Admin   09-14-2009, 12:42 AM
#1
Шайх Абдулазиз Оли Шайх АҚШда 11 сентябр куни содир
бўлган террорчилик ҳаракатлари ҳақида

Оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Набий ва расулларнинг энг шарафлисига, унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Бизга АҚШда 11 сентябр куни бўлиб ўтган воқеалар ҳақида сон-саноқсиз саволлар келиб тушмоқда.

Quote:Эслатма: 11 сентябр куни Америкада икки минора портлатилганида кўпгина мусулмонлар жуда хурсанд бўлганлари ҳеч кимга сир эмас. Бу ўша хурсанд бўлганларнинг Ислом ҳақидаги тушунчалари бузуқ ва нотўғри эканлигига далолат қилади. Наҳотки ҳақиқий мусулмон бирор ким зино қилишига ёки маст қилувчи ичимлик ичишига хурсанд бўлса?! Албатта йўқ! Ундай бўлса қандай қилиб зино ва маст қилувчи ичимлик ичишдан гуноҳи оғирроқ бўлган ноҳақ қотилликдан хурсанд бўлса?! Имом Нававий айтадилар: «Бизнинг тарафдорлар айтардилар: «Ширкдан кейин энг катта гуноҳ бу қотилликдир!»» (Қаранг: «Шарҳ Саҳиҳ Муслим» 2/262).
Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонларни ўлдирмангиз, магар ҳақ билан (яъни қасос олиш учун ёки муртад бўлгани, ёки зино қилгани учун шариат ҳукми билан ўлдиришингиз мумкин). Шояд ақл юргизарсиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди» (Анъом: 151).
Асос шуки, мусулмон ёки кофир бўлишидан қатъий назар, ҳар бир инсоннинг қонини тўкиш ҳаромдир. Магар шариат ҳаққи бундан мустасно. Мусо пайғамбар воқеасини эсланг. У пайғамбарлик рисолатидан аввал қибтийни ўлдириб қўяди. Аллоҳ таоло айтади:
«(Кунлардан бирида Мусо) шаҳарга унинг аҳолиси ғафлатда бўлган (пешин) пайтида кирган эди, унда икки киши урушаётганини кўрди. (Улардан) бири ўз гуруҳидан (яъни Бани Исроил қавмидан) ва бири душма-нидан (яъни Қибтийлардан) эди. (Бас Мусонинг) гуруҳидан бўлган киши ундан душман томондан бўлган кимсага қарши ёрдам сўради. Шунда Мусо бир мушт уриб уни ўлдириб кўйди. (Сўнг қилиб қўйган ишидан пушаймон бўлиб), деди: «Бу шайтоннинг ишидандир. Албатта у йўлдан ургувчи очиқ душмандир». (Кейин Аллоҳга илтижо қилиб), деди: «Парвардигорим, дарҳақиқат мен ўз жонимга жабр қилиб қўйдим. Энди Ўзинг мени мағфират қилгин»» (Қасас: 15-16).
Шунингдек шафоат ҳақидаги ҳадисда айтилишича, инсонлар Қиёмат куни Мусо пайғамбар олдига боришганида айтадилар: «Парвардигорим бугун ҳар қачонгидан кўра қаттиқроқ ғазабланганки, илгари сира бунчалик ғазабланмаган. Мен ўлдирилиши буюрилмаган одамни ўлдирганман» (Бухорий ривояти, ҳадис № 4712).
Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Асос шуки, Одам боласининг қони (га тажовуз қилиш) ҳаром ва ножоиздир, магар ҳақ билан бўлса бундан мустасно. Ўша асосга биноан, Ислом аввалида кофирларнинг қони ҳаром эди. Худди Мусо ўлдириб қўйган қибтийнинг қони ёки бугунги кунда даъват етиб бормаган одамнинг қони ҳаромлигига ўхшаш. Мусо (қибтийни) ўлдиргани унга икки дунёда гуноҳ саналди. Ваҳоланки у одамни беихтиёр ўлдириб қўйган эди» (Қаранг: «ас-Саримул-маслул» 2/210).

