Меҳмон   04-10-2011, 01:46 AM
#1
Assalomu alaykum va rahmatullohi va barakatuh
Mehribon va rahmli Olloh nomi bilan bowlayman. Olamlar Parvardigori Alloh taologa beadad hamdu sanolar, bo‘lsin!
Sarvari koinot, olamlarga rahmat, payg‘ambarlar a’losi hazrati Muhammad Mustafoga salovati
shariflar, beadad durud va salomlar bo‘lsin!
Assalomu alaykum va rahmatullohi va barakatuh
Shayh hazratlari ushbu hadisni sharxlab bersez!
2) Ибн Аббос разияллоҳу анҳу яна шундай дедилар:
«Холам Маймунаникида бир кеча тунаб қолдим. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси намозга турдилар. Туннинг бир қисми ўтган эди. Деворга осиғлиқ мешдан сув олиб, енгил таҳорат олдилар. Кейин туриб намоз ўқий бошладилар. Улардан кейин мен ҳам таҳорат олиб, чап томонларига келиб турдим. Мени ўнг томонларига ўтказиб қўйдилар, кейин Аллоҳ хоҳлаганча намоз ўқидилар, кейин ёнбошладилар, ҳатто пишиллаган овозлари ҳам эшитилди. Кейин муаззин келиб, азон айтди ва биргаликда намоз ўқишди. Жаноб Расулуллоҳ (бу гал) таҳорат олмадилар. Амр ибн Динор: «Одамлар Жаноб Расулуллоҳнинг кўзлари ухлайдию, лекин диллари ухламайди, дейишади»,- деб бизга айтгандилар. Амр шундай дейдилар: «Убайд ибн Умайр: «Пайғамбарларнинг тушлари ҳам ваҳийдир»,- дедида, «ТушимДа мен сени қурбонлиқ қилаётган эканман (Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссаломга шундай деганлар)» деган оятни ўқиди».
agar savolimda nuqsonlik bo'lsa javob bermasez ham roziman

Alloxim sizi va bizi va jamiki mumin, musulmonlani o'zidan bowqasiga muxtoj qimasin,
robbul alamiyn xammamizdan rozi bo'sin!
Assalomu alaykum va rahmatullohi va barakatuh!
Abdulloh Salafiy   04-10-2011, 10:38 AM
#2
Ва алайкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Уйқу таҳоратни бузиши масаласида кўп фикрлар бор, аммо энг кучлиси уйқу таҳоратни бузишидир(агар у овозларни эшитмай қоладиган даражада бўлиб қолса), ҳоҳ суяниб, ҳоҳ ётган, ҳоҳ тик ҳолатда турса.

Али ибн Абу Толиб розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: "Кўз - орқа учун қоровулдир, кимки уҳлаб қолса, таҳорат олсин". Ибн Мода 887, Абу Довуд 203, Ҳофиз алМунзирий, Ибн Саллах, имом Нававий ва шайҳ Албоний иснодини яхши дейишган.

Абу Хурайра розиаллоҳу анҳу: "Кимки қаттиқ уҳласа, таҳорат олиши шартдир" Ал Байҳақий, "ал Авсат"1/145га қаранг. Имом Дорқутий иснодини саҳиҳ деган.

Сиз келтирган ҳадисдаги ҳолат эса фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламга ҳосдир. Шунинг учун имом Нававий сиз келтирган ҳадис борасида шундай деган: "У киши уҳласаларда ўзларини бошқариб турар эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам айтганларидек у кишининг кўзлари ухлар эди, қалблари эмас".

Ҳамда Ибн Аббоснинг ўзлари: "Таҳорат барча ухлаганларга фарздир, кўзи енгил ўчганлар бундан мустасно". АбдурРаззоқ 479. Исноди яхши.

«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши ваъз билан чақир, ҳамда улар билан энг гўзал услубда баҳс қилгин» (Наҳл: 125).
«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48).
Admin   04-10-2011, 01:01 PM
#3
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтди: “Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари - ул зотнинг замонларида – хуфтон намозини кутиб бошлари (мудроқдан кўкракларига) тушиб қоларди. Кейин улар таҳорат олмасдан намоз ўқишарди”. Абу Довуд келтириб, уни Дорақутний саҳиҳ деди. Ҳадиснинг мазмуни Муслимда келган.

