Муслима аёл ва унинг Исломдаги ўрни
Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Бутун оламлар Робби бўлмиш Аллоҳга ҳамду санолар ва расулларнинг энг шарафлиси бўлмиш Муҳаммадга, унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Аммо баъд ...
Исломдаги аёл ва қизларнинг ўрни жуда ҳам юқори, буюк ва уларнинг ҳар бир мусулмон ҳаёти учун таъсири жуда каттадир. Дарҳақиқат, муслима аёл ҳақгўй жамият қуришдаги бошланғич ўқитувчидир.
У Қуръоннинг ҳидояти ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари кетидан эргашади. Қуръон ва суннатга содиқлик кишини, хоҳ аёл бўлсин, хоҳ эркак, адашишдан сақлайди. Баъзи бир халқларнинг тўғри йўлдан адашишлари ва нотўғри йўлга кириб кетишлари Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ва Унинг пайғамбарлари алайҳиссаломлардан узоқда бўлганидан бошқа сабаб орқали келиб чиқмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
“Мен ўзимдан кейин иккита масала (нарса) қолдириб кетаяпман: Қуръон ва менинг суннатим. Кимки шуларни қаттиқ ушласа қоқилмайди (адашмайди)” (Ҳасан ҳадис, Молик ал-Муватто (2/899) ва Ҳоким (1/93), Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят).
Муслима аёлнинг мавқеи - хоҳ хотинлик, опа-сингиллик, қизлик ва хоҳ унга берилиши керак бўлган ҳуқуқлар ёки ундан талаб қилинадиган ҳуқуқлар тарзида бўлсин, Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида яққол тушунтирилган.
Унинг (аёлнинг) муҳимлигининг сири унга юкланган улкан бир юк, жавобгарлик, елкасига қўйилган қийинчиликлар ва ҳатто эркаклар ҳам бардош бера олмайдиган синовлар тагидадир. Шунинг учун оналарга меҳр-муҳаббат кўрсатиш, улардан миннатдор бўлиш ҳар бир киши учун зарурдир ва шу масалада улар ҳар доим отадан биринчи қўйилади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтадики:
“Биз инсонга ота-онасини (яъни уларга яхшилик қилишни)
амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни қорнидаги ҳомила каттарган сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур)
уни (кўкракдан)
ажратиш (муддати)
икки йилда (келур). (Биз инсонга буюрдикки)
, “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан!”” (Луқмон сураси, 14-оят).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яна айтадики:
”Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлиб, қийналиб туққандир. Унга ҳомиладор бўлиш ва уни (сутдан)
ажратиш (муддати)
ўттиз ойдир” (Аҳқоф сураси, 15-оят).
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши келиб шундай деди:
“Эй, Расулуллоҳ! Инсоният ичида (орасида) ким менга энг яқин дўст бўла олади?” У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар:
“Онанг”. Шунда ҳалиги киши сўради:
“Кейин ким?” Жавоб бердилар:
“Онанг”. Кейин яна сўради:
“Кейин ким?” Дедилар:
“Онанг”. Яна сўради:
“Кейин ким?” Шунда дедилар:
“Отанг”. (Бухорий 5971 ва Муслим 7/2, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят).
Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, она учун отага нисбатан уч маротаба кўпроқ яхшилик ва ҳушмуомалалик кўрсатиш керак.
Завжа ва унинг ҳар бир қалбни сокин ва ҳотиржам қила олишига келсак, бу ҳақда қуйидаги оятда яққол тушинтирилган:
“Унинг оятларидан (яна бири)
У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).
Ҳофиз Ибн Касир (вафоти 774 ҳ.) раҳимаҳуллаҳ юқоридаги оятдаги “муваддаҳ” ва “роҳмаҳ” сўзларини тафсирида шундай дедилар:
“Ал-муваддаҳ - муҳаббат ва ошнолик дегани, ар-роҳмаҳ - меҳр-муҳаббат ва раҳм дегани. Эркак киши аёлни унга бўлган муҳаббати, ошнолиги, ёки раҳми келганидан олади ва ўзидан унга бола қолдиради …” (Ҳофиз ибн Касирнинг Қуръони Карим тафсири).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи бор Ҳиро ғорида Жаброил алайҳиссаломни кўрганларида ваҳимага тушганлар. Шунда аёллари Ҳадича разияллоҳу анҳо уларни овутишда катта ҳиссаларини қўшганлар. Қуръон биринчи нозил бўла бошлаганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳадича разияллоҳу анҳо олдиларига титраб-қақшаган ҳолда келиб, шундай деганлар:
“Мени ўра! Мени ўра!” Шунда Ҳадича розияллоҳу анҳо токи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўрқувлари тарқагунча ўраб ўтирдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган воқеани бошдан оёқ гапириб берганларидан сўнг дедилар:
“Менга бир нарса бўлиши мумкин деб қўрқаяпман”. Шунда Ҳадича разияллоҳу анҳо:
“Ҳеч ҳам! Аллоҳ номи билан айтаман, У (Аллоҳ) сизни ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймайди. Сиз қариндош-уруғлар билан яхши муносабатда бўли, қашшоқ ва ночорларга ёрдам берасиз, меҳмон кутасиз ва ҳақиқий эзгуликларнинг рўёбга чиқишига саъйу имдод айлайсиз” (Бухорий (1/22) ва Муслим (1/139), Оиша разияллоҳу анҳонинг узун ривоятларидан).
Бундан ташқари, Оиша радияллоҳу анҳони ҳам ёддан кўтармайлик. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг буюк ҳамроҳлари ҳам ҳадис билимларини шулардан олишган. Ўша даврдаги аёллар бўлса аёллар масалалари хусусида улардан (Оиша онамиздан) кўп нарса ўрганганлар.
Ишончим комилки, онам - унга Аллоҳнинг раҳмати ёғилсин - мени ўқишга, билим олишга ундаб, менга жуда катта ёрдам кўрсатган. Аллоҳнинг ўзи уларнинг охиратини обод қилиб, менга қилган яхшиликлари учун уларга мукофотларнинг энг буюгини инъом этсин.
Яна ишонч билан айтаманки, яхшиликларга, меҳр-муҳаббатга ва тўғри исломий тарбияга бой бўлган хонадонларни одамлар учун таъсири катта. Аллоҳнинг хоҳиши билан у хоҳ билим олиш, савдо-сотиқ ёки бошқа йўл билан тирикчилик қилиш орқали истаган масаласида омади чопади. Шунинг учун мен фақат Аллоҳдангина бизга омад беришини ва Ўзи учун маъқул бўлган йўлга бошлашини сўрайман.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, уларнинг оилалари, саҳобалари ва уларга эргашувчиларга Аллоҳнинг марҳаматлари ёғилсин.