Одамлар «Бу ҳодисаларга шариатнинг ҳукми қандай ва Ислом дини бу каби ҳаракатларни оқлайдими» каби саволлар билан мурожаат қилишмоқда.
Аллоҳдан ёрдам сўраган ҳолда мен айтаманки: Аллоҳ Исломни одамларга юбориб, уларга марҳамат кўрсатди. У ушбу динни мукаммал шариат орқали гавдалантирди. Бу шариат ҳар замон ва маконга яроқли, алоҳида шахс ва жамиятнинг ҳолатини яхши тарафга ўзгартиришга қодир, тўғрилик, адолат ва саховатга чақирувчи шариатдир. Бу шариат ширк, ёвузлик, адолатсизлик ва хиёнатни тарк қилишга ундовчи шариатдир. Аллоҳ бизни ушбу динга йўллагани, бу диннинг эргашувчилари ва ҳимоя қилувчиларидан қилганлиги, унинг буюк неъматидандир. Шунинг учун шариат кўрсатмаларига итоатли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашувчи ва диндаги бирор кўрсатмадан оғишмаган мусулмон дунёю охиратда саломат қолади.
АҚШдаги минглаб инсонларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган фожеа, шубҳасиз шариат қоралайдиган амаллар сирасига киради. Бу Исломга умуман алоқаси бўлмаган ва унинг шаръий асосларига зид бўлган ишлардир. Фикримизни қуйидаги кўрсатмалар тасдиқлайди:
1. Аллоҳ таоло зулмдан қайтарди. Зеро еру осмон адолатга таяниб туради. Инсонларни пайғамбарлар ва самовий китоблар адолатга даъват қилишган. Аллоҳ таоло айтади:
«Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюрур ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтарур. У зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилур» (Наҳл: 90).
Аллоҳ таоло бошқа оятда айтади:
«Қасамки, Биз Ўз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжат-мўъжизалар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон-тарози туширдик» (Ҳадид: 25).
Адолати комил бўлган Аллоҳ, гуноҳкорнинг юкини бошқасига юклаш мумкин эмаслигини ҳукм қилди:
«Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас» (Анъом: 164).
2. Аллоҳ таоло ўзига зулмни ҳаром қилди ва уни бандалари орасида ҳаром қилганини эълон қилди. Ҳадис қудсийда ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло айтади: «Эй бандаларим, Мен Ўзимга зулм қилишни ҳаром қилдим ва сизларнинг ўртангизда ҳам зулм қилишингизни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилмангиз!» (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 2577). Бу буйруқ мусулмон ёки кофир бўлишидан қатъий назар, барча бандаларга тааллуқлидир. Шундай экан ҳеч кимнинг бировга зулм қилиши жоиз эмас. Бирор кимса адоват ва нафрати сабабидан зулм қилмаслиги керак.
Аллоҳ таоло айтади:
«Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин!» (Моида: 8).
Шунинг учун ҳам душманлик ва нафрат хисси зўравонлик ва адолатсизликка шаръий асос сифатида хизмат қила олмайди.
Шунга кўра, барча давлат ва миллатлар, Исломни қабул қилган-қилмаганлигидан қатъий назар қуйидагиларни билиб олишлари лозим:
1. АҚШда содир бўлган самолётларни ўғирлаш, осойишта халқни қўрқитиш ёки бегуноҳ инсонларни ўлдириш каби ҳаракатлар адолатсизлик ва зулмнинг айни бир туридир. Шариат бу каби ҳаракатларни нафақат оқламайди, балки таъқиқлайди ва энг оғир гуноҳлардан ҳисоблайди.
2. Ўз дини қонунларидан хабардор, Қуръон ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари кўрсатмаларига амал қилувчи мусулмон бу каби хатти-ҳаракатлардан ўзини олиб қочади. Чунки бу ишлар инсонни Аллоҳнинг ғазабига дучор қилади ва зарарлар келтиради.
