Admin   09-08-2010, 01:15 AM
#1
Азиз биродарлар, ушбу суҳбатимизда рўза одобларидан иккинчи қисми – мустаҳаб (яъни, мажбурий бўлмаган, бироқ риоя этиш билан мўл ажру савобга эришиладиган) одоблар ҳақида сўз юритамиз.
Мазкур одоблардан бири – саҳарлик қилиш, яъни кечанинг охирги қисмида таомланиш бўлиб, саҳар пайтида ейиладиган таом бўлгани учун саҳарлик деб номланган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳарлик қилишга буюриб, айтганлар: «Саҳарлик қилинглар, зеро саҳарликда барака бордир» (Муттафақун алайҳ).
«Саҳиҳ Муслим»да Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Биз билан аҳли китобларнинг рўзаси ўртасидаги фарқ – саҳарлик тановул қилишдир».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмо билан саҳарлик қилишни мақтаб: «Хурмо мўминнинг нақадар яхши саҳарлигидир», деганлар (Абу Довуд ривояти).
Яна бир ҳадисларида: «Ҳар қандай саҳарлик таоми баракадир. Сизлардан бирингиз гарчи бир қултум сув билан саҳарлик қилса-да, саҳарликни тарк қилманглар! Чунки Аллоҳ ва унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга салавот айтиб туради», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Саҳарлик қилувчи саҳарлик қилиши билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларини амалга ошириш ва у зотнинг қилган феълларига эргашишни ният қилиши керак. Шунда унинг саҳарлиги ибодатга айланади. Шунингдек, саҳарлиги билан рўзага қувват ҳосил қилишни ният қилсинки, бу билан ажрга эга бўлади. Саҳарликни субҳга қадар давом эттириш суннатдир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Собит билан бирга саҳарлик қилдилар. Саҳарликдан фориғ бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб, намоз ўқидилар». Анас розияллоҳу анҳудан: «Саҳарликдан фориғ бўлишлари билан намозга киришишлари ўртасида қанча вақт бор эди?» деб сўралганда: «Бир киши эллик оят қироат қилиши миқдорича», деб жавоб бердилар (Бухорий ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Билол тунда (яъни саҳарликка уйғотиш учун) азон айтарди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар то Ибн Умми Мактум азон айтгунича еб-ичаверинглар, чунки у тонг отмагунича азон айтмайди», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Саҳарликни кечиктириш рўзадорнинг ҳолати учун фойдалироқ бўлади, шунингдек уни бомдод намозидан ухлаб қолишдан сақлайди. Рўза тутувчи киши саҳарликни тамомлаб, ният қилиб олганидан кейин ҳам то тонг отганига ишонч ҳосил қилмагунича еб-ичиши мумкин. Аллоҳ таоло айтади:
«Ва то тонгда субҳ содиқ пайдо бўлгунча еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!» (Бақара: 187).
Уфқда кўринган оқариш билан ёки азон ва шу каби ишончли бир хабар билан тонг отганлигига ҳукм қилинади. Тонг отиши билан ейиш-ичишдан тўхтайди ва дили билан рўзага ният қилади. Ниятни тил билан талаффуз қилмайди, чунки бундай қилиш бидъатдир.

Admin   09-08-2010, 01:17 AM
#2
Саҳарлик қачон тўхтатилиши керак?

Савол: Айрим одамлар Рамзон ойида бомдод намози учун иккинчи азон айтилаётган пайтда еяверадилар. Улар рўзасининг раволиги қай даражада?
Жавоб: Агар муаззин субҳининг аниқ бошланган пайтида азон айтса, унинг товушини эшитиш биланоқ тўхташ: емаслик ва ичмаслик керак.
Агар субҳининг бошлангани аниқ эмас, гумонли бўлса ва азон айтилса – бугунги кундагидек, – муаззин азонни тугатгунича у одам еб, ичиши мумкин.

Admin   09-08-2010, 01:26 AM
#3
Субҳи содиқ ҳақида шубҳаланган одам еб, ичишдан тўхтайдими?

