abu Huzayfa   07-27-2011, 04:03 AM
#1
assalamu alaykum ua rohmatulloh! mana shu mavzuda, Quron ua Sunnatdan(salaflar fahmi b-n) hujjatlar keltirsangiz!

Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ деди: “Кишилар динларида қанча бидъат пайдо қилсалар, шунча суннат улардан тортиб олинади”.
Муслим   07-30-2011, 04:12 PM
#2
Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

ОТА-ОНАНИНГ ФАРЗАНД УСТИДАГИ ҲАҚЛАРИ

Ота-онага яхшилик қилиш, чиройли муомала қилиш, улар билан доим алоқада бўлиш, алоқани узмаслик, уларга тавозели бўлиш, яхши ишларда уларга осий бўлмаслик уларнинг фарзанд устидаги ҳақларидандир.

Аллоҳ таоло айтади:
«Парвардигорингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут — хокисор бўл ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин», деб (ҳақларига дуо қил) (Исро: 23-24).
«Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга... яхшилик қилингиз!» (Нисо: 36).
«Биз инсонга ота-онасини (яъни уларга яхшилик қилишни) амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни қорнидаги ҳомила каттарган сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур) уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга буюрдикки), «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан!» Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да), дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг менга ижобат-тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин! Сўнгра (яъни қиёмат кунида) Ўзимга қайтурсизлар, бас, мен сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман» (Луқмон: 14-15).
«Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик (яъни ота-она ҳоҳ яхши, ҳоҳ ёмон бўлсин, хоҳ мусулмон, хоҳ кофир бўлсин, уларга яхшилик қилиш фарзанднинг бурчидир, аммо) агар улар сен ўзинг билмаган нарсаларни (яъни сохта «худо»ларни) Менга шерик қилишинг учун зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этмагин! (Барчангиз) Менга қайтурсиз, бас (ана ўша кунда) Мен сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурман» (Анкабут: 8).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, қайси амал Аллоҳга энг суюмли?» деб сўрадим. У зот: «Вақтида ўқилган намоз» дедилар. «Кейин қайси?» дедим. «Ота-онага яхшилик қилиш» дедилар. «Кейин қайси?» дедим. «Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш» дедилар (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фарзанд отасининг ҳаққини ҳеч қачон ўтай олмайди, фақат қачонки уни қул ҳолда топса ва сотиб олиб, озод қилсагина ўташи мумкин» (Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига жиҳодга боришга рухсат сўраб келган эди, у зот: «Ота-онанг ҳаётми?», деб сўрадилар. «Ҳа», деди. «Унда сен ўшалар ҳаққида жиҳод қил (яъни, уларнинг розилигини топишга қаттиқ ҳаракат қил)», дедилар (Муттафақун алайҳ).
Абу Саид розияллоҳу анҳу ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ота-онанг ҳузурига қайтиб, улардан изн сўра. Агар изн берсалар жиҳодга чиқ, бўлмаса (хизматларини қилиш билан) уларга яхшилик қил», дедилар (Аҳмад, Абу Довуд, Ҳоким ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Эй Расулуллоҳ, мен сиз билан ҳижратга байъатлашиш учун келдим. Лекин ота-онамни йиғлаган ҳолда қолдирдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар ҳузурига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин», дедилар (Саҳиҳ сунан ан-Насоий 3881).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Мен сизга ҳижрат ва жиҳод қилишга байъат бериш учун келдим, Аллоҳдан ажр истайман», деди. «Ота-онангдан бирорталари ҳаётми?», деб сўрадилар. «Ҳа, иккалови ҳам ҳаётлар», деб жавоб берди. «Аллоҳдан ажр истайсанми?», дедилар. «Ҳа», деди. «Ота-онанг олдига қайтиб, уларга гўзал муомалада бўл», деб буюрдилар (Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин!», дедилар. «Ким ё Расулуллоҳ?» деб сўралди. «Ким ота-онасидан бирини ёки ҳар иккаласини кексайган пайтларида топса-ю, (уларни рози қилмагани сабабли) жаннатга кирмаса», дедилар (Муслим ривояти).
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга кўтарилиб айтдилар: «Жибрийл келиб: «Эй Муҳаммад, ким ота-онасидан бирини топган бўлса-ю, (уларни рози қилмасдан) дўзахга кирган бўлса, Аллоҳ уни узоқ қилсин, «омийн» денг» деган эди, «омийн» дедим» (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2491).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоятида: «Ким ота-онасини ёки улардан бирини топган бўлса-ю, уларга яхшилик қилмасдан вафот этиб дўзахга кирган бўлса, Аллоҳ уни узоқ қилсин, «омийн» денг» деган эди, «омийн» дедим» (Ибн Ҳиббон ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2492).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоятида: «Ким ота-онасини ёки улардан бирини топган бўлса-ю, уларга яхшилик қилмаган бўлса, дўзахга кирсин ва Аллоҳ уни узоқ қилсин» деган эди, «омийн» дедим» (Ибн Ҳиббон ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2495).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Парвардигорнинг розилиги отанинг розилигидадир, Парвардигорнинг ғазаби отанинг ғазабидадир» (Термизий ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2501).
Бир ривоятда: «Парвардигор таборака ва таолонинг розилиги ота-онанинг розилигида, Аллоҳ таборака ва таолонинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир» (Баззор ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2503).

