиликларни жамлаганки, биз уни яхши бидъат (бидъат ҳасана) сарасига киритамиз».
Бу ерда ёмон бидъат нима эканлиги ҳақида бир неча сўз айтиб ўтиш лозим. Бунга диндаги - эътиқод ёки шаръий ибодатларга тааллуқли бўлган бидъатларни киритиш мумкин. Бошқача айтганда, замонавий янгиликлардан бўлган телефон, машина ва ҳоказолар Ислом қоралайдиган бидъат сарасига кирмайди. Чунки уларнинг динимиз асосларига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ушбу барча янгиликлар ҳалол ҳисобланади. Бироқ Исломнинг яхлитлиги, ўзгармаслигига хатар солувчи, Ислом таълимотини бузишга интилувчи бидъатлар эса умуман бошқа масаладир. Бундай ёмон бидъатларга, масалан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги пайғамбар эканликларини инкор этиш, ёки Қуръон Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ўзгартирилган деб ишониш ва ҳоказолар киради.
Мавлид мусулмонларнинг диний аҳкомлари ичига тобора кенгроқ илдиз отаётганини, яъни тўғридан тўғри дин ва эътиқодга алоқадорлик қила бошлаганини гувоҳи бўлиб, баъзи уламолар уни яхши бидъат ҳисоблашни рад қила бошладилар. Чунки яхшиликлар орасида кўпгина ёмонликлар содир бўла бошлади.
Масалан моликий мазҳаби уламоси Ибн Ҳаж (737 ҳ.й.) айтади: «Динга киритилган бидъатларга Робиул-аввал ойида нишонланадиган мавлид маросими киради. Гарчи ушбу маросим тарафдорлари уни энг афзал ибодат ҳисобласалар ҳам. Аслида эса унда кўпгина бидъат ва ҳаром ишлар мужассам бўлган» (Мадхал, 1/480).
Ўз замонасида ҳанафий мазҳабининг атоқли олими бўлган Ҳиндистонлик Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий (1352 ҳ.й.) мавлид ҳақида айтади: «Биз тарафдан зикр қилиб ўтилган ҳофиз Ибн Диҳя «ат-Танвир ...» китобининг муаллифи, ушбу китобни мавлидни қўллаб қувватлаш учун ёзган. Аммо айтиб ўтиш лозимки, мавлид фақатгина 600 ҳижрий йилда, Ирбил шаҳри султони даврида тарқала бошлаган. Бироқ ўша мавлид пок шариатда ҳеч қандай асоси йўқдир! Шундай экан уламо, ҳофиз, ҳадис билимдони учун бундай бидъат ҳақида китоб ёзиш тўғри келмайдиган ишдир» (ал-Урф аш-шазий шарҳ сунан ат-Тирмизий, 2/37).
Эътибор беринг, ҳанафий уламоси мавлидни бидъат деб баҳолади.
Бундан ташқари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаш ва у зотга муҳаббат изҳор қилишни бошқа йўл билан қилса бўлади. Бу эса у зотнинг Суннатларини ва ҳаёт манҳажларини ўрганиш, у зотнинг динларини: қандай ибодат қилганлари, қандай яшаганлари ва ҳоказоларни таълим олишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш ҳам шунга ўхшайди. Саловот айтишни бир кеча билан чегараламаслик керак, кундалик намозларни тўлиқ адо этиш керак. Чунки ҳар намозимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтамиз. Барчамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Робиул-аввал ойида туғилганларини биламиз. Бироқ у зотнинг туғилганларига йилда бир кунгина эмас, балки ҳар куни шодланишимиз керак. Шундай қилишимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимизнинг кучли исботи бўлади.
Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Admin   11-21-2010, 08:50 AM
#7
Мавлидун-набавийни нишонлаш жоизлигини даъво қилган киши билан мунозара

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Шайх Албоний: Мавлидун-набавийни нишонлаш яхшиликми, ёмонликми?
Мунозарачи: Яхшилик.
Шайх Албоний: Яхши. Бу яхшиликдан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг асҳоблари жоҳил (бехабар) қолишганми?
Мунозарачи: Йўқ.
Шайх Албоний: Мен сизнинг ҳозир «Йўқ» деган жавобингиздан қониқмайман. Балки сизга шошилиб қуйидагиларни айтиш вожиб бўлади: «Бу яхшилик, агар у яхшилик ёки бошқа нарса бўлса, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг асҳобларидан махфий қолиши мумкин эмас. Биз эса Исломни ва иймонни фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам йўллари орқали биламиз, қандай қилиб биз яхшиликни билиб, у киши уни билмайди! Бу мумкин эмас (амри маҳол)».
Мунозарачи: Мавлидун-набавийни барпо қилиш у киши соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикрларини тирилтириш бўлади ва бунда ул зотни ҳурматлаш бор.
Шайх Албоний: Бу фалсафани биз биламиз, уни кўпгина кишилардан эшитамиз ва уларнинг китобларида ўқиймиз. Лекин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни Исломга чақирганларида Исломнинг ҳаммасига даъват қилганмилар, ёки тавҳидгами?
Мунозарачи: Тавҳидга.
Шайх Албоний: У киши биринчи чақирган нарсалари тавҳид эди. Бундан сўнг намозлар фарз бўлди, кейин рўза фарз бўлди, кейин ҳаж фарз бўлди. Шундай бўлди. Шунинг учун сиз шариатнинг бу йўлига қадам бақадам юринг. Ҳозир биз иттифоқ қилдикки, бизда яхшилик бўлиб уни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билмасликлари мумкин эмас. Биз яхшиликнинг барчасини Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали биламиз. Бу сўзда «икки киши тортишмайди, икки қўзичоқ сузишмайди». Мен ўйлайманки, ким бунда шак-шубҳа қилса, мусулмон эмас. Бу сўзни қўллаб-қувватлайдиган ҳадислардан:
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сизларни Аллоҳга яқинлаштирадиган бирон бир яхшиликка сизларни буюрмасдан қолдирмадим», деганларидир. Агар мавлид яхшилик ва бизларни Аллоҳга яқинлаштирадиган иш бўлса, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни бизларга кўрсатиб кетган бўлишлари лозим. Тўғрими, йўқми? Мен айтган ҳар бир ҳарфга қониқмасангиз ҳам сизнинг унга мувофиқ бўлишингизни хоҳламайман. Сиз комил равишда: «Мен бу нуқтада қониқмадим», дейишингиз мумкин. Ҳозиргача мен айтган нарсалардан биронтасида иккиланяпсизми, ёки тамоман мен билан ҳамфикрмисиз?
Мунозарачи: Сиз билан тамоман ҳамфикрман.
