Саховат
Муҳаммад ибн Иброҳим ал-Ҳамад
Араб тилидан Абу Тоййиб таржимаси
Карийм ва Ваҳҳоб сифатли Раббим Аллоҳга яратмишларининг сони, Ўзининг розилиги, Аршининг оғирлиги ва Сўзларининг сиёҳи қадар ҳамду-санолар бўлсин!
Quote:Карийм - Аллоҳнинг сифати: сахий, олийҳиммат, мурувватпеша деган маъноларни англатади.
Ваҳҳоб - Аллоҳнинг сифати: кўп тортиқ қилгувчи маъносини билдиради.
Пайғамбарлар хотами Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга то қиёмат саловоту дурудлар ёғилиб турсин!
Сўнгра ...
Cаховат ва мурувват, нафслар Ҳожасига яқинлашадиган, ўзини хасислик ва зиқналик иллатидан поклагувчи нарсалар сари талпинадиган амалдир.
«Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи кимсалардир!» (Ҳашр сураси, 9-оят).
Саҳиҳайнда Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан қуйидаги сўзлар ривоят қилинади:
«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг саховатлиси эдилар. Ул зотнинг саховатлари рамазон ойида – ҳар кеча Жаброил алайҳиссалом Ул зотга Қуръонни таълим бериш учун ҳузурларига ташриф буюрадиган пайтларда – айниқса чўққисига чиқарди. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Росули соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга яхшилик билан мурувват кўрсатишда шиддат билан эсаётган шамолдан-да учқурроқ эдилар».
Сахийликда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари мана шундай тасвирланган эди. Ва бинобарин, ҳар бир мусулмон ҳам мана шундай бўлишга интилмоғи лозим.
«Дарҳақиқат, сизлар учун Аллоҳнинг Росулида гўзал намуна бордир» (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Азиз мусулмонлар жамоаси!
Хайр-эҳсон ва саховатнинг фазилатлари санаб адоғига етиб бўлмайдиган даражада беҳисобдир.
Садақа - Тангри ғазабини сўндиради. Ёмон ўлим топиш эҳтимолини даф қилади. У Аллоҳга бўлган азбаройи иймондан, Унга бўлган ишонч ва У ҳақда қилинган чиройли гумондан дарак беради.
Quote:Садақа – Аллоҳ розилиги йўлида одамларга инфоқ-эҳсон қилиш, мурувват кўрсатиш, оғирини енгил қилиш, Аллоҳ йўлида масжид мадрасаларга, талабаларга, дин хизматида юрганларга иона қилиш, қарздорларга қарзини узишда ёрдам бериш, тутқунликдагиларни озод қилиш учун пул сарфлаш, қийналиб қолган мусофирларга ёр-дам бериш ва умуман ҳақдорларга закот бериш маъноларини ўз ичига олади. Баъзилар садақа деганда фақатгина эшигини тақиллатиб келган гадога бериб юбориладиган уч-тўрт сўм пул ёки егуликнигина тушунади. Садақа сўзи қулоғига ёмон эшитилади ва бу сўздан эти жимирлашиб кетади. Иззат нафси қўзиб кетади. Ҳолбуки, садақанинг маъноси бунданда кенгроқдир. Закотни ҳам Аллоҳ таоло бежиз «садақалар» дея атамаган. Аслида бу сўзнинг «садақа» дея номланишида ҳам етук ҳикмат яширинган. Садақа сўзининг ўзаги сидқ – садоқат, ишониш, тасдиқ қилиш маъноларини билдиради. Мутасаддиқ (садақа берувчи) қилган хайр-эҳсони учун Аллоҳ таоло то-монидан ваъда қилинган буюк ажру савобга ишонгани туфайлидан ҳам мана шундай нафсларга ёқмайдиган иш-га, айримларнинг ақли бовар ҳам қилмайдиган мардликка журъат қилади. Шу боис ҳам унинг хайр-эҳсони «садақа» яъни «тасдиқ белгиси» дея номланган бўлса не ажаб! Валлоҳу аълам (Таржижон).
Садақа киши қалбидаги меҳрдан, ўзгалар аҳволини ўз танасида ҳис қилиш туйғусидан нишонадир. Хайр-эҳсон ва саховат мушкул ишлар енгиллашишига, мусибатлар кўтарилишига сабаб бўлади. Парвардигори оламнинг ёрдамини чақиради. Зероки, банда модом биродарининг ёрдамида елиб-югурар экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади.
Инфоқ-эҳсон мол-давлатнинг зиёдалашувига, яхшиликлар ва қут-баракалар нозил бўлишига сабабдир. У Аллоҳнинг соясидан ўзга биронта ҳам соя бўлмайдиган кунда Аллоҳнинг сояси остида сояланиш бахтига муяссар этади. Шунингдек, балонинг даф бўлишида ҳам хайр-эҳсоннинг аҳамияти каттадир.
