Admin   10-10-2009, 10:00 PM
#1
Масжидларга қабр қўйиш ва қадамжолар қуришдан қатарилгани ҳақида

Аллоҳ таоло бирор кишини, ким бўлишидан қатъий назар, шериклик қилинмоғига асло рози бўлмайди. Ушбу сўз Қуръон ва Суннатда очиқ баён қилингандир. Бироқ (ушбу далиллар) ақл юргизиб, тадаббур қилган ҳамда кўр-кўрона тақлид қилиш ва пуч сабабларни ушлаб олишни ташлаб, ўзи ҳақида қайғурган кишига кор қилади. Аллоҳ таоло бирор кишини, ким бўлишидан қатъий назар, Ўзига шериклик қилинмоғига асло рози бўлмаслигига далил ушбу оятдир: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» Масжидлар Аллоҳнинг уйи бўлиб, намоз учун ҳозирланган ўринлардир ва Аллоҳга энг суюкли жойдир. Ушбу уйларда Аллоҳ таоло Ўз исми баралла айтилиб, зикр қилинмоғига изн бергандир. Ушбу масжидлар Аллоҳнинг якка Ўзига ибодат қилинадиган ўринлар бўлмоғлиги вожиб бўлади. У ерда Аллоҳдан Ўзгаси учун бирор нарса содир бўлмаслиги, қабр ва қадамжолар қурилмаслиги лозим. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ишни қилганларга лаънат айтиб, бу яҳуд ва насороларнинг иши эканини хабар берганлар. Ва бизни бундай ишлардан ҳаётларининг сўнги дамларида, вафот этар чоғларида ушбу қовллари билан қайтарганлар: «Огоҳ бўлингизким, сизлардан олдингилар қабрларни масжид қилиб олишганди (ушбу сўзларни вафот этаётиб айтгандилар), огоҳ бўлингизким, қабрларни масжид-саждагоҳ қилиб олманглар. Мен сизларни бундан қайтараман» (Муслим (532) Жундуб ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий розияллоҳу анҳудан ривоят). Ва яна соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Яҳуд ва насороларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарларининг қабрларини масжид-саждагоҳ қилиб олдилар» (Бухорий (435, 436), Муслим (531) Оиша ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилишди).
Масжидлар ширк ва бутпарастлик доғларидан покланишлиги, қабрлар устига масжид бино қилинмаслиги ва (аксинча) масжид қурилгач у ерга ўлик дафн қилинмаслиги лозим. Балки ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш ўрни бўлиб, намоз адо этилиб, Аллоҳнинг Исми зикр қилиниб, Қуръон тиловат қилинмоғлиги, фойдали дарслар уюштирилиши ва ибодат қилиш учун эътикоф ўтирилмоқлиги лозимдир. Ана шу масжидларнинг вазифасидир.
Масжидларга Аллоҳдан Ўзга ибодат қилинадиган бут-санамлар қўйилиши билан улар энди масжид бўлмайди. Балки ширк ўринлари бўлади, агарчи уни масжид-саждагоҳ деб номласалар-да. Чунки Аллоҳ таоло айтадики: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир», яъни, Ундан Ўзгасиники эмас. Чунки масжидлар одамлар тўпланадиган ва бир-бирлари билан юз кўришадиган ўриндир. Демак, ширк, бидъат ва хурофотлардан покланмоқлиги вожиб бўлади. Энди одамлар масжидда ширкдан бўлган бирор нарсага кўзлари тушса, бундан таъсирланишади-да кейин ушбу иш оммавий тус олади. Шу сабабли ҳам масжидлар ширкдан пок бўлмоқлиги даркор. Энг улуғ масжид – масжиди ҳаромдир. Аллоҳ таоло ушбу масжидни пок тутишга буюриб, шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Биз Иброҳимга Байтуллоҳнинг ўрнини (ўша уйга қараб ибодат қилиши ва уни обод қилиши учун) белгилаб бериб, (унга шундай деган эдик): «Сен Менга бирон нарсани шерик қилмагин ва Менинг байтим-уйимни тавоф қилгувчилар қиём (яъни, намозда тик-ғоз туриш), рукуъ, сажда қилгувчилар (яъни, ўша жойда намоз ўқигувчилар) учун пок тутгин!» (Ҳаж: 26). Аллоҳ таоло (Иброҳим алайҳиссаломни, байтуллоҳни) нималардан пок тутишга амр этди? Ширк, бидъат ва хурофотлардан пок тутишга амр этди, худди нажосат ва ифлосликлардан пок тутилгани каби.