Ота-онага яхшилик қилиш – Аллоҳ таолога восита қилинадиган улуғ амаллардандир.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Уч киши йўлда боратуриб, ёмғир остида қолишди ва тоғ устидаги бир ғорга киришди. Шунда тоғдан бир катта харсанг думалаб тушиб, ғор оғзини тўсиб қўйди. Улар бир-бирларига: Сизларни бу харсангдан солиҳ амалларингизни восита қилиб Аллоҳга дуо қилишингизгина қутқариши мумкин, дейишди. Улардан бирлари деди: «Эй Аллоҳим, менинг кекса ота-онам бор эди. Мен ҳар куни кечқурун аввал ота-онамга сут соғиб ичирар, сўнг бола-чақамга берардим. Бир куни бир иш билан ушланиб қолиб, кеч келсам ота-онам ухлаб қолган эканлар. Уларга сутларини соғиб олиб кирсам ухлашаётган экан. Уларни уйғотишни истамадим, болаларим оёқларимга ёпишиб йиғлашарди. Улардан аввал бола-чақамга сут беришни ҳоҳламадим-да, қўлимда коса билан то тонг отгунча уларнинг уйғонишларини кутиб турдим. Улар уйғонгач сутларини ичдилар. Эй Аллоҳим, шу ишни Сенинг Юзингни истаб қилган бўлсам, биздан бу харсангни очгайсан». Шунда харсанг улар чиқиб кетиша олмайдиган даражада бир оз очилди...» (Муттафақун алайҳ).

Отага нисбатан риоя қилиниши лозим бўлган одоблар

Урвадан ривоят қилинади: Абу Ҳурайра икки кишини кўриб, бирларидан: «Бу киши сенга ким бўлади?» деб сўради. У: «Отам», деди. Шунда Абу Ҳурайра: «Уни номини атаб чақирма, олдига тушиб юрма ва ундан аввал ўтирма!», деди (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 32).
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бирон киши мажлисда ота-бола ўртасига ўтирмасин» (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3556).

Отасининг вафотидан кейин унинг ҳаққига дуо қилиши, унинг номидан садақалар қилиши, отасининг ёру дўстлари билан борди-келди қилиши, уларни иззат-икром қилиши фарзанднинг отага нисбатан яхшиликларидан ҳисобланади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Киши отасининг вафотидан кейин унинг дўсту ёрлари билан борди-келди қилиши унга қилган энг катта яхшилиги бўлади» (Муслим, Термизий, Абу Довуд, Аҳмад ривоятлари).
Абу Бурдадан ривоят қилинади: Мадинага келганимда Абдуллоҳ ибн Умар ҳузуримга келди ва: «Нега олдингизга келганимни биласизми?» деб сўради. Мен: «Йўқ» деб жавоб бердим. У деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким қабрда ётган отаси билан силайи раҳм қилишни истаса, отаси ўтганидан сўнг унинг биродарлари билан алоқа қилсин» деганларини эшитганман. Менинг отам Умар розияллоҳу анҳу сизнинг отангиз билан биродар эдилар. Мен ўша алоқани тиклашни истадим» (Ибн Ҳиббон ривояти, Саҳиҳут-тарғиб ват-тарҳиб: 2506).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Отангнинг дўсти билан алоқа қилишинг яхшиликдандир» (Табароний «Авсат»да ривоят қилган, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 5901).
Абу Усайддан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида эдим, Бану Саламалик бир киши келиб: «Ё Расулуллоҳ, ота-онам ўтиб кетишган, ортларидан уларга бирон яхшилик қила оламанми?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа, уларга салот (дуо) йўллайсан, ҳақларига истиғфор айтасан, қилган аҳдларини ижро қиласан, дўстларини иззат-икром қиласан, қариндошлари билан алоқа қиласан» дедилар. Ҳалиги одам: «Нақадар кўп ва нақадар яхши!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шуларга амал қил» дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти, Ҳоким саҳиҳ санаган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Вафотидан сўнг маййитнинг даражаси кўтарилади. Шунда у: «Эй Роббим! Бунинг сабаби нима?» деб сўрайди. «Фарзандинг сенга истиғфор айтди» дейилади» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 27).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Инсон вафот этгач, барча амаллари ундан узилади: фақат учта амали(дан савоб келиб туради): садақаи жориядан, фойдаланиб туриладиган илмдан ва ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан» (Муслим ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, онам бирон васият қилмай вафот этди, унинг номидан садақа қилсам унга фойдаси тегадими?» деб сўради. «Ҳа» деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 30).

