Pages (2): 1 2   
Admin   10-11-2009, 11:44 AM
#1
بسم الله الرحمن الرحيم
إن الحمد لله، نحمده، و نستعينه، و نستغفره، و نعوذ بالله من شرور أنفسنا و من سيئات أعمالنا، من يهده الله فلا مضل له، و من يضلل فلا هادي له، و أشهد أن لا إله إلا الله وحده لا شريك له، و أشهد أن محمدا عبده و رسوله. أما بعد
Сувлар боби


عن أبي هُرَيْرَة ـ رضي الله عنه ـ قال: قال رسولُ الله صَلّى الله عَلَيْهِ وَسَلّم، في البَحْرِ: "هُوَ الطّهُورُ ماؤُه، الحِلُّ مَيْتَتُهُ" أخرجهُ الأربعةُ، وابنُ أبي شَيْبَةَ، واللفظُ لَهُ، وصححهُ ابنُ خُزيمةَ، والترمذي
1. Абу Хурайра, ундан Аллоҳ таоло рози бўлсин, айтди: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам денгиз ҳақида: “Унинг суви тоза, ўлимтиги эса ҳалолдир” дедилар”. Бу ҳадисни тўртовлон (Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа) ва Ибн Абу Шайба ривоят қилишди. Ҳадис лафзи Ибн Абу Шайбаники. Ибн Хузайма ва Термизий уни саҳиҳ дейишди.
Абу Ҳурайра улуғ саҳобий ва кўп ҳадис ривоят қилган ҳофиз бўлган. Унинг исми ва отасининг исми ҳақида (уламолар) ихтилоф қилишиб ўттизга яқин фикр билдиришган. Ибн Абдулбарр айтди: “Турли фикрлардан кўнгил таскин топадигани - Абдурраҳмон ибн Сохр”. Буни (машҳур тарихчи) Муҳаммад ибн Исҳоқ ҳам айтган. Ибн Абдулбаррнинг “Истиъоб” китобида айтилишича, Абу Ҳурайра Мадинада 59 (ҳижрий) йилда етмиш саккиз ёшида вафот этиб Бақиъа қабристонига дафн этилган. Баъзилар Ақиқда (дафн этилган) дейишди. Ўша (вафот этган) куни (Абу Ҳурайра) Мадинага волий бўлган эди. Унинг жанозасини Валид ибн Уқба ибн Абу Суфён ўқиди.
“Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам денгиз ҳақида айтдилар”, яъни унинг ҳукми ҳақида. Денгиз деб кўп ёки шўр сувга айтилади. Бу ҳақда (Файрузободийнинг) “Қомус(ул-Муҳит” номли луғат китоби)”да айтилган. Бу лафз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан эмас. Балки ул зотнинг сўзлари: “Унинг суви пок (“тоҳур”)”, яъни пок қилувчи, ёки пок ва пок қилувчи. Бу ҳақда “Қомус”да айтилган. Шариатда (“тоҳур”) деб пок қилувчи нарсага ишлатилади.
“Ибн Ҳузайма ва Термизий уни саҳиҳ дейишди”. Муҳаддислар наздида саҳиҳ деб хотираси комил киши ўзига ўхшаш кишидан узлуксиз равишда (“муттасил санад” билан) иллат (камчилик)сиз ва шозлик (кўпчиликнинг ривоятига хилоф бўлган ривоят)сиз қилган нақлидир. Мусанниф (яъни, бу ҳадис тўпламининг йиғувчиси бўлмиш Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний) “Талхис” китобида бу ҳадисни тўққизта саҳобий орқали тўққизта йўл билан келтирган. Буларнинг ҳар бир йўли мулоҳаза (камчилик)дан ҳоли эмас. Лекин (юқорида) сиз эшитган кишилар (яъни Ибн Ҳузайма ва Термизий) унинг саҳиҳлиги ҳақида қатъий ҳукм чиқаришди. Уни Ибн Абдулбарр, Ибн Манда, Ибнул-Мунзир ва Абу Муҳаммад Бағавий ҳам саҳиҳ дейишган. Мусанниф айтади: “Баъзан ушбу ҳадиснинг даражасига етмайдиган ҳам, унга яқинлашмайдиган ҳам ҳадислар ҳақида саҳиҳ деб ҳукм чиқаришади”.
(Имом Моликнинг) “Муватто” (ҳадислар тўплами)да келишича, бу сўзлар саволга жавоб бўлиб келган: “Абу Ҳурайра айтди: “Бир киши – Аҳмаднинг “Муснад”ида “Бану Мадлаж (қабиласи)дан” дейилган, Табаронийда эса унинг исми Абдуллоҳ дейилган – Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб айтди: “Эй Аллоҳнинг Росули, биз денгизда кемага миниб ўзимиз билан озгина сув оламиз. Агар ушбу сув билан таҳорат олсак, ташналикда қоламиз. (Денгиз) суви билан таҳорат олаверайликми?”
Абу Довуд лафзида: “Денгизнинг суви билан (таҳорат олаверайликми)?” дейилган. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унинг суви пок (ва пок қилувчи), ўлимтиги эса ҳалол” дедилар.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар бердиларки, денгиз суви пок, пок қилувчи ва токи баъзи хусусиятлар содир бўлмаса – сифатларидан бири ўзгармаса - пок бўлиб қолаверади. Бу ҳақда кейинроқ айтилади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа”, деб жавоб бермадилар, балки бу сўзлар билан жавоб бериб, ҳукмга унинг иллатини қўшиб қўйдилар.
Quote:Таржимон изоҳи: “Иллат” сўзи “усул ал-фиқҳ” илмининг истилоҳи бўлиб, ҳукмнинг сабабига, ҳикматига ўхшаш бўлади, аммо доим ҳам сабаб билан бир хил бўлавермайди. Масалан, қаср намознинг иллатларидан бири – сафар, ҳикмати эса машаққатни даф қилишдир. Баъзан сафарда машаққат бўлмаслиги мумкин, лекин унинг иллати – сафар – мавжуд бўлгани учун ҳукм ўз ўрнида бўлиб тураверади. Яъни иллат – ҳукм унга боғлиқ бўлган нарса. Ёки жума намозининг ғуслига сабаб – покланиш, иллати эса – жума намозига бориш. Жума намозига бормаса (яъни иллат йўқолса), ҳукм (ғусл) соқит бўлади, аммо жума намозига борса-ю (яъни иллат мавжуд бўлса), киши пок (таҳоратли, хушбўйли) бўлса ҳам, ҳукм (ғусл) соқит бўлмайди. Аллоҳ билгувчироқдир.
У ҳам бўлса сувнинг ўз бобида (яъни ўзига ўхшаш нарсалар мисолида) (деярли) чексиз равишда поклигидир. Гўё сўровчи денгизнинг суви бошқа сувларга хилоф равишда шўрлигини, унинг ҳиди эса айниганроқ эканлигини кўриб, ушбу сув Аллоҳ (Фурқон сурасининг 48-) оятида:
