Admin   11-06-2010, 08:14 AM
#1
Ташриқ кунлари

Ташриқ кунлари Қурбонлик кунидан кейинги уч кундир.
«Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилингиз!» (Бақара сураси, 203-оят).
Имом Қуртубий ушбу саноқли кунларнинг ташриқ кунлари (яъни Зулҳижжанинг 11, 12 ва 13-кунлари) эканлиги хусусида ҳеч бир ихтилоф йўқлигини айтганлар. Бу кунлар ҳам мусулмонларнинг байрамидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Арафа, қурбонлик ва Мино кунлари биз - аҳли Исломнинг байрамимиздир» (Абу Довуд ривоятлари).
Ташриқ кунлари рўза тутишдан қайтарилган. Улар Зулҳижжанинг муфаззал ўн кунидан кейин бошланади. Ташриқ кунлари муборак ўн кунга яқинлиги билан ҳам шарафлидир. Боз устига ҳажнинг баъзи амаллари шу кунларда адо этилади. Қурбонлик кунининг улар таркибига кириши билан ташриқ кунларининг фазлу шарафи янада улуғлашади. Ташриқ кунларининг иккинчи куни, яъни Зулҳижжанинг ўн биринчиси - қурбонлик кунидан кейин турадиган энг афзал кундир. Ушбу кунлар саҳиҳ қавлга кўра, қурбонлик учун аталган жонлиқларни сўйиш кунлари ҳисобланади. Демак, бу яна бир қўшимча фазилат. Бу кунлар ибодат, зикр ва қувонч кунларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ташриқ кунлари еб-ичиш ва Аллоҳни зикр қилиш кунларидир».
Бу кунларда мўминлар Аллоҳнинг улуғ неъматларидан шод-хуррамликларини изҳор қиладилар. Ҳадисда ҳалол неъматлар билан қувватланиб, Аллоҳни зикр қилишга ишора бор. Бу неъматлар шукронасидир. Ҳадисда буюрилган зикр бир неча турларга бўлинади:
• Ҳар намоздан кейин айтиладиган муқайяд ва кеча-кундузнинг исталган вақтида айтиладиган мутлақ такбир;
• Қурбонлик қилаётганда «Бисмиллаҳ, Аллоҳу Акбар!» деб Аллоҳ номини зикр қилмоқ;
• Ейишда, ичишда ва бошқа ҳолатларда Аллоҳни зикр этмоқ;
• Шайтонга тош отаётганда такбир айтмоқ;
• Умуман Аллоҳ Таолони зикр қилмоқ.
Аллоҳ Таоло барчамизни хайрли амалларга муваффақ этиб, бидъат аҳлидан йироқ қилсин!

Admin   11-06-2010, 08:23 AM
#2
Ташриқнинг уч кунида рўза тутиш ҳаром

Ташриқнинг уч куни – бу зулҳижжанинг ўн биринчи, ўн иккинчи ва ўн учинчи кунларидир, Азҳо кунига эргашиб келадиган уч кундир.
Каъб Ибн Молик роҳияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва-саллам дедилар: «Мино кунлари (ташриқнинг уч куни) ейиш-ичиш кунларидир!» (Муслим 1142).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна дедилар: «Ташриқнинг уч кунида рўза тутманглар, чунки, дарҳақиқат, бу ейиш-ичиш кунларидир» (Аҳмад, Насоий. Саҳиҳ ҳадис. «Саҳиҳ ал-Жомиъ» 7355).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж куни одамларга хабар тарқатиши учун чопар юбордилар: «Бу кунларда рўза тутманглар, чунки, дарҳақиқат, бу кунлар еб-ичиш ва Аллоҳни зикр қилиш кунларидир!» (Аҳмад 10674, Ҳоким 2/250, Абу Нуъайм 2/342/1. Шах Аҳмад Шокир ва шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ дедилар).
Бу уч кунда рўза тутиш фақатгина ҳажда қурбонлик қила олмаган ҳожи учун мумкиндир. Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Ташриқнинг уч кунида рўза тутиш ҳеч кимга рухсат берилмасди, фақатгина қурбонлик қилишга жонлиқ топа олмаганлар бундан мустасно» (Бухорий 1998).

  
Users browsing this thread: 3 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.