Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мўминлар) Сиздан ўзлари учун нималар ҳалол қилинганини сўрайдилар. Айтинг: «Сизлар учун барча покиза нарсалар ва яна сизларнинг таълимингизни олган жониворларнинг – Аллоҳ сизларга билдирган нарсалардан билдириб қўлга ўргатган жониворларнинг (тутиб келтирган овлари) ҳалол қилинди. Бас, улар сизлар учун ушлаб келтирган нарсаларни еяверинглар ва (уларни овга қўйиб юбораётганларингда) Аллоҳнинг номини зикр қилинглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир» (Моида: 4).
Имом Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ «Мифтаҳ Дарус Саъадаҳ» (1/55)да шундай дедилар: «Аллоҳ субҳанаҳу жоҳил-(ўргатилмаган) итнинг овини ейишлик ҳаром бўладиган ўлакса деди ва ўргатилган итнинг овини мубоҳ қилди. Бу илмнинг шарафли эканидандирки, фақат олим-(ўргатилган) итнинг ови мубоҳ бўлади. Жоҳил итга келсак, унинг овини ейишлик ҳалол бўлмайди. Бу эса илмнинг шарафи ва фазлига далолат қилади. Агар илм ва таълимнинг имтиёзи ва шарафи бўлмаганида эди, ўргатилган ва жоҳил итнинг ови баробар бўлиб қоларди».