“У (Аллоҳ) осмондан пок сувни туширди” деб назарда тутган сув эмас деб ўйлаб ва ушбу сувнинг хусусияти ҳақида сўраган бўлса керак. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга (денгиз сувининг) ҳукмини билдириб, у сўрамаган нарсанинг ҳукмини ҳам қўшиб айтдилар, у ҳам бўлса денгиз ўлимтигининг ҳалоллигидир. Рофиъий айтдики: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўровчи денгиз суви ҳақида иккиланганини билганларидан сўнг, у денгиз ўлимтиги ҳақида ҳам иккиланаётганлиги борасида хавотир олдилар”.
Денгизчи ушбу муаммо билан тўқнашгани учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саволига берган жавобларига денгиз ўлимтиги ҳукмини ҳам қўшиб қўйдилар. Денгиз ўлимтигидан мурод фақат денгизда яшовчи ҳайвонлардан денгиз ичида ўлганларидир, денгиз ичида ўлган мутлақо (ҳар қандай) ҳайвон эмас. Ҳадиснинг зоҳири (ҳар қандай денгиз ҳайвонлари) денгиз ичида ўлса, улар ит ёки чўчқага ўхшаса ҳам, ҳалол эканлигига далолат қилади. Бу ҳақда ўз бобида келтирилади, иншааллоҳ.
Admin   10-11-2009, 12:05 PM
#2
وعَنْ أبي سعيد الخُدْرِي رضي الله عنه قال: قال رَسُولُ الله صَلّى الله عَلَيْهِ وَسَلّم: "إنَّ المَاءَ طَهُورٌ لا يُنَجِّسُهُ شيءٌ" أخرَجَهُ الثلاثةُ، وصَححهُ أحمدُ
2. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтди: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта, сув покдир, уни ҳеч нарса нажас қилмайди”. Учовлон (Абу Довуд, Насоий, Термизий) ривоят қилишди, Аҳмад уни саҳиҳ деди.
Абу Саъиднинг исми Саъд ибн Молик ибн Синон ал-Хазражий ал-Ансорий ал-Худрий. Худр “Қомус”да айтилганидек, ансорларнинг қабиласидир. Заҳабий: “Бу киши саҳобаларнинг олимларидан, дарахт остида байъат қилганлардан бўлган. Кўп ҳадис ривоят қилиб бир қанча вақт фатволар бериб (муфтий бўлиб) юрган. Абу Саъид саксон олти йил яшаб етмиш тўртинчи (ҳижрий) йилнинг бошида вафот этган. Унинг ҳадислари кўп бўлиб, ундан бир гуруҳ саҳобалар ривоят қилишган. "Саҳиҳайн"да у кишининг саксон тўртта ҳадиси бор” деди.
“Аҳмад уни саҳиҳ деди”. Ҳофиз ал-Мунзирий “Мухтасарус-сунан”да айтди: Баъзилар бу (ҳадис) ҳақида баъзи гапларни айтишди. Аҳмаддан ривоят қилинадики, у: “Бузоъа қудуғининг ҳадиси саҳиҳ” деди. Термизий: “Бу ҳадис ҳасан” деди. Абу Усома (исмли ровий) бу ҳадиснинг сифатини яхшилади ва Абу Саъиднинг Бузоъа қудуғи ҳақидаги ҳадиси Абу Усоманинг ривоятидан кўра яхшироқ ривоят қилинмаган. Бу ҳадис Абу Саъиддан бошқача кўринишда ҳам ривоят қилинган.
Бу ҳадиснинг сабаби: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Бузоъа қудуғининг суви билан таҳорат олаверайликми? Бу шундай қудуқки, унга ҳайз қони билан ифлосланган мато (латта)лар, (ўлик ит гўшти ва чириган озиқ-овқатларни ташлашади” деб сўралди. Шунда (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Сув покдир, уни ҳеч нарса нажас қилмайди” дедилар. Абу Довуднинг “Сунан”ида шундай келган. Унинг бошқа бир лафзида: “Албатта, бу сув покдир ...” деб мусанниф (Ибн Ҳажар) келтирганидек ривоят қилинган.
Билгинки, бу (ҳадис)нинг шарҳида кўп гаплар айтилган ва сувларнинг ҳукми ҳақида фикрлар тўлиқ (батамом) айтилган. Ушбу ҳадисларни қамраб олиб ундан фикрлар манбалари ва истидлол (далил қилиб олиниш)лари билинадиган равишда сувлар (масаласи)га киришишни қисқартириб айтамиз:
Сувлар ҳукмлари олинган ҳадислар ривоят қилинган. Улардан:
“Сув покдир, уни ҳеч нарса нажас қилмайди”.
“Агар сув (ҳажми) икки қулла (хум)га етса, у нажасланмайди”.
Бадавий (аъробий)нинг сийдиги устига масжидда сув қуйиб юборишга буюрганликлари ҳақидаги ҳадис.
“Агар сизлардан бирингиз уйғонса, қўлини уч марта ювмагунича идиш ичига тиқмасин”.
“Сизлардан ҳеч ким турғун сувга бавл қилиб кейин унда чўмилмасин”.
“Агар ит бирингизнинг идишини яласа ...”. Бу ҳадисда ит ялаган сув (суюқлик)ни тўкиб юборишга буюрилган. Бу собит (саҳиҳ) ҳадислар бўлиб, улар мусаннифнинг сўзларида кейинроқ келади.
Шуни билган бўлсанг, сув нажосат билан аралашиб унинг бирон бир сифати ўзгармагаса, у(нинг ҳукми) ҳақида олимларнинг, Аллоҳ уларни раҳм қилсин, фикрлари турли бўлган:
Ал-Қосим, Яҳё ибн Жамра, (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига мансуб) бир гуруҳ олимлар, Молик, зоҳирийлар, бир ривоятда Аҳмад, унинг бир гуруҳ асҳоблари бу сув – кам бўладими, кўп бўладими - унинг тозалигини айтишди. Улар “сув покдир” деган ҳадисга амал қилишди. Улар фақат нажосат сувнинг бирон бир сифатини ўзгартирсагина сувнинг поклигиги йўқолади, чунки бунга (уламолар) ижмоъ қилишган, дейишди, бу ҳақда қуйида сўзлар келади.
Ҳадавийлар, ҳанафийлар, шофеъийлар сувни унга нажосат мутлақ равишда зарар қиладиган “оз” сувга ва модомики баъзи сифатлари ўзгармаса, (нажосат) зарар қилмайдиган “кўп” сувга бўлишди. Бундан кейин улар “оз” ва “кўп” сувнинг чегарасида ихтилоф қилишди.
Ҳадавийларнинг фикрига кўра, сувга нажосат тушиб бу сувни ишлатувчиси ишлатиш билан сув оз эканлигини билади. Бундан бошқаси эса кўп сувдир.
Ҳанафийлар эса агар одам сувни бир чеккасидан ҳаракатлантирса, унинг ҳаракати бошқа чеккасигача етмайдиган бўлса, буни “кўп” сув дейишди. Бу Имом (Абу Ҳанифа) фикрлари. У кишининг икки соҳиби эса (эни билан узунлиги) ўн (зироъ)га тенг сувни кўп деб, ундан бошқаси (ками)ни оз сув дейишди.
Шофеъийлар сув Ҳажарнинг икки қулласи (хуми)га етса – бу беш юз ратлга яқин ҳажмни - кўп сувнинг (пастки) чегараси деб билишди. Улар икки қулла ҳадисига амал қилишди. Бундан бошқаси (ками) эса оз сув дейишди.