3. Мусулмон уммати уламолари бу каби воқеаларнинг асл моҳиятини кўрсатишлари шарт. Улар бутун оламга бундай ишларга нисбатан шариатнинг тутган йўли ва Ислом дини бу каби ҳаракатларни умуман оқламаслигини тушунтиришлари лозим.
4. Оммавий ахборот воситалари ортида туриб фитна тарқатиш, Ислом ва мусулмонларни одамларнинг қалбида уларга нисбатан душманлик хиссини уйғотиш мақсадида мусулмонларга қарши айбловларни олиб чиқиб, ҳақ динни қоралаб, унга алоқаси бўлмаган нарсаларни нисбат бераётганлар эс-хушларини йиғиб олсинлар. Улар ҳар қандай одил ва оқил, ўз дини кўрсатмаларидан хабари бор инсонга бу каби айбловларни қўйиш мумкин эмаслигини тушунсинлар. Чунки асрлар мобайнида Ислом динида бўлган халқлар доимо инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишган. Зулм ва зўравонликдан тийилишган.
Барча айтилганлар ҳақиқатни равшан қилади ва тушунмовчиликларни бартараф қилади. Аллоҳдан бизга ҳикмат ато этишини, тинчлик йўлига йўллашини, динига қувват беришини ва сўзини олий қилишини сўрайман. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммадга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

Quote:Оммавий ахборот воситаларининг тинимсиз равишда одамларни «Бу террорчилик ҳаракатларини «ваҳҳобийлар» деб аталмиш гуруҳ тарафидан режалаштиралаябти» деб адаштираётганлари ажабланарли ҳолатдир. Эътиборингизга Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб даъватининг асл моҳиятини тушунган, «ваҳҳобийлар» деб аталмиш давлатнинг муфтийси сўзлари келтирилди. Шайх Абдулазиз Оли Шайхдан аввал ўтган собиқ Саудия Арабистони муфтийси - шайх Ибн Боз ва унинг атоқли шогирди – шайх Ибн Усаймин ҳам худди шу сўзларни айтишган эди. Нега уларнинг барчалари бу каби ҳаракатларни таъқиқланганини эътироф этишган?! Чунки Исломнинг асл ҳукми шундайдир. Бу масалани ёритиш учун холисона ва олдиндан янглиш муносабатда бўлмай ёндашиш лозим. Ушбу «ваҳҳобийлик» ва экстримизм деб номланмиш икки тушунча орасидаги аниқ чегарани белгилаб олиш керак. Ушбу сўзлар бир-бирига синоним эмаслигини тушуниб олиш лозим. Катта Энциклопедия Луғати таърифига биноан «Экстримизим – энг қаттиқ мулоҳаза, чорага берилганлик (одатда сиёсатда қўлланилади)», «Ваҳҳобийлик – диний-сиёсий оқим, исломни (диний янгилик - бидъатлардан) тозалаш ва содда аҳлоқ учун курашувчилар» дея таърифланган (Қаранг: Катта Энциклопедия Луғати, А.М. Прохорова таҳрири).
«Ваҳҳобийлик» атамасига келсак, РАН Африка Институти директори ва «Бугунда Осиё ва Африка» журнали бош муҳаррири А.М. Васильев ўзининг «Саудия Арабистони тарихи» китобининг иккинчи бобида ёзади: «Ваҳҳобийлик – ушбу ижтимоий фаолиятга душман ёки араб бўлмаган (ажам) лар томонидан қўйилган номдир».
Бошқа тарафдан қаралганда, кейинги савол ўринли бўлади: Барча ҳаракатларнинг сабаби «ваҳҳобийлик» бўлса, нега унда улар «ваҳҳобийлик» давлатини ларзага солишни тўхтатишмаябти (яъни, террорчилик ҳаракатлари Саудия Арабистонида содир бўлиши давом этаётгани назарда тутилмоқда)?! Жавоб шуки: Ўша «ваҳҳобийлик» деб номланувчилар ушбу жирканч жиноятларга умуман алоқалари йўқдир. Бу ерда тушунарли ва очиқ айтиш керакки: Ҳозирги кундаги «террорчилик» намоёндаларининг манбасини адашган тоифа мафкураларидан излаш лозим.