Шайх Албоний: Аллоҳ сизни яхши мукофот билан мукофотласин! Демак: «Сизларни Аллоҳга яқинлаштирадиган бирон бир яхшиликка сизларни буюрмасдан қолдирмадим». Бу мавлидни бажариш жоиз деяётганларнинг барчасига айтамизки:
Бу мавлид, сизларнинг даъволарингизга биноан, яхшилик. Демак, ёки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга буни кўрсатиб кетдилар, ёки буни бизга кўрсатиб кетмадилар. Агар улар: «Буни бизга кўрсатиб кетдилар», дейишса, уларга айтамизки:
«Ҳужжат келтирингизлар, агар гапингизда ростгўй бўлсангизлар!» (Бақара: 111). Буни улар ҳеч қачон қила олмайди. Биз алавий (шиа, нусайрий)ларнинг ва алавий бўлмаганларнинг ёзганларини ўқидик, улар бунга: «Бу яхши бидъат», деган сўздан бошқа далил келтиришмайди!! Яхши бидъат!!
У мавлидни нишонлайдиганларми, уни нишонлашни инкор қиладиганларми - барчалари иттифоқ қилганки, бу мавлид Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида ҳам, саҳобаи киром замонида ҳам, олам имомлари пайтида ҳам бўлмаган. Лекин буни нишонлашни жоиз дейдиганлар айтадики: «Мавлид бўлса, нима қилибди? Бу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эслаш, у кишига салавот айтиш» ва шунга ўхшаш гаплар.
Биз айтамиз: «Агар бу яхшилик бўлганида эди, улар биздан олдин буни қилган бўларди».
Сиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини биласиз: «Одамларнинг яхшиси – менинг авлодим (замоним), сўнг ундан кейингилар, сўнг ундан кейингилар». Бу иккала «Саҳиҳ» китобда келган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодлари – ул зот ва асҳоблари яшаган замондир. Улардан сўнг яшаганлар – тобеъинлар. Улардан сўнг яшаганлар – тобаа тобеъинлар. Бу асосда ихтилоф йўқ.
Бирон ерда биз улардан илмда ва амалда ўзиб кетган бир яхшилик бор деб тасаввур қиласизми? Бу мумкинми?
Мунозарачи: Илмий жиҳатдан олсак, агар Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам у киши билан замондош бўлганларга: «Ер айланади», деганларида…
Шайх Албоний: Узр, гапдан четга чиқмасликни умид қиламан. Мен сиздан икки нарса ҳақида сўрадим: илм ва амал. Воқелик шундайки, бу гапдан қочишингиз менинг фойдамга бўлади. Мен, табиийки, илм деб шаръий илмни назарда тутяпман, масалан, табобатни эмас. Мен ҳам айтаманки, бу ердаги доктор ўз замонидаги Ибн Синодан билимдонроқдир, чунки узоқ замон ўтиб, жуда кўп тажриба бўлиб ўтди. Лекин бу нарса уни (докторни) Аллоҳ олдида покламайди ва шаҳодат берилган авлодлардан уни пешқадам қилмайди, аммо у билган (табобат) илмида уни (Аллоҳнинг олдида) поклайди. Аллоҳ сизга барака берсин, биз шаръий илм ҳақида гаплашяпмиз. Шунга эътибор беришингиз лозим. Мен сизга: «Биз улардан илмлироқмиз, деб эътиқод қиласизми?» деганимда, биз бу ерда фақат шаръий илмни назарда тутяпмиз, жўғрофия, фалак илми, кимиё, физика каби тажрибавий илмни эмас. Фараз қилинг, бу замонда бир инсон Аллоҳга ва Унинг Росули соллаллоҳу алайҳи васалламга кофирдир, лекин у мана бу (дунёвий) илмлардан бир илмда ҳамма инсонлардан олимроқдир. Бу нарса уни Аллоҳга яқин қиладими?
Мунозарачи: Йўқ.
Шайх Албоний: Унда биз бу илмий соҳа ҳақида гаплашмаяпмиз. Балки Аллоҳ Табарока ва Таолога яқинлаштиришни биз хоҳлайдиган илм ҳақида гаплашяпмиз. Бироз олдин биз мавлидни нишонлаш ҳақида гапиргандик. Савол яна қайтарилади ва мен иккинчи марта гапдан қочишсиз жавоб бўлишини умид қиламан. Мен айтаман: биз охир замонда туриб шариат илмида саҳобалардан, тобеъинлардан, мужтаҳид имомлардан билимдонроқмиз, ҳамда яхши амалга ва Аллоҳга яқинлашишга солиҳ ўтмишдош (салаф)лардан тезроқ, деб сиз сизга берилган ақл ва фаҳм билан эътиқод қиласизми?
Мунозарачи: Сиз шаръий илм деб Қуръон тафсирини назарда тутяпсизми?
Шайх Албоний: Улар Қуръон тафсирида, Росул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида биздан кўра илмлироқдир. Улар биздан Ислом шариатини ниҳоятда кўпроқ билгувчидир.
Мунозарачи: Қуръон тафсирига нисбатан олсак, баъзан бугунги кунда (илм) Росул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидан кўра кўпроқ бўлиши мумкин. Масалан, Қуръоннинг қуйидаги ояти:
«(Қиёмат куни) сен жилмас деб ҳисоблаган тоғлар булутлар каби ҳаракатга келади. Бу ҳамма нарсани мукаммал равишда қилган Аллоҳнинг ишидир. Албатта, У сизлар қилаётган нарсани билгувчидир» (Намл: 88). Агар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз замонларида бирон кишига: «Ер айланади», деганларида, бирон кишини ул зотни тасдиқлаган бўлармиди?! Ҳеч ким тасдиқлаган бўлмасди.
Шайх Албоний: Кечирасиз, демак, биз сизга иккинчи бор гапдан қочишни ёзиб қўйишимизни хоҳлаяпсиз. Эй биродар, мен сиздан умум ҳақида сўраяпман, бўлак ҳақида эмас. Биз умумий савол беряпмиз: «Ким Исломни умумий равишда кўпроқ билади?»
Мунозарачи: Табиийки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг асҳоблари.
Шайх Албоний: Мана шу нарсани биз хоҳлаяпмиз, Аллоҳ сизга барака берсин!
Ундан кейин, сиз гапирган оят тафсирининг амалга алоқаси йўқ. У фикр ва фаҳмга алоқадор. Кейин сиз билан биз олдинги оят ҳақида гаплашгандик ва сизга исботлагандикки, бу оятни Ерни айланишига далил қилиб келтираётганлар хато қилади. Чунки бу оят Қиёмат кунига тегишли:
«Ўша Куни бу Ер бошқа Ерга алмаштирилади, осмонлар ҳам. Улар Ягона Қаҳҳор Аллоҳ олдида туришади» (Иброҳим: 48). Ҳар ҳолда биз бу ҳақда гап юргизаётганимиз йўқ.
Мен сиз билан бу нуқтада ҳамфикрман: баъзан кейингилардан бир киши ҳақиқатан илмий ёки кавний жиҳатдан бирон бир саҳобий, ёки тобеъин ва шу кабилардан илмлироқ бўлиши мумкин. Лекин бунинг солиҳ амалга алоқаси йўқ. Масалан, бугунги кунда кофирлар биздан фалакий ёки шунга ўхшаш илмларда биздан олимроқ, бундан улар нима фойда топишади? Ҳеч нарса. Биз бугун «ҳеч нарса»га киришишни хоҳламаймиз. Биз Аллоҳга бизни яқинлаштирадиган ҳамма нарса ҳақида гаплашмоқчимиз. Ҳозир эса биз мавлидун-набавий ҳақида гаплашмоқчимиз.