Quote:Таржимон изоҳи: Албоний раҳимаҳуллоҳнинг айтишича, бу хумлар Ҳажарнинг хумлари эканлиги ҳақида фақат Ибн Умарнинг ҳадисида Муғира ибн Сақлоб орқали келган санадда айтилган. Ибн Адий бу кишининг таржимаи ҳолида: “Унинг барча ҳадисларига суянилмайди” деган. Шунинг учун бу хумлар Ҳажарнинг хумлари эканлиги марфуъ (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган) ҳадисларда келмаган.
Биз юқорида келтирган ҳадисларнинг бир-бирига тескари келиши ушбу ихтилофнинг мағзидир. Уйғонганда (қўл ювиш) ва турғун сув(га бавл қилмаслик) ҳадислари оз нажосат оз сувни нажас қилади деган хулосага олиб келади. Итнинг (идишни) ялаши ҳақидаги ҳадис ва унинг ичидаги ит ялаган суюқликни тўкиб ташлашга бўлган буйруқ ҳам шунга олиб келади. Бадавийнинг бавли ва унинг устига сув қуйиб юбориш ҳақидаги буйруқ келган ҳадис эса бунга тескари келади ва озгина нажосат озгина сувни нажас қилмайди деган хулосага олиб келади. Маълумки, аъробийнинг бавли тушган ўша ўрин челакдан қуйилган сув билан пок бўлди. “Сув покдир, уни ҳеч нарса нажас қилмайди” деган ҳадис ҳам шундай (хулосага олиб келади).
“Сувни ҳеч нарса нажас қилмайди, токи унинг сифатларидан бири ўзгармаса” деган биринчи фикрни айтганлар ушбу ҳадисларни шундай жамлашган: сувни ҳеч нарса нажас қилмаслигига (биз муҳокама қилаётган ҳадиснинг) лафзи ва аъробийнинг бавли ҳақидаги ҳадис далолат қилади. Уйғониш, турғун сув, итнинг ялаши ҳақидаги ҳадислар эса сувнинг нажас бўлиш ҳукми учун келмаган, балки ибодат сифатида ундан узоқ бўлишга қаратилган буйруқдир. Бу ҳадислар нажосат сабабли келган эмас, балки фақатгина бу ерда биз билмаган маъно ётади. Худди намозларнинг сони (адади)да ва шу каби нарсаларда ётган ҳикматга ўхшашдир. Баъзилар айтдики, бу ҳадислардаги қайтариқ фақат кароҳият учун келган ва у (ит ялаган, уйғонганда қўл тиқилган, турғун ҳолатида ичига бавл қилинган сув) пок ва пок қилувчидир.
Шофеъийлар эса ушбу ҳадисларни жамлаб, “уни ҳеч нарса нажас қилмайди” деган ҳадисни икки қулла (хум)га етган ва ундан кўп бўлган сув учун айтилган деб тушунишган. Икки қулладан ошган сув “кўп” ҳисобланади, уйғониш, турғун сув ҳақидаги ҳадислар эса оз сув учун айтилган деб тушунишган.
Ҳадавийлар эса уйғонганда (қўл ювиш) ҳақидаги ҳадисни мустаҳаб деб тушуниб, қўлларни ювиш фарз эмас дейишди.
Ҳанафийлар айтдики, “уни ҳеч нарса нажас қилмайди” деган сўзлардан мурод юқорида чегараси келган “кўп” сувдир. Икки қулла ҳақидаги ҳадисни эса улар музтариб (чалкаш) деб иллатли дейишди. Имом ал-Маҳдий ҳам уни “Баҳр” (китоби)да иллатли деди.
Quote: Таржимон изоҳи: Бу ҳадис иншааллоҳ қуйида келади. Албоний раҳимаҳуллоҳнинг уни саҳиҳ деб, Абу Жаъфар Таҳовий, Ҳоким, Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳиббон, Заҳабий, Нававий, Асқалоний ва бошқалар саҳиҳ дейишганини нақл қилган. Албоний раҳимаҳуллоҳ айтадики, изтироб (чалкашлик) фақат унинг баъзи заиф санадларида келган. “Агар сув икки қуллага етса, нажас бўлмайди” деган ҳадиснинг мафҳуми (очиқ айтилмасдан, фақат тушуниладиган нарсаси): “Сув икки қулладан оз бўлса, нажас бўлади”. Лекин биз муҳокама қилаётган: “Сув покдир, уни ҳеч нарса нажас қилмайди” деган ҳадиснинг мантуқи (очиқ-ойдин айтилаётган нарса) сув озми, кўпми, нажас бўлмаслигига далолат қилади (фақат агар сувнинг бирон бир сифати ўзгармаса, чунки бунга уламолар ижмоъ қилишган). Мантуқ эса мафҳумдан устунроқ туради. Бунинг устига бир гуруҳ саҳобалар ва тобеъинлар шу мантуқни қўллашган. Бу ҳақда тўлиқ баҳсни Ибнул-Қоййимнинг “Таҳзибус-сунан”и ва Шавконийнинг “Сайлул-Жарор”и (1/55)да кўрсангиз бўлади.
Уларнинг баъзилари эса бу ҳадисни таъвил қилишди. Қолган ҳадислар эса “оз” сув ҳақида келган (дейишди). Лекин уларга қарши аъробийнинг бавли ҳақидаги ҳадис келиб, сен билганинг каби, у ҳадис оз нажосат оз сувга зарар қилмаслигига далолат қилади. Шофеъийлар эса бу (аъробий) ҳадисига жавоб бериб нажосат устига сув қуйиш билан сув устига нажосат тушишини фарқлашди. Улар айтишдики: Агар сув устига (нажосат) тушса, уни нажас қилади, худди уйғониш ҳақидаги ҳадиси каби. Агар нажосатнинг устига сув тушса, сувга зарар қилмайди, худди аъробий бавли ҳақидаги хабар каби. Бу ҳақдаги баҳсни “Умда”нинг шарҳидаги ва “Зуун-наҳар”даги ҳошияларида тадқиқ қилдик.
Хулоса шуки, (шофеъийлар) шундай ҳукм қилишди: Нажосат оз сувга тушса, уни нажас қилади. Агар унинг устига оз сув тушса, сув нажас бўлмайди. Улар сувнинг нажас устига тушишини сувнинг нажас бўлмаслигига иллат қилишди. Лекин (аслида) ундай эмас. Ҳақиқат шундан иборатки, сув нажосат устига тушса, унинг устига бўлак-бўлак бўлиб тушади ва охирида (нажосат)нинг ўзи сув тугашидан олдин йўқ бўлиб кетади. Нажосат устига қуйилаётган бу сувнинг охири фақат тоза бўлган ўринга тушади. Ёки бўлмаса бир қисм (жузъ нажосат) қолиб, бу охирги жузъ устига сув қўйилганида йўқ бўлиб кетади, худди ижмоъга биноан нажосат кўп сувнинг ичига тушиб йўқ бўлиб кетгани каби. Бу (нажосат устига сув қуйиш) билан кўп сув ичида нажосатнинг ҳаммаси йўқ бўлиб кетиши орасида фарқ йўқ. Нажосатнинг устига тушаётган сувнинг охирги қисми қолган нажосатга нисбатан кўплигидан нажосатнинг ўзини ўзгартириб юборади. Шундай қилиб, нажосатнинг устига тушаётган сувнинг нажас бўлмаслигининг иллати нажосатга нисбатан кўплигидандир, унинг устига қуйилаётганидан эмас. Чунки бу икки қуйиш (нажосатни сувнинг устига ва сувни нажосатнинг устига қуйиш)нинг фарқи: бири иккинчисини нажас қилиб, иккинчиси биринчисни нажас қилмаслиги ақлга тўғри келмайди.
