Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Авлиё – валийнинг кўплиги бўлиб, валийлик яқинлик ва муҳаббат маъносидадир. Валийлар ёки авлиёлар Аллоҳ таолога яқин ва суюкли зотлардир. Улар Аллоҳга яқинликлари сабабли ва Аллоҳ таоло уларни яхши кўргани учун валий деб номланганлар. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади» (Бақара: 222), «Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади» (Бақара: 195).
Аллоҳ таоло валийлар – яъни Ўзининг дўстлари кимлигини баён қилиб айтади: «Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Улар иймон келтирган ва (Аллоҳдан) тақво қилувчи бўлган зотлардир» (Юнус: 62, 63).
Демак, Аллоҳ таоло унинг валий ёки авлиёси ким экани, унинг белгиларини зикр қилди. Бу Иймон ва Тақво.
Бироқ бизда маълум бир шахсга нисбатан у Аллоҳнинг авлиёси эканига аниқ ишонч бўлмаслиги керак. Чунки Иймон ва Тақвога эришиш масаласи, қалбга боғлиқ масаладир ва бунинг илми бизга ошкор қилинмаган. Одамлар бу ҳақида била олмайдилар. Шундай экан, фақатгина биз фалончи авлиё ёки авлиё эмаслигини таҳмин қилишимиз мумкин холос. Бу борада қатъий ишонч билан бировни авлиё дея олмаймиз.
Шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Барча мусулмонлар авлиё деб номланаётганларнинг амалларини Қуръон ва Суннатда ўлчасинлар. Агар у (амал)лар Қуръон ва Суннатга мувофиқ бўлса, унда биз фалончи авлиё ёки Аллоҳнинг валийси эканига умид қиламиз. Аммо улар Қуръон ва Суннатга тескари амал қилсалар, унда улар Аллоҳнинг авлиёси эмаслар.
Аллоҳ Ўзининг Китобида Ўзининг ҳақиқий авлиёлари сифатини эслаб ўтган: «Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Улар иймон келтирган ва (Аллоҳдан) тақво қилувчи бўлган зотлардир» (Юнус: 62, 63).
Иймон келтирган ва тақво қилган – Аллоҳнинг валийсидир. Кимда бу (сифат) бўлмаса, ўша Аллоҳнинг валийси эмас. Агар инсонда озгина иймон ва тақво бўлса, унда у Аллоҳнинг маълум даражадаги валийси бўлади.
Нима бўлганда ҳам, биз аниқ бир инсонга нисбатан (унинг авлиё эканига) ишончга эга бўла олмаймиз. Бироқ биз умумий қилиб айтамизки, кимки иймон келтирса ва тақво қилса – ўша Аллоҳнинг валийсидир» («Фатава Муҳимма», 83-84 бет).
Валлоҳу аълам.