http://tavhid.com/kitoblar/manhaj/1109-a...-oli-shayx
Admin   09-14-2009, 01:17 AM
#2
Саудия Арабистонининг собиқ бош қозиси шайх Солиҳ ал-Луҳайдон, 11 сентябр куни АҚШдаги террорчилик ҳаракатлари ҳақида

Нима бўлганда ҳам Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Раҳмати ила эзгуликни олий қилувчи Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Барчасини олдиндан тақдир қилган ва белгилаб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Фикрий ихтилофларга сабаб бўлган АҚШдаги фалокатли воқеа хусусида одамлар бизга ва бир-бирларига кўп саволлар беришмоқда. Улар бу каби ҳодисалар шариат нуқтаи назардан қандай баҳоланишини билиш истагидалар.
Шубҳасиз Ислом шариати барча масалаларни қамраб олган диний қонуниятдир. У ҳар қандай ҳодисага нисбатан қўллашга яроқли, ҳар бир муаммонинг ечими мавжуд бўлган йўлдир. Шариат ҳар қандай фалокат ва унинг миқёси хусусида ҳукм чиқариш имконини беради. Яқинда содир бўлган воқеа шулар жумласидандир. Кўпинча одамлар «бу каби ҳодисаларга шариатнинг муносабати қандай, шариат бу каби ҳаракатларга рухсат берадими, мусулмон уламолари ушбу амалларни оқлайдиларми» каби саволларни беришади.
Бу каби ҳодисаларга нисбатан исломнинг муносабати ҳақида нима дейишимиз мумкин?
Мусулмон уламолари бўлиб ўтаётган барча ҳодисалар ҳақида фикр билдиришлари шарт. Улар мусулмон ва номусулмонларга етган мусибатларга шариатнинг муносабатини тушунтириб беришлари лозим.
Шубҳасиз бўлиб ўтаётган барча ҳодисалар Аллоҳнинг қазо ва қадари билан содир бўлди. Шариатни ҳар қандай ҳодисага нисбатан қўллаш мумкин. Доноларнинг доноси ва меҳрибонларнинг энг меҳрибони бўлган Аллоҳ адолатли ҳакамдир. У ўзига ўзи зулмни ҳаром қилди ва бандалари орасида ҳам ҳаром қилганини эълон қилди. Ҳадиси қудсийнинг бирида ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло шундай деди: «Эй бандаларим, Мен Ўзимга зулм қилишни ҳаром қилдим ва сизларнинг ўртангизда ҳам зулм қилишингизни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилмангиз!» (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 2577).
Қачонки айбсиз зўравонликка йўлиқса ва ҳеч қандай жиноят қилмаган ўлдирилса, мана шу зулмдир. Нафақат инсонларга, балки Жинларга ҳам юборилган ғамхўр ва раҳмли пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга ўзларининг кўрсатмаларини бердилар. Улар ҳарбий юриш ва жанговор ҳаракатларда иштирок этганлар. Жангчиларни ҳарбий юришга тайёрлар эканлар, айтардилар: «Ёш бола, аёл киши, мункиллаб қолган қария ва ибодатхонасидаги роҳибни ўлдирманглар» (Имом Муслим ривояти). Демак Ислом фақатгина ўлдираётган, урушаётган ва мусулмонларга ҳужум қилаётганларни ўлдиришга рухсат беради.