Admin   02-21-2011, 12:55 PM
#2
Дарҳақиқат, сизлар ўзингиздан аввалги қавмларга эргашасизлар

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Абу Саъид розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дарҳақиқат, сизлар ўзларингиздан аввал яшаб ўтган (халқлар)га изма-из эргашасизлар. Ҳатто заб (калтакесакка ўхшайдиган ҳайвон) инига кирган бўлсалар, сизлар ҳам кирасизлар». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, улар яҳудий ва насоро (христиан)ларми?» - деб берган саволларига: «Бўлмаса кимлар?» - деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

[Image: qubur_1.jpg]

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ўлим соати яқинлашиб) келган вақтда юзларига йўл-йўл ёпинчиқларини ташлаб олдилар, нафаслари бўғилиб кетгач, юзларини очдилар ва мана шундай ҳолатда туриб: «Яҳудий ва насронийларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишди» деб, уларнинг қилмишларидан (умматларини) огоҳлантирдилар. Агар шундан қўрқмаганларида у зотнинг қабрлари очиққа чиқариб қўйиларди. Бироқ уни масжид қилиб олинишидан қўрқдилар» (Муттафақун алайҳ).
«Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18).
«Ким Аллоҳга ширк келтирса бас, у осмондан қулагану, уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган кабидир» (Ҳаж: 31).

[Image: qubur_2-300x195.jpg]

«Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур» (Моида: 72).

[Image: qubur_4.jpg]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Огоҳ бўлинглар, сизлардан илгари ўтганлар пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олишар эди. Огоҳ бўлинглар, қабрларни масжид қилиб олманглар! Мен сизларни бундан қайтараман» (Муслим ривояти).

[Image: qubur_3-208x300.jpg]
Дониёлнинг иккинчи қабри зиёрати

[Image: qubur_6-198x300.jpg]
Бу ерда мусулмон ва насронийлар Дониёл қабрига ибодат қиладилар

«Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилса, бас унинг ҳисоб-китоби Парвардигорининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар» (Мўъминун: 117);
«Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбар)ларга ҳам шундай ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб колурсан!»» (Зумар: 65).

[Image: qubur_5.jpg]

«Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди» (Нисо: 48).
«Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13).
«Шубҳасиз, Аллоҳдан ўзга, сизлар илтижо қилаётган нарсалар худди (сизнинг) ўзларингиз каби бандадирлар. Бас, агар ростгўй бўлсангизлар, сизлар уларга дуо қилинглар, улар сизларга ижобат қилсинлар-чи?!» (Аъроф: 194).
Шайхулислом Ибн Таймийя (раҳимаҳуллоҳ) ўзларининг «Иқтизоус сиротим мустақийм» (332), «Ихтиёрот» (44), «Мажмуъул фатаава» (4/521, 11/290, 17/502) каби асарларида қабрлар олдида намоз ўқишнинг таъқиқланиши – қабрларни бут қилиб олиш хавфи бўлгани сабабли эканини ва ундай қилиш кўплаб халқларнинг катта ва кичик ширкларни қилишларига олиб борган восита эканини таъкидлаганлар.

