Меҳмон   09-15-2009, 03:53 PM
#1
Тилла тақинчоқлар закоти

Савол: Бир аёлнинг тилла тақинчоқлари бор. Эри унинг закотини чиқармаган. Бу аёл энди закотни ўзи бериши керакми? Аёлнинг шундан бошқа пули ҳам йўқ, шу тақинчоғини сотиб, пулидан закот тўласинми?
Жавоб: Тилла тақинчоқ ёки буюмлар учун унинг эгаси бўлган мазкур аёлнинг ўзи тақинчоғини сотиб, шунинг пулиданми, ёки бошқа мавжуд молиданми закот чиқариши керак. Агар эри ёки бошқа биров бу аёл рухсати билан унинг номидан закотини тўласа, бу ҳам жоиздир.

Тавфиқ Аллоҳдандир ва пайғамбаримизга салоту саломлар бўлсин.

Илмий тадқиқотлар ва фатволар доимий қўмитаси
Аъзо: Абдуллоҳ бин Қауд
Аъзо: Абдуллоҳ бин Ғудайён
Қўмита раисининг ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Раис: Абдулазиз бин Абдуллоҳ бин Боз


Дон маҳсулотлари закоти

Савол: Агар дон эгаси қишлоқ хўжалик банкидан қарз (кредит) олган бўлса, униб чиққан дон на бу қарзни тўлиқ тўлашга ва на банкка шу қарз ҳисобидан қайтариладиган ойлик тўловларга етмаса, закот вожиб бўладими?
Жавоб: Буғдой ва шунга ўхшаш дон маҳсулотлари агар ҳосил йиғиб олинган пайтида нисобга етса, гарчи эгаси қишлоқ хўжалик банкидан ёки бошқа ердан қарздор бўлса ҳам, барибир дон закотини чиқариш фарз бўлади. Дон нисоби беш васақ (тахминан 612 кг), бир васақ эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам соълари билан ўлчанганда олтмиш соъдир.

Тавфиқ Аллоҳдандир ва пайғамбаримизга салоту саломлар бўлсин.

Илмий тадқиқотлар ва фатволар доимий қўмитаси
Аъзо: Абдуллоҳ бин Ғудайён
Қўмита раисининг ноиби: Абдурраззоқ Афифий.
Раис: Абдулазиз бин Абдуллоҳ бин Боз


Отлардан закот бериладими?

Савол: Аллоҳ бойлик неъматини раво кўрган баъзи одамлар жуда қимматбаҳо зотдор отлар ушлашга ружуъ қўйганлар. Баъзида бир отнинг нархи ҳатто минглаб динорларга етади. Бу отларни улар пойгаларга қатнаштириш учун ва шу пойгаларда ўртага қўйиладиган совринларни қўлга киритиш мақсадида сотиб олишади. Саволим, шундай отлардан ва улардан туғилган тойлардан закот бериш фарзми ва фарз бўлса нисоби қанча бўлади ва қанча закот ажратилиши керак бўлади?
Жавоб: Агар аҳвол саволда айтилганидек бўлса, яъни отлар сотиш учун эмас, фақат ушлаш-боқиш учун сотиб олинган бўлса, қуйидаги ҳадисга биноан улардан закот чиқарилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кишининг зиммасида отлари ва қуллари учун закот вожиб эмас” (Муттафақун алайҳи).
Мана бу ҳадис ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган:
“От – уч киши учун (уч хил) бўлади. Бир киши учун – ажр, бошқа бир киши учун – сатра (парда), яна бири учун эса – гуноҳ.
Отлари унга ажр бўлган киши уларни Аллоҳ йўлида жиҳод учун боқиб, далада ёки боғда оёғидан боғлаб қўйди. Шу ҳолида улар далада ёки боғда нимаики еган бўлса, барчаси эгасига ҳасанот қилиб ёзилади. Агар улар арқонни узиб, ўзларича бир ёки икки тепаликка югуриб чиқсалар, қолдирган тезаклари ҳам эгасига ҳасанот қилиб ёзилади. Агар бирон анҳор олдидан ўтаётиб, эгаси суғоришни ният қилмаган ҳолда ўзларича ундан ичсалар ҳам, бу эгасига ҳасанот қилиб ёзилади.
Яна бир киши отларни ҳожати тушганда ўзгалардан сўраб юрмаслик мақсадида, ўзини сўраб ялинишдан сақлаган ҳолда олиб қўйган бўлади. Аммо отларининг гарданига ва орқаларига Аллоҳ фарз қилган ҳақларни ҳам унутмайди (Уламолар Аллоҳнинг ҳаққи деб мусулмонлар бошига қийинчиликлар келганда оти билан улар хизматида бўлишни, жиҳод фарз бўлиб қолганда оти билан жиҳодга чиқишни келтирганлар). Унинг учун отлари сатра-пардадир.
Яна бир киши эса отларни риё учун, фахрланиш мақтаниш учун ва мусулмонларга ёмонлик ниятида олиб қўяди. Бу отлар эгасига гуноҳдир”.
(Бухорий, Муслим, Термизий, ибн Можа, Молик, Аҳмад ва бошқалар ривоят қилганлар.)

Тавфиқ Аллоҳдандир ва пайғамбаримизга салоту саломлар бўлсин.
Илмий тадқиқотлар ва фатволар доимий қўмитаси
Аъзо: Абдуллоҳ бин Қауд
Аъзо: Абдуллоҳ бин Ғудайён
Қўмита раисининг ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Раис: Абдулазиз бин Абдуллоҳ бин Боз

Қуёнлардан закот чиқариш

Савол: Қуйидаги ҳолатда қандай закот чиқараман: Мен қуён сотиб оламан, кўпайтираман, боқиб катта қиламан ва сотаман, буларнинг закоти нима?
Жавоб: Тижорат мақсадида олиб қўйилган қуёнлардан, агар қиймати нисобга етиб ёки бошка тижорат молларига қўшилганда нисобга етиб, бир ҳавл ўтган бўлса, закот чиқарилади. Улардан худди тижорат молларида бўлганидек, қийматининг қирқдан бири чиқарилади.

Тавфиқ Аллоҳдандир ва пайғамбаримизга салоту саломлар бўлсин.

Илмий тадқиқотлар ва фатволар доимий қўмитаси
Аъзо: Абдуллоҳ бин Ғудайён
Қўмита раисининг ноиби: Абдурраззоқ Афифий
Раис: Абдулазиз бин Абдуллоҳ бин Боз
This post was last modified: 09-15-2009, 04:14 PM by Меҳмон.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
  
Users browsing this thread: 3 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.