Жинсий аъзойимдан доим суюқлик келади
Савол: Менинг жинсий аъзойимдан, бирон бир омил бўлсин-бўлмасин, доим суюқлик оқиб туради. Бу мени қаттиқ ташвишга солмоқда. Чунки мен, ҳар бир намоз учун ғусл қилмоқдаман. Бу ғусл мен учун ушбу қиш кунларида катта қийинчиликлар туғдирмоқда. Аллоҳ бошингиздан савоблар ёғдирсин, менга бир йўл кўрсатинг.
Жавоб: Бундай ҳолатда қишда ҳам, бошқа мавсумларда ҳам ғусл қилишингиз шарт эмас. Чунки ғусл, жинсий алоқа ё эҳтилом ёки уруғнинг лаззат билан чиқиши ёҳуд сиз билан эрингизнинг қовушиши ва сиздан сув келиши сабаблигина фарз бўлади. Умму Сулайм разияллоҳу анҳо:
«Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло ҳақиқатни сўрашдан уялмасликни тавсия қилди. Шунинг учун айтсангиз, хотин киши эҳтилом бўлса ғусл қилиши керакми?» - деб савол берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Ҳа, агар сувни кўрса» - деб жавоб бердилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга тушида эҳтилом билан лаззатланса ва ўнгида сув-уруғ чиққанини кўрса, ғусл қилиши фарз эканини тушунтирдилар. Бироқ, эҳтилом бўлса-ю, на сонида, на кийимида ва на ётган кўрпасида сув-намликни кўрмаса ғусл қилиши фарз эмасдир.
Шунингдек, эркак кишидан мазий (шаҳвоний нарсаларни ўйлаш ёки хотин кишининг баданига тегиш асносида эркакнинг олатидан чиқадиган уруғ-сперматозоиддан бошқа шилимшиқ суюқлик) ёки мазийга ўхшаш нарсаларнинг чиқиши ғуслни эмас, таҳорат қилишни фарз қилади. У бадани ёки кийимларига теккан мазийни ювиб ташлаши керак. Бундай эркакнинг ғусл қилиши фарз эмасдир.
Шунга ўхшаш, (синглим), сиз ҳам жинсий аъзойингиздан келган намлик сабабли ғусл қилишингиз шарт эмас. Чунки, (сиз айтиб ўтган ҳолат) ғусл қилишни фарз қилмайди. Балки жинсий алоқа ёки эҳтилом оқибатида (уруғ) лаззат билан чиқсагина ғусл қилиш фарз бўлади. Валлоҳу аълам.