Ибнул Қоййим (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар:
«Садақа – у хоҳ фожирдан бўлсин, хоҳ золимдан бўлсин, балки, ҳатто кофирдан содир бўлсин – турли туман бало-офатларнинг даф бўлишида ажиб таъсирга эга. Бу барча инсонлар қошида маълум бўлган ҳақиқат бўлиб, ер юзи аҳолиси бунга иқрордирлар».
Хайр-саховат кишининг баҳри дилини очади, нафсга ором ва қувонч бағишлайди.
Ибнул Қоййим (раҳимаҳуллоҳ) яна айтадилар:
«Саховатпеша инсон ҳар қачон хайр-эҳсон қилар экан, бундан унинг қалби шодликка тўлади, юрагининг чигиллари ёзилиб, кўнгли хотиржам тортади ва юзида мамнунлик ифодаси акс этади. Агарда, садақанинг фойдалари фақат мана шулардангина иборат бўлган тақдирда ҳам у бандалар тарафидан кўп ва хўп бажарилишга сазовор бўлган бўлур эди».
Инфоқ-эҳсон зоҳирдан, моддапарастлик нуқтаи назаридан қаралганда эҳтимол мол-давлатни камайтираётгандек бўлиб кўриниши ҳам мумкиндир. Лекин, аслида аҳвол бунинг том тескариси. У мол-давлатга барака киришига, сарфланган хайриянинг ўрни Аллоҳ таоло томонидан ортиғи билан тўлдирилишига сабаб бўлади.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтдилар:
«Бандалар тонг оттирадиган бирон-бир кун йўқки, магар икки фаришта осмондан ерга тушади. Улардан бириси: Аллоҳим, инфоқгўй бандангнинг сарфлаган молига эваз бер, - дейди. Иккинчиси эса: Аллоҳим мумсик (бахил) бандангнинг молига офат юбор, - дейди» (Муттафақун алайҳ).
Ундан ташқари, саховат киши обрў-эътиборининг покиза сақланишига, эл орасида яхши ном чиқаришига сабаб бўлади. Тарқоқ ва бир-бирига қарама-қарши бўлган дилларни бирлаштиради, биродарчилик ришталарини янада мустаҳкамлайди.
Мурувватпешалик қашшоқларнинг бойларга ҳасад қилиши, бойларнинг эса ўз навбатида камбағалларга такаббурона муомала қилиши каби жамият биносини емирувчи қабиҳ ва разил ахлоқларга барҳам беради.
Саховат айбу нуқсонларнинг ёпилиб кетишида ҳам улкан аҳамият касб этади.
Имом Шофеий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар:
Халойиқ ичра гар кўпайса айбинг,
Мазаммат эшитсанг шоҳу гадодин,
Аларни яширмоқ истаса қалбинг,
Либос эт саховат отлиқ матодин.
* * *
Демишлар, ҳар неки айб бўлса ошкор
Саховат ёпармиш хўп мўъжизакор.
Сахий киши Аллоҳга, Унинг бандаларига ва жаннатга яқин бўлган кишидир. Бахил эса бунинг аксидир.
Саховат ва олийҳимматлик бошқа хил фазилатлар билан ҳам чамбарчас боғлиқ ва туташдир. Сахий киши кўп ҳолатларда кўнгилчанлик ва кечиримлиликни лозим тутади. Мулойимлик ва ҳалимлик билан зийнатланади. Одамлар билан қиладиган муомалаларини инсоф пойдевори устига қуради. Ўзгалар ҳақини ўз ҳоҳиши билан чиройли суратда адо этади.
Дарҳақиқат, ҳаққоний маънодаги сахий кишини мутавозеъ ҳолатда топасиз. Кибр-ҳаво деган нарса адашиб ҳам унинг ахлоқлари орасига суқилиб кирмайди. Гердайиш ва ўзига бино қўйиш оғуси унга кор қилмайди. Сахий кишини одамларнинг мардлик, шижоат ҳамда иззати нафс каби фазилатларга энг яқини эканини кўрасиз. Зотан, инсон шижоат ва иззати нафсдан ҳаёти дунёнинг ўткинчи ва арзон матоҳларига бўлган ашаддий ҳирси туфайлигина маҳрум бўлади.
Аллоҳнинг – бандалари орасида жорий қилган азалий суннати шуни тақозо этадики, чинакам сахий киши бу дунёда яхши ҳаётга сазовор бўлади. Унинг оқибати Аллоҳ томонидан риоят ва иззату ҳурмат билан хайрли бўлади. Ҳамонки, у фақиру мискин ва муҳтожларга раҳмли бўлиб, уларни бахтиёр қилишга, қалбларига сурур ва шодлик олиб киришга ҳарис бўлгач, унинг жазоси ҳам албатта қилган амалининг жинсидан бўлади.