Ота ўз фарзандидан бошқа бировлар ҳақли бўлмаган нарсаларга ҳам ҳақли бўлади, фарзанд ва унинг қўлидаги бор мол-мулки отаники ҳисобланади... Ота-онасининг хизматини қилган кишининг фазли.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Берган ҳадя ё совғасини қайтариб олиш ҳеч кимга ҳалол бўлмайди, фақат ота фарзандига берган нарсасини қайтариб олса жоиз. Ҳадя бериб кейин қайтариб оладиган одамнинг мисоли еб тўйганидан сўнг қусадиган, кейин ўша қусуғини яна қайтиб ейдиган итга ўхшайди» (Аҳмад ва «Сунан» соҳиблари ривоят қилганлар, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 7655).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кишининг энг покиза емиши касби ортидан топган (ризқ)идир. Фарзанди ҳам кишининг касбидандир» (Ибн Можа, Насоий ривоятлари).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кишининг фарзанди унинг касбидан, энг покиза касбидан. Ўз молларингиздан еяверингиз» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 3014).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, менинг мол-давлатим ва бола-чақам бор. Отамнинг ҳам молимга эҳтиёжи бор» деган эди, «Сен ҳам, молинг ҳам отангникидир. Фарзандларингиз энг покиза касбларингиздан. Шундай экан, фарзандларингизнинг касбидан еяверингиз» дедилар (Ибн Можа, Абу Довуд ривоятлари, Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 3015).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фарзандларингиз Аллоҳнинг сизларга ҳадясидир, «У Ўзи хоҳлаган кишига қизлар ҳадя этади ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғиллар ҳадя этади» (Шўро: 49), улар ҳам, уларнинг моллари ҳам агар эҳтиёжингиз бўлса сизларникидир» (Ҳоким ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2564).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким ота-онаси учун саъй-ҳаракат қилса, у Аллоҳ йўлида. Ким бола-чақаси учун саъй-ҳаракат қилса, у ҳам Аллоҳ йўлида. Ким ўз нафси учун уни пок сақлаш мақсадида саъй-ҳаракат қилса, у ҳам Аллоҳ йўлида. Ким мол-дунё кўпайтириш учун саъй-ҳаракат қилса, у шайтон йўлида». Бир ривоятда: «тоғут йўлида» (Баззор, Табароний, Байҳақий ривоятлари, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3248).

Куфр ва ширк устида бўлган ота-онага яхшилик қилиш

Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида онам мушрика ҳолида меникига келди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Онам (бирон нарса берармикин деган) илинжда кепти, мен у билан алоқа қилаверайми?», деб сўрадим. «Ҳа, онанг билан алоқа қилавер», деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Нифоқнинг боши бўлмиш Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул бир дарахт соясида ўтирганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ёнидан ўтиб кетдилар, у: «Абу Кабшанинг ўғли бизга чангитиб кетди» деди. Шунда унинг ўғли Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Сизни иззат-икром қилган ва сизга Китоб туширган Зотга қасамки, агар сиз истасангиз унинг калласини олиб келаман» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, аксинча, отангга яхшилик қил ва унга чиройли муомалада бўл» дедилар (Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3223).

Фарзанд устида онанинг ҳаққи кўпроқ, фарзандининг чиройли муомаласига она ҳақлироқ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, менинг яхшилгимга ким кўпроқ ҳақли?», деб сўради. «Онанг!» дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Кейин ким?» деб сўради. «Онанг!» дедилар. «Кейин ким?» деб сўради. «Онанг!» дедилар. «Кейин ким?» деб сўради. «Кейин отанг!» дедилар (Муттафақун алайҳ).
Муовия ибн Жоҳима розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Жоҳима розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Эй Расулуллоҳ, мен жиҳод қилишни истаб, сиздан маслаҳат сўраб келдим», деди. «Онанг борми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Уни (хизматини) лозим тут. Зеро, жаннат унинг оёқлари олдидадир», дедилар (Аҳмад, Насоий, Байҳақий ривоятлари).
Бир ривоятда: «Уни (хизматини) лозим тут. Зеро, жаннат унинг оёқлари остидадир», дедилар (Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 1249).
Бир ривоятда: «Унинг оёғини маҳкам тут. Жаннат ўша ердадир» (Ибн Можа ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 1248).
Бир ривоятда: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ота-онанг борми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Уларни (хизматини) лозим тут. Зеро, жаннат уларнинг оёқлари остидадир», дедилар (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2485).
Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Ким она-болани бир-биридан айирса, қиёмат куни Аллоҳ уни суюкли кишиларидан айириб юборади» (Аҳмад, Термизий, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 6412).
Муовия ибн Ҳайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Онангга, яна онангга, яна онангга, кейин отангга, кейин бошқа қариндошларингга (яхшилик қил)», дедилар (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 1399).
Саъсаъа ал-Мужошиъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Онангга, отангга, опа-синглингга, ака-укангга ва бошқа яқинларингга (яхшилик қил)», дедилар (Табароний, Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: 1400).
Миқдом ибн Маъдий Кариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло оналарингизга (яхшилик қилишга) буюради, яна оналарингизга (яхшилик қилишга) буюради, кейин оталарингизга (яхшилик қилишга) буюради, кейин бошқа яқинларингизга (яхшилик қилишга) буюради» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 44).
Абу Бурдадан ривоят қилинади: Яманлик бир киши онасини елкасида кўтариб, Каъбани тавоф қилдира туриб Ибн Умар розияллоҳу анҳудан: «Эй Ибн Умар, нима дейсиз, онамнинг ҳаққини адо қилдимми?», деб сўради. Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Битта тўлғоқ ҳаққини ҳам адо этмадинг» деб жавоб берди (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 8).
Умму Ҳониъ бинт Аби Толибнинг озод қилган қули Абу Муррадан ривоят қилинади, у Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан бирга унинг Ақиқдаги ер-мулкига борди. У ерга кириб бораркан, (Абу Ҳурайра) бор овози билан: «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, эй онажон!», деди. Онаси унга жавобан: «Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ», деди. «Мени кичиклигимда қандай тарбия қилган бўлсангиз, Аллоҳ сизга ҳам худди шундай меҳр-шафқат кўрсатсин, онажон!», деди. «Эй болам, қариган чоғимда менга қандай мурувват кўрсатган бўлсанг, Аллоҳ сени ҳам ўшандай мукофотласин ва сендан рози бўлсин» деб жавоб берди (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 11).