Quote:Изоҳ: Имом ибн ас-Солаҳ айтади: «Кофирлар ер юзида яшашлари жоизлиги асос ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло махлуқларининг қирилиб кетишини истамайди ва уларни ўлдириш учун яратмаган! Дарҳақиқат Аллоҳ уларни фақатгина улардан етиши мумкин бўлган зарар сабабидангина ўлдиришга рухсат берган. Аллоҳ уларни ўлдиришни куфрларига жазо деб белгиламади! Чунки бу дунё жазо дунёси эмас. Амалларнинг жазоси Қиёмат куни бўлади. Агар кофир мусулмонлар ҳукмронлиги остига кирса ва бизнинг қоидаларимизга риоя қилса, биз ундан турмуш ҳаётимизни яхшилашда фойдаланамиз. Бундай ҳолатда бизда уни ўлдиришимизга сабаб қолмайди. Қилмишларининг жазоси эса Аллоҳнинг ҳузуридадир. Чунки кофирлар мусулмонлар юртига келганларида Аллоҳ уларнинг фитратида яратган нарсани кўриб қолишлари мумкин-ку. Агар иш шундай бўлса: «Кофирларни ўлдириш асос ҳисобланади» дейиш мумкин эмас!» (Қаранг: «Фатава Ибн ас-Солаҳ» 224).
Шайхулислом ибн Таймия «Одамлар билан улар то «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтмагунларича урушишга буюрилдим» ҳадиси хусусида айтадилар: «Бундан «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам барчани кетма-кет ўлдиришликка буюрилдилар ва асл мақсад шу эди» деган хулоса келиб чиқмайди. Йўқ! Дарҳақиқат бу Қуръон, суннат ва ижмоъга зиддир! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бундай йўл тутмаганлар. Сийратларидан маълум бўлишича улар тегмаганга тегмаганлар» (Қаранг: «Қоида фи қитал ал-куффар» 117).
Шунингдек Шайхулислом ибн Таймия айтадилар: «Дарҳақиқат, кофирлар билан ягона сабабдан жанг қилинади, у ҳам бўлса урушдир! Бу жумҳур уламоларнинг фикридир. Қуръон ва Суннат ҳам шунга далолат қилади!» (Қаранг: «ан-Нубуват» 140).
Шайхулислом ибн Таймия яна айтадилар: «Дарҳақиқат, бу дунёдаги жазо гуноҳнинг катта ёки кичиклигидан бўлмайди. Чунки бу дунё жазо дунёси эмас. Жазолар дунёси, у (охират) дунёсидир. Бироқ бузғунчилик ва адоватни таъқиқлаш учун бу дунёда жазоланиш қарор топган. Аллоҳ таоло айтганидек:
«Ана ўша (фожеа) сабабли Бани Исроил зиммасига (шундай фармонни) ёзиб қўйдик: кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гуё барча одамларни ўлдирибди» (Моида: 32). Малоикалар Аллоҳга айтдилар:
«У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми?» (Бақара: 30).
Малоикалар зикр қилган ушбу икки нарса Аллоҳ Бани Исроилнинг зиммасига жазо битилишига сабаб бўлди. Ахир жизя тўловчи кофирга мусулмонлар диёрида яшашига рухсат берилдику. Ваҳоланки барча мусулмонларнинг фикрича уларнинг гуноҳлари, яъни иймонни тарк қилишлари, ўлимга ҳукм қилинадиган зинокор ва қотилнинг гуноҳидан оғирроқдир. Абу Ҳанифанинг фикрича, кофир билан унга бўлган душманлик сабабидан жанг қилинади. Агар у урушмаса, у билан урушилмайди. Шу сабабдан ҳам жизя нафақат аҳли китоблардан, балки бутпарастлардан ҳам олинади. Бунга имом Молик ва бир фикрларида имом Аҳмад иқрор бўлишган»
(Қаранг: «Мажмуъул-фатава» 20/101).
Аллома Ибн ал-Қоййим айтганлар: «Ўлдиришга уруш сабабидан рухсат берилади, куфр сабабидан эмас! Айни шу сабабдан ҳам жангда иштирок этмайдиган аёллар, гўдаклар, шартнома асосида яшовчилар ва роҳибларни ўлдиришдан қайтарилган! Чунки биз, биз билан урушаётганлар билан урушамиз!» (Қаранг: «Аҳкаму аҳли-зимма» 1/27).