Биз юқорида келтирган нарсаларни ва сувни кўп ва озга бўлиш чегараси учун далил қоим бўлмаганлигини билган бўлсанг, бу фикрларнинг далилга қараб (ҳақиқатга) энг яқини: Қосим ибн Иброҳим ва у билан (бу фикрда) бирга бўлганларнинг фикридир. Бу “Баҳр”да келтирилгани каби бир гуруҳ саҳобаларнинг сўзи. Шунингдек бу (Росулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларига мансуб бўлган) бир қанча кейинги авлод имомлари ушлаган фикрдир. Уларнинг ичида бу фикрни Имом Шарофиддин ҳам танлаган.
Ибн Дақиқ ал-Ийд айтди: “Бу Аҳмаднинг фикри ва буни унинг баъзи эргашувчилари қўллаб-қувватлаган. Буни Шофеъийга эргашганлардан Қози Абул-Ҳасан Руяний энг устун фикр деб билган”.
Ибн Ҳазм “Муҳалло”да: “Бу (фикр) мўминларнинг онаси Оиша, Умар ибн ал-Ҳаттоб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ибн Аббос, Ҳасан ибн Али ибн Толиб, мўминларнинг онаси Маймуна, Абу Ҳурайра, Ҳузайфа ибн ал-Ямон, Асвад ибн Язид, унинг акаси Абдурраҳмон, Ибн Абу Лайло, Саъид ибн Жубайр, Ибнул-Мусаййаб, Мужоҳид, Икрима, Қосим ибн Муҳаммад, Ҳасанул-Басрий ва бошқалардан ривоят қилинган” деди.
Admin   10-11-2009, 12:12 PM
#3
وعن أبي أُمَامَةَ الباهليّ ــــ رضي الله عنه ــــ قال: قال رسول الله صَلّى الله عَلَيْهِ وَسَلّم: "إنَّ الماءَ لا يُنَجِّسُهُ شيءٌ إلَّا ما غلبَ على رِيحهِ وطَعْمِهِ ولَوْنِهِ" أخرجهُ ابنُ ماجهْ، وضعَّفَهُ أبو حاتم
وللبيهقي: "الماءُ طَهُورٌ إلَّا إنْ تَغَيَّرَ رِيحُهُ، أو طَعْمُهُ، أوْ لَوْنُهُ بِنَجَاسَةٍ تَحْدُثُ فيهِ"
3. Абу Умома ал-Баҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у айтди: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сув покдир. Унинг ҳиди, таъми ва ранги ўзгармаса, уни ҳеч нарса нажосат қилмайди”. Бу ҳадисни Ибн Можа ривоят қилган, Абу Ҳотим эса уни заиф деган. Байҳақийнинг ривоятида эса: “Сувнинг ичига тушган нажосат унинг ҳидини, ёки таъмини, ёки рангини ўзгартирмаса, сув пок (ҳисобланади)” дейилган.
Абу Умоманинг исми - Судай ибн Ажлон, келиб чиқиши эса Бахила қабиласи билан боғлиқ. Бир қанча вақт Мисрда яшаган, кейин эса (ҳозирги Сурия худудида жойлашган) Химс шаҳрига кўчиб кетган ва у ерда 81 (ҳижрий) йилда вафот этган. Айримлар: 86 йилда вафот этган дейишди. Баъзилар уни Шомда вафот этган охирги саҳобий дейишган. Бу киши кўп ҳадислар ривоят қилган саҳобалардан бўлган.
“Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сув покдир. Унинг ҳиди, таъми ва ранги ўзгармаса, уни ҳеч нарса нажосат қилмайди”. Бу ерда “ва” боғловчисидан мурод “ёки”дир, буни Байҳақийнинг ҳадиси тушунтириб беради. “Бу ҳадисни Ибн Можа ривоят қилган, Абу Ҳотим эса уни заиф деган”. Уни заиф дейишига сабаб Ришдийн ибн Саъддир. Абу Юсуф: “Ришдийн динида солиҳ киши эди, лекин унга солиҳлар ғафлати етиб, ҳадисларда янглишиб кетди, у матрук (унинг ҳадислари тарк қилинган)” деди.
Quote:Таржимон изоҳи: Бу ҳадиснинг Ришдийн ибн Саъддан бошқа ровийлар орқали келтирилган санадлари ҳам бор, лекин уларнинг оғир камчиликлари (иллатлари) бўлиб, бу санадлар бир-бирини кучайтириб мазкур ҳадисни ҳасан лиғойриҳи даражасигача кўтармайди. Байҳақийнинг айтишича, Абу Усома ушбу ҳадисни ал-Аҳвасдан, у эса (тобеъинлардан бўлмиш) Ибн Авн ва Рошид ибн Саъднинг ўзларига тегишли бўлган сўзларидан ривоят қилган. Дорақутний (“Сунан”, 11-с.) ҳам бу ривоят Рошид ибн Саъднинг сўзлари эканлигини айтган.
Заиф ҳадиснинг ҳақиқати шундан иборатки, унда саҳиҳ ва ҳасан ҳадисларнинг шартларидан бири бузилган бўлади. Бунинг олтита маълум сабаби бўлиб, улар ушбу шарҳда келтирилади.
Байҳақийнинг ривоятида эса: “Сувнинг ичига тушган нажосат унинг ҳидини, ёки таъмини, ёки рангини ўзгартирмаса, сув пок (ҳисобланади)” дейилган. Мусанниф (Ибн Ҳажар) айтди: “Дорақутний: “Бу ҳадис собит эмас” (яъни, заиф, мақбул эмас) деган. Шофеъий: “Агар сувнинг таъми, ёки ҳиди, ёки ҳолати ўзгарса, у нажас бўлади, дейишингга келсак, бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай кўриниш (ҳолат)да ривоят қилинганки, бунга ўхшаганлар ҳадис аҳли наздида собит бўлмайди” деди. Нававий: “Муҳаддислар унинг заифлигига иттифоқ қилишди” деди. Ушбу заифга чиқаришдан мурод (“агар таъми, ёки ҳиди, ёки ранги ўзгарса”) истисноси, ҳадиснинг асли эмас, чунки у (юқорида Абу Саъид ал-Худрийнинг) Бузоъа қудуғи ҳақидаги ҳадисида собит бўлган. Лекин ушбу (“агар таъми, ёки ҳиди, ёки ранги ўзгарса”) қўшимчасининг ҳукмга олинишига уламолар иттифоқ қилишган. Ибнул-Мунзир айтди: “Агар сув ичига – у оз бўладими, кўп бўладими - нажосат тушиб унинг таъми, ёки ранги, ёки ҳиди ўзгарса, у нажас эканлигига уламолар иттифоқ қилишди”. Демак, агар сувнинг ушбу сифатларидан бири ўзгарса, у нажосат бўлишига ҳадиснинг ушбу (заиф) қўшимчаси эмас, балки ижмоъ далил бўлади.