Фазилатли шайх Муҳуммад ибн Солиҳ ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни шарҳ қилар эканлар, шундай дедилар:
Уйқу. Юқорида яна Сафвон ибн Уссол ҳадисида[1] келдики, ул зот: “Лекин катта ҳожат, сийдик ва уйқудан”, дедилар.
Quote:[1] Сафвон ибн Уссол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтди: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар биз сафарда бўлсак, махсиларимизни жунуб бўлмаган ҳолда уч кун ва уч тун ечмасликка буюрардилар. Лекин катта ва кичик ҳожат, ҳамда уйқудан (таҳорат бузилганида махси устига масҳ тортардик)”. Насоий ва Термизий ривоят қилишди. Лафзи Термизийники. Ибн Ҳузайма ҳам ривоят қилиб, уни иккови (Термизий ва Ибн Ҳузайма) саҳиҳ дейишган.
Демак, уйқу таҳоратни бузади. Лекин муаллиф раҳимаҳуллоҳ таҳоратни синдирувчи амаллар бобини бошлаб зикр қилган Анас ҳадиси уйқуда тафсилот борлигига далолат қилади. Анас розияллоҳу анҳу айтди: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари хуфтон намозини кутиб туришарди”, яъни масжидда ҳозир бўлишарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эса хуфтон намозини кечиктиришни хуш кўрардилар. Ҳатто бир кеча чиққанларида туннинг учдан бир қисми ўтиб кетган эди. Ул зот айтдилар: “Бу айни (хуфтоннинг) вақтидир. Агар умматимга қийин бўлишидан қўрқмаганимда, (шу вақтда ўқийверардим). Шундай қилиб “саҳобалар ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кутишарди, ҳатто бошлари (кўкракларига мудроқдан) тушиб қоларди. Кейин улар таҳорат олмасдан намоз ўқишарди”. Яъни уйқудан бошлари энгашиб қуйи тушарди. Сўнг улар таҳорат олмасдан намоз ўқишарди. Шунга биноан уйқуда тафсилот бор. Агар инсон уйқуга чуқур кетмаса, яъни таҳорати синганини (ел чиққанини) сезадиган бўлса, унинг уйқуси таҳоратни синдирмайди, гарчи у узоқ муддат давомида мудраб қолса ҳам. Лекин агар ел чиққанини ичида сезадиган бўлса, у таҳоратни бузмайди. Гарчи у ёстиқ устида ухлаётган (мудраётган) бўлса ва унга ухлаётгани туюлаётган бўлса, у ел чиққанини сезса, таҳорати бузилмайди. Муҳими, унинг онги (эс-хуши) ўзи билан бирга (жойида) бўлиши керак. Модомики у таҳорати синганини ичида сезадиган бўлса, шундай уйқу билан унинг таҳорати кетмайди. Агар уйқуга кириб кетса ва ел чиққанини ичида сезмайдиган бўлса, бунда унинг таҳорати кетади. Ҳатто фараз қилсакки, унинг олдида бир эшитадиган ва ҳид сезадиган киши бўлиб у ушбу ухлаган кишига: “Мен товуш ҳам эшитганим йўқ, ҳид ҳам сезганим йўқ”, деса, лекин ухлаган одам уйқуга чуқур кетган бўлса, унинг уйқуси таҳоратни бузади. Шу билан бирга баъзан ундан ел чиқмагани равшан бўлса ҳам, ибрат инсоннинг ўзида. Модомики ел чиққанини у сезмайдиган бўлса, унинг таҳорати кетади. Бу таҳоратни бузадиган нарсалардан бири. (Иқтибос тугади).

Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ “Тамомул-минна”да (1/99-101) Абу Довуднинг “Масоил имам Аҳмад” (318-с.) китобидан Анаснинг ушбу хадисини қуйидаги лафз билан келтиради: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари ёнбошлаб ухларди. Улардан таҳорат олганлар ҳам бўлди, таҳорат олмаганлар ҳам бўлди”, ва буни икки шайх шартларига кўра саҳиҳ деди. Шайх Албонийнинг айтишича бу ҳадис Сафвон ибн Уссол ҳадисини қайд қилмайди. Чунки Сафвон ҳадиси марфуъ ҳадис. (Анасники эса ҳукман марфуъ бўлади). Бундан ташқари бу воқеа уйқудан таҳорат олиш буйруғидан олдин бўлиши мумкин. Шунинг учун Албоний раҳимаҳуллоҳ уйқу мутлақо таҳоратни бузади, деган ва бу Абу Убайд ал-Қосим ибн Салом ва Ибн Ҳазмнинг ҳам мазҳаби. Чунки Абу Довудда (“Саҳиҳ Абу Довуд” №198): “Кўзлар орқа тешикни боғловчи арқондир. Ким ухласа, таҳорат олсин”, деган марфуъ ҳадис келган. Абу Убайд олдин ўтирган ҳолда уйқу таҳоратни бузмайди деган фикрда бўлган. Кейин жума куни унинг ёнида ухлаган киши ел чиқарган. Абу Убайд унга: “Тур, таҳорат ол”, деса, у: “Мен ухламадим”, деди ва ел чиқармаганига Аллоҳга қасам ичиб Абу Убайддан ел чиққанини айтди. Кейин Абу Убайд бу фикридан (ўтириб ухлаган кишининг таҳорати кетмаслиги ҳақидаги фикридан) қайтган (Ибн Абдулбаррнинг “Шарҳ Муватто” китоби 1/117/2). Хаттобий “Ғарибул-ҳадис”да (32/2) шундай деган: “Уйқунинг ҳақиқати қалбга оғирлик тушиб уни очиқ-ойдин ишлардан кесиб қўйишидир. Мудровчи эса оғирлик унга тушиб махфий-ботиний ишлардан кесиб қўйилган кишидир”. Албоний айтади: “Ана шу уйқу ва мудроқ ўртасидаги фарқни билиш билан (ҳадисларни тушунишдаги) кўп қийинчиликлар кетиб уйқу мутлақ таҳоратни бузиши таъкидланади”. Яъни, мудроқ таҳоратни бузмай, уйқу бузади, демоқчилар, чунки ел чиқиш каби очиқ-ойдин ишларни мудровчи сезади. Ётмай ухлаган кишининг таҳорати синиши ҳақидаги уч ҳадисни (Ибн Аббос, Ибн Амр ва Ҳузайфадан) Албоний эса жуда заиф деган, чунки унинг ровийлари ичида матрук ва мункарлари бор.