Савол: Одам субҳи содиқнинг ёйилгани ҳақида шубҳаланиб қолса нима қилиши керак? У, субҳи содиқ бошлангани ҳақида аниқ ишонч ҳосил қилгунича еб, ичавериши керакми ёки шубҳалангани он еб, ичишдан тўхташи керакми?
Жавоб: Одам бундай пайтда жуда ҳам эҳтиёт бўлиши керак. У белгиларга қараб, уларнинг намоён бўлганига аниқ ишонч ҳосил қилиши керак. Агар муаззинлар товушини эшитиш, тақвимга қараш, бамдод намозининг вақтини ўрганиш учун тақвимга кўз югуртириш ва атрофдагилардан сўраш каби аломатлар субҳи содиқнинг бошланганига далолат қилганини кўрса, таом тановул қилишдан тўхташи керак.
Бу ҳолатга тушган одам устувор фикрга эга бўлиши шарт. Чунки у рўза кунининг илк бошида турибди. Субҳи содиқнинг ёйилишидан хавф бор. Шунинг учун ҳам у, вазиятни аниқлаши керак. Агар ҳали субҳи содиқ ёйилмаганига ишонч ҳосил қилган бўлса, таомини тановул қилишда давом этавериши мумкин. Агар аксига ишонч ҳосил қилса, еб, ичишдан тўхтайди. Чунки гумоннинг кўплиги аниқлик мақомидан жой олади. Агар шубҳаланса, таом тановул қилмаслиги афзалдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзингизга шубҳали бўлган нарсани, шубҳасиз бўлган нарса учун тарк этинг!» – деганлар (Термизий 2442; Доримий 2532).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: «Шубҳали нарсалардан сақланган одам ўз дини ва шарафини сақлаб қолибди», ҳам деганлар.
Демак, мазкур одам субҳи содиқнинг ёйилгани ҳақида шубҳада бўлса, еб, ичишдан тийилгани маъқулдир. Чунки бундай қилиши эҳтиёт бўлиш ва гумонни тарк этиш нуқтаи назаридандир. Зотан, шаръан шу талаб қилингандир.

Admin   09-08-2010, 02:04 AM
#4
Азонни эшитиб оғзимдаги луқмани ташладим ...

Савол: Саҳарлик қилар экан имкони борича субҳи содиқ вақтини қасд қиламан. Кечалар-нинг бирида кеча тугамаган дея гумон қилдим ва саҳарлик пайтида азонни эшитиб, оғзимдаги луқмани чиқариб, рўзага нийят қилдим. Менинг бу рўзам равоми?
Жавоб: Бу рўза раводир. Чунки бу одам субҳи содиқ ёйилганидан кейин бирон нарса емаган.

Admin   04-20-2011, 06:59 PM
#5
Азон айтилиши билан саҳарликни тўхтатиш

Савол: Бомдодга азон айтилганда саҳарлик қилишдан тўхташимиз вожибми ёки то муаззин азон айтиб бўлгунга қадар еб-ичишимиз жоиз бўладими?
Жавоб: Агарда муаззин фақат тонг отсагина азон айтиши билан танилган бўлса, у азон айтган заҳоти ейиш, ичиш ва бошқа оғиз очадиган нарсалардан тўхташ вожиб бўлади. Аммо азон тақвимлардаги ҳисобга кўра гумон ва чамалаш асосида айтилса, у ҳолда азон айтилаётган пайтда еб-ичилса танглик йўқдир. Негаки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Албатта Билол тунда азон айтади. Сизлар то Ибн Умми Мактум азон айтгунича еб-ичаверинглар”. Ҳадис охирида ровий айтади: “Ибн Умми Мактум кўр киши эди, унга: “Тонг отди, тонг отди”, дейилмагунча азон айтмас эди”. Ҳадиснинг саҳиҳлигига иттифоқ қилинган.
Мўмин ва мўмина учун эҳтиётлироқ йўл бу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сени шубҳалантирган нарсани қўйиб, шубҳалантирмайдиган нарсага ўт” ҳамда “Кимки шубҳалардан сақланса, дини ва обрўйини асраган бўлади”, деган ҳадисларига амал ўлароқ тонг отмасидан олдин саҳарлик қилиб олишга интилишдир.
Аммо агар муаззин худди Билол разияллоҳу анҳунинг қилганлари каби тонг отишига яқин қолганини одамларга билдириш учун азон айтиши маълум бўлса, мазкур ҳадисга амал ўлароқ то бомдодга азон айтилгунига қадар еб-ичишда ҳараж йўқдир.


Quote:Аслида ҳамма намозларнинг вақти киришидан олдин азон айтиш жоиз эмас. Аммо тонг отишидан олдинги азонга келсак, олимлар буни икки хил тушунтирганлар. Баъзи олимлар айтадиларки, бунинг сабаби кўпчиликнинг уйқудан уйғониб, таҳорат ёки ғусл қилиб келишлари учун кўпроқ вақт кетгани туфайли бомдод вақти яқинлашганидан одамларни огоҳлантиришдир. Бу фақат бомдод намози учун жорий қилинган. Бошқа олимлар эса, ҳатто бомдод намози учун ҳам эртароқ азон айтиш жоиз эмас, Билол разияллоҳу анҳунинг азонлари одамларни таҳажжудга уйғотиш учундир, дейдилар (таржимон изоҳи).
  
Users browsing this thread: 3 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.