Admin   10-15-2009, 07:34 AM
#4
Сувлар боби


1.عن أبي هُرَيْرَة ـ رضي الله عنه ـ قال: قال رسولُ الله صَلّى الله عَلَيْهِ وَسَلّم، في البَحْرِ: «هُوَ الطّهُورُ ماؤُه، الحِلُّ مَيْتَتُهُ» أخرجهُ الأربعةُ، وابنُ أبي شَيْبَةَ، واللفظُ لَهُ، وصححهُ ابنُ خُزيمةَ، والترمذي.
2.وعَنْ أبي سعيد الخُدْرِي رضي الله عنه قال: قال رَسُولُ الله صَلّى الله عَلَيْهِ وَسَلّم: «إنَّ المَاءَ طَهُورٌ لا يُنَجِّسُهُ شيءٌ» أخرَجَهُ الثلاثةُ، وصَححهُ أحمدُ.
3.وعن أبي أُمَامَةَ الباهليّ ــــ رضي الله عنه ــــ قال: قال رسول الله صَلّى الله عَلَيْهِ وَسَلّم: «إنَّ الماءَ لا يُنَجِّسُهُ شيءٌ إلَّا ما غلبَ على رِيحهِ وطَعْمِهِ ولَوْنِهِ» أخرجهُ ابنُ ماجهْ، وضعَّفَهُ أبو حاتم.
وللبيهقي: «الماءُ طَهُورٌ إلَّا إنْ تَغَيَّرَ رِيحُهُ، أو طَعْمُهُ، أوْ لَوْنُهُ بِنَجَاسَةٍ تَحْدُثُ فيهِ».

1. Абу Ҳурайра, ундан Аллоҳ таоло рози бўлсин, айтди: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам денгиз ҳақида: “Унинг суви тоза, ўлимтиги эса ҳалолдир”, дедилар”. Бу ҳадисни тўртовлон (Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа) ва Ибн Абу Шайба ривоят қилишди. Ҳадис лафзи Ибн Абу Шайбаники. Ибн Хузайма ва Термизий уни саҳиҳ дейишди. Буни шунингдек Молик, Шофеъий ва Аҳмад ривоят қилишган.
2. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтди: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта, сув покдир, уни ҳеч нарса нажас қилмайди””. Учовлон (Абу Довуд, Насоий, Термизий) ривоят қилишди, Аҳмад уни саҳиҳ деди.
3. Абу Умома ал-Баҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у айтди: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сув покдир. Унинг ҳиди, таъми ва ранги ўзгармаса, уни ҳеч нарса нажосат қилмайди””. Бу ҳадисни Ибн Можа ривоят қилган, Абу Ҳотим эса уни заиф деган. Байҳақийнинг ривоятида эса: “Сувнинг ичига тушган нажосат унинг ҳидини, ёки таъмини, ёки рангини ўзгартирмаса, сув пок (ҳисобланади)” дейилган.