Биз иттифоққа келдикки, агар у яхшилик бўлганида, бизнинг солиҳ ўтмишдошларимиз ҳамда уларнинг бошида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам албатта уни биздан яхшироқ билишган ва унга биздан олдин ҳаракат қилган бўларди. Бунда шубҳа борми?
Мунозарачи: Йўқ, шубҳа йўқ.
Шайх Албоний: Унда сиз бундан Аллоҳ Таолога яқинлик ҳосил қиладиган солиҳ амалга алоқаси бўлмаган тажрибавий илмга гапни бурмангиз.
Энди. Барчанинг иттифоқи билан бу мавлид Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида бўлмаган. Демак, бу «яхшилик» Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар, тобеъинлар, мужтаҳид имомлар замонида бўлмаган экан, қандай қилиб бу «яхшилик» улардан махфий қолган?!
Биз иккита нарсадан бирини албатта айтишимиз лозим бўлади:
Улар биз каби бу «яхшилик»ни биларди – улар биздан илмлироқдир. Ёки бўлмаса, улар буни билишмаган, унда қандай қилиб биз буни билиб қолдик?!
Агар биз: «Улар биларди», десак, бу сўз мавлидни нишонлаш шариатда бор деяётганларга нисбатан яқинроқ ва афзалроқдир. Унда нима учун улар бунга амал қилишмади?! Биз Аллоҳга яқинроқмизми?! Нима учун улардан бирон саҳобий, ёки тобеъин, ёки олим, ёки обид хато қилиб бу «яхшилик»ка бирон марта амал қилмади?! Бу «яхшилик»ка ҳеч қачон ҳеч ким амал қилмаслиги ақлингизга сиғадими? Улар (ўтмишдошлар) эса миллионлар эди ва улар биздан илмлироқ, солиҳроқ ва Аллоҳга биздан кўра яқинроқ эди! Мен ўйлайманки, сиз Росул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларини биласиз: «Саҳобаларимни сўкмангизлар! Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, биронтангиз Уҳуд тоғичалик тилла инфоқ қилса ҳам, уларнинг бири (садақа қилган) бир мудд (ҳовуч)га ҳам, унинг ярмига ҳам тенглашмайди». Бизлар ва уларнинг орамизда қандай улкан фарқ борлигини кўряпсизми? Чунки улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Аллоҳ Таолонинг йўлида жаҳд қилишди (тиришишди, курашишди), ва биз билан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларида бўлган кўпгина воситаларсиз у кишидан илмни янгилигида қабул қилишди. Худди ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳиҳ ҳадисларида шунинг маъносига ишора қилганларидек: «Ким Қуръонни янгилигида (нозил бўлганидек) ўқимоқчи бўлса, Ибн Умми Абд - яъни Абдуллоҳ ибн Масъуд - қироати билан ўқисин». Ўша салафи солиҳлар ва уларнинг бошида – саҳобалар, Аллоҳ улардан рози бўлсин, Аллоҳга яқинлаштирадиган яхшиликдан жоҳил қолишди, биз эса у (яхшилик)ни билиб қолдик, деб тасаввур қила олмаймиз. Агар биз: «Улар биз каби уни (мавлидни нишонлашни) билган», десак, улар бу яхшиликка бепарволик қилишди, деб ҳечам тасаввур қила олмаймиз. Иншааллоҳ, мен сўзлаётган бу нуқтани сизга ёритиб бердим, шундайми?
Мунозарачи: Алҳамдулиллаҳ.
Шайх Албоний: Жазаакаллоҳу хойрон!
Бу ерда бошқа бир нарса бор. Бу ерда Ислом комил бўлиб бўлганини ёритиб берувчи оятлар ва кўпгина ҳадислар бор. Мен ўйлайманки, бу ҳақиқатга сиз эътибор берасиз ва шунга иймон келтирасиз. Бу ҳақиқатни билишда олим, толиби илм ва оми орасида фарқ йўқ. Бу ҳам бўлса: Ислом комил бўлган ва у яҳуд ва насороларнинг кунига ўзгариб алмашувчи дини каби эмасдир. Мен сизга мисол учун Аллоҳ таолонинг бу сўзини эслатаман:
«Бугун Мен сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни тамомий қилдим ва сизлар учун Исломни дин сифатида рози бўлдим» (Моида: 3). Ҳозир эса савол бўлади – бу мавлидни нишонлаш яхшилик эмаслигини баён қилишнинг бошқа услуби, олдинги услуб эмас. Олдинги услуб – агар у яхшилик бўлганида салафи солиҳлар бунда биздан ўзиб кетган бўлишарди. Улар биздан олимроқ ва обидроқдир.
(Иккинчи услубSmile Агар бу мавлидун-набавий яхшилик бўлса, унда у Исломдандир. Биз айтамиз: ҳаммамиз – мавлидни бажаришни инкор қилувчилар ва унга иқрор бўлувчилар – олдинги иттифоқимиз каби бу мавлид Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бўлмаганлигига иттифоқ қилдикми? Ҳозир эса, агар бу мавлид яхшилик бўлса, унда у Исломдандир, бўлмаса, у исломда эмаслигига биз иттифоқ қилдик. Ушбу оят: «Бугун Мен динингларни комил қилиб бердим», нозил бўлган кунда мавлидун-набавийни нишонлаш йўқ эди. У диндан бўлган деб ўйлайсизми? Мен умид қиламанки, сиз мен билан очиқ-ойдин бўласиз. Ўйламанг, мен: «Жим, сен билмайсан, сен хабардор эмассан», деб талабаларни, балки омма одамларни жим қилиб қўядиган шайхлардан эмасман. Худди ёшда ва илмда ўзингизга ўхшаган ва ўзингиздан пастроқ инсон билан гаплашаётгандек бўлинг. Агар қониқмасангиз: «Қониқмадим», деб айтинг.
Энди, агар мавлид яхшилик бўлса, у Исломдандир. Агар у яхшилик бўлмаса, у Исломдан эмас. Агар бу мавлидни нишонлаш зикр этилган оят нозил бўлганда бўлмаганлигига иттифоқ қилган бўлсак, ойдек равшанки, у Исломдан эмас. Мен айтган сўзларнинг ҳарфма-ҳарф таъкидлайдиган нарса – ҳижрат диёрининг имоми Молик ибн Анаснинг сўзларидир. У киши айтди: «Ким Исломда бир бидъат чиқариб – эътибор беринг (Молик) кўп бидъат эмас, бир бидъат деяпти – уни яхши деб билса, у: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатга хиёнат қилдилар», деган бўлади». Бу жуда хатарли нарсадир. Бунинг нима далили бор, эй Имом? Имом Молик айтди: «Агар хоҳласанглар, Аллоҳ Таолонинг ушбу сўзларини ўқинглар:
«Бугун Мен сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни тамомий қилдим ва сизларга Исломни дин сифатида рози бўлдим». Ўша куни дин бўлмаган нарса бугун ҳам дин бўлмайди». Имом Моликнинг сўзлари тугади. Имом Молик бу сўзларни қачон айтди? Иккинчи ҳижрий асрда. Яхшилигига гувоҳлик берилган асрларнинг бирида! Ўн тўртинчи асрни эса қўяверинг! Бу сўзлар (Имом Моликнинг ушбу сўзлари) тилла сув билан ёзилади. Лекин Аллоҳ Таолонинг Китоби, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ва уларга эргашишимизни биз даъво қилаётган имомларнинг сўзларидан биз ғафлатдамиз. Афсус! Эргашишликда биз билан улар орасида икки машриқчалик масофа бор! Ҳижрат диёрининг Имоми тушунарли араб тилида айтяпти: «Ўша куни дин бўлмаган нарса бугун ҳам дин бўлмайди».