Шунинг учун ҳам бу каби кўкрак сутидан ажрамаган гўдаклар ва аёллар, қария эркак ва қария аёллар, касал ва соғломлар қурбони бўлаётган, мулк ва мулкдорга зарар келтираётган жиноятлар, улкан жиноят ва катта гуноҳ ҳисобланади. Шариат уларни ерда бузғунчиликни ёйиш, экин ва чорваларнинг болаларини қириб ташлашга тенглаштирди. Ваҳоланки Аллоҳ ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу каби ишларни таъқиқлашган. Ривоят қилинишича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанг майдонида ўлган аёлни кўриб: «У билан урушмаслик керак эди» дедилар (Имом Абу Довуд ривояти). Бу у аёлни ўлдириш қатъий ман қилинганига далолат қилади.
Мусулмон учун ҳатто душманига адолатсиз равишда етган мусибат учун хурсанд бўлиши тўғри бўлмайди. Чунки адолатсизлик номақбул ишдир. Жазога нолойиқ кимсага нисбатан душманлик қилиш эса таъқиқланган ва жирканч амалдир.

Quote:Имом ал-Изз ибн Абдуссаломга савол берилди: «Агар душман ноҳақ ва хоинона ўлдирилса, инсон бунга хурсанд бўлиши жоизми? Ёки бу ишга хурсанд бўлиш, гуноҳ ишга хурсанд бўлишдек гапми?» Улар жавоб бердилар: «Агар инсон душманига нисбатан Аллоҳга осийлик қилинган бўлса, унинг хурсанчилиги жирканчлидир. Агар унинг хурсандчилиги душмани тарафидан содир бўлаётган ёмонликдан халос бўлгани, одамлар золим ва шафқатсизлигидан халос бўлганлари учун бўлса ва бу хурсандчилик қотиллик сабабли Аллоҳга осий бўлгани учун бўлмаса, бундай хатти-ҳаракатнинг ножўя жойи йўқ» (Қаранг: «Қаваидул-аҳкам» 2/397).

Энди кўпчилик гувоҳлигида, кенг овоза бўлган ва бу ишни кўрганларда қўрқув хиссини уйғотган жиноят ҳақида нима дейиш мумкин?! Қандай қилиб бу ҳаракатларни мусулмонлар оқлашади дейиш мумкин?!
Бўлиб ўтган ишларга нима деб баҳона ўйлаб топишмасин, уларнинг баҳоналари номақбулдир. Агар бу каби ҳаракатларни Ислом мезони билан баҳоланса, уларни оқлаш мумкин эмас. Аллоҳ таоло мусулмонларга хитоб қилиб Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
«Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир» (Моида: 8).
Адолатга еру-осмон таяниб туради. Оммавий жазолашга келсак, унинг адолатга ҳеч қандай алоқаси йўқ ва фақатгина адолатсизлик, зўравонлик ва жирканч амал сифатида қайд этилади. Биргина айбсиз инсонни ўлдириш улкан гуноҳ ҳисобланар экан, кўпчиликни ўлдириш қанчалик оғир иш эканлиги ҳақида нима дейиш мумкин?!
Мусулмон кишининг онги ушбу кўпчилик гувоҳи бўлган даҳшатли воқеани оқлаши мумкин эмас. Ушбу жиноятни амалга оширганларнинг баҳоналари ҳеч қанақаси ҳисобга олинмайди, ҳатто улар исломий муҳит ва мусулмон давлатда вояга етган бўлсалар ҳам. Шариат бу каби ҳаракатларни хатарли жиноятлар қаторига киритишини таъкидловчи уламоларнинг сўзларигина аҳамиятлидир.
Саудия Арабистони Қироллигига самолётларни ўғирлаш ҳақидаги хабарлар илк бора етиб келганда, улар орасида бир дона ҳам Саудия самолёти йўқ эди. Бу давлат уламолари йўловчиларнинг мусулмон ёки номусулмон бўлишидан қатъий назар бундай ҳаракатлар таъқиқлангани ҳақида фатво чиқаришган эди. Уламолар бу каби адолатсизликни ҳаром деб ҳисоблашди. Сабабсиз зўравонлик ва инсонларни қўрқитиш эса улкан разиллик ва бузғунчиликлар сирасига киради.