Ҳушдан кетиш таҳоратни бузадими?

Савол: Ҳушдан кетиш таҳоратни бузадими?
Жавоб: Ҳа, ҳушдан кетиш билан таҳорат бузилади. Чунки, беҳушлик уйқудан кўра қаттиқроқдир. Зеро, уйқу билан донг қотганда, яъни, ухлаган одам ўзидан нима чиққанини билмаса, таҳорат бузилади. Агар ўзидан бирон нарса чиққанини биладиган даражада ёнбошлаб, чалқанча ётиб, суянмай ўтириб ёки ҳар қандай ҳолатда кўзи қоқилган бўлса, бу уйқу таҳоратни бузмайди. (Такрорлаймиз): ўзидан чиққан нарсани биладиган ҳолатда кўзи қоқилган бўлса, таҳорати бузилмайди. Беҳушлик эса уйқудан кўра қаттиқроқ бўлиб, ҳуши кетган одам таҳорат қилиши керак.

Admin   04-21-2011, 06:25 PM
#4
Ғафлат таҳоратни бузадими?

Савол: Ғафлат таҳоратни бузадими? Бундай пайтда мусулмон таҳоратини тўкис қилиши керакми?
Жавоб: Мен (савол берган одамнинг) ғафлатдан нимани назарда тутганини билмайман. Уйқуни назрда тутаяптими? Агар уйқуни назарда тутаётган бўлса, чуқур уйқуга кетиш таҳоратни бузади. Чуқур уйқуга кетишнинг аломати, ухлаган одамнинг таҳорати бузилганини билмаслигидир. Шундай уйқуга кетган одам, Софван ибн Ассол разияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисга кўра, таҳорат қилиши керак: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда бўлсак уч кеча ва уч кундуз давомида, жанобатдан ташқари, катта ва кичик ҳожат ҳамда уйқу сабабли пойафзалларимизни ечмасликка буюрар эдилар» (Термизий «Сунан» 1/ 106, 107. Насоий «Сунан» 1/83. Ибн Можжаҳ «Сунан» 1/161).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кўз – кетнинг боғидир. Кўзлар ухласа боғлар ечилади» (Абу Довуд «Сунан» 1/51. Ибн Можжаҳ «Сунан» 1/161. Дору Қутний «Сунан» 1/161).
Агар сўраётган одам ғафлатдан уйқуни назарда тутган бўлса, унинг жавоби шудир.
Агар уйқу таҳорат бузилганини биладиган даражада енгил бўлса ва ухлаган одам ўтирган ҳолатда бўлса, бу уйқу таҳоратни бузмайди. Чунки бу ердаги ҳар бир нарса ҳис этишга: нарсаларни ҳис этиш ва тушуниб туришга боғлиқдир.
Агар сўраётган одам «ғафлат»дан Аллоҳнинг зикридан ғафлатда қолишни назарда тутаётган бўлса, бу – таҳоратни бузмайди. Бироқ, банда Аллоҳни ҳар он мудом зикр қилиши керак. Аллоҳ таоло айтди:
«Осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб тургувчи зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар борлиги шубҳасиздир. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва Ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): «Роббимиз, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асра!»» (Оли Имрон: 190, 191).
«Ақл эгалари» – оқил инсонлардир.

  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.