Бугун мавлидун-набавийни нишонлаш диндир. Агар бундай бўлмаганида, суннатни мустаҳкам ушловчи ва бидъатни ҳимоя қилувчилар орасида бу хусумат чиқмаган бўларди. Бу қандай қилиб дин бўлсинки, Росул соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳам, саҳобалар даврида ҳам, тобеъинлар даврида ҳам, тобаа тобеъинлар замонида ҳам бўлмаган бўлса?! Имом Молик тобаа тобеъинлардандир, ва у киши қуйидаги ҳадис ўз ичига оладиганлар қаторидадир: «Авлодларнинг яхшиси менинг авлодим, сўнг ундан кейингиси, сўнг ундан кейингиси». Имом Молик айтяпти: «Ўшанда дин бўлмаган нарса бугун ҳам дин бўлмайди. Бу уматнинг охири фақат унинг боши ислоҳ бўлган нарса билангина ислоҳ бўлади». Бу умматнинг боши нима билан ислоҳ бўлди? Динга янгилик киритиш ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яқинлик-қурбат қилмаган нарса билан Аллоҳ Таолога яқинлашиш биланми?! Ваҳоланки, қуйидаги сўзларни Росул соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизларни Аллоҳга яқинлаштирадиган бирон бир яхшиликка сизларни буюрмасдан қолдирмадим». Нима учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга туғилган кунларини нишонлашни буюрмадилар?! Бу савол. Унинг жавоби бор: бу ерда мавлидун-набавийни шариатда бўлмаган нишонлашга зид бўлган шаръий (машруъ) нишонлаш бор. Бу машруъ нишонлаш машруъ бўлмаган нишонлашдан фарқли ўлароқ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бўлган эди. Бу икки нишонлашнинг орасида еру осмончалик фарқ бор:
Биринчиси, машруъ бўлган нишонлаш барча мусулмонлар орасида иттифоқ қилингандир.
Иккинчиси, машруъ нишонлаш ҳар ҳафтада бир марта қайтарилади, уларнинг машруъ бўлмаган нишонлаши эса бир йилда бир марта такрорланади.
Мана бу икки нишонлашнинг орасидаги фарқлардир: биринчиси ҳар ҳафтада такророланади. Машруъ бўлмаган нишонлаш эса бунинг акси – у ибодат ҳам эмас, ҳар ҳафтада қайтарилмайди ҳам.
Мен Аллоҳ далил туширмаган сўзни айтмайман. Мен сизларга фақат Муслим раҳимаҳуллоҳнинг «Саҳиҳ»ларидаги ҳадисни нақл қиламан. Абу Қатода Ансорийдан ривоят қилинади, у киши айтди: «Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб айтди: «Эй Аллоҳнинг Росули, душанба кунги рўза ҳақида нима дейсиз?» У зот айтдилар: «Бу кунда мен туғилдим ҳамда менга шу куни Қуръон нозил бўлди». Бу гапнинг маъноси нима? Гўёки ул зот айтяптилар: «Қандай қилиб мендан у ҳақда сўраяпсизлар, валоҳанки, Аллоҳ мени шу кунда ҳаётга келтирди ва менга шу кунда ваҳий нозил қилди?!» Яъни сизлар душанба куни Аллоҳ Таоло мени яратгани ва менга унда ваҳийни нозил қилганига шукр қилиб рўза тутишинглар керак. Бу яҳудийларнинг Ошуро кунида рўза тутишларига ўхшайди. Сизлар билсангиз керак, Рамазон ойи рўзаси фарз бўлишидан олдин Ошуро рўзаси мусулмонларга фарз эди. Баъзи ҳадисларда келадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларида яҳудийлар Ошуро кунида рўза тутишарди. Ул зот улардан бу ҳақда сўрадилар. Улар айтишдики: «Бу кунда Аллоҳ Мусо ва унинг қавмини фиръавн ва унинг аскарларидан қутқарди. Биз Аллоҳга шукр қилиб у куни рўза тутяпмиз». Шунда ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз Мусога сизлардан кўра ҳақлироқмиз», деб ўша куни рўза тутдилар ва рўза тутишга буюрдилар. Шунда у (Ошуро рўзаси), то Аллоҳ Таолонинг қуйидаги ояти нозил бўлмагунича фарз бўлиб турди:
«Рамазон ойи шундай ойки, унда одамларга ҳидоят бўлган Қуръон ҳамда ҳидоятнинг очиқ далиллари ва Фурқон нозил бўлди. Сизлардан кимки унга шоҳид бўлса, рўза тутсин» (Бақара: 185). Шунда Ошуро куни рўзаси суннат бўлиб қолиб, унинг вожиблиги мансух бўлди. Бу ердаги эътиборли жой шуки, Росул соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудлар билан Ошуро рўзасини тутиб Мусога фиръавндан нажот бергани учун Аллоҳ Таолога шукр қилишда шерик бўлдилар. Ҳамда ул зот бизга душанба куни рўза тутиб шукр қилиш эшигини очиб қўйдилар, чунки бу кунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилдилар ва бу кунда ул зотга ваҳий нозил бўлди.
Энди мен сизга савол бераман: биз яхшилик эмаслигини билган мавлидни нишонлаётганлар, мен биламанки, уларнинг кўпи пайшанба рўзасини тутгани каби, душанба рўзасини ҳам тутишади, лекин кўпчилик мусулмонлар душанба куни рўзасини тутадилар деб ўйлайсизми? Йўқ, улар душанба куни рўза тутишмайди. Лекин кўпчилик мусулмонлар мавлидун-набавийни ҳар йили бир марта нишонлашади! Бу ҳақиқатларни алмаштириш эмасми? Анавиларга Аллоҳ Таолонинг яҳудларга айтган сўзи рост (мос тушади):
«Яхшиликни паст нарсага алмаштирасизми?» (Бақара: 61).
Мана бу барча мусулмонлар иттифоқ қилган душанба рўзаси яхшиликдир. Шунга қарамай кўпчилик мусулмонлар унда рўза тутишмайди!! Озчилик тутадиганлар эса бу рўзанинг сирини биладими? Йўқ, билишмайди.
Мавлидни ҳимоя қилаётган уламолар қани? Нимага улар машруъ бўлмаган нишонлаш ўрнига одамларга душанба рўзаси мавлидни шаръий нишонлаш эканлигини баён қилишмаяпти ва унга тарғиб қилишмаяпти?!