Қариндошлар билан алоқа қилиш ризқнинг мўл-кўл ва умрнинг зиёда қилинишига сабабдир

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимда-ким Аллоҳ унинг ризқини улуғ ва умрини зиёда қилишини истаса, силаи раҳм (қариндошлари билан алоқа) қилсин» (Муттафақун алайҳ).
Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қазони фақат дуо қайтаради, умрни эса яхшилик узайтиради» (Термизий ва Ҳоким ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 7687).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким ризқи мўл-кўл қилинишини ва умри узайтирилишини истаса, силаи раҳм қилсин!» (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 1485).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким умри узайтирилишини ва ризқи зиёда қилинишини истаса, ота-онасига яхшилик қилсин ва қариндошлари билан алоқа қилсин!» (Аҳмад ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2488).
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Савоби энг тез бўлган тоат-ибодат силаи раҳмдир. Ҳатто бир хонадон аҳли фожир бўлганлари ҳолда бир-бирлари билан алоқа қилиб, моллари кўпаяди ва сонлари зиёда бўлади» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 5705).
Саҳл ибн Муоз отасидан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ота-онасига яхшилик қилган одамга жаннат бўлсин, Аллоҳ унинг умрини зиёда қилсин» (Ҳоким «Мустадрак»да саҳиҳ санаган (4:154), Заҳабий унга қўшилган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қариндошларингиз билан алоқа қиладиган даражада насабларингизни ўрганингиз! Зеро, силаи раҳм хонадон аҳлининг муҳаббатига, мол-дунёнинг кўпайишига ва умрнинг зиёда бўлишига сабабдир» (Термизий ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2520).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қариндошлари билан алоқа қилсин» (Муттафақун алайҳ).

Алоқани узган яқинларга ҳам силаи раҳм қилиш ва ғаразгўй қариндошга садақа қилишнинг фазли ҳақида

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Халилим соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга яқинларим алоқани узсалар ҳам улар билан алоқа қилишни буюрдилар» (Табароний ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2525).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда алоқа қилган одамдир» (Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, менинг қариндошларим бор, мен уларга алоқа қиламан, улар мендан алоқани узишади. Мен уларга яхшилик қиламан, улар менга ёмонлик қилишади. Мен уларга ҳалимлик қиламан, улар менга жоҳиллик қилишади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар ўзинг айтаётганингдек бўлсанг, гўёки сен уларга қайноқ кул едиряпсан экан (яъни, улар оғзига чўғ солинган одам каби алам-оғриққа дучор бўлишади) ва модомики шу ҳолда давом этар экансан, улар қаршисига Аллоҳ тарафидан бир ёрдамчи сен билан бирга бўлаверади» (Муслим ривояти).
Умму Кулсум бинт Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Энг афзал садақа ғаразгўй (кекчи, адоват қилувчи) қариндошга қилинган садақадир» (Табароний ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2535).
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашиб, у зотнинг қўлларидан тутдим ва: «Ё Расулуллоҳ, менга энг фазилатли амаллар ҳақида хабар беринг» дедим. «Эй Уқба! Сен билан алоқасини узган яқининг билан алоқангни тикла. Сени маҳрум этган кимсага сен инъом эт. Сенга зулм ўтказганни афв қил», дедилар (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2536).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Насл-насабларингизни ёдда сақлангиз, қариндошларингиз билан алоқа қилиб турасизлар. Зеро, қариндошлик алоқаси яқин бўлганида масофа узоқ бўлса ҳам узоқлик йўқдир, қариндошлик алоқаси узоқлашганда масофа яқин бўлса ҳам яқинлик йўқдир. Қариндошлик алоқаси қиёмат куни ўз эгаси олдида туриб, агар уни боғлаган бўлса боғлаган деб, узган бўлса узган деб гувоҳлик беради» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 54).
Сувайд ибн Омир ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саломлашиш билан бўлса-да, қариндошлик алоқасини жонлантириб туринглар», дедилар (Вакиъ «Зуҳд»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1777).