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Булуғул-маром” китобида “Таҳорат китоби. Сувлар боби” деди. Уламолар, уларни Аллоҳ раҳматига олсин, фиқҳ борасида сўз юритиб ҳадис ва масалалар китобларини (таҳорат)дан бошлашди. Чунки таҳорат икки қисмга бўлинади. Биринчиси, қалб поклиги, иккинчиси бадан поклиги. Қалб поклигига келсак, у маънавий поклик бўлиб унинг маъноси инсон қалбини ширкнинг барчасидан - у кичик бўладими, катта бўладими, очиқ бўладими, яширинча бўладими – поклашидир. Шунингдек у қалбини бидъатнинг барчасини ирода қилишдан – у оз бўладими, кўп бўладими, сўзда бўладими, феълда бўладими, поклашидир. Шунингдек уни мусулмонларга нисбатан адоватдан, ҳасаддан, уларни хурсанд қиладиган нарсани ёқтирмасликдан ва тозалаш вожиб бўлган бошқа нарсалардан поклашдир. Бу муҳимроқдир. Аммо бошқа таҳорат у бадан таҳоратидир. Бу сиртки поклаш бўлиб, ундан икки нарса мақсад қилинади. Биринчиси, таҳоратсизлик (ҳадас)лардан поклаш, иккинчиси, сийдик, ахлат ва бошқалар каби нажосатлар ва ифлос нарсалардан поклаш. Биринчи турдаги Китоб ва Суннатга эргашиш, уларнинг лафзлари ва маъноларини ҳақиқий равишда ўрганиш, тиловат қилиш ва эргашиш билан ҳосил бўлади. Иккинчи турдаги таҳорат эса сув билан ҳосил бўлади. Шунинг учун муаллиф “Таҳорат китоби” деганидан сўнг “Сувлар бобби”, деди. “Сув” сўзи кўпликда келишининг сабаби унинг турлари кўплиги эътиборидандир. Чунки сувнинг поклигида шак-шубҳа йўқ. Нажасда ҳам шак-шубҳа йўқ. Ўхшаб кетган – шубҳали нарса нажасми, покми, бу ҳақда қуйида айтилади, иншааллоҳ. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисидан бошлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам денгиз ҳақида айтдилар: “Унинг суви тоза, ўлимтиги эса ҳалолдир”. Бу ҳадиснинг сабаби бор. Бир қавм Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб айтди: “Эй Аллоҳнинг элчиси, биз денгизга кемада чиқамиз, бизда эса таҳорат олишга сувимиз йўқ”. Шунда у зот денгиз суви билан таҳорат олишга буюриб айтдилар: “Ҳува ат-тоҳуру (ат-туҳуру) маауҳу”. Яъни унинг суви пок. “То” ҳарфида фатҳа бўлса (ат-тоҳуру), бундан таҳорат ҳосил бўладиган нарса назарда тутилади. Агар замма бўлса (ат-туҳуру), унда бу поклаш феъли (ҳаракати)дир. Бу ерда биринчи маъно назарда тутилган. Ёки бўлмаса, у (денгиз) шундай нарсаки, унинг суви поклайди, гарчи шўрлик ва бошқа нарсалар билан ўзгарган бўлса ҳам, ва бу ўзгариш зарар қилмайди. Чунки бу ўзгариш унинг турғунлигидан, ичига бирон нарса тушганидан эмас. Бундан ташқари ўша шўрлик ҳам аслида сувдандир. “Унинг суви покдир”. Бу ҳар қандай денгиз сувларига нисбатан ом (умумий) маънога эга, ҳатто шўрхок ердаги ботқоқ сувлар ҳам, ҳатто ёмғирдан пайдо бўлган кўлмаклар ҳам. Буларнинг барчаси пок, унинг суви ҳам пок. “Унинг ўлимтиги ҳалол”. Бу ҳақда савол берилмади, лекин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг карамликлари ва илм беришга бўлган интилишлари сабабли уларга эҳтиёжлари тушадиган нарсани зикр қилдилар. Чунки баъзан уларнинг озуқалари ва ичимлик сувлари тугаб қолади ва улар овқатга муҳтож бўлиб қолишади. Шунинг учун у зот уларга денгизнинг ўлимтиги ҳалол эканлигини баён қилдилар. Ҳадиснинг умумий маъноси озуқанинг барчасини ўз ичига олади. Гарчи қуруқликда унинг ўхшаши ҳаром бўлса ҳам, денгизда у ҳаром бўлмайди. Аксинча, унинг ўлимтиги ҳалолдир. Аллоҳ Таоло буни Қуръони Каримда зикр қилиб шундай деди:
“Сизларга ва йўловчиларга неъмат қилиниб денгиз ови ва таоми ҳалол қилинди» (Моида: 96). Денгизнинг овига келсак, у тириклигича олинадиган озуқадир. Аммо таоми эса, у ўлик ҳолда олинадиган озуқадир. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай тафсир қилган. Шунга биноан агар сув устида сен сузаётган балиқни топсанг, ёки денгиз тўлқинлари соҳилга чиқариб юборган ўлигини топсанг, уни еявер. Сенга қийинчилик йўқ, чунки у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари билан ҳалолдир.
Муаллиф раҳимаҳуллоҳ денгизларни зикр қилганларида сувларни ом суратда айтиб ўтиб, шундай дедилар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта сув покдир, уни ҳеч нарса нажосат қилмайди”. “Сув” (“ал-маа”) сўзи умумийдир: ердан чиқадиган ёки осмондан тушадиган ҳар қандай сув покдир. “Уни ҳеч нарса нажас қилмайди” деган сўзлари, яъни, сув пок бўлади, нажас бўлмайди ва уни ҳеч нарса нажас қилмайди. Лекин бундан кейин келадиган ҳадислар сувнинг ранги, ёки таъми, ёки ҳиди нажосат сабабли ўзгарса, у нажосат бўлишига далолат қилади. Шунга биноан, агар инсон ёмғирлар тўплаган сувни топса, гарчи улар оз бўлса ҳам, гарчи йиртқичлар у сувдан ичишлиги ҳақида унинг гумони кўпроқ бўлса ҳам, токи унинг таъми, ранги ва ҳиди нажосат сабабли ўзгармагунича у сув пок бўлади. Гарчи сувга сичқон тушиб қолиб ўлса ҳам, нажосат сабабли унинг таъми, ранги ва ҳиди ўзгармаса, у покдир, у билан инсон покланади ва ундан ичади. Бунда унга гуноҳ йўқ. Фақат агар ундан ичса, соғлом (одам)га зарар бўлади, дейилса, у (сувни) ичмайди, лекин таҳорат олаверади, бунда гуноҳ йўқ. Чунки (биринчидан,) қоида шуки, денгизларнинг барча сувлари покдир. Иккинчидан, ер устидаги барча сувлар покдир, агар уларнинг таъми, ёки ранги, ёки ҳиди нажосат сабабли ўзгармаса. Агар бир киши: “Очиқ-ойдин ҳиди бўлмаган ва ранги бўлмаган нажосат сувнинг ичига тушса ва у нажосат нисбатан олганда кўп бўлса, у сувни нажас қиладими?” деб айтса, биз айтамизки, ҳадиснинг зоҳири бўйича (бундай нажосат) сувни нажас қилмайди. Лекин уламолар, Аллоҳ уларни раҳматига олсин, айтадики, агар нажосатнинг ҳиди кучли бўлмаса, ранги сувнинг рангига мувофиқ бўлса, таъми эса ўзгармаса, у ўлчанади (тақдир қилинади). Агар унинг ранги сувнинг рангидан фарқ қилса, ва бу ўлчовдан сўнг сув ўзгаряпти деб (ҳисобланса), унда у нажас бўлиб қолади. Бу тақдир қилинган нажосатдир. Яъни, фараз қиламан, масалан, бу кичик идишдаги сувга бир киши бавл қилди (сийди), лекин унинг сийдигида ранг йўқ. Чунки инсонда кўп сийиш бўлса, унинг ранги ўзгармайди, ҳиди эса кучсиз бўлади. Мана шунда бу сувнинг поклиги ёки нажаслиги ҳақида ҳукм чиқаришимиз учун бу нарсанинг ранги сувнинг рангига хилоф қилишини тақдир қилишимиз (чамалашимиз) лозим бўлади. Агар биз шак қилсак (иккилансак), у шак қилинган (сув) бўлади, чунки агар сувга нажосат тушиб уни ўзгартирмаса, у покдир, бу ерда қийинчилик йўқ. Агар уни ўзгартирса, у нажасдир, бунда қийинчилик йўқ. Агар унинг ўзгарганлиги-ўзгармаганлиги ҳақида иккиланиш бўлса, у шак қилинган бўлади. Шак қилинган нарса эса аслга қайтарилади. Унинг асли эса покликдир. Аллоҳ билгувчироқдир.