Аллоҳ Таолонинг сўзи ҳақдир: «Яхшиликни паст нарсага алмаштирасизми?» Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рост айтдилар: «Сизлар албатта олдингиларнинг йўлларига қаричма-қарич, зироъма-зироъ эргашасизлар. Ҳатто улар эчкиэмарнинг инига кириб кетса, сизлар ҳам албатта унинг ичига кирасизлар». Бошқа жиддий ривоятда шундай дейилган: «Ҳатто улардан бирон киши онаси билан йўлнинг ўртасида яқинлик қилса ҳам, сизлар ичингизда ҳам шундай ишни қилувчи киши топилади». Биз яҳудийларнинг йўлларига эргашиб кетдик ва паст нарсани яхшилик ўрнига алмаштирдик: ҳар йили нишонланадиган асли йўқ мавлидун-набавийни яхшилик ва машруъ нишонлаш бўлган душанба рўзаси ўрнига алмаштирдик. Унинг машруълиги унинг сирини мулоҳаза қилиш билан бўлади: яъни Аллоҳ Таоло Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шу кунда яратгани ва у зотга шу кунда ваҳий нозил қилганига сизнинг шукрона билан рўза тутишингиздир.
Мен сўзимни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзлари билан тугатаман: «Аллоҳ Таоло бидъатчининг тавбасини қабул қилишдан бош тортди».
Quote:Бошқа ҳадисда: «Аллоҳ Таоло бидъатчига тавба қилмади», дейилган. Ушбу ҳадисни шайх Албоний бошқа маърузада шарҳлаб айтадиларки, одатда бидъатчи тавба қилмайди. Бошқа гуноҳи кабираларни қилувчи тавба қилиши мумкин, чунки у гуноҳ қилаётганида гуноҳлигини кўпинча билиб туради. Бидъатчи эса одатда бидъатини энг яхши ибодат деб билади ва бу ишидан одатда қайтмайди. Аллоҳ ҳаммамизни ҳақ йўлидан адаштирмасин!
Аллоҳ Таоло эса айтади:
«Эй Росул, сизга Роббингиздан нозил бўлган нарсани етказингиз. Агар шу ишни қилмасангиз, Унинг рисолатини етказмаган бўласиз. Сизни одамлардан Аллоҳ сақлайди» (Моида: 67). «Саҳиҳ Муслим»да ривоят қилинадики, бир тобеъин Оиша онамиз олдиларига келиб…
Мунозарачи: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўқиш ул зотни ҳурматлаш эмасми?
Шайх Албоний: Ҳа.
Мунозарачи: Унда савоб бор, бу Аллоҳдан бўлган яхшилик эмасми?
Шайх Албоний: Тўлиқ яхшилик бор. Бу саволдан нима фойда топасиз? Шунинг учун мен гапингизни савол билан бўламан: сизни биров ул зотнинг сийратларини ўқишдан ман қиляптими?
Мен ҳозир сизга бир савол бераман: агар бир машруъ ибодат бўлса, лекин Росул соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бирон муайян замон ҳам, муайян кайфият ҳам қилмаган бўлсалар, унга ўзимизча муайян замон ёки муайян кайфият қилиб чегара қўйишимиз жоиз бўладими? Сизда бунга жавоб борми?
Мунозарачи: Йўқ, менда жавоб йўқ.
Шайх Албоний: Аллоҳ Таоло айтди:
«Аллоҳ изн бермаган нарсани уларга диндан шариат қилиб берувчи шериклари борми?» (Шуро: 21). Шунингдек Аллоҳ Таоло айтади:
«Улар олимлари ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Аллоҳдан бошқа робблар қилиб олишди. Лекин улар биргина илоҳга ибодат қилишга буюрилганлар. Ундан бошқа ибодатга лойиқ Зот йўқ. Улар шерик келтираётган нарсалардан Ул зот покдир» (Тавба-31).
Адий ибн Хотим розияллоҳу анҳу Исломга киришларидан олдин насроний бўлганлар. Бу оятни эшитганларида у кишига тушунишда қийинчилик пайдо бўлиб айтдиларки: «Биз уларга ибодат қилмасдик». Шунда (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васлаллам) жавоб бердиларки: «Улар Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиб берсалар, сизлар уни ҳаром деб билармидинглар? Аллоҳ ҳаром қилган нарсани улар ҳалол қилиб берсалар, сизлар уни ҳалол деб ҳисоблармидинглар?» (Адий): «Ҳа», деди. (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васлаллам): «Мана шу уларнинг ибодатларидир», дедилар. Ана шу Аллоҳ Таолонинг динида бидъатни пайдо қилиш хатарлигини баён қилиб беради.

Мунозаранинг арабий матни: http://saaid.net/mktarat/Maoled/26.htm

Баъзи қисқартиришлар билан шайх Албоний раҳимаҳуллоҳнинг «Силсиля ҳуда ван-нур» кассеталаридан олинди (1/94 кассета).

Admin   02-26-2011, 04:07 PM
#8
Мавлидни жоиз деганларнинг ҳужжатларига жавоб

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамдлар, пайғамбаримиз Муҳаммадга, унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг:
Мавлидни (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунларини) нишонлаш жоиз деганлар ушбу амал шаръий эканлигини исботлаш учун далил сифатида қуйидаги ривоятни келтирадилар. Айтишларича бу ривоятни имом Бухорий ўзининг «Саҳиҳ» тўпламида келтирган экан:
Аббос ибн Абдулмуталлиб ривоят қилади: «Абу Лаҳаб вафот этганида мен уни тушимда даҳшатли ҳолатда кўрдим ва у айтди: «Мен сизларни тарк қилганимдан бери енгилликни кўрмадим. Фақатгина ҳар душанба кунидаги жазони енгиллатишади!» Чунки Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) душанба куни туғилганлар. Сувайба Абу Лаҳабни у зотнинг туғилганлари (хабари) билан хурсанд қилганида, уни озод қилган эди».
Ушбу ҳужжатга, Аллоҳнинг изни билан, бир неча жиҳатдан жавоб берилади:
Биринчидан, ушбу ривоятни Суҳайлий келтиради, Бухорий эмас! Бухорийга келсак, бу ривоят унда қуйидагича келтирилади:
Умму Ҳабиба бинт Аби Суфён ҳикоя қиладилар: «Бир куни мен Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдим: «Эй Расулуллоҳ, менинг синглим, Абу Суфённинг қизини, никоҳингизга олсангиз». У зот сўрадилар: «Сен шуни хоҳлайсанми?» Мен айтдим: «Ҳа, ахир мен ягона хотинингиз эмасман. Ушбу яхшиликни айни синглим билан бўлишишни кўпроқ истайман». Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: «Дарҳақиқат, бу иш менга мумкин эмас». Мен айтдим: «Ахир бизга айтишларича сиз Абу Саламанинг қизини никоҳингизга олмоқчи экансиз-ку». У зот сўрадилар: «Умму Саламанинг қизини?» Мен айтдим: «Ҳа». Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: «Агар у менинг ўгай қизим бўлмаганида ҳам, мени унга уйланишим мумкин бўлмайди. Чунки у менинг эмикдош биродаримнинг қизидир. Мени ва Абу Саламани Сувайба эмизган. Менга хотинликка қизларингиз ва сингилларингизни таклиф қилманглар»».