Қариндошига бахиллик қиладиган одам ҳақида

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир қариндош қариндоши олдига келиб, Аллоҳнинг унга ато этган фазлу марҳаматидан сўраганида у унга бахиллик қилса, қиёмат куни у учун жаҳаннамдан «Шажоъ» деб аталмиш, тилини ўйнатиб турувчи катта бир илон чиқарилади, у унга ўралиб олади» (Табароний ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 2548).

Силаи раҳм гуноҳларга каффорат бўлади

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мен бир ёмон гуноҳ қилдим, қандай тавба қилсам бўлади?», деб сўради. «Онанг борми?», деб сўрадилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Йўқ», деди. «Холанг борми?», деб сўрадилар. «Ҳа», деди. «Унга яхшилик қил», дедилар (Термизий ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2504).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ҳузурига бир киши келиб: «Мен бир аёлга совчи қўйган эдим, у менга тегишга кўнмади, кейин бошқа биров совчи қўйса унга тегишга рози бўлди. Шунда мен рашк қилиб, у аёлни ўлдириб қўйдим. Тавба қилсам бўладими?» деб сўради. Ибн Аббос: «Онанг ҳаётми?» деб сўрадилар. «Йўқ», деди. «Аллоҳ азза ва жаллага тавба қил ва қўлингдан келганича Унга ибодат қил», дедилар.
Ато ибн Ясор айтади: Мен Ибн Аббоснинг олдига бориб: «Нега онасининг ҳаётми, йўқлиги ҳақида сўрадингиз?» деган эдим, «Мен онага яхшилик қилишдан кўра Аллоҳга яқин қилувчи бирон амални билмайман» деб жавоб берди (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 4).
Тойсала ибн Майёсдан ривоят қилинади: Мен ҳарурий ва хаворижлардан бўлган Нажда қавми билан бирга бўлиб, уларда ўз фикримча гуноҳи кабира деб кўрган ишларни учратдим. Ибн Умарга бу ҳақда айтган эдим, у киши: «Қандай ишлар экан?» деб сўради. «Шундай-шундай ишлар», деб айтиб бердим. Ибн Умар: «Булар гуноҳи кабиралардан эмас. Улар тўққизта: Аллоҳга ширк келтириш, одам ўлдириш, жиҳод майдонидан қочиш, покиза аёлни бузуқликда айблаш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, масжидда ботил иш-сўзларга бурилиш, динни масхаралаш, оқпадар бўлиб ота-онани йиғлатиш». Ибн Умар менга яна шундай деди: «Дўзахдан қўрқасанми, жаннатга киришни истайсанми?» «Албатта», дедим. «Ота-онанг ҳаётми?», деб сўради. «Онам бор», дедим. «Аллоҳга қасамки, агар унга ширин сўзласанг, яхши едириб-ичирсанг, модомики гуноҳи кабиралардан сақланар экансан, албатта жаннатга кирасан», деди (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 6).

