Аллоҳ таолога ширк келтириш
Бундан мурод: Миллатдан чиқарувчи катта ширкдир, Аллоҳ сақласин. Бу киши ўзи билан Аллоҳ ўртасига воситалар қилишки, уларга дуо қилиб, шафоат сўраб, ўшаларга таваккал қилиб, ёки ёлбориб ёрдам сўраб, назр атаб, ўша нарсаларни номи билан жонлиқ сўйиб, ё бўлмаса Аллоҳни қўйиб ўша нарсалар фойдани ҳосил қилиш ёки зарарни даф қилади деб эътиқод қилиш билан бўлади. Кимда-ким ушбу ишларга қўл урса, дарҳақиқат куфр келтирган бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган кишилар учун кечирур» (Нисо: 48).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур, унинг борар жойи дўзахдир. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72).
Ширк муртадлик турларининг энг хатарлисидир. У – дуо, жонлиқ сўйиш, фақатгина Аллоҳ қодир бўладиган ишларда Ундан ўзгасига ёлбориб, ёрдам сўраш каби ибодат турларининг бирор тури билан Аллоҳдан ўзгасига ибодат қилинмоғидир. Ким ибодатнинг бирортасини Аллоҳдан ўзгасига йўналтирадиган бўлса, бас, у мушрикдир.
Аллоҳ таоло элчилар алайҳимуссалоту ва салламларнинг кўпларини зикр қилди. Улар: Нуҳ, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Довуд, Сулаймон, Айюб, Юнус, Юсуф, Мусо, Ҳорун, Закариё, Яҳё, Ийсо, Илёс, Ал-Ясъа ва Лут. Аллоҳ таоло уларни сиротул мустақимга ҳидоят қилганини айтгач, шундай деди: «Бу Аллоҳнинг ҳидояти бўлиб, у билан бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Анъом: 88).
Аллоҳ таоло айтдики: «Дарҳақиқат, сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга) ҳам (шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан! Йўқ, сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин!» (Зумар: 65-66).
Аллоҳ таолога ширк келтириш гуноҳларнинг энг хатарлиси ва энг улканидир.
Ширк – Аллоҳдан ўзгасини Аллоҳнинг хусусиятларидан бўлган бирор нарсада Унга тенг қилишдир. Ва у Аллоҳга маъсият қилинадиган гуноҳлар ичидаги энг каттаси бўлиб, рубубиятни оёқости қилиш ва улуҳиятга путур етказишдир.