Сўнг Урва (ҳадис ровийси) деди: «Сувайба Абу Лаҳаб озод қилган ва Пайғамбарни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эмизган жория эди. Абу Лаҳаб вафот этганида, қариндошларидан бири уни тушида ёмон ҳолатда кўриб сўради: «Сен нимани учратдинг?» Абу Лаҳаб бунга жавобан деди: «Ҳеч нарсани (яъни яхшиликни), фақатгина мен Сувайбани озод қилганим учун мени мана бу (сув) билан суғоришади холос»» (Бухорий 5101).
Кўриб турганимиздек, бу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини нишонлаш жоизлигига ҳеч қандай далил йўқ.
Иккинчидан, кўпгина имомлар, хусусан Ҳофиз Ибн Абдулбарр, имом Ибн ал-Жавзий, Ибн Ҳажар ва саҳобаларнинг ҳаётлари ҳақида китоблар ёзган бошқа олимларнинг айтишича, Абу Лаҳаб Сувайбани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганларидан анча кейин озод қилган (Қаранг: «ал-Итийъаб фи асма ас-саҳаб» 1/12, «ал-Исаба фи тамъиз ас-саҳаба» 4/250, «ал-Вафа би аҳвали ал-Мустафа» 1/106).
Учинчидан, Урванинг қўшимчаси мурсалдир. Бу ҳақда Ибн Ҳажар «ал-Фатҳ»да (9/145) айтиб ўтган. Чунки Урва на Аббосни, на Сувайбани учратмаган.
Тўртинчидан, ушбу қўшимча саҳиҳ бўлган тақдирда ҳам, Аббос ибн Абдулмуталлиб бу тушни Исломга киришидан аввал кўргани ҳақида гапирилган.
Бешинчидан, ҳатто агар Аббос Абу Лаҳабни мусулмон бўлганида тушида кўрганида ҳам, бу ҳеч нарсани ўзгартирмаган бўлар эди. Чунки шариатда тушга асосланиб бирор нарса на жорий қилинади ва на тасдиқланади. Бу масалада Аҳли суннада ихтилоф йўқ. Шубҳа йўқки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлидларини нишонлаш жоизлигига бу туш асос бўла олмайди. Абу Лаҳаб билан бўлиб ўтган воқеага асосланиш, ҳатто агар бу воқеа ҳақиқатдан содир бўлган бўлса ҳам, динда на Аллоҳ, на Унинг Пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва на салафларнинг бирортаси қилмаган ишни шаръийлаштириш бўлиб қолади.
Хориса ибн Мударриб ҳикоя қилади: «Бир куни бир киши ушбу тунда намозни масжидда ўқиган инсон жаннатга киришини тушида кўрибди. Бу ҳақда Ибн Масъуд эшитганида масжидга бориб деди: «Чиқинглар, залолатга кетманглар! Дарҳақиқат, бу шайтоннинг ўйинидир!»» (Ибн Аби Шайба 7/233).
Олтинчидан, ушбу туш Қуръон ва суннат матнларига тескаридир. Чунки кофирга қилиб ўтган солиҳ амаллари Қиёмат куни ёрдам бермайди.
Аллоҳ таоло айтади:
«Кофир бўлган кимсалар учун эса жаҳаннам ўти бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз» (Фотир: 36).
Аллоҳ таоло яна айтади:
«Албатта жиноятчи кимсалар (яъни кофирлар) жаҳаннам азобида мангу қолгувчидирлар. Улардан (азоб бирон лаҳза ҳам) енгиллатилмас ва улар (ўша азобда қолиб) бутунлай номурод бўлгувчидирлар!» (Зухруф: 75).
Аллоҳ таоло яна айтади:
«Албатта туғёнга тушгувчиларнинг борар жойлари бўлган жаҳаннам (ўзига қулаб тушадиган кофирларга) кўз тутиб тургувчи бўлди. Улар у жойда узоқ замонлар (яъни абадул-абад) қолгувчидирлар! Улар у жойда (жаҳаннам ўтидан ором берадиган) бирон салқинни ва бирон ичимликни топмаслар! Фақат қайноқ сув ва йирингнигина (тотурлар) (Набаъ: 21 - 25).
Бу масалада уламолар ўртасида ихтилоф йўқ. Қози Иёз дедилар: «Уламолар иттифоқ қилдиларки, кофирларга қилиб ўтган амаллари наф келтирмайди. Баъзилари баъзиларига нисбатан қаттиқроқ азобга дучор бўлишларига қарамай, улар бу амаллари учун роҳат билан мукофотланмайдилар» (Қаранг: «ал-Икмал» 1/597).
Кимдир айтиши мумкин: «Ахир Абу Толиб кофир ҳолида вафот этганига қарамай азоби енгиллатиладику?»
Жавоб: «Албатта, бироқ бу ҳолат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Қиёмат кунидаги шафоатларидан кейингина бўлади. Бу эса бизга саҳиҳ ҳадислардан маълум, Қуръон ва суннатда тасдиқини топмаган аллақандай тушлардан эмас».
Шундай қилиб, бу инсонларни залолатга етакловчи сўфий ва уларга эргашганларнинг навбатдаги далилларидир. Улар бу ривоят ва тушни Бухорийда келтирилган деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берадилар.
Суфён ас-Саврий ҳақ сўзни айтганлар: «Ҳеч бир залолат йўқки, магарам у безатилган бўлмаса!» (Қаранг: «ал-Ҳужжа» 2/484).
Уларнинг ҳужжат ва далиллари янги пайдо бўлган фақиҳларнинг далилларини эслатади. Улар Исрофил фаришта Қиёмат қоим бўлишидан аввал сур чалишига қиёс қилиб мусиқани ҳалол дейишди. Ёки улар фаришталар пайғамбарларнинг олдига инсон қиёфасида келганларини қиёс қилиб театр саҳнаси жоиз дейишади.
Азиз биродарлар, уларнинг ботил ҳужжатларига эътибор берманглар!
Бидъат аҳлидан бирор нарсани қабул қилманглар. Ҳатто улар турли манбаларни келтирсалар ҳам. Чунки кейин барчасини текшириб чиқишга тўғри келади. Билингларки, бу навбатдаги шубҳа ва хатодир.
Қози Абдуллоҳ ибн Лаҳиъа ҳавориж бўлган бир қариянинг тавба қилганини эшитганларини айтиб беради: «Бу ҳадислар – диндир. Шундай экан, динингизни кимдан олаётганингизга қаранг. Дарҳақиқат биз бирор нарсани истаганимизда, ўша нарсани ҳадисга айлантирар эдик» (ал-Лалакаий 1/85).
Имом Хатиб Боғдодий дедилар: «Агар ҳаққа тескари бўлган ровий ҳаво аҳли ёки мазҳабга кўр-кўрона эргашувчи бўлса, ундан ҳеч нарса қабул қилма, ҳатто унинг ёдлаш қобилияти яхши бўлса ҳам» (Қаранг: «ал-Жомиъул-аҳлақир-ровий» 1/136).