Ота-онага оқ бўлиш ва улардан алоқани узиш энг катта гуноҳлардан

Абу Бакра Нуфайъ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга энг катта гуноҳларни айтиб берайми?» деб уч бор такрорладилар. Биз: «Ҳа, ё Расулуллоҳ», дедик. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш», дедилар, ёнбошлаб ётган эдилар, ўтириб олдилар ва: «Огоҳ бўлингиз, ёлғон сўзлаш ва ёлғон гувоҳлик бериш», дедилар. Шундай деб такрорлайвердилар, ҳатто биз: «Кошки сукут қилсалар» деб қолдик (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло халқларни яратиб, фориғ бўлгач, қариндошлик алоқаси ўрнидан турди. «Нима истайсан?», деди. «Мен алоқани узишдан Сендан паноҳ тиловчи мақомида турдим», деди. «Хўп, сени боғлаган одамни (Ўзимга) боғлашимга ва сени узган одамни (Ўзимдан) узишимга рози бўласанми?!», деди. «Ҳа, эй Роббим!», деди. «Унда шу нарсани сенга ато этдим», деди» (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Раҳм (қариндошлик алоқаси Раҳмон таолога) томирлар бир-бирига киришиб кетгани каби яқиндир, у айтади: «Эй Роббим, мени уздилар! Эй Роббим, менга ёмонлик қилдилар! Эй Роббим, менга зулм қилдилар! Эй Роббим...! Эй роббим...!». Раҳмон таоло унга шундай жавоб беради: «Сени боғлаган одамни боғлашим ва сени узган одамни узишимга рози бўлмайсанми?! дейди» (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2530).
Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бу раҳм (яъни қариндошлик алоқаси) Раҳмонга ўзакдошдир, уни узган одамга У жаннатни ҳаром қилган» (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2532).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Миннатчи кимса, ота-онасига оқ бўлган одам ва ароққа муккасидан кетган киши жаннатга кирмайди» (Саҳиҳу сунанин-Насоий: 5241).
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло деди: «Мен Раҳмонман, у раҳмдир, унга Ўз исмимдан исм бердим, ким уни боғласа Мен уни (Ўзимга) боғлайман, ким уни узса Мен уни (Ўзимдан) узаман» (Абу Довуд ривояти, Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 1486).
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қариндошлари билан алоқасини узган одам жаннатга кирмайди» (Муттафақун алайҳ).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамзотнинг амаллари ҳар пайшанба – жумага ўтар кечаси – Аллоҳга арз-кўндаланг қилинади, қариндошлари билан алоқани узган одамнинг амали мақбул бўлмайди» (Аҳмад ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2538).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Раҳм (қариндошлик алоқаси) Аршга осилиб, илтижо қилади: «Ким мени боғласа, Аллоҳ унга (алоқа) боғласин, ким мени узса, Аллоҳ ундан (алоқасини) узсин» (Муттафақун алайҳ).
Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло оналарга оқ (итоатсиз, дилозор) бўлишни сизларга ҳаром қилди» (Муттафақун алайҳ).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уч киши борки, Аллоҳ таоло қиёмат куни уларга қарамайди: ота-онасига оқ бўлган одам, эркакшода аёл, даюс кимса. Уч киши борки, жаннатга кирмайди: ота-онасига оқ бўлган одам, ароққа муккасидан кетган кимса, берганини миннат қиладиган киши» (Саҳиҳу сунанин-Насоий).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Парвардигорнинг розилиги отанинг розилигидадир, Парвардигорнинг ғазаби отанинг ғазабидадир» (Термизий ва Ҳоким ивоятлари, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 3506).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Парвардигорнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир, Парвардигорнинг ғазаби ота-онанинг ғазабидадир» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 3507).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Отасини сўккан кимсага лаънат бўлсин, онасини сўккан кимсага лаънат бўлсин, Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйган кимсага лаънат бўлсин» (Аҳмад ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 5891).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Киши ўз ота-онасини сўкиши катта гуноҳлар жумласига киради», дедилар. Саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, киши ўз ота-онасини ҳам сўкадими?», деб сўрадилар. «Ҳа, бировнинг отасини сўкади, шунда у ҳам унинг отасини сўкади. Бировнинг онасини сўкади, шунда у ҳам унинг онасини сўкади», дедилар (Муттафақун алайҳ).
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким била туриб ўз отасидан бошқага нисбатланса, унга жаннат ҳаромдир» дедилар (Муттафақун алайҳ).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ёлғон тўқувчиларнинг энг каттаси иккита: Бировни ҳажв қилса бутун қабиласи билан ҳажв қиладиган шоир ва ўз отасидан тонган одам» (Ибн Можа ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 1066).
Амр ибн Мурра ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, мен бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқлигига ва сиз Аллоҳнинг расули эканингизга гувоҳлик бердим, беш вақт намоз ўқидим, молимнинг закотини ўтадим, Рамазон рўзасини тутдим», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким мана шу ишлар устида вафот этаркан, модомики ота-онасига оқ бўлмаса, қиёмат куни пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга мана бундай туради» деб икки бармоқларини кўтардилар (Аҳмад ва бошқалар ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2515).

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
Муслим   07-30-2011, 04:14 PM
#3
Қариндошлари билан алоқасини узган одам қиёмат куни уни кутиб турган хорлик ва азобдан ташқари шу дунёнинг ўзида ҳам жазосини кўради