[Image: qubur_8.jpg]
Бухородаги Нақшбандий қабри атрофида қилинаётган ширк амаллари

«Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: «Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчиларимиз», дейдилар. Айтинг: «Аллоҳга осмонлар ва Ердаги У зот билмайдиган нарсаларни (шерикларни) билдириб қўймоқчимисизлар?! Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан пок ва юксак бўлган зотдир» (Юнус: 18).
«Албатта Аллоҳ ўзига (бирон нарса ё кимсанинг) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради. Кимки Аллоҳга ширк келтирса, демак, жуда қаттиқ йўлдан озибди» (Нисо: 116).

[Image: qubur_7.jpg]

Аллома Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлар ҳақидаги суннатлари, у зот буюрган ва қайтарган ишлар ва у зотнинг саҳобалари тутган йўлларни бугунги кунда одамлар қилаётган ишларга солиштирган одам бу иккисининг бир-бирига бутунлай тескари эканини кўради. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларга қараб намоз ўқишдан қайтарганлар, улар қабрлар олдида намоз ўқишади. Қабрларни масжидлар қилиб олишдан қайтарганлар, улар қабрлар устига масжидлар қуриб, уларни машҳадлар деб аташди. Қабрлар устида чироқ ёқишдан қайтарганлар, улар қабрлар устида шамчироқлар ёқишга вақфлар ажратишади. Қабристонларни ийдгоҳ қилиб олишдан қайтарганлар, улар эса қабристонларни ҳар турли маросимлар ўтказиладиган жойга айлантириб олишди, уларда ҳайит байрамларига тўпланганидан ҳам кўпроқ одамлар тўпланадиган бўлди. Қабрларни текислашга буюрганлар. Имом Муслим «Саҳиҳ»да келтирганидек, Абул Ҳайёж ал-Асадий айтади: Алий ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу менга шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени юборган ишга сени ҳам юборайми? Биронта ҳам ҳайкални қўймай бузиб ташлайсан, биронта ҳам кўтарилган қабрни қўймай текислайсан» (Муслим ривояти). Имом Муслим яна ривоят қилади: «Сумома ибн Шуфай айтади: Биз Фазола ибн Убайд билан Румдаги Рудис деган жойда эканимизда бир шеригимиз вафот этди. Шунда Фазола ибн Убайд унинг қабрини текислаб қўйишга буюрди. Сўнг: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни текислашга буюрганларини эшитганман», деди». Улар эса мазкур икки ҳадисга қаттиқ хилоф иш тутишади, қабларни ердан уй баландлигида кўтаришади, уларга қуббалар қуришади...
Қаранг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган нарсалари билан ҳозирги одамлар қилаётган ишлар ўртасида нақадар катта фарқлар бор! Шубҳасиз, бу ишларда санаб адоғига етиб бўлмайдиган кўп ёмонликлар бор.
(Бу бузилишларни айтиб ўтаркан, жумладан шундай дейдиSmile Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларни зиёрат қилишдаги кўрсатмалари – охиратни эслаш, маййитнинг ҳаққига дуо қилиш, унга раҳмат сўраш, истиғфор айтиш, офият тилаш билан унга яхшилик қилиш эди. Шунда зиёрат қилувчи ўзига ҳам, маййитга ҳам яхшилик қилган бўлар эди. Бу мушриклар эса ишни бутунлай тескари томонга айлантиришди ва зиёратдан бўлган мақсаднинг акси ўлароқ, маййитни Аллоҳга шерик қилиб, унга дуо қилиш ёки дуода уни восита қилиш, ундан ҳожатларини раво этишини сўраш, устларига баракотлар ёғдиришини ёки душманлари устидан нусрат беришини сўраш каби ширк амалларини қиладиган бўлишди. Натижада ўзларига ҳам, маййитга ҳам ёмонлик қилишди, яъни уни ҳеч бўлмаганда ҳаққига қилинадиган дуо ва истиғфорлардан маҳрум қилишди»
(Иғосатул-лаҳфон (1/214-217).

  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.