Саудия Арабистони Қироллиги исломий давлат ва шариатга эргашувчи сифатида бу каби ҳаракатларни ва бу ишни қилганларни қоралашганлигининг ажабланарли жойи йўқ. Ушбу давлат ҳар қандай йўл тутганда ҳам, бу ишлари Исломга зид бўлмаслиги керак. Бу дегани ушбу давлат қарорларида бундай ҳаракатларни қоралаши, дин кўрсатмаларига таянишига ва Ислом нуқтаи назаридан фикр билдираётганига далолат қилмоқда. Модомики ушбу давлат худудида мусулмонларнинг икки ҳарами жойлашган экан, модомики Ислом рисолати айни шу ердан тарқалган экан, унинг бу каби жирканч ҳаракатларни оқламаслиги, бу ишларни қилаётганларга танбеҳ бериши ва ушбу ҳаракатлар ортида турган жиноятчиларни яширувчи ёки уларни оқловчиларни қоралашига қандай ажабланиш мумкин?!
Ислом динига эътиқод қилган, шариат мақсадларидан хабардор, шариат Аллоҳнинг бандаларига қанчалик раҳмдил ва ҳамдард эканлигини билган инсон бу каби ҳаракатларни энг жирканч ва инсонларга энг катта зарар келтирувчи иш деб билади.
Мен ушбу чиқишга розилик беришимдан аввал менга кўпгина саволлар берилди. Одамлар Қозилар маҳкамаси бошлиғининг сўзини эшитишни исташаётгани ва уларнинг кўпчилик эканлигини эътиборга олган ҳолда, Саудия Арабистони Қироллиги адлия идоралари нуқтаи назарини билдириш мақсадида кўпчилик олдида чиқиб гапирмоқликни лозим деб топдим. Мен шуни эълон қиламанки:
Бу каби ҳаракатлар қораланишга лойиқдир. Бироқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Жиноятга фақатгина жиноятчи айбдор» (Термизий, Ибн Можа ривояти), деган сўзларини унутмаслигимиз керак. Бу дегани бирор ким жиноятга қўл урса ёки жамиятнинг маънавий негизларини оёқости қилса, жавобгарликни фақатгина ўзи тортади ва бошқаларни бунда айбламаслик лозим.
Мен ушбу камера олдида чиқиш қилишимдан аввалроқ бир газета муҳбири саволига жавоб берар эканман, ушбу ҳаракатларга ҳеч қандай оқлов йўқлигини тушунтирдим. Бу ишлар фақатгина нафрат, бу каби ҳаракатларни оқламаган ва мақтамаган мусулмонларга қарши қаратилган қасос олиш ҳаракатларига олиб боради. Бироқ адолат ва фаросат ҳар ким ўзининг гуноҳи учунгина жавобгар бўлиши кераклигини талаб қилади. Маълум бир шахс ёки маълум бир гуруҳ инсонлардан бировнинг гуноҳига жавоб беришни талаб қилмаслик керак. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Жиноятга фақатгина жиноятчи айбдор». Қуръонда ҳам айтилган:
«Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас!» (Нажм: 38).

http://tavhid.com/kitoblar/manhaj/11-09-solih-luhaydon
Admin   02-15-2011, 05:37 PM
#3
Шайх Солиҳ Суҳаймийдан сўрашди: ««Биз аз-Зарақовийни яхши кўрмаймиз ҳам, ҳақорат ҳам қилмаймиз. Чунки у аҳли илмлардандир» деб айтаётганларга бизнинг муносабатимиз қандай бўлиши лозим?»
Шайх жавоб берди: «Баъзи жойларда гаплари тарқалган ушбу даъватчилар сабабидан бирлари адашди, бошқаси хиёнатга учради ва учинчилари ўлдирилди. Қанчадан қанча мусулмонлар адолатсиз ва душманона ўлдирилди. Яна, қони ҳаром қилинган, мусулмонлар билан аҳди бўлган кофирларни гапирмаса ҳам бўлади! Бу сўзлар ва жоҳилларнинг гапираётган нарсалари сизни адаштирмасин!