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қариндошликни узиш, хиёнат ва ёлғончиликдан кўра Аллоҳ таоло қилувчисининг жазосини охиратга олиб қўйиши билан бир қаторда шу дунёнинг ўзида ҳам жазолашига лойиқроқ бошқа бирон гуноҳ йўқдир» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъ: 5705).
Қосим ибн Абдурраҳмондан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким қариндошлик алоқасини узса ёки фожир қасам билан қасам ичса, ўлмасидан туриб унинг зиён-заҳматини албатта кўради» (Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 6475).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Икки гуноҳ борки, уларнинг жазоси шу дунёнинг ўзидаёқ кўрилади: тажовузкорлик ва оқпадарлик» (Ҳоким ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1120).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Учта дуо шак-шубҳасиз ижобат қилинади: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси, ота-онанинг фарзанд ҳаққига қилган дуоси» (Саҳиҳул-адабил-муфрад: 24).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таолога қилинган тоат-ибодатлар ичида силаи раҳмдан кўра савоби тезроғи йўқ, тажовузкорлик ва силаи раҳмни узишдан кўра жазоси тезроғи йўқ, ёлғон қасам хонадонларни қуритади (яъни, улардан аҳиллик ва баракани кўтаради)» (Байҳақий ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 978).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Фақат уч киши бешикдалигидаёқ гапирган: Ийсо ибн Марям, Журайж воқеасидаги бола... Журайж обид киши эди, бир маконни ибодатхона тутиб, шунда ибодат билан машғул бўларди. Бир куни намоз ўқиётган пайтида онаси келиб: «Эй Журайж!» деб чақирди. Шунда у: «Эй Роббим! Бир ёқда онам, бир ёқда намозим?!» деди-да, сўнг намозида давом этаверди, онаси эса ортига қайтиб кетди. Эртасига яна намоз ўқиб турган пайтида онаси келиб: «Эй Журайж!» деб чақирди. У яна: «Эй Роббим! Бир ёқда онам, бир ёқда намозим?!» деди-да, сўнг намозида давом этаверди, онаси яна ортига қайтиб кетди. Учинчи куни яна намоз ўқиб турган пайтида онаси келиб: «Эй Журайж!» деб чақирди. У яна: «Эй Роббим! Бир ёқда онам, бир ёқда намозим?!» деди-да, сўнг намозида давом этаверди. Шунда онаси: «Эй Парвардигор! Уни бузуқ хотинларнинг юзларига боқмасидан туриб вафот эттирмагайсан» деб дуойибад қилди. Бану Исроил ичида Журайж обидлиги билан ном қозонди. Ҳуснда тенгсиз бир бузуқ аёл бор эди. У: «Агар истасаларингиз, мен сизларга уни фитнага солиб, йўлдан оздириб бера оламан» деди. Сўнг Журайж ёнига борди, бироқ у унга қараб ҳам қўймади. Сўнгра у Журайжнинг ибодатхонасига келиб турадиган бир чўпон билан бузуқлик қилиб, ундан бола орттирди. Туққанидан сўнг болани Журайждан бўлган деб даъво қилди. Шундан сўнг одамлар Журайжни ибодатхонадан чиқариб дўппосладилар, ибодатхонани эса бузиб ташладилар. Журайж бунинг сабабини сўраганида унга: «Сен манави фоҳиша билан бузуқчилик қилдинг, у сендан бола ҳам орттирди» дейишди. «Қани ўша бола?» деб сўради. Болани олиб келишгач: «Менга имкон беринглар, намоз ўқиб олай» деди. Намоз ўқиб бўлгач, боланинг олдига келиб, унинг қорнига нўқиб: «Эй бола! Сенинг отанг ким?» деб сўради. Бола: «Фалончи чўпон» деб жавоб берди. Шунда одамлар Журайжни қучоқлаб, ўпа кетдилар. Унга: «Ибодатхонангни олтиндан қуриб берамиз» дейишди. У: «Йўқ, олдингидек, лойдан қуриб беринглар» деди. Улар айтганидек қилиб қуриб беришди». (Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Журайж ибодатхонада ибодат билан машғул эди, онаси келди – шундан сўнг Абу Ҳурайра Журайжнинг онаси уни чақирган пайтдаги ҳолатини, қўлини қошлари устига қандай қўйганини, сўнг бошини тепага қандай қаратиб чақирганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сифатлаб берганларидек тасвирлаб берди – ва: «Эй Журайж! Мен онангман, менга жавоб бер» деди. Кейин уни намоз ўқиётган ҳолда топди, у: «Эй Парвардигор! Бир ёнда онам ва бир ёнда намозим?!» деди ва намозни ихтиёр қилди. Онаси қайтиб кетди. Сўнги иккинчи бор келиб, яна: «Эй Журайж! Мен онангман, менга жавоб бер» деди. У яна: «Эй Парвардигор! Бир ёнда онам ва бир ёнда намозим?!» деди ва намозни ихтиёр қилди.
Шундан сўнг онаси: «Эй Парвардигор! Мана бу Журайж, у менинг ўғлим, мен гапирсам у менинг гапимга жавоб беришни истамади. Эй Парвардигор! Энди уни то бузуқ хотинларга назари тушмагунча вафот эттирмагайсан» деди. Агар уни фитнага гирифтор қилинишини сўраб дуо қилганида эди, у албатта фитнага дучор бўлган бўлар эди.
Бир қўйбоқар унинг ибодатхонасини ўзига бошпана тутган эди. Ана шу чўпон қишлоқдан чиқиб келган бир аёл билан бузуқчилик қилди. Аёл ҳомиладор бўлиб, боласини туққач, ундан: «Бу нимаси? (Болани кимдан орттирдинг?)» деб сўрадилар. У: «Мана бу ибодатхонадаги одамдан» деб жавоб берди. Шунда одамлар болта ва чўкичлари билан келиб уни чақиришди. У намоз ўқиётган эди, уларга жавоб бермади. Шундан сўнг ибодатхонани буза бошладилар. Буни кўргач Журайж улар олдига тушиб келди (ва бу ишлари сабабини сўради). «Мана бу хотиндан сўра!» дейишди унга. У табассум қилди ва гўдакнинг бошини силаб туриб: «Отанг ким?» деб сўради. Бола: «Отам фалончи қўйбоқар» деб жавоб берди. Боладан бу гапни эшитган одамлар: «Ўзимиз бузган бу ибодатхонани олтин-кумушдан қайта қуриб берамиз» дейишди. Журайж: «Йўқ, аввалгидек, тупроқдан қуриб беринглар» деди ва жойига чиқиб кетди (Муслим ривояти).
Бир ривоятда: «Сўнг уни олиб кетдилар. Йўлда борар экан, бузуқ хотинлар ёнидан ўтди. Уларни кўргач, табассум қилди... Подшоҳ: «Нега табассум қилдинг?» деб сўраган эди, «Таниш ҳолатни учратдим, менга онамнинг дуоси тегди» деб жавоб берди, сўнг бўлган воқеани уларга айтиб берди» (Бухорий «Ал-адабул-муфрад»да келтирган).
Аввом ибн Ҳавшабдан ривоят қилинади: Бир марта бир маҳаллага тушдим, маҳалла ёнида қабристон бор эди. Асрдан сўнг бир қабр ёрилиб, ундан боши ўрнида эшакнинг калласи бўлган бир одам чиқди-да, уч марта ҳангради, кейин қабр уни яна қайтадан бағрига олди. Ўша атрофда бир камир жун ё ип йигириб ўтирган экан. Бир аёл: «Ҳу анави кампирни кўраяпсизми?» деди. «Унга нима қипти?» дедим. «У ҳалигининг онаси» деди. «Унга нима бўлган ўзи?» дедим. «У ароқ ичар, уйига келганида онаси: «Эй болам, Аллоҳдан қўрқ, токайгача ароқ ичасан?!» деб койирди. У эса онасига: «Сен худди эшакка ўхшаб ҳанграяпсан» дерди. Бир куни асрдан кейин ўлди. Шундан бери ҳар куни асрдан кейин қабридан чиқиб келиб, уч марта ҳанграйди, кейин яна қабрига кириб кетади» деди. (Асбаҳоний ривоят қилиб, шундай дейди: «Абул-Аббос Нишопурда ҳофизлар ҳозирлигида Ал-Асомга айтиб берганида у буни инкор қилмаган», Саҳиҳут-тарғиб: 2517).