Admin   10-21-2009, 11:00 PM
#5
4. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Бирортангиз турғун сувда жунуб ҳолида ғусл қилмасин””. Муслим ривоят қилди. Бухорий ривоятида эса: “Бирортангиз оқмайдиган турғун сувга бавл қилиб, кейин (у сувнинг) ичида чўмилмасин” дейилган. Муслим ривоятида эса “ундан (у сувдан чўмилмасин) дейилган. Абу Довуд ривоятида “унинг ичида жанобатдан ғусл қилмасин” дейилган.

Абу Ҳурайранинг ҳадисига келсак, бунда икки масала бор. Биринчиси, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсонни турғун сувда жунуб, яъни жанобат ҳолида ғусл қилишидан қайтаришлари: унинг кўлмак ёки шунга ўхшаш нарсада сув топиб, жанобатдан ғуслни ният қилиб ичига тушишидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтардилар. Бу қайтариқнинг сабаби (маъноси) шуки, агар бир киши унда жанобатдан ғусл қилса, бошқаси ҳам шундай қилса, кейин учинчиси, тўртинчиси – сув ифлосланиб ишлатишга яроқсиз бўлиб қолади. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ичида жанобатдан ғусл қилишдан қайтардилар. Жанобатдан ғусл қилиш вожибдир. Демак, жанобатдан унинг ичида ғусл қилишдан қайтарилган бўлса, унда покланиш ва ифлосликни кеткизиш учун ҳам унинг ичида ғусл қилиш йўқ. Бу (ҳукм) сув турғун бўлиб оқмаслигига тегишли. Агар сув оқадиган бўлса, унда ҳеч қиси йўқ. Масалан, инсон бир кўлмакда ғусл қилса, у кўлмак оқмайди, лекин унга ариқлар келиб ичига қуйилади ва оқади - бунда ҳеч қиси йўқ. (Абу Ҳурайранинг) иккинчи ҳадисига келсак, унда бошқа лафзлар бор: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Биронтангиз оқмайдиган турғун сувга бавл қилиб, кейин ичида ғусл қилмасин”. Бундан ҳам Росул соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтардилар: турғун, оқмайдиган сувга бавл қилиб кейин унинг ичида ғусл қилиш. Чунки бунда бир-бирига тескарилик бор: қандай қилиб сен сувни сийдик, нажосат ва ифлослик ўрни қилиб, кейин ундан ғусл қиласан? Бу ерда тескарилик бор. Бундан ташқари, инсон турғун сувга бавл қилса, кейин бошқаси келиб бавл қилса, учинчиси, тўртинчиси – бунда сув нажасланиб қолади. Муслим лафзида эса “кейин ундан (“минҳу”) ғусл (қилмасин) дейилган. “Фийҳи” (ичида) ва “минҳу” (ундан)нинг орасида фарқ шуки, ичида ғусл қилаётган ичига тушиб олади. Ундан ғусл қилаётган эса, ундан ҳовучлаб олиб у билан ғусл қилади. Иккаласи ҳам қайтарилган, чунки бунда бир-бирига тескарилик-зидлик бор. Абу Довудда эса: “Жанобатдан унинг ичида ғусл қилмасин” дейилган. Биз зикр қилганимиздек, бу ерда “жанобатдан” деб қайд қилиш ундан бошқа ғуслларни (қайтариқ доирасидан) чиқариш эмас. Лекин, агар (вожиб бўлган) жанобатдан ғусл қилиш қайтарилган бўлса, унда бошқа (ғусллардан қайтариқ) бундан-да авлороқдир.

Admin   10-29-2009, 10:24 PM
#6
5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга суҳбатдош (саҳобий) бўлган кишидан ривоят қилинади: “Аллоҳнинг Росули соллаллоҳу алайҳи васаллам эркакдан қолган сувдан аёлга, аёлдан қолган сувдан эркакка ғусл қилишдан қайтардилар ва икковини сувни бирга ҳовучлашларига буюрдилар”. Абу Довуд ва Насоий келтиришди, унинг санади саҳиҳ.

6. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (аёллари) Маймуна розияллоҳу анҳудан қолган сувдан ғусл қилдилар. Муслим келтирди. “Сунан” соҳибларида эса: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир аёллари бир идишда ғусл қилди. Кейин (пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам) келиб у сув билан ғусл қилмоқчи бўлдилар. Шунда ўша аёллари: “Мен (бу сувдан ғусл қилаётганимда) жунуб эдим” деди. (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Сув жунуб бўлмайди” дедилар. Термизий ва Ибн Хузайма саҳиҳ дейишди.

Кейинги ҳадисга келсак, “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан суҳбатдош бўлган бир кишидан” (дейилди). Бу мажҳул (номаълум кишидир), лекин саҳобийнинг номаълумлиги зарар қилмайди, чунки саҳобаларнинг барчаси ишончли, улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёлғон нисбат беришлари мумкин эмас. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл кишидан қолган сувдан эркак кишига ғусл қилишдан, ёки эркакдан қолган сувдан аёл кишига ғусл қилишдан қайтардилар ва икковини сувни бирга ҳовучлашларига буюрдилар”. Бу афзал ва машруъ (шариатда кўрсатилган)дир. Масалан, бир эркакда ва унинг аёлида бир идиш бўлса, эркак аёлдан олдин ғусл қилиб, кейин аёл келиб ғусл қилиши мумкин. Ёки аёл ғусл қилиб, кейин эркак келиб ғусл қилиш мумкин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтариқлари эса иршод (тўғри йўл кўрсатиш) қайтариғи, ҳаром қилиш қайтариғи эмас. Ҳамда ул зот бу икки ҳолатдан ҳам афзалроқ ҳолатга буюрдилар, у ҳам бўлса иккови сувдан ҳовучлаб олишларидир. Бу эркак идишнинг бир ёнига ўтиради, бу аёл эса бошқа ёнида ўтиради. Чунки бу сув учун тежамлироқ, қалб учун хотиржамроқ ва эр-хотин муҳаббати учун қаттиқроқдир. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга кўрсатма бердилар. Учинчи ҳадисга келсак, у Маймуна розияллоҳу анҳудан ривоят қилиндики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан қолган сувдан ғусл қилдилар. (Маймуна): “Мен (бундан ғусл қилаётганимда) жунуб эдим” деди. Ул зот: “Сув жунуб бўлмайди” дедилар. Бу эса биринчи (номаълум саҳобий) ҳадисидаги қайтариқ ҳаром қилиш учун эмас, балки фақат иршод ва афзаллик учундир. Аллоҳ тўғри йўл кўрсатувчидир.