Мен сиздан сўрайман: Унинг (Зарақовийнинг) устозлари ким?! У мусулмонларга қотиллик ва вайроналикдан бошқа нима қолдирди?!
Ҳеч нарса! На у, на Усома бин Ладин, на улардан бўлган бошқа даъватчилар (ҳеч нарса қолдирмадилар)!...
Аллоҳга қасамки, 11 сентаябр воқеаси содир этилишидан аввал Ислом ёйилаётган эди. Ушбу воқеа содир этилмасидан икки ҳафта олдин мен Америкада, Филаделфияда исломий семинарда (давра) эдим. Одамлар Аллоҳнинг динига тўдалашиб кираётган эди! Бу ҳолат Америка, Британия, Ҳиндистон, Хитойда бўлаётган эди, диний мактаблар очилаётган эди...
Буларнинг барчаси қани энди?! Қани ўша ўқув масканлари?! Улар борми?! Йўқ!...

Ҳозир ғарб мамлакатларидаги мусулмонлар бошларини юқори кўтариб юрганларидан кейин, бошларини қуйи қилиб юришибди, ҳижоблар ечилди. Баъзи инсонларнинг бу воқеа (11 сентябр) одамларнинг Исломга қизиқа бошлашига ва уни қабул қила бошлаганларига сабаб бўлди деган баёнотлари сизларни адаштириб қўймасин. Аллоҳга қасамки, бу ёлғон! Ҳозир Америкадаги 150 та даъватчи биродарларимиз шу ерда, улар ҳозир Маккадалар, шайхлардан икки ҳафтадан бери илм талаб қилмоқдалар. Бир ҳафта Маккада ва бир ҳафта Мадинада бўлдилар. Улар Умрага келишди. Мана ўшалардан сўранг у ерда нима бўлганини. Уларнинг барчаси толиби илм, уларнинг барчаси ҳозир Маккада. Филаделфияда ҳижобли аёллар жуда кўп эди. Ҳозир эса у шунчаки ҳижоблари ечилган шаҳар ва бор нарса йўқ бўлди. Бунга сабаб ҳаворижлар!...
Илмни илми бордан олиш керак. Бу одамларга келсак (Зарақовий ва Бин Ладин кабиларга), бизнинг уларда ҳожатимиз йўқ! Уларнинг баъзилар ҳаётдан кўз юмиб бўлган ва биз унинг Роббиси ҳузуридаги хотимаси қандайлигини билмаймиз. Бироқ у сабабли бирорта мусулмон фойда кўрмади, аксинча, улар Исломга зарар келтирдилар ва уларнинг зарарининг мавжудлиги тўхтамаган.
Ҳақиқий уламоларга эргашинг, уларни зиёрат қилинг. Чунки илм, унга эришиш учун интилиш орқали эгалланади. Илм – бу эҳтирослар эмас! Илм – бу нашидлар эмас! Илм – бу театр саҳналари эмас! Илм бу дискларга ёзилган оддий овозлар эмас! Илм – уни уламолардан бевосита эгаллашдир!
Аллоҳ айтади:

«Қачон уларга (жангга кетган мусулмон аскарлар ҳақида) тинчлик ёки хавф-хатар (яъни ғалаба ёки мағлубият) хабари келса, уни ёйиб юборадилар. Агар (улар ўзларига келган хабарни ҳар кимга ёйиб юрмасдан) пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларгагина етказганларида эди, уни (яъни мана шу хабарнинг ҳақиқатини) билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлар эдилар» (Нисо: 83)» («Ан аз-Зарақавий ва Бин Ладин»).
http://www.alsoheemy.net/play.php?catsmktba=1016
Юклаб олиш
[mp3]http://tavhid.com/downloads/fatvolar/adashgan_toifalar/audio/M006_suhaymiy_zaraqoviy_bin_ladin_haqida.mp3[/mp3]

  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.