Аёлига итоатни ота-онага итоатдан, аёлининг розилигини ота-она розилигидан устун қўйиш ота-онага оқ бўлиш жумласидандир

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Менинг никоҳимда ўзим суйган, лекин (отам) Умар розияллоҳу анҳу ёқтирмаган бир аёл бор эди. Менга уни талоқ қилишга буюрганида мен кўнмадим. Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, у зотга буни айтиб бердилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Уни талоқ қил», дедилар» (Абу Довуд, Термизий ривоятлари).
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши унинг ҳузурига келиб: «Менинг бир аёлим бор, онам уни талоқ қилишга буюряпти», деди. Абу Дардо айтдилар: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ота жаннатнинг энг яхши-олий дарвозасидир. Хоҳласанг бу дарвозани йўқ қил, хоҳласанг сақлаб қол» деб айтаётганларини эшитганман» (Термизий ривояти).
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ўнта нарсани васият қилиб, дедилар: «Ўлдирилсанг-да, ўтга ташлансанг-да Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирма, ота-онанг сенга аҳлинг-аёлингдан ҳам, молингдан ҳам воз кечишингни буюрсалар-да уларга итоатсиз бўлма...» (Аҳмад, Табароний ривоятлари, Саҳиҳут-тарғиб: 569).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг озод қилган чўрилари Умайма розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратларига сув қуйиб бериб турган эдим, бир киши кириб: «Менга васият қилинг» деди. У зот: «Бурдалансанг-да, ўтга ташлансанг-да Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирма. Ота-онангга осий бўлма. Агар улар сени аҳлингдан ва мол-дунёингдан воз кечишга буюрсалар, воз кеч», дедилар (Табароний ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 570).
Аллоҳнинг ғазабидан ва ота-онанинг ғазабидан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз, Аллоҳдан бизларни қариндошлар билан алоқа қиладиган кишилардан қилишини, улардан алоқани узадиган кимсалардан қилмаслигини сўраймиз. У эшитувчи ва яқин Зотдир.
Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавот ва саломлари бўлсин.

Аллоҳ бандаларга белгилаб берган ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятлар

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
abu Huzayfa   02-02-2012, 07:01 PM
#4

Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ деди: “Кишилар динларида қанча бидъат пайдо қилсалар, шунча суннат улардан тортиб олинади”.
  
Users browsing this thread: 4 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.