Admin   09-15-2010, 09:04 PM
#7
Лой ва ўсимликлар билан лойқаланган сувлар билан таҳорат қилиш

Савол: Бир гуруҳ ошналар чўлга чиқиб, сув тўпланган кўл атрофида ўтирдик. Сув лой ва баъзи ўсимликлар билан лойқаланган эди. Намоз ўқиш учун шу сувда таҳорат қилинса бўладими?
Жавоб: Бундай сувдан таҳорат ва ғусл қилиниши ва ҳатто ичилиши мумкин. Чунки «сув» деган номи қолибди. У - бу билан пок бўлиб, тушган тупроқ ва ўсимликлар унинг поклигини йўқотмайди.
Аллоҳ муваффақият соҳибидир.

Admin   11-20-2010, 11:26 PM
#8
Ёнимда етарлича чучук сув бўла туриб, денгиз сувидан таҳорат қилсам бўладими?

Савол: Аллоҳ устингиздан савоблар ёғдирсин, қуйидаги саволимга фатво берсангиз: Денгиз сувидан намоз учун таҳорат олинса бўладими? Денгиз соҳилида турсам ва етарлича чучук сувим бўлса, шу сувим билан таҳорат қилишим керакми ёки денгиз сувидан таҳорат олсам бўлаверадими? Чунки, баъзилар: «Денгиз сувидан зарурат бўлсагина таҳорат олинади» дейишса, баъзилар: «Денгиз сувидан таҳорат олинмайди» демоқдалар. Аллоҳ умрингизни узоқ қилсин, менга жавоб берсангиз.
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари, пайғамбарининг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «У (денгиз)нинг суви – покловчи ва ўлимтиги – ҳалолдир» (Имом Аҳмад ривояти, 2/ 237, 361, 378, 392; Абу Довуд ривояти, ҳадис № 83; Насоий «Мужтабаа» 1/ 44, 144 (ал-Мактабул Исламий нашриёти); Имом Молик «Муваттоъ», 26; (Нафоис нашриёти, Байрут) Ибн Можжа, ҳадис №№ 386, 387, 388) деб айтган ҳадисларига кўра, денгиз сувидан таҳорат олишингиз жоиздир. Бунинг учун ёнингизда таҳорат қилишингиз мумкин бўлган чучук сувнинг борлиги ёки йўқлигининг аҳамияти йўқдир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Admin   02-17-2011, 12:51 PM
#9
Сув турлари

Савол: Сув турлари ҳақида баҳс бўлди. Баъзилар: «Сув икки турга: пок ва ифлос сувларга бўлинади» деса, бошқалар: «Сув уч турга: пок, покловчи ва ифлос сувларга бўлинади», деди. Саволим шу: «Буларнинг қайси бирлари тўғри айтаяпти?». Сиз жанобларидан бу масалага ойдинлик киритшингизни сўрайман.
Жавоб: Тўғриси – мутлақ сувлар икки қисм: пок ва ифлос сувларга бўлинади. Аллоҳ таоло айтди:
«... ва биз осмондан пок сув ёғдирдик» (Фурқон: 48);
«Ўшанда хотиржам бўлишингиз учун сизларни Ўз тарафидан уйқуга чўмдирган ва поклаб, сизлардан шайтон васвасасини кетказиш учун дилларингизни бир ва қадамларингизни маҳкам қилиш учун устингизга самодан сув — ёмғир ёғдирган эди» (Анфол: 11).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дарҳақиқат сув – покдир ва уни бирон нарса ифлос қила олмайди» - деган эдилар. Бу ҳадисни Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Насоийлар саҳиҳ (ишончли) санад билан нақл қилдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган гапларидан мақсадлари: Таъми, ҳиди ёки ранги тушган нажосатлар сабабли ўзгарган сувлар бундан мустаснодир. Агар нажосат тушса, бу сув - ифлос сувлар қаторида бўлади. Бироқ, мева сувлари, дарахт япроқлари ёки шуларга ўхшаш бирон нарса тушса, бундай сувлар ифлос сувга айланмайди. Балки, «сув» деган номи қолар экан, ўз поклигини йўқотмайди.
Ўзига тушган нарса сабабли «сув» деган номини йўқотиб, «сут», «қаҳва», «чой» ва бошқа нарсаларга айланган бўлса, у «сув» номидан чиқади ва «сув»дан бошқа ном билан аталади. Бироқ, у – шу нарсалар билан аралашган бўлишига қарамай пок бўлиб, ифлос бўлмайди.
Аммо чекланган – муқайяд сувлар, масалан: (ачитилмаган) гул суви, узум суви ва анор суви «пок» деб аталиб, «покловчи» деб аталмайди. Бу сувларни истеъмол қилиш билан на кирликдан ва на нажосатлардан покланиб бўлади. Чунки, улар муқайяд-чекланган сув бўлиб, мутлақ сув эмасдир. Сув билан покланишга далолат қилган шаръий ҳужжатлар, бу сувларни ўз ичига олмайди. Шариат «поклайди» деб ёмғир, денгиз, дарё ва булоқ сувларини тавсифлаб берган.
Аллоҳ муваффақият соҳибидир.

Admin   05-03-2011, 09:08 PM
#10
Ҳовузга сувлар тўпланиб, ичида қуртлар пайдо бўлди

Савол: Ёмғир сувлари тўпланадиган ҳовуздан одамлар таҳорат қиладилар. У сувдан ичиб кўрилса, унда қуртлар юрганини кўриш мумкин. Бу қуртлар сувнинг эски эканига далолат қилади. Айтингчи, шу сувдан таҳорат қилса бўладими?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари, пайғамбарининг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Агар бу сувнинг таъми, ҳиди ва рангги бирон бир нажосат туфайли ўзгармаган бўлса, пайдо бўлган қуртлар унга зарар бермайди. Чунки, улардан қутилиш қийиндир. Қийин бўлгани учун рухсат берилиб, у сувдан таҳорат олинса бўлаверади.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Pages (2): 1 2   
  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.