Имом Лайс ибн Саъд дедилар: «Мен бидъат аҳлидан ҳеч нарсани қабул қилмаган бўлар эдим, ҳатто агар уни сув (усти)да юрганини кўрсам ҳам» (Қаранг: «ал-Иттибоъ» 35).
Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Admin   02-26-2011, 04:40 PM
#9
Мавлид

Савол: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунларини нишонлаш мумкинми?
Жавоб: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёки бирор бошқа инсоннинг туғилган кунини нишонлаш жоиз эмас, чунки бу диндаги бидъатдир. На Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам, на ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифалар, на қолган саҳобалар уни (туғилган кунни) нишонламадилар. Билмоқ лозимки, уларнинг барчаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини билувчироқ, у зотни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барчадан яхши кўрувчироқ ва у зотнинг ўгитларига энг гўзал услубда эргашувчироқ эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги сўзлар ривоят қилинади: «Ким бизнинг бу ишимизда (яъни динимизда) ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад (қилинади)» (Бухорий ва Муслим ривоятлари), яъни бу амал қабул қилинмайди. Бошқа ҳадисда айтиладики: «Бас, менинг суннатимни ҳамда ҳидоят ва тўғри йўл устидаги халифаларнинг суннатларини лозим тутинглар, уларни маҳкам ушланглар ва тишларингиз билан (яъни, қаттиқ) ёпишинглар. Динда янги пайдо қилинган ишлардан сақланинглар. Зеро, ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир», дедилар (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 3851). Зикр қилинган икки ҳадисда бидъатдан қаттиқ огоҳлантиришни кўриш мумкин.
Аллоҳ таоло Қуръонда айтади: «Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» (Ҳашр: 7). Шунингдек: «(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63). «(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21). Шунга ўхшаш маънодаги яна бошқа оятлар ҳам мавжуд: «Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир» (Тавба: 100). «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).
Туғилган кунларни байрам деб жорий қилинса, Аллоҳ ўзининг комил динини умматга нозил қилишда ноқислик қилган ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз вазифалари якунига етказмаганлар деган ҳолат вужудга келади. Бу эса бўлиши мумкин бўлмаган ҳолатдир. Динга Аллоҳ изн бермаган нарсаларни киритаётган турли инсонлар пайдо бўлмоқда. Шу билан бир қаторда улар ушбу амаллари орқали Аллоҳга қурбат ҳосил қилаётганликларини эътироф этишмоқда. Шубҳа йўқки бунда Аллоҳ ва Росулининг ҳукмига норозилик изҳор қилиш хатари мавжуд. Бироқ Аллоҳ бандаларинг динини комил ва тўлиқ қилди, уларга бўлган раҳматини якунлади ва бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларга динни тўлиқ етказдилар. Жаннатга олиб борувчи ва Жаҳаннамдан узоқлаштирувчи йўлни изоҳсиз қолдирмадилар. Бу ўша ягона йўлки, ўзлари ундан юриб ўтган йўлдир. Ушбу таъкид қуйидаги ҳадисда ўз тасдиқини топган: Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Пағамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло пайғамбарлар юборар экан, умматларини уларга маълум бўлган барча яхшиликларга йўллаб, уларга маълум бўлган барча ёмонликлардан огоҳ қилишни зиммаларига юклади» (Имом Муслим ривояти).
Охирги пайғамбарнинг сифатлари, энг афзал ва ҳақиқатдан Росулларнинг энг охиргиси эканликлари аниқ маълумдир. Шунингдек у зот тушунтириш ва панд-насиҳат қилишда энг афзал инсон эдилар. Шундай экан, агар у зотнинг туғилган кунларини нишонлашлик диннинг бир бўлаги бўлганида ва Аллоҳ бу ишдан рози бўлганида эди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни дарҳол тушунтирган ва ушбу кунни нишонлашни ҳаётлик даврларидаёқ татбиқ қилган бўлар эдилар. Ёки у зотнинг саҳобалари бу ишни уларга эргашиб қилган бўлар эдилар. Бу ишларнинг бирортаси содир бўлгани йўқ. Бундан шу нарса маълум бўладики: (мавлидни) нишонлашлик Ислом динига алоқаси бўлмаган амалдир. Ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги ҳадисларда огоҳлантирган хатарли бидъат амалдир. Яна шу маънодаги бошқа кўпгина ҳадислар мавжуд, масалан: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума хутбасида айтган сўзлари: «Аммо баъд. Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда янги пайдо қилинган) бидъат, барча бидъат – залолатдир» (Имом Муслим ривояти).
Кибор уломалор ҳайъати юқорида зикр қилиб ўтилган ва бошқа кўпгина ҳужжатлар орқали ҳар қандай туғилган кунларни нишонлашликни очиқ рад этдилар ва бу каби маросимлардан узоқ бўлишга чақирдилар. Бироқ кейинчалик баъзи уламолар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунларини нишонлашга рухсат бердилар. Бунга ҳаром ишларга йўл қўйилмаслигини қатъий шарт қилдилар, масалан: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мартабаларини таърифлашда ғулув кетмаслик, бир бинода эркак ва аёлларнинг жамланмаслиги, мусиқа асбобларидан фойдаланмаслик ва шу каби шариат ҳаром қилган ишлар. Улар ушбу кунни нишонлашни яхши бидъат (бидъат ҳасана) деб ҳисобладилар.
Шариатда шундай қоида борки, инсонлар орасидаги ҳар қандай ихтилофларда Аллоҳнинг Китоби ва Росули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мурожаат қилиш шартдир. Аллоҳ айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мўминларга айтинг): «Сизлар (бу ҳаёти дунёда кофирлар билан) ихтилоф қилган ҳар бир нарсанинг ҳукми (Қиёмат кунида) Аллоҳга (қайтарилур ва У зот ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини ажратиб берур). Мана шу Аллоҳ Парвардигоримдир. Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман»» (Шуро: 10).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунларини нишонлаш масаласида биз Аллоҳнинг Китобига мурожаат қилдик. Унда биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларини бажариш ва қайтариқларидан қайтиш керак эканлигини топдик. Шунингдек Аллоҳ таоло бизга тўлиқ ва комил динни ато этганини хабарини берди. Шундай қилиб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган кунларини нишонлашга буюрмадилар ва бу Аллоҳ томонидан тақдим этилган диндан эмас. Аллоҳ таоло бизга диний масалаларда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга буюрган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мурожаат қилар эканмиз на Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва на у зотнинг саҳобалари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунларини нишонлаганликларини ёки бирор кимга бу амални қилишни буюрганларини топмаймиз. Бу Ислом ва туғилган кунларни нишонлашликнинг номуносиблигига яна бир далилдир. Ачинарли амал бўлган бу байрамни нишонлашлик яҳудий ва насоролардан иборат бўлган аҳли китобларнинг бидъати ва уларга тақлид қилиш билан боғлиқдир.
Оз бўлсада ақли бор, ҳақни англашга интилувчи инсонга барча нарса тушунарлидир. Ушбу байрам Исломдан эмас ва бидъатдан ўзга нарса эмас. Бу каби амаллардан узоқ бўлиш ва тарк этишга Аллоҳ ва Росули соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюргандир.
Шунингдек оқил инсон кўпгина давлатларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилган кунларини нишонлаётганларнинг сони кўплиги билан алданмасин. Чунки ҳақиқат шариатнинг муқаддас матнларидадир, одамларнинг гапларида эмас, ҳатто улар кўпчилик бўлсалар ҳам. Аллоҳ аҳли китоблар ҳақида айтади: ««Жаннатга фақат яҳудий ёки насроний бўлганлар киради», дейишди (яъни яҳудийлар: «Биз кирамиз», дейишса, насронийлар: «Биз кирамиз», дейишди). Бу уларнинг хом хаёлларидир. Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжат келтиринг!»» (Бақара: 111). «Ер юзидаги кимсаларнинг жуда кўпларига итоат қиладиган бўлсангиз, сизни Аллоҳнинг йўлидан оздирурлар. (Зотан) улар фақат гумонларигагина эргашурлар ва фақат алдайдилар, холос» (Анъом: 116).
Зикр қилиб ўтилган байрамларнинг асосий қисми, қолганларидан ташқари, шариат қайтарган кўпгина ҳолатларни ўз ичига олган. Масалан: эркак ва аёлларнинг бир жойда жамланишлари, мусиқа асбоблари ишлатилиши, наркотик моддалар ва шунга ўхшаш нарсалардан фойдаланиш ва ҳоказолар. Баъзи ҳолларда бунданда гуноҳи оғирроқ ва ёмонроқ ишлар содир бўлади – бу катта ширкдир: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёки бошқа бировнинг мартабасида ғулув кетиш. Баъзида эса бунданда оғирроқ ишлар – ғайб илми борлигига ишонч билан у зотдан мадад сўраш. Бу каби таъқиқланган амаллар мисолининг сони жуда катта.
Саҳиҳ ҳадисда айтиладики: «Ғулувдан сақланинглар! Сизлардан илгаригиларни ғулув ҳалок қилган» (Аҳмад, Термизий, Ибн Можа ривоятлари). Шунингдек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мени худди насоролар Исо ибн Марямни кўкка кўтарганидек кўкка кўтариб мақтаманглар! Мен бор йўғи бир бандаман. «Аллоҳнинг бандаси ва Росули» денглар». Ҳадисни Бухорий Умардан ривоят қилган.
Ушбу масалада ажабланарли ва ғалати ҳолат шундаки, ушбу бидъатни энг зўр услубда нишонлашга ва бу қадар хато урфни ҳимоя қилишга фаоллик билан уринишади. Исломнинг фарз амалларини эса, масалан: жума ва жамоат намозларини бажарилмаган, унутилган ҳолда тарк этишади, ҳеч қандай эътиборга олишмайди. Бу каби муносабатларни ножўя ҳисобламайдилар ҳам. Шубҳа йўқки, бу иймон заифлиги, ақлнинг ноқислиги ва қалбдаги қават-қават гуноҳларнинг белгисидир. Аллоҳ таолодан бизга ва барча мусулмонларга бу каби аянчли ғамлашликдан нажот беришини сўраймиз!
Баъзиларнинг эътироф этишича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз туғилган кунлари нишонлаш маросимида ҳозир бўлар эканлар. Шу муносабат билан у зотни ўринларидан туриб, муҳаббат билан олқишлашади. Бу буюк ёлғон ва улкан жаҳолатдан бошқа нарса эмас. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларидан Қиёмат кунигача турмайдилар ва бирор кимса билан алоқа боғламайдилар, ҳеч қандай мажлисларда ҳозир бўлмайдилар. У зотнинг танаси қабрда, руҳлари эса Роббиларининг ҳузуридаги энг юқори мартабада (аъла иллийин).
Аллоҳ таоло айтади: «Сўнгра шак-шубҳасиз сизлар (эй инсонлар), мана шундан (яъни яралиб, ҳаётга келганингиздан) кейин (ажалларингиз битгач) албатта вафот топгувчидирсизлар. Сўнгра шак-шубҳасиз сизлар қиёмат кунида қайта тирилурсизлар» (Муъминун: 15 – 16).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат куни энг аввал қабри очиладиган, энг аввал шафоат қиладиган ва энг аввал бунга рухсат бериладиган инсон менман».
Зикр қилиб ўтилган оят-ҳадислар ва шу маънодаги бошқа ривоятлари шу нарсани кўрсатадики, барча ўликларнинг қабрларидан чиқишлари, хусусан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам фақатгина Қиёмат куни содир бўлади. Ушбу масалада уламолар ўртасида ихтилоф йўқ. Ҳар бир мусулмон, жоҳил кимсалар томонидан содир этилаётган бидъатлардан огоҳ бўлиб, ушбу ҳақиқатни англаши ва унутмаслиги лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтиш эса солиҳ амалларнинг энг афзалидандир. Аллоҳ таоло бу ҳақда айтади: «Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким менга бир марта саловот айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловот айтади». Ушбу амални ҳар қандай вақт қилса бўлади, айниқса фарз намозидан кейин ва бошқа кўпгина ҳолатларда, масалан: азондан сўнг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам номлари зикр қилинганда, жума куни ва кўпгина уламоларни фикрича ҳар бир намоз сўнгида ташаҳҳуддан кейин саловот айтиш лозим. Бунга кўпгина ҳадислар далолат қилади.
Биз Аллоҳдан динни тушунишлигимизга тавфиқ беришини ва эътиқодимизни мустаҳкам қилишини, ўз раҳмати ила суннатга эргашишга ва бидъатлардан йироқ бўлишимизга муваффақ қилишини сўраймиз.
Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Admin   07-16-2011, 12:14 PM
#10
Шаъбон ойининг 15 кечасини нишонлаш

[audio]https://tavhid.com/downloads/fatvolar/bidat/zamonga_xos_bidatlar/zamonga_xos_bidatlar_002_shabonning_15_kechasini_nishonlash.mp3[/audio]
Юклаб олиш

Савол: Шаъбоннинг 15 кечаси (бароат кечаси)ни нишонлаш ва обод қилиш мумкинми?
Жавоб: Шаъбоннинг 15 кечасини нишонлаш мумкин эмас. Бу амалнинг асоси йўқ. Шунингдек улар «Исро ва Меърож кечаси» деб номлайдиган ражаб ойининг 27 кечасини ҳам нишонлаш мумкин эмас. Буларнинг барчаси – бидъат. На шаъбоннинг 15 кечасини, на ражабнинг 27 кечасини нишонлаш жоиз эмас. Буларнинг барчаси одамлар тўқиб чиқарган бидъатлар сарасидандир. Шунингдек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мавлидини нишонлаш ҳам бидъат. На пайғамбар мавлидини, на шаъбоннинг 15 кечасини, на улар «Исро ва Меърож кечаси» деб номлайдиган ражабнинг 27 кечасини нишонлаш жоиз эмас. Буларнинг барчаси – бидъат. На Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, на хулофои рошидийнлар, на уларнинг бошқа саҳобалари, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин, на аввалги афзал уч асрнинг солиҳ уламолари буларни қилишмаган. Буларнинг барчасини одамлар тўқиб чиқарган. Биз Аллоҳдан омонлик сўраймиз.

Pages (